Паулу Бентунинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлига тайинланиши тўғри қарорми ёки нотўғри?
28 авг 19:21
Новости


Паулу Бентунинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлига тайинланиши тўғри қарорми ёки нотўғри?
Паулу Бенту Тошкентга етиб келди. Португалиялик мутахассис яқин кунлар ичида Ўзбекистон терма жамоаси билан шартнома имзолаши кутилмоқда. Айни пайтда терма жамоа Тимур Кападзе бошчилигида CAFA кубогига тайёргарлик кўрмоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси ва умуман ўзбек футболининг яқин истиқболини белгилайдиган ҳар қандай муҳим қарор каби, бу янгилик ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Одамлар икки тоифага бўлинди – Бентунинг тайинланишини қўллаб-қувватловчилар ва Тимур Тоҳирович тарафдорлари. Учинчи тоифа одамлар ҳам бор: улар бетараф қолиб, кейинги воқеаларни кутмоқдалар. Бироқ бундай одамлар унча кўп эмас.
Қабул қилинган қарорнинг мантиғини тушунишга ҳаракат қилайлик. Бунинг учун тахминан бир йил олдинги даврга қайтамиз. Ўша пайтда ҳам Сречко Катанецнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар маълум эди. У Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир неча ўйинларида иштирок эта олмаган ва унинг ўрнини ёрдамчилари эгаллаган эди. Катанец 2026 йилги Жаҳон чемпионатида жамоа билан ишлаш имкониятига эга бўлмаслиги аниқ эди.
Ўша пайтдаёқ ЎФА Катанецни алмаштириш масаласини кўриб чиқишни бошлаши лозим эди. Бироқ Ўзбекистон терма жамоасини олдинда 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинлари кутаётган эди. Вақт танқислиги шароитида якунда ўзини оқлаган ягона тўғри қарор қабул қилинди – жамоага Тимур Кападзе бош мураббий этиб тайинланди. У Ўзбекистон U-23 терма жамоаси ва "Олимпик" билан муваффақиятли ишлаган, шунингдек, маҳаллий футболчиларни жуда яхши биларди. Эҳтимол, айнан шу сўнгги омил ҳал қилувчи роль ўйнаган. Масъулиятли ўйинлар арафасида маҳаллий футболни билмайдиган чет эллик мураббийнни тайинлаш жуда хавфли бўларди. Легионер мураббийлар бунга камида бир неча ой сарфлайдилар, баъзилари эса умуман ўзбек футболининг моҳиятини тушуниб етолмайдилар.
2026 йилги ЖЧга йўлланма қўлга киритилди. Темур Кападзе Сречко Катанец қолдирган "меросдан" моҳирона фойдаланди. Темур Тоҳирович тактикада ҳам, таркибда ҳам кескин ўзгаришлар киритишдан ўзини тийди. Кападзенинг ҳиссасини на камситиш, на ортиқча баҳолаш тўғри бўлади: у мураккаб вазиятда ўз терма жамоасига ёрдам қўлини чўзиб, масъулиятни зиммасига олишдан чўчимай, ўз вазифасини адо этди. Шубҳасиз, Катанец жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги ишнинг 85-90 фоизини бажарган эди. Бироқ айнан ўша 10-15 фоиз кўпинча етишмай қолади ва Кападзе буни умумий ютуққа қўшишга эришди.
Аммо шу заҳоти бошқа савол кўндаланг бўлди: бундан кейин нима қилиш керак, мамлакат тарихидаги илк жаҳон чемпионатига қандай тайёргарлик кўриш лозим?
Ҳали июнь ойидаёқ Ўзбекистон миллий терма жамоасига ким бошчилик қилиши мумкинлиги ҳақидаги дастлабки миш-мишлар тарқала бошлаган эди. Номзодлар кўп эди – Лёвдан тортиб Теримгача. Бироқ юқори даражада, айниқса йирик мусобақаларда миллий жамоалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган "таниқли" мураббийлар орасидан изланаётгани аниқ бўлиб қолди.
Номзодлар рўйхатида Паулу Бенту нисбатан яқинда пайдо бўлди. Чамаси, у билан тез келишувга эришилган. Португалиялик мутахассиснинг салмоқли тажрибаси бор: у "Спортинг"да узоқ вақт ишлаган, Португалия терма жамоасини бошқарган ва Осиё футболини яхши билади – Жанубий Корея ҳамда БАА терма жамоаларининг бош мураббийи бўлган. Бироқ у терма жамоалар билан йирик мусобақаларда катта ютуқларга эриша олмаган: БАА терма жамоасини 2026 йилги Жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаган ва Осиё Кубогининг 1/8 финалидаёқ Тожикистонга пенальтилар сериясида ютқазган. Жанубий Корея терма жамоаси билан эса энг яхши натижаси Жаҳон чемпионатининг 1/8 финали ва Осиё Кубогининг 1/4 финали бўлган. Португалияликлар билан 2012 йилда Европа чемпионатининг ярим финалига чиққан, аммо 2014 йилги Жаҳон чемпионатида гуруҳдан нарига ўта олмаган. Агар терма жамоалар билан эришган аниқ натижалари баҳоланса, унинг фаолияти зиддиятли кўринади.
Бентуни нима учун таклиф қилишаётгани ва ундан ЖЧ-2026да нималар кутилаётганини англаш лозим. Гуруҳдан чиқишми ёки фақатгина турнирда "муносиб иштирок этиш"ми? Агар плей-оффга чиқиш вазифаси қўйилган бўлса-ю, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бунга эриша олмаса, қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Шунингдек, португалиялик мураббийни қанча муддатга таклиф қилишаётгани ҳам номаълум, чунки ЖЧ-2026дан ярим йил ўтиб, 2027 йилнинг январь-февраль ойларида Осиё кубоги ўтказилади.
Ҳозирча Тимур Кападзе тақдири ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. У "Пахтакор"ни бошқариши мумкинлиги ҳақида ички маълумотлар тарқалди. Бироқ у миллий терма жамоада Паулу Бентуга ёрдамчи сифатида қоладими? Тимур Тоҳирович бундай вазифани қабул қиладими?
Менинг фикримча, ўзбек футболи оламига "йўл кўрсатувчи"сиз Бенту учун жуда қийин бўлади. Португалиялик мураббий учун айнан шундай шахс Тимур Кападзе бўлиши мумкин. Бенту Осиёда ишлаган давр мобайнида унинг фақат битта маҳаллий ёрдамчиси бўлган – кореялик Тей Вук Чой. БАА терма жамоасида эса португалиялик мураббийнинг бундай кўмакчиси йўқ эди.
Футболда "агар" деган сўз ўтмайди. Ўзбекистон терма жамоасига Паулу Бенту келса нима бўлишини билмаймиз. Худди шундай, Темур Кападзе даврида жамоанинг аҳволи қандай бўлишини ҳам билмаймиз. Тўғри, балки Бенту Ўзбекистон терма жамоаси учун энг мақбул танлов эмасдир. Бироқ португалиялик мураббийнинг қанчалик яхши эканини фақат 2026 йилги Жаҳон чемпионатида билиб олишимиз мумкин, чунки айнан натижа мураббийни белгилайди. Сречко Катанец ёрқин бўлмаган ўйин услуби учун бир неча бор танқид қилинган бўлса-да, у кўп жиҳатдан жаҳон чемпионатига чиқишни таъминлаб, натижа тақдим этганди.
Ахир, биз оддий футбол мухлисларидан кимни бош мураббий этиб тайинлаш ҳақида ҳеч ким сўрамайди. На оддий ишқибозлар, на журналистлардан. Ҳаммага ҳам ёқиш қийин, чунки барибир бирор нарсадан норози ёки қониқмайдиган одамлар топилади. Қарорни мамлакатнинг футбол раҳбарияти қабул қилади ва масъулиятни ўз зиммасига олади. Бу танлов қанчалик ўзини оқлашини бир йилдан сўнг билиб оламиз.
Николай Егоричев
Похожие новости

Комментарии
Хорижлик яхши савиядаги мураббий керак эди.
Кападзени хурмат киламан.
Лекин катта уйинларга тайёр эмас деб уйлейман.
Утган йили Олимпиа уйинларида даражаси билинди.