"Олимпик"нинг эртаси нима бўлади?
14 авг 11:32
Новости
"Олимпик"нинг эртаси нима бўлади?
Гуруҳдан чиқа олмаганимиз - бошқа масала. Асосийси биз бир неча йиллардан бери Олимпиадага чиқишни орзу қилиб келаётгандик ва бу орзу 2024 йилга келиб амалга ошди. Ва тан олайлик, бунда "Олимпик" лойиҳасининг таъсири катта бўлди.
Олимпиадага чиқишимиз учун мусобақа регламентига мувофиқ олимпия ёшига мос келувчи футболчилардан иборат таркиб йиғилди. Кейин "Олимпик" номи билан жамоа аввалига Пролига, сўнгра Суперлигада иштирок этди. Бу жамоада бошқа клублардан фарқли равишда футболчиларнинг ёши бўйича чегара бўлгани боис "Олимпик" ёши катта футболчилар хизматидан фойдалана олмади. Шунга қарамай, кўп ўйинларда ўзини кўрсатиб, бир нечта ғалабаларга эришди.
Бунда жамоани яқин-яқингача бошқариб келган Тимур Кападзенинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Зеро Кападзе ёш мураббий бўлишига қарамай, енг шимариб ишга киришди ва кўпинча ўз клублари захирасида қолиб кетган йигитлардан фойдаланиб, яхши футбол намойиш эта оладиган жамоа тузишга ҳаракат қилди. "Олимпик" Суперлигада рақобатбардош жамоалардан бирига айлана олди.
Париж олимпиадасининг футбол бўйича мусобақаси ўз якунига етгач, энди кўпчиликда навбатдаги савол юзага келди: "Олимпик" лойиҳаси нима бўлди? Клуб тарқатиб юбориладими?
Шуни айтишимиз мумкин, ҳозирги "Олимпик" миқёсида ушбу лойиҳа тугади. Буни Тимур Кападзе Тошкентга қайтгач, ОАВ билан учрашувда айтиб ўтди. Лекин клуб тақдири-чи? Ҳозирча бу савол очиқ қоляпти. Олимпия терма жамоамиз Франциядан қайтгач, Тимур Кападзе "Олимпик" футбол клуби бош мураббийлигидан кетганини ва бироз дам олиш нияти борлигини маълум қилди. Айни пайтда вақтинча бош мураббий вазифасини бажарувчи сифатида Денис Коростиченко жамоани бошқариб келмоқда.
"Локомотив" - "Олимпик" учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Денис Коростиченко ҳам жамоа ушбу мавсумни тугатиб қўйиши ҳамда клубнинг кейинги тақдирини раҳбарият ҳал қилишини айтиб ўтди. Таркибдан бир нечта етакчилар кетган бўлишига қарамай, "Олимпик" барибир ушбу мавсумни тугатиб қўяди.
Лекин жамоанинг эртаси нима бўлади деган саволга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Айтайлик, "Олимпик" мавсумни ўрта ўринларда тугатди ва Суперлигада келаси йил ҳам ўйнамоқчи, фақат бунинг учун баъзи шартларни бажаришига тўғри келади. Яъни шу пайтгача "Олимпик"ка клубдан кўра кўпроқ лойиҳа сифатида қараб келинди ва мақсад битта - Париж Олимпиадасига йўл олиш эди. Шунинг учун ҳам Суперлига клубларига қўйиб келинаётган талаблар "Олимпик" атрофини четлаб ўтди.
Лекин "Олимпик" 2025 йил ҳам Суперлигада иштирок этадиган бўлса, унда тўлиқ клуб мақомида бўлади ва баъзи талабларни бажаришига тўғри келади. Масалан, жамоа ўз қошида футзал ва аёллар жамоаларни ташкил этиши лозим. Чунки Суперлигада бу нарса мажбурий ҳисобланади. Аёллар ва футзал жамоаларини ташкил этиш қўшимча маблағ талаб этади, балки раҳбарият бу бошоғриқни хоҳламас ва худди ҳозиргидек асосий жамоа, U-21 ва U-19 жамоалари билан кифояланиб туришни мақсад қилар.
Лекин иккинчи томондан Суперлиганинг ҳам ўз талаблари борки, булар бажарилмаса яна гап-сўз кўпаяди. ЎФА ва ПФЛ томонидан "Олимпик" олдига ҳам жиддий талаблар қўйиладими, кўпчиликни ҳозир шу масала қизиқтиряпти. "Олимпик" ўтган 3-4 йил ичида клуб сифатида анча шаклланиб қолди ва ўз фаолиятини давом эттиргани маъқул. Чунки бу ерда гап фақат майдонга тушаётган футболчилар ҳақида эмас, клуб учун меҳнат қилаётган бошқа одамлар ҳам борки, "Олимпик" орқасидан ўз оиласини таъминлаб келаётганлар қанча.
Агар "Олимпик" ўз фаолиятини тўхтатса бир нечта инсон ишсизга айланади, натижада рўзғорда муаммолар пайдо бўлади. Лекин бу ўринда ҳамма гап раҳбарият ва клуб ҳомийларининг қандай қарор қабул қилишида. Клубни ёпайлик деса қанчадан қанча футболчи-ю, мураббийлар, клуб ходимлари ишсиз қолади, фаолиятини давом эттирайлик деса футзал ва аёллар жамоаси ташкил этишга тўғри келадики. Хуллас саволлар бисёр.
Х.Холиқов.
P.S. Яқинда қулоққа бир гап чалинди: "Олимпик" ўрнига бу жамоанинг "вориси" сифатида "Олимпик Мобиуз" тайёрланаётган экан ва кейинги Олимпиадага чиқиш шу жамоадаги футболчилар зиммасига юклатилар эмиш.
Комментарии