RU

Последние новости

03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  1 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  14 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  7 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  1 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   5 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  14 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2 20:33Суперлига. "Навбаҳор" "Қизилқум"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1

Келишилган ўйинлар тизими қандай ишлайди? Ундаги найранглар. Махарадзе "Локо"да ёлғизмиди? Келишилган ўйинлар қироли Раж Перумал билан катта интервью (тўлиқ) Новости

Келишилган ўйинлар тизими қандай ишлайди? Ундаги найранглар. Махарадзе "Локо"да ёлғизмиди? Келишилган ўйинлар қироли Раж Перумал билан катта интервью (тўлиқ)

Яқиндагина мамлакатимизда келишилган ўйинлар билан боғлиқ катта маш-маша кўтарилди.

Якунда ЎФА Этика қўмитаси "Локомотив" клуби ярим ҳимоячиси Кахи Махарадзе ва яна бир футболчи Евгений Кочневларни жиддий жазолади. ЎФАнинг тўлиқ баёнотини қуйидаги линкда ўқиб олишингиз мумкин >>>

Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди — Этика қўмитаси қарори

Ана шу мавзу кўтарилган пайтда "Championat.asia" сайтининг икки вакили Гайрат Хасбиуллин ҳамда камина Толибжон Қосимов Венгрия пойтахти Будапештда бўлиб тургандик. Бундан мақсад Ўзбекистон ва Венгрия U-18 терма жамоалари ўртасидаги иккита ўртоқлик учрашувини ёритиш эди. Тақдирни қарангки, сафаримиз кутилмаганда анча баракали кўриниш олди. У ерда Венгриянинг жаҳонга машҳур Пушкаш академияси директори билан танишдик, у эса бизни академияга таклиф қилди. Кейинроқ, ажойиб академияга сафаримизга бағишланган катта мақолани ҳам ўқишингиз мумкин. Ва бу ҳаммаси эмас. Биз Будапештдалигимизда Тошкентда келишилган ўйинлар билан боғлиқ Тезкор студия бўлди ва унда мен ҳам Венгриядан туриб алоқага чиқдим. Будапешт кўчаларидаги кафелардан бирида тушлик қилиб ўтирарканмиз, ҳамроҳим Гайрат ака Перумал айнан Венгрияда яшаётгани ҳақида айтиб қолди. Ўзининг "Келишилган ўйинлар қироли" номли китоби ва бир пайтлар "CNN" телеканалига берган шов-шувли интервьюси билан машҳур бўлиб кетган бу инсон 2 йилдан бери Венгриянинг Дебрецен шаҳрида яшаб келаётган ва мана шу давр ичида умуман омма назарига тушмаганди. Яъни, жимгина ҳаёт кечириб келаётганди. Ҳеч қандай интервью ва чиқишлар йўқ.

Биз эса ана шу жимлик қарига ғарқ бўлган Уилсон Раж Перумални топиш ва ундан интервью олишни ўйлаб қолдик. Буларнинг барчаси кутилмаганда ва жуда тез рўй берди. Бундай инсон билан тўғридан-тўғри алоқага чиқиш тугул, уни қидириб топишни ўзи осон иш эмас. Аммо, биз шунчаки таслим бўлишни истамасдик. Сабаби, биз у яшаётган шаҳардан бор йўғи бир неча соатлик йўл узоқда эдик. Будапештдан қуруқ қўл билан қайтиш алам қиларди. Хуллас, рус ва италиялик танишларга чиқиб жаноб Перумални излашга тушдик. Натижа узоқ куттирмади. Эртаси куни тонгда биз у билан тўғридан-тўғри телефон орқали суҳбатлашдик. Шу тариқа, биз Дебреценга борадиган бўлдик. Дебрецен Венгрия шарқида жойлашган ва аҳолиси сони бўйича Будапештдан кейинги иккинчи шаҳар ҳисобланади. Пойтахтдан у ергача поездда 3 соатлик йўл.

У айни пайтда 18 ноябрга қадар уй қамоғида бўлгани боис, биз тўғри у яшаётган уйга бордик ва ўша ерда суҳбат қурдик. Унинг уйидаги иккита ит (кучук)ни ҳисобга олмаса ҳаммаси яхши ўтди)

Перумал билан бундай ноёб ва эксклюзив интервью қилишимизда асосий ишни Гайрат Хасбиуллин ҳамда Жалолхон Иноғомхўжаев (бу ходимимиз музокараларнинг муҳим палласини олиб борди ва интервьюни инглизчадан тўлиқ таржима қилишда жонбозлик кўрсатди).

Бум! Махарадзе "Локомотив"да ёлғизмиди? Бу тизим аслида қандай ишлайди ва унда бир жамоадан неча ўйинчи қатнашади?! "Келишилган ўйинлар қироли" жавоб берди

Келишилган ўйинлардаги яна бир найранг. Перумал кўпчилик билмайдиган бир услуб ҳақида гапирди, 2-қисм


Ниҳоят, қуйида эксклюзив интервьюни тўлиқ ҳолида ўқишингиз мумкин.


Жаноб Раж суҳбатимизни 1994 йил Хиросимада ўтказилган Осиё ўйинлари билан боғлиқ хотираларни эслаш билан бошлади.

"Менимча Ўзбекистон терма жамоаси келишилган ўйинларда қатнашмайди. Хиросимада Хитой ўйинни сотган. Улар аввалига Ўзбекистон томондагиларга чиқишган, аммо рад жавобини олишган. Кейин эса улар Хитойга чиқишган. Мен у пайт келишилган ўйинларда қатнашмасдим. У пайт мен шунчаки пул тикардим. У пайтлар онлайн пул тикиш йўқ эди. Ўшанда Хитойга Азиатский форада -1,5 бераётганди. Дўстим менга ҳозир пул тикмаслигимни ва сабр қилишим кераклигини айтди. У ўзим сенга кейинроқ хабар бераман деди. Мен Хитойга пул тикмоқчи эдим, дўстим эса мени тўхтатди. Сабаби, мен газетада Ж.Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ўйин ҳақида ўқиганимда Корея 20-25 марта ҳужум қилгани, Ўзбекистон эса биргина вазиятдан гол уриб кетгани ёзилганди. Мен сизларга бўлган воқеани айтиб бераман. Мен у пайтлар шунчаки пул тикардим, у ерда мендан анча катта шахслар бор эди. Тунда ўша дўстимга қўнғироқ қилдим у эса агар пул тикмоқчи бўлсанг фақат Ўзбекистонга тик деди. Мен 50 минг Сингапур долларини Ўзбекистонга тикдим. Эрталаб эса яна дўстимга қўнғироқ қилдим ва вазиятни сўрадим. У эса вазият ўзгарганини энди бу ўйинда Ўзбекистон фаворит эканлигини, букмейкерлар коэффициентларни ўзгартиришганини айтди. Бу эса Ўзбекистонга катта пул тикилганини ва шу сабаб пул оқимига қараб коэффициентлар ўзгарганини англатади. Мен бу ўйин келишилган эканлигига жавобгар эмасман, аммо бу ўйин келишилганини аниқ айтишим мумкин. Биласизми, ўша пайт хитойликлар келишилган ўйинлар бўйича устаси фаранг эди. Шахсан ўзим бир ўйинни сотиб олганман. Зимбабве ва Хитой ўзаро ярим финалда ўйнашлари керак. Мен Зимбабвени мағлуб бўлишига пул тикдим ва футболчиларга шуни буюрдим. Ўша пайтда Малайзия ринггитида 1 миллион пул тиккандим. У ерда яна битта келишилган ўйинлар билан шуғулланувчи шахс бўлганди ва у ҳам Зимбабвенинг мағлубиятига 1.5 млн Малайзия ринггитини тикканди. Қачонки бирор жамоага бу каби пул тикилса коэффициентлар кўтарилишни бошлайди. Бироқ ўшанда ўйинга бироз қолганда коэффициентлар тушишни бошлаганди! Бу эса яна кимдир Хитойнинг мағлубиятига жуда катта пул тикаётганини ва Хитой ўйинни сотганини англатарди. Биз эса бу тарафда Зимбабвени сотиб олганмиз. Охир-оқибат Зимбабве бир амаллаб мағлуб бўлишни уддалаган ва биз ҳам пулларимизни кўпайтириб олганмиз. Хитойликлар эса ҳафсалалари пир бўлиб, бошқа келишилган ўйинларда қатнашмаймиз дея финалда Боснияни мағлуб қилишган".


Олдинга ўтиб шуни маълум қиламизки, ушбу суҳбат уюштирилган пайт ҳали ЎФАнинг Махарадзе иши бўйича якуний қарори чиқмаган эди.

"ЛОКОМОТИВ" ФУТБОЛЧИСИ ЎЗИ ИШТИРОК ЭТГАН ЎЙИНГА ПУЛ ТИККАНМИ?

- Салом, жаноб Перумал. Бизнинг бу ерга келишимизга асосий сабаб яқинда ўзбек футболида ғалати воқеа содир бўлди. Биз яқинда бир аноним хат олдик. Бу хат клубларга, ОАВларга ва яна бир қанча футбол соҳасидаги инсонларга жўнатилди. Хатда "Локомотив" клуби сардори Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинларда қатнашгани иддао қилинган. Хатни сизга кўрсатишим ҳам мумкин (шу тариқа, жаноб Перумал бутун хатни ўқиб чиқди). У бу хатни жуда кўпчиликка жўнатган. Энг қизиғи шундаки, бир неча кундан сўнг, ушбу ҳолатлар оммага ошкор бўлганидан сўнг у яна бир хат ёзиб бу шунчаки ҳазил бўлганини ва юборилган далиллар шунчаки соҳта эканини айтди. Ушбу вазият ҳақида нима дея оласиз? Нега у бу хатни ҳаммага жўнатган? Нега бир неча кундан сўнг бу шунчаки ҳазил бўлганини айтмоқда?

- Тушунарли. Мен ушбу вазият ҳақидаги умумий фикримни айтишим мумкин. Катта эҳтимол билан, кимдир ўзи олиши керак бўлган пулни ололмаган. Ўша инсон ўзига тегишли бўлган пулни ололмагани учун ушбу доирадаги барчани адабини бермоқчи бўлган. Тахминимча, бу хабар агар мени пулимни бермасангиз, кейинги қадам бунданда оғриқли бўлади деган ишора бўлган. Ўша инсон жазавага тушган пайт юқоридаги ишни қилган. Шундан сўнг унга керакли бўлган барча инсонлар қайтиб унга мурожаат қилишган. Хатни ёзган шахс мавжуд. У оддий мухлис эмас. Оддий мухлисда эса бу каби маълумотлар бўлмайди. Катта эҳтимол билан бу шахс келишилган ўйинлардаги катта ўйинчи ҳисобланади. Аммо у ўз улушини олмаган. Кимдир эса уни чув туширишга, қўпол қилиб айтганда "чопиш"га уринган. Шундан сўнг у барчага қарши шу ишни қилган.

- Бу инсонни ким деб ўйлайсиз? Ўртакашми? Ёки жамоадаги бошқа бир инсонми?

- Эҳтимол, ўртакаш бўлса керак. Яна бир вариант бор. Хатни ёзган инсон ушбу тизимда барчани боғлаб турувчи учинчи шахс бўлиши мумкин. Бошқалар эса уни ўйиндан чиқариб ташлашмоқчи бўлган. У эса жазавага тушган ва сизга яқоридаги нарсани жўнатган. Мисол билан тушунтириб бераман: Мени боғловчи шахс деб олайлик. Мен сени (футболчи) ва пул тикувчиларни ўзаро боғлаб тураман. Футболчи эса пул тикувчилар билан тўғридан-тўғри боғлана олди ва мени ўйиндан чиқариб ташлашди. Мен эса ўз улушимни олганим йўқ. Тушунтира олдимми? Ўша шахс бунга қадар бу ишларда актив қатнашиб келган, шундан сўнг эса уни четга чиқариб қўйишган. У эса "Ҳа, ҳаромилар мени қўлимдан ҳеч нарса келмайди деб ўйлайсанларми", - деган маънода ушбу ишни қилган. Ҳозир эса ўша икки томон (футболчилар ва пул тикувчилар) бу шахсга қайтадан алоқага чиқишган ва "Ҳой, ўзингни босиб ол. Биз сенга керакли пулингни берамиз. Футболчиларни фаолиятини барбод қилма. Тўхтат бу ишларни", - дейишган. Тўғри, бундай дейишга анча кеч. Аммо бу шахс аноним бўлганлиги сабаб ундан ҳали ҳам қўрқишмоқда. Яъни бу инсон нафақат бизга, балки юқоридаги икки томонга ҳам номаълум шахс бўлиши мумкин. Бу эса унга катта устунлик беради. Айнан мана шу сценарий мантиқийроқ ҳисобланади. Охирида эса у ўз улушини, умуман олганда ўзига керакли бўлган нарсани олган ва шундан сўнг буларнинг барчаси ҳазил эди деб қўйган, тамом.

- У бизни федерациядагилар ёки тегишли органлардагиларни бунга ишонадиган аҳмоқ деб ўйлаганми?

- Мен полициячи эмасман ва бу инсон ҳақиқатдан ҳам борлигини исботлаб беролмайман. Аммо мантиқий нуқтаи назардан қарасак, барчаси унинг мавжудлигини кўрсатиб турибди. Агар кимдир келишилган ўйинлар мавзусида суриштирув ўтказаётган бўлса, улар Betradar ёки FederBet каби ташкилотлардан ўйин борасидаги барча маълумотларни олишлари мумкин. Betradar ва FederBet дан тикилган барча пуллар ҳақида маълумотлар ва трекинг ахборотларини олишлари мумкин. Агарда ЎФА улар билан келишувга эришган бўлса. Betradar каби ташкилотлар федерациялар уларга пул тўлаётгани учун мавжудлар. Улар ҳам айнан ўйин келишилганми йўқми шуни аниқлай олишади. Айнан ким бунда иштирок этаётганини эса билиш қийин масала.

- Шу каби ҳолатларни амалга ошириш учун жамоадан неча киши иштирок этиши керак? 

- Энг камида беш киши. Бу албатта сиз қандай жараённи уюштираётганингизга боғлиқ. Қийинроқ даражадаги "ставка" бўлса, у ҳолда бунга кўпроқ ўйинчи жалб этилади. Баъзи ҳолларда уч-тўрт ўйинчи ҳам етарли бўлиши мумкин.


- Биласизми, биз юқорида сизга айтган кейсда ўйинчи қизил карточка олиш учун ўйнаган. Яъни бу ҳолатда биргина ўйинчи ҳам етарли бўладими?

- Яна бир нарса, дейлик мен келишилаётган ўйин учун 100 минг доллар тикаётган бўлсам, мен биргина ўйинчи билан қаноатланмайман. Ҳозирги кунда пул тикаётганлар бу жараёнда камида бешта ўйинчи бўлишини хоҳлашади. Улар ўз пуллари хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишлари учун энг камида беш нафар ўйинчи учрашувни сохталаштиришда ишлаши керак.

- Аммо бу жараён қандай кечади? Дейлик сиз фақат бир футболчи билан гаплашасиз. У "ҳа, мени тўрт нафар жамоадошим бор, улар рози", - дейди. Аммо бу ишониш учун камлик қилади-ку?

- Ўртадаги киши ҳамма йигитларни кўриши кераклигини айтади. Дейлик, мен пул тикувчи бўлсам, мен барча футболчиларни билишим керак. Ўртада жуда яқин муносабат бўлсагина, мен уларга ишонишим мумкин.

- Ҳа, демак барчани кўришингиз керак бўлади. Ҳозирги кунда барчада WhatsApp, Zoom каби иловалар бор...

- Zoom ҳам шарт эмас. Дейлик ўртакаш ўша футболчилар билан ресторанга овқатлангани боради. Мен ёки менинг одамим эса пул тикувчи сифатида кейинги столда ўтиради. Анови ўртадаги инсон келади ва йигитларга тушунтиради: "Мана бу куни ўйин, мана бу ишни қилишингиз керак ва ҳоказо". Барча футболчилар у ерда нима бўлаётганини, нима бўлиши кераклигини онгли равишда англаб туришади.

- Сўзларингиздан шуни тушуняпманки, Ўзбекистонда ҳам шундай инсонлар бор. Яъни улар икки ўртада туриб бу ишларни ҳал қилишади.

- Бўлиши мумкин. Биласизми, ўзбек инсон билан бу масалани муҳокама қилиш учун сиз рус ёки ўзбек тилини билишингиз талаб қилинади. Пул тикувчи чет эллик бўлиши мумкин. Масалан, хитойлик ёки яна бошқа жойдан. Аммо ўртакаш маҳаллий киши бўлиши эҳтимоли катта. Бу мантиқан олиб қараганда ҳам тўғри.


- Тажрибангиздан келиб чиқиб, бир жамоага бундай иш учун қанча пул берилади?

- Билмадим, билмадим. Мен ўзбек футболини кузатмайман.

- Тахминан айтиб кўрингчи. Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатлар учун...

- Тахминан 150 минг доллар.

- Ўйинчиларга 150 минг доллар бериладими???

- Йўқ, йўқ. 150-200 минг доллар тикилади. Ўйинчиларга эса тахминан 50 минг доллар берилади. Ҳар бирига 10 минг доллардан ёки бироз бошқачароқ. Тахминан шундай, аниқ билмайман, албатта.

- Шу ўринда савол туғилади. Дейлик жамоа ютказиши керак эди. Аммо улар ғалаба қозонишади ва ўз-ўзидан "ставка" ўхшамай қолади. Бу ҳолатда пул тиккан одам қандай чора кўради? Сабаби, барча зарар айнан ўша пул тиккан инсонга бўлади...

- Бу касбда зўравонлик ҳолатлари камдан-кам кузатилади. Биз бориб футболчиларга ҳужум қилмаймиз. Буни шунчаки йўқотишдек қабул қиламиз. Биз йўқотган пулимизни тўлаймиз ва бошқа бу жамоа билан ишламаймиз.

- Ўхшамаган "ставка" ўрнини қоплаш учун ўша жамоа билан яна битта келишилган ўйин ташкиллаштириш вариантичи? Бу ҳам ҳақиқатга яқинми?

- Ҳа, бу ҳудди биринчи галдаги зарарни қоплашга ўхшайди. Умуман олганда бизда пул ютказишнинг икки хил усули бор. Биринчисида келишилган ўйин муваффақиятли ўтишига кичик нарсалар ҳалал беради ва якунда иш омадсиз якунланади. Иккинчи ҳолатда эса қилинган "ставка" тўлиқлигича тескарисига айланиб кетади. Масалан ютиши керак бўлган жамоа 3-4 гол фарқи билан мағлуб бўлади. Айнан шу ҳолатда пул тиккан инсоннинг жазаваси тутиб, сизга нимадир қилиши мумкин. Агарда пул тикувчи қўли узун ва қудратли кимса бўлсагина, унинг сиздан "сўраб олиш" эҳтимоли бор. Бироқ, бизнинг соҳада асосан руҳан сокин инсонлар ишлайди.

- Гап катта пул ҳақида кетаётган бўлсачи? Дейлик бир миллион доллар.

- Охирги марта жамоам билан иш қилганимизда, ўшанда А Серия ўйини эди, италияликлар бизга бир миллион доллар олиб келишди. Пулни улар тикишди, уларнинг ўзлари ўз ўйинларини сохталаштиришди. Биз ўшанда ўйинни сохталаштирмадик, биз шунчаки уларнинг пулини Хитойда тикиб бердик. Демак, агар улар А Серия ўйинига бир миллион доллар тикаётган бўлишса, биз худди шу ўйинга икки миллион доллар тикишимиз мумкин. Икки ўртада биз нимага пул тикиш кераклиги борасида текин маълумотга эга бўлиб қоляпмиз. Тушуняпсизми? Ўшанда бу ишга кўпчилик аралашганди. Антонио Конте ва яна бир қанча шахслар. Аммо улар Контенинг айбини исботлай олишмади. Бироқ, уларнинг барчаси бу ишга аралашганди.

- Шу каби ноқонуний пул тикиладиган жойларнинг энг катта макони қаерда?

- Менимча, Макаода.

- Нега бу маълум бўлса, полиция уларни қўлга олмайди?

- Хитой қонунлари барибир уларнинг барчасини қўйиб юборади. Биласизми, айнан ҳозирга келибгина келишилган ўйинлар жиддий жиноятга айланмоқда. Бироқ, Литва ва Латвия каби давлатларда келишилган ўйинларда иштирок этиш, ўйинларни натижаларига таъсир ўтказиш жиддий жиноят ҳисобланмайди. Бу каби ишлар содир бўлганда улар футболчини уч ойга четлатишади, холос. Сабаби, келишилган ўйинлар уларда оғир жиноят эмас. Мен сени пичоқлаб қўйсам ёки куч ишлатсам бу оғир жиноят, аммо келишилган ўйинларда бирор ким жабр кўрмайди. Узоғи билан бир ёки икки йиллик четлатиш. Уларнинг менталитети шундай.


- Ноқонуний кантораларда пул фақат нақд кўринишда қабул қилинадими?

- Ҳа, биз фақат нақд пул тикамиз, ёки бўлмаса криптовалюта кўринишида депозит қилинади. Биткоин, USDT ва шунга ўхшаш бошқа валюталар кўринишида. Биз криптовалюта орқали ўз ҳисоб рақамимиздан пул ўтказамиз. Агарда пул ютсак, биз пул жўнатган ҳисоб рақам эртаси куни бизга ютган пулимизни қайтиб жўнатади. Ҳозирги кунда криптовалюта билан ишлаш жуда осон бўлиб қолди. Бир дақиқа ичида пулни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб юриш мумкин ва бу транзакцияларни ҳеч ким аниқлай олмайди.

- Қонуний букмейкерларда пул тикилидаган бўлса, уларда сизнинг барча маълумотларингиз бўлади тўғрими?

- Ҳа, уларга сизнинг шахсингиз маълум бўлади. Қанча пул тикяпсиз, кимга тикяпсиз, қанча ютяпсиз ва ҳоказо. Биз букмейкерларни иккига бўламиз: расмий ва норасмий. Норасмий букмейкерларда ким пул тикаётганини ҳеч ким била олмайди.

- Ноқонуний букмейкерларга пул тикиш хавфли эмасми? Сабаби, пулни олиш борасида жуда катта риск бўлиши мумкин...

- Буни олдинги суҳбатимизда ҳам таъкидлагандим. Мен фақатгина ўзим ишонган жойлардагина пул тикаман. Улар ҳам ўзлари ишонган инсондан пул олишади. Бу тизим тўлиқ ишончга асосланган. Қадимги Хитой менталитетига амал қилган ҳолда кўз кўзга тушгандаги ишонч бу ерда асосий планда бўлади. Тасаввур қилинг, сиз пул тикяпсиз. Мен эса қиморхонаман. Сиз менга 100 минг доллар олиб келасиз ва уни тикасиз. Агар сиз ғалаба қозонсангиз, мен 24 соат ичида ютиб олган пулингизни сизга бераман. Яна қайтараман, бу тизим ишонч ва ҳалоллик устига қурилади. Сиз дейлик чет элликсиз, аммо менга пул тиккингиз келяпти. Кимдир сизга мени тавсия қилган ва сиз менга ишониб пул тикасиз. Хуллас, сиз менга кимдир орқали чиқасиз.

- Умуман олганда шу каби ноқонуний пул тикиладиган нечта катта ташкилотлар бор?

- Аниқ билмайман. Аммо Камбоджа, Малайзия, Макаодаги инсонлар бу иш билан шуғулланишади.

- Бу тушунарли, аммо мен айнан компанияларни назарда тутяпман?

- Норасмий букмейкерлардан энг каттаси "Crown" деб номланади. "Crown" бу платформа. Солиштириш учун "bet365" компанияси ҳам Crown'га ўхшайди. Сиз 500 минг доллар пул тикмоқчи бўлсангиз, Crown'дан рўйхатдан ўтган тахминан 50 та одам топасиз ва ўша пулларни уларга тарқатасиз. Улар эса ўйинларга пул тикишади.

- Демак, "Crown" норасмий букмейкерларнинг энг каттаси?

- Ҳа, Хитойда ташкил қилинган, аммо фаолиятини Макаода олиб борувчи ташкилот.


- Келишилган ўйинларда маҳаллий ўйинчилардан кўра легионерлар кўпроқ иштирок этиши ҳақиқатми? Яъни улар камроқ маош эвазига келиб, шу каби ишлар билан шуғуллунишлари ҳақида эшитганмиз...

- Бўлиши мумкин. Юқоридаги фикрнинг давоми сифатида бир нарсани таъкидламоқчиман. Латвия ўз футболини анча тозалашга муваффақ бўлди. Олдинлари уларнинг футболи жуда ифлос эди, жуда кўп келишилган ўйинлар мавжуд эди. Мен бир хитойлик Мао исмли йигитни билардим. У Латвия футболини яксон қилиб ташлаганди. Мао менга Латвиядаги футболчилар жуда ҳам ишончли экани ва у берган топшириқни жуда яхши бажаришларини айтганди. Ҳозир эса Латвия ўз футболини чинакамига тозалай олди. Охирги икки уч йилда Латвия футболи анча ўзига келди. Ҳозир уларда келишилган ўйинни топиш жуда қийин.

- Маълумотларимизга қараганда, ўзбек футболидаги бир неча ҳакамлар келишилган ўйинлар сабаб бир неча йилларга четлаштирилишди. Келишилган ўйинларда ҳакамлар ҳам иштирок этишадими? Жавоб ҳа бўлса, бу тизим қандай ишлайди?

- Сизлар ВАР тизимини ишлатасизларми?

- Ҳа, ўтган мавсумдан бери ишлатамиз, фақат барча ўйинларда эмас.

- Агар ўйинда ВАР бўлса, бундай қилиш жуда қийин. Сабаби, агар ҳакам атайин бирор қарор қабул қилса, уни ВАР бекор қилади. ВАРда энг камида уч киши бўлади. Бу сиз кўпроқ одам билан келишишингиз ва кўпроқ пул сарфлашингиз керак дегани. Бу эса қийин иш. ВАР бўлмаган пайтлари мен реферилар билан етарлича иш қилганман. Масалан, бир сафар Эквадор ва Венесуэла ўртасидаги ўртоқлик ўйинида ҳакам икки дарвозага биттадан пенальти қўйиб берган ва ишни пишитган. Кўпинча биз ўйиндаги голлар сонига пул тикамиз. Асосан тўртта гол бўлишига. Ҳакам иккита пенальти қўйиб беради, бу эса иккита гол дегани. Шу тариқа иш осон битади. 2010 йилдаги ЖАР ва Колумбия ўртасидаги ўртоқлик ўйинини кўрганмисиз? Жаҳон чемпионатидан бироз олдин эди. Биз ҳакам билан келишиб олдик. У ўйин давомида уч марта пенальти қўйди, ўйин эса 2:1 ҳисобида тугади. 

Мана ўша ўйин лавҳалари


Биз эса осонгина катта пулга эга бўлдик. Шунақа гаплар. ВАР бўлмаган пайт "соққа" қилиш осон эди. Ўйинда видеотакрор бўлса, матч тўхтатилади ва ҳамманинг эътибори ўша вазиятга қаратилади. Халқаро даражадаги ўйинда ҳакам билан ўйинни келишиш жуда қийин масала. Аммо маҳаллий ўйин бўлса, ВАР барибир сизнинг дўстингиз бўлиб қолади. Сабаби маҳаллий ўйинларда барча ҳакамлар бир-бирлари билан таниш бўладилар. Мен ўртакаш орқали бир ҳакамга чиқаман ва у эса дўстларини, яъни бошқа ҳакамларни кўндиради. Агарда пенальти ёки шу каби баҳсли вазиятларда ВАРдагилар ҳакамнинг қарорини бекор қилишмаса бўлди, қолгани аҳамиятсиз. Барибир ҳаммаси сиз сохталаштираётган ўйинда қилинаётган ишнинг масштабига боғлиқ.

- Биздаги маълумотларга қараганда, сиз Ўзбекистон чемпионатида ҳам келишилган ўйинлар ташкил этишга аралашгансиз. Бу ростми?

- Йўқ, мен ҳеч қачон Ўзбекистондаги ўйинларга аралашмаганман.

- Нега бундай деяпмиз? Бундан бир неча йил олдин Австралия полицияси сизнинг гуруҳингизни қўлга олган. Ўша бешта инглиз ўйинчиларнинг телефон қўнғироқлари, ёзишмалари текширилганда полиция 2015 йил ўтказилган "Пахтакор" ва "Металлург" урчашуви билан боғлиқ маълумотларни аниқлаган. Худди ша каби маълумот SportRadar'да ҳам бўлган. Сиз бу ҳақида билмасмидингиз? (Таҳририят номидан: Ўша пайтда "ишини қилган" инсонларни бугунги "Пахтакор" ва "Металлург"га умуман алоқаси йўқ).

- Йўқ. Мен ҳеч қачон Ўзбекистон чемпионатига аралашмаганман. Фақат тахминан 2015 ёки 2016 йилда Ўзбекистондаги клублардан бирида катта лавозимда ишлаётган одам рус фирибгарлари орқали мени одамларимдан сўраган. Хуллас, улар агар мен ўйиндан олдин ким ютишини билсам ва катта пул тикмоқчи бўлсам, "Radar"га тушмаслик учун қанча пул ва қандай тикиш кераклигини сўрашган. 

Адашмасам сизлардаги бир клуб  бу йил ОЧЛда жуда яхши ўйнамоқда. 

- Ҳа, "Насаф" клуби.

- Тушунарли, ОЧЛдаги ўйинлар тоза ўтади.

- Шу ўринда ОЧЛ ўйинларига фикрингиз қандай?

- Тоза мусобақа, у ерда келишилган ўйинлар йўқ. Ҳеч ким араб жамоалари ўйинини сотиб ололмайди. Араблар керак бўлса сизни сотиб олишади (барча кулиб юборди). Йўқ, ростдан ҳам шундай, бу каби ҳолатлар ҳам бўлган.

Масалан, 1997 йилги U-20 Жаҳон чемпионати. Англия, Кот-д'Ивуар, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мексика бир гуруҳда. Биринчи ўйинда Ангдия БААни 5:0 ҳисобида мағлуб қилди. Мексика ҳам БААни 5:0 ҳисобида ютди. Кот-д'Ивуар жуда кучли жамоа эди. Буни ўз кўзим билан стадиондан туриб кўргандим. Кот-д'Ивуар Мексика билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Жуда кучли ўйин бўлди, жуда ва жуда. Инглизлар ҳам Кот-д'Ивуарни биргина тўп фарқи билан зўрға мағлуб қилишди. Томоша ҳали олдинда эди. Кот-д'Ивуар БАА билан охирги турда ўйнаши керак. Ўша ўйин учун "фора" ивуарликлар фойдасига -3.5 бўлган эди. Яъни, ҳамма Кот-д'Ивуар БААни энг камида 4 гол фарқи билан ютишини кутаётганди. Якунда нима бўлди биласизми? Якунда Бирлашган Араб Амирликлари Кот-д'Ивуарни 2:0 ҳисобида мағлуб қилишди ва кейинги босқичга йўл олишди. Мен нега БАА федерацияси ушбу ўйинни сотиб олган деган фикрга борганман? Ҳозир тушунтираман. Агарда мен ушбу ўйин натижасини сохталаштирувчи инсон бўлганимда нима қилардим биласизми? Мен Кот-д'Ивуар 1:0 ҳисобида ютишини ташкиллаштирардим. Кот-д'Ивуар кейинги босқичга ҳам чиқарди ва мен билан ишлашни давом эттирарди. Аммо улар 2:0 ҳисобида ютказишди. Бу эса уларга Бирлашган Араб Амирлиги федерацияси томонидан жуда катта пул берилганини англатарди. Дейлик 500 минг доллар. Бу ивуарликлар учун катта пул эди. Чунки ўша пайт бундай натижа ўзидан-ўзи қайд этилиши мумкин эмасди.

Ўша 1997 йилда ўтказилган U-20Жаҳон чемпионати "F" гуруҳидаги ҳолат.


- Шунда сиз Кот-д'Ивуарнинг ғалабасини ташкиллаштирганмидингиз?

- Йўқ, йўқ. Менга шунчаки баъзи ўйинчилар билан бир лифтга чиқиб қолгандим. Агар мен уларга бу ишни таклиф қилганимда, мен Кот-д'Ивуарнинг 1:0 ёки 2:0 ҳисобидаги ғалабасини ташкил қилган бўлардим. 3 очко ва мендан 100 минг долларни ол деган бўлардим. Аммо улар 2:0 ҳисобида БААга ютказишганди.

- "Локомотив" сардори билан бўлган вазиятга яна қайтмоқчиман. Дейлик уни ушлашди ва айбини бўйнига қўйишди. Ўйинчи орқали бу ишнинг бошида турган инсонни топса бўладими?

- Ўша ўйинчи расман қамоққа олиндими?

- Йўқ, ҳозирда суриштирув ишлари кетмоқда...

- Суратдаги иккинчи инсонни танийсизларми?

- Йўқ, бизнингча у ўзбекистонлик эмас.

- Суратдан у европаликка ўхшамоқда. Унинг ёши ҳам катта экан. Ҳозирги кунда жуда кўп македонияликлар, серблар, руслар келишилган ўйинларда иштирок этишмоқда. Умуман олганда суратдаги инсон ким эканлигини айтиб бўлмайди. Бу суратни тарқатиб юборган инсонни ўз улушини олмаган ўртакаш деб тахмин қилишимиз мумкин, холос. Бундай ишларда нимадир нотўғри кетган бўлсагина бундай хабарлар сизиб чиқади. Юқорида таъкидлаганимдек, бу ўз пулини ололмаган ёки ўйиндан чиқариб ташланган инсон бўлиши мумкин. Агар Ўзбекистон футбол Ассоциацияси бу ишни тагига етмоқчи бўлишса, улар Betradar ёки Fedabet каби ташкилотларга мурожаат қилиб бу ўйинда ғайритабиий пул тикиш ҳолатлари бўлганми, йўқми аниқлашлари лозим. Агар ўша ўйинларда ростдан ҳам ғайритабиий пул тикиш ҳолати бўлган бўлса бу ўйин аниқ келишилганини англатади. Бу эса юқоридаги хатни жўнатган шахс рост гапираётганини англатади. Ўзим умуман Ўзбекистонда ўйинчиларнинг ўртача маоши қандай?

- Бу албатта жамоага қараб. Асосий таркиб ўйинчилари 3-4 минг доллардан 20 минг долларгача маош олишади. Катта жамоалар шу каби тўлайди. Бошқа кичикроқ жамоалар эса бир неча асосий ўйинчиларига яхшироқ маош беришади, қолганларга эса камроқ.

- Ҳа, Венгрияда ҳам шундай. Венгрияда ўйинчилар энг камида 5 минг евро маош олишади. Бу рақам 25-30 минг еврогача ошиши мумкин.

- Биласизми, биздаги қуйи дивизионларда жуда ғалати ўйинлар бўлади, баъзи жамоа 7-8 та тўп ўтказиб юбориши мумкин. Бу эса жуда шубҳали туйилади. Масалан, бирор ўйинчи майдонга туширилади ва шундан сўнг жамоа ғалати голлар ўтказиб юборади. Албатта буларнинг барчаси тахмин, лекин шу каби ҳолатларга фикрингиз қандай?

- Умуман ўйинчи алмаштирилаётгани бундай ишларда сигнал ҳисобланади. Бу биз ишни бошлашимиз керак деган сигнал деб қаралади. Икки томон ўзаро алоқа қила олмайди ва ўзгартириш сигнал бўлади. Дейлик олтинчи рақамли ўйинчи майдонга тушса, биз ишни бошлаймиз дегани.

- "Локомотив" кейсида назар солсак, ўша ёзишмаларда биз саккизинчи дақиқада ишни бошладик деб ёзилган. Махарадзе эса 2-бўлимнинг саккизинчи дақиқасида қизил карточка олган.

- Бу жуда аниқ маълумотку. Бироқ уни жўнатган инсоннинг шахси номаълум. Ҳисоб қандай бўлган ўша ўйинда?


- 0:1, "Локомотив" мағлуб бўлган.

- Фақатгина битта голми? Биласизми, мен bet365 букмейкерини ишлатаман ва мен ҳеч қачон бу иловада ўзбек клубларини кўрмаганман. Юқоридаги Crown'да эса Ўзбекистон чемпионати бор. Туркия ва яна бошқа чемпионатлар бу иловада йўқ. Қизил карточкага расмий букмейкерларда пул тикишнинг иложи йўқ. Балки улар Хитойда бу ишни қилишгандир. Яна билмадим, сабаби мен ҳеч қачон Ўзбекистон чемпионатига аралашмаганман.

- Тушунарли...

- Яқинда "Арсенал" футболчисида муаммо чиқди, бундан хабарингиз борми? Гранит Жака эди шекил унинг исми. Ҳа, Жака. Хуллас, унинг ўйиннинг охирги 10 дақиқасида сариқ карточка олишига жуда кўп инсонлар пул тиккан экан. Жака эса охирги 10 дақиқада сариқ карточка олди. АПЛда! Албатта, бу воқеадан кейин суриштирув ишлари бошланди. Қандай қилиб бунчалик кўп инсон унинг сариқ карточка олишини билди? Сариқ карточка ҳам ғалати. У жарима тўпини тепишни жуда узоқ чўзди ва огоҳлантирилди.


Аммо Жаканинг айбини ҳеч ким исботлай олмади. Чунки унинг ўзи пул тикмаган. Ғайритабиий пул тикилиш ҳолати бўлаётганини АПЛ'дагилар билган. Сабаби улар букмейкерлар ва Betradar каби компаниялар билан узлуксиз мулоқотда бўлиб туришади.

- Ўзбекистонда букмейкерлик фаолияти таъқиқланган. Демак, агарда бизда бу нарса қонунийлаштирилса, унда биз келишилган ўйинларга қарши кўпроқ маълумотга эга бўламиз. Яъни бу фаолият турини қонунийлаштириш келишилган ўйинларга қарши курашишнинг асосий усулларидан бирими?

- Ҳа, албатта. Агарда сиз футболга пул тикилишини қонунийлаштирсангиз, у ҳолда пул оқими қаерга кетаётганини, қаердан келаётганини билиб турасиз. Умуман ҳамма маълумотларга эга бўласиз. Бундан ташқари, SportRadar, Fedabet каби ташкилотларга пул тўласангиз улар чемпионатингиздаги ўйинларни ипидан игнасигача ўрганиб сизга катта репорт ёзиб беришади.

- Келишилган ўйинларга қарши курашишнинг энг фойдали усули қайси?

- Биринчи навбатда SportRadar, Betradar каби ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш керак. Улар ғайритабиий пул тикилиш ҳолатларини тезда аниқлашади ва сизга тақдим қилишади. Яна бошқа йўли бу жазолаш. Келишилган ўйинларда қатнашган инсонларга жазонинг муқаррарлиги ва оғирлиги ҳам катта аҳамиятга эга. Дейлик агар у инсонга жазо қўлланилса ва ФИФА томонидан четлатилса, ўша киши бутун фаолиятидан айрилади. Бу эса энг оғир жазо. Масалан Малайзияда бир неча йиллар олдин келишилган ўйинлар урчиб кетганди. Жуда катта шахслар, машхур футболчилар бу ишга аралашгани маълум бўлди. Ҳозир эса улар ўз футболларини келишилган ўйинлардан бутунлай тозаладилар. Хуллас, букмейкерлик фаолиятини қонунийлаштириш энг мантиқий чоралардан бири ҳисобланади. Қисқа қилиб айтганда, сиз футболингиз ичида нималар юз бераётганидан хабардор бўласиз.

- Умуман ўзбек футболида келишилган ўйинлар билан кимлар, қайси гуруҳлар шуғулланишади?

- Аниқ билмайман. Балки россияликлардир. Сабаби, бу ишни қиладиган инсон маҳаллий футболчилар билан битта тилда мулоқот қилиши керак. Умуман олганда келишилган ўйинлар жанубий Осиёда ўйлаб топилган. Камбоджа, Таиланд, Малайзия ва Лаос каби давлатлардаги одамлар бу иш билан шуғулланишади. Улар пул тикишда жуда активлар, 17-18 ёшлариданоқ ўйинларга пул тикишни бошлашади. Ҳозирги кунда онлайн қимор кучайиб кетган, буни деярли ҳамма билади. Пул тикиш фақатгина футболда эмас. Исталган спортда исталган нарсага пул тикса бўлади: Баскетбол, теннис, стол тенниси. Одамлар ҳатто Новак Жокович ҳам келишилган ўйинларда қатнашган дейишади. Албатта бу исботланмаган, аммо бекорга бундай гаплар тарқалмайди. Теннисда керакли ишни қилиш осон. Кортда фақатгина бир ўзинг бўласан ва исталган ишни амалга оширса бўлади. Теннисда ўз геймларини атайлаб бериб юбориш ҳолатларини жуда кўп кўрганман. Аёллар теннисида бу кўп бўлади. Улар ўз геймларини бериб юборишади ва осонгина кейинги геймни қайтариб олишади. Баъзида менга алоқага чиқишади ва менда келишилган теннис ўйини бор, шунга пул тика оласанми дейишади. Аммо мен теннисга пул тикадиган бўлсам, кейин менга бир умрга теннисга пул тикишни таъқиқлашади. Чунки мен бундан аввал келишилган ўйинлар ташкил қилганман. Бир марта дўстимга ўз ҳисобимни бергандим. У менда келишилган ўйин бор деганди. Мен эса ўз аккаунтимни унга бергандим. Бироздан сўнг эса мени бир умрга блоклашди. Мен энди ҳеч қачон теннисга пул тика олмайман. Чунки улар мен келишилган ўйинларни ташкил қилишимни билишади. Расмий букмейкерларда назорат ҳозир жуда кучли.


- Нима деб ўйлайсиз ҳали ҳам келишилган ўйинларда катта пул айланадими? 

- Йўқ, йўқ. Ҳозир бу соҳада пул камайиб кетган. Авваллари жуда кўп пуллар айланарди. Ҳозир эса ҳаттоки норасмий букмейкерлар ҳам ўз ҳақларини билиб олишган ва уларни осонликча чув тушуриш қийин масала. Ҳозирда норасмий букмейкерларда ўйиндан аввалги огоҳлантириш функцияси бор. Улар ўйин келишилганини сезиб қолишса, ушбу ўйинга қилинган барча "ставка"лар бекор қилинади. Яъни, ютилган пулларни олиб бўлмайди. Аммо расмий букмейкерлар пулни тўлашлари шарт. Юқоридаги "Арсенал" билан боғлиқ вазиятда улар пулларни тўлашади. Фарқ шундаки, бундай ҳолатдан сўнг катта суриштирув бошланади.

Ҳаттоки Уэйн Рунининг отаси ҳам келишилган ўйинларда қатнашган. Шотландия лигасида қайсидир ўйинчи қизил карточка олишига жуда кўп инсонлар пул тикишган. Рунининг отаси ва деярли барча қариндошлари ҳам шулар жумласидан. Текширувлар натижасида айнан Ливерпуль атрофидаги ҳудудда жуда кўп инсонлар ўша футболчи қизил карточка олишига пул тикишган. Ўша ўйинчи эса қизил карточка олган. Буни эса букмейкерлар дарҳол аниқлашган. Шунчаки, бу ҳолатда кўпчилик қизиқишга пул тиккан: 10,15 ёки 20 фунт, аммо ўн минг ёки эллик минг фунт эмас.

- Ўзбекистоннинг 1994 йилги Осиё ўйинлари ҳақида суҳбатлашсак. Сизнинг китобингизда Хитойга қарши финал ўйини келишилгани ёзилган. Бизда ярим финалда ҳам шундай ҳолат бўлгани ҳақида маълумот бор. Бу қанчалик тўғри?

- Ярим финал борасида менда ҳеч қандай маълумот йўқ. Фақатгина финални биламан. Лекин гезатадан ўша ўйинда Ж.Корея йигирматадан кўпроқ ҳужум қилгани, Ўзбекистон эса биргина вазиятдан гол уриб кетгани ёзилганди. Ўшанда мен уларнинг омадлари келиб қолди деб ўйлаганман. Финалда эса Хитой Ўзбекистонни мағлуб қилишини кутаётгандим. Пулимни Хитойга тикмоқчи бўлган пайтим дўстим менга пулларимни Ўзбекистонга тикишим кераклигини айтганди. У агар пул тиксанг фақат ўзбекларга тик деганди.

- Биздаги маълумотларга қараганда бу ўйин келишилган. Улар аввалига Ўзбекистонга чиқишган, рад жавобини олишгандан сўнг Хитойга пул беришган...

- Катта эҳтимол билан - ҳа. Бу ўйинга жуда катта шахс аралашганди. Малайзиялик хитой йигити эди. Ўша шахс 2010 йилги Жаҳон чемпионатидаги Португалия - Шимолий Корея 7:0 ўйинини ҳам сохталаштирган. Бу ўйинда аниқ ҳисоб ташкиллаштирилган. Пуллар айнан 7:0 ҳисобига тикилган ва бу амалга ошган. Шимолий Кореяга адашмаётган бўлсам 5 миллион доллар тўланган. Албатта бу футболчиларнинг ўзи билан бўлмаган. Бу ишга Шимолий Кореядаги бир вазир аралашган. Шимолий кореяликларга футбол натижасини нима қизиғи бор тўғрими? Уларда бошқа муаммолар етарли. Барибир улар Жаҳон чемпиони бўла олишмайди. Мантиқан олиб қаралса, нега улар пул ишлаб олишлари керак эмас? Шимолий Корея Бразилияга бор йўғи 1:2 ҳисобида ютқазганди. Улар Португалияга қарши эса 7 та гол ўтказишди. Одамлар биринчи ўйиндаги натижага қараб, Португалия ҳам қийинчиликка учраса керак деб ўйлашганди. Бу ишни амалга оширган инсон эса ўртадаги барча пулларни супуриб олганди: аниқ ҳисоб, "фора", умумий голлар ⼀ барча-барчаси. Ўша кимса биргина ўйиндан 25 миллион доллар ишлаганди. 

- Ўша инсоннинг исмини ҳамма биладими?

- Унинг ҳақиқий исмини ҳеч ким билмайди. Пул тикиш билан шуғулланадиган тўдаларда уни жуда яхши танишади. У жуда кучли шахс. Адашмасам у 2014 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам келишилган ўйинлар ташкил этган. Уни ўшанда Лас-Вегасда қамоққа олишган. Келишилган ўйинларга пул тикиш мақсадида у Вегасдаги меҳмонхонанинг бутун бир қаватини ижарага олган, унинг ёнидан суперкомпьютерлар ва бошқа нарсалар топилган. Бу ишда жуда тез ишлаш керак, пулни ҳам тезда тикиш керак. Бунинг учун суперкомпьютер керак бўлади.

Ўша машҳур одам Пол Фуа (суратда ўртада). У бугунги кунда жуда катта покер ўйинчиси ҳисобланади.


Ҳозир у йигит жуда катта даражада покер ўйнаб юрибди. Агарда у ўйинларни сохталаштирадиган бўлса, у бу ишни жуда катта масштабда қиларди. АПЛ даги қаллобликда ҳам унинг қўли бор эди, аммо унинг исми бу ишга аралаштирилмаган. Улар стадионларда чироқни ўчириб қўйиш билан шуғулланишган. Авваллари агарда стадионда чироқ ўчиб қолса, ўйин тўхтатилиб, натижа ўша ҳолда қолар эди. Бояги гуруҳ иккинчи тайм бошланишдан бир дақиқа ўтиб агарда ҳисоб уларни қониқтирадиган бўлса, стадион чироқларини ўчириб қўйишарди. Ҳисоб эса уларга қулай ҳолатда тўхтатиларди. Ўша пайтда агар улар "ставка" қилган жамоа олдинда бўлса, иккинчи тайм бошланмасди. Кейинчалик букмейкерлар бу қоидани ўзгартиришди ва ўйин 90 дақиқа давом этиши шарт қилиб белгиланди.

ВИДЕО  Бир ўйин тарихи. Қўшимча бўлимларда ўчиб қолган чироқ, пенальтилар сериясидаги мағлубият. Ўзбекистон – Иордания учрашувини ёдга оламиз


- Бизда ҳам шунга ўхшаш ҳолат рўй берган. Ўзбекистон ва Иордания миллий терма жамоалари Тошкентда ўзаро ўйнашган (2013 йилнинг 10 сентябрида). Ўша учрашувнинг экстра таймларида "Пахтакор" стадионида свет ўчиб қолган...

- Бу қандай ўйин эди ва ўшанда беллашув тўхтатилганми?

- ЖЧ-2014 саралаши плей-офф босқичи доирасидаги баҳс эди. Учрашув эса бир неча дақиқалардан кейин давом эттирилган ва якунда пенальтилар сериясида Иорданиянинг қўли баланд келган.

- Ҳааа, баъзида стадионда қўшимча генераторлар бўлади. Бунга бир қизиқ ҳолатни мисол қилиб келтираман. "Барселона" ва "Фенербахче" Туркияда ўйнаши керак. Испан клублари бирор марта Туркияда мағлуб бўлишмаганди. Улар "Фенербахче"га пул тикишди. Бироқ биринчи бўлимда "Барселона" 4:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Иккинчи бўлимда улар стадион чироқларини ўчириб қўйишди, аммо стадионда қўшимча генератор бор экан. Ўйин давом эттирилди ва улар бор пулларидан айрилишди. Агарда чироқ ўчиб, қайта ёнмаганда барча тикилган пуллар ортига қайтариларди.

- Менимча чироқларни ўчириб қўя оладиган одам шу тизимга анча яқин инсон бўлиши керак?

- Энди бу уларни иши. Менимча бу ишни қилиш учун профессионал бўлиш керак. Сабаби бу инсонлар симларни узиб ташлашни билишлари керак. Биласизми, Боку шаҳрида мени сўроқ қилган германиялик полиция ходимига сизга айтганларимни айтиб бергандим. У менга шундай савол берди: "Симларни кесиб ташлаш хавфли эмасми?". "Мен қаердан биламан?", - деб жавоб бердим. Бу уларни иши, бизнинг ишимиз пул тикиш. Мен келишилган ўйинларни ташкил қиламан, қолганини билмайман.


- Бундеслига, ЛаЛига каби чемпионатларда ҳам келишилган ўйинлар билан боғлиқ ҳолатлар бўлганми?

- Ака-ука Сапиналар ҳақида эшитганмисиз? Хорватиялик йигитлар. Улар Германия кубоги финал учрашувини сохталаштирганлар. Ака-ука Сапиналар шуда кучли шахс эдилар. Улар бир куннинг ичида Европада 4-5 учрашувни келишишлари мумкин эди. Улар ҳамма учрашувга битта қилиб пул тикишарди. Бу эса жуда катта пул дегани. Германияда уларнинг қаҳвахоналари бор эди. Жуда кўп футболчи ва ҳакамларни ўша ерга таклиф қилишарди ва баъзи сайтларда пул тикишни маслаҳат беришарди. Меҳмонларнинг кўпчилиги барча пулларини ютказиб қўйишарди. Кейин эса ака-укалар уларга хавотир олмасликларини, бу пулларни қайтариб олиш йўли борлигини айтишарди. Бу эса, албатта, келишилган ўйинлар эди. Шундай қилиб улар футболчи ва ҳакамларни ўз қармоқларига илинтиришарди. УЕФА кубогидаги "Зенит" - "Бавария" (4:0) учрашуви ҳам келишилган ўйин бўлган. Россия мафияси очиқчасига бу ўйин келишилган эканини айтган. Нафақат "Бавария, балки "Рейнжерс" (Глазго) ҳам келишилган ўйинларда қатнашган.


- "Зенит" - "Бавария" учрашуви бошқалар томонидан келишилганми ёки шунчаки руслар "Бавария"га катта пул беришганми?

- Россияликлар кубокни ютмоқчи бўлишган. "Зенит" кубокни олиш ниятида бўлган. Мен бу учрашувни кечагидек эслайман. Ўшанда пул ҳам тиккандим. "Бавария" 2:0 ҳисобида мағлуб бўлаётганди. Мен эса "Бавария" битта бўлса ҳам гол урар дегандим ва пул тиккандим. Бу учрашувда уч марта пул ютқазганман. "Зенит" ҳар сафар гол урганида, мен "Бавария" жавоб қайтаришига пул қўйгандим. Қандай қилиб "Бавария" 0:4 ҳисобида ютқазиши мумкин? Улар аниқ ҳисобни ташкиллаштиришганди. "Бавария"нинг шунчаки ютказиши етарли эмас эди.

Ўша учрашувда "Зенит" ва "Бавария"нинг бошланғич таркиби


- Шу пайтга қадар ҳеч кимга айтиб бермаган бирор қизиқарли воқеа борми сизда? Шунчаки қандайлир қизиқарли воқеа...

- Биласизми, ҳаттоки Платини ҳам коррупционер. Мени Болгариялик бир таниш ҳакамим бор эди. Канада қайсидир Европа терма жамоаси билан ўйнамоқда. Ўша ўйинда мен айтган ҳакам тўртта пенальти қўйган. Тасаввур қиляпсизми? Шундан сўнг, букмейкерлар ғайритабиий пул тикиш ҳолатларини аниқлашган ва ҳакам футболдан четлатилган. Болгария футбол федерацияси раҳбари Платинига алоқага чиққан ва бояги ҳакам озгина вақтдан сўнг футболга қайтиб яна УЕФА кубогида ишлаган! Мишель Платини ўтакетган коррупционер эди. У энди бошқа ҳеч қачон расмий лавозимда ишлолмайди. Менимча Платини Қатардан ҳам жуда катта пул олган ва уларга Жаҳон чемпионати мезбонлигини олишда катта ёрдам кўрсатган. Қайси ақли расо одам июнь-июль  ойларида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатини Қатарга бериши мумкин? Ёз ойларида Қатар кўчаларида ҳатто юриб бўлмайди. Жаҳон чемпионати қишга кўчирилди-ку дейишингиз мумкин, аммо бу ишни ўша пайт уларга мезбонликни берганлар қилмади. Агарда ўртада катта пора бўлмаса қайси соғлом инсон уларга Жаҳон чемпионати мезбонлигини беради?

Дўстим, бутун дунё ёлғон ва қаллобликдан иборат. Бу дунёдаги ҳамма ёлғончи. Мамлакатлар, сиёсатчилар - ҳамма-ҳамма. Биз жуда жирканч дунёда яшаяпмиз. Мен ҳам фаришта эмасман, аммо бу дунёда ҳеч ким яратган буюргандек пок эмас. Бу дунё жунгли ўрмонига ўхшайди - ожизроқ жониворлар кучлироқларига бўйсунади.

Ҳоп, сенда пул йўқ. Ўша имкониятни мен сенга бераман. Кел, шу ўйинни сохталаштирамиз. Бу - сендан угина, мендан бугина дегандек гап. Нега буни рад қилишлари керак? Мен айтаётган ҳамма гап рост. Сиёсатчилар дунёдаги энг биринчи рақамли қаллоблар ҳисобланишади.


- Фаолиятингиз давомида бирор ўйинчи билан келишиб қўйганингиздан сўнг ўша ўйинчи фикридан қайтиб қолган пайтлар бўлганми?

- Албатта, Зимбабве ва Босния ўйини. 1997 йил. Мен бир футболчи билан алоқага чиққанман. Мен уни тушликка таклиф қилдим. Ўзимни агент деб таништирганман. Кўпинча ўйинчилар агентлар билан учрашишни исташади, бунга сабаб албатта фаолиятларида юксалиш қилишни исташлари. Биз тушлик қилдик, унга сени оиланг, болаларинг бор деб вазиятни тушунтирдим. Оиласи учун бирор нарса сотиб олиши учун қўлига 3-4 минг доллар пул бердим. У билан алоқам анча яхши бўлганидан сўнг ишга ўтдим. Бу ишни қилса бўладими ёки йўқ? Агар имкони бўлмаса, майли. У рози бўлди. Албатта, у бу ишни ёлғиз қила олмасди. Бу иш учун 5-6 нафар ўйинчи керак эди. Мен 100 минг доллар беришимни айтдим. У 5-6 нафар дўстлари билан келди. Бир йигит жуда кўп саволлар берди. Мен эса унга паспортимни кўрсатдим ва шу иш билан шуғулланишимни, полиция билан алоқам йўқлигига ишонтирдим. Ўйин бошланди ва ўша ўйинчилардан бири майдон марказидан туриб зарба берди ва кутилмаганда дарвозага гол уриб қўйди. Биласизми у нима қилди? У голни нишонлаш ўрнига пешонасини ушлаб олди. Мен билан келишган барча футболчилар бир доира бўлиб энди нима қилишларини муҳокама қилиб олишди. Бу мен ҳаётимда кўрган энг ғалати гол нишонлаш эди. Йигитлар голни нишонлаш ўрнига шок ҳолатига тушиб қолишди. Якунда улар 4:0 ҳисобида мағлубиятга учраш ўрнига дуранг қайд этишди. Кейинги ўйинда Босния термасидагилар билан ёнма-ён ўтириб қолдим. Улар менга Зимбабвега пул тўладингми дейишди. Мен ҳа деб жавоб бердим. Мен кейин Боснияликлар билан ўйинни ютказишларини келишмоқчи бўлдим. 4-5 йигит билан келишишга ҳаракат қилдим. Йигитлардан бири мусулмон эканлигини ва бундай иш қилмаслигини айтди. Якунда эса улар барибир ўйинда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишди. Менимча боснияликлар ўшанда қаттиқ афсусланишган бўлса керак, сабаби ўша вақтларда Босния жуда қашшоқ давлат эди.

- Ўзбекистонда олдинлари жуда кўп келишилган ўйинлар бўлган. Сизда шулар ҳақида қандайдир маълумот борми?

- Мен пул тикишга ўрганганман. Натижаларга қараб ўйин келишилганини билишим мумкин. Аммо мен ўзбек футболини кузатмайман. Мен Япония ёки Австралия чемпионатларини томоша қиламан. Ўша ўйинларга пул ҳам тикиб тураман. Мен Англиянинг қуйи лигаларидаги жуда кўп ўйинчиларни Австралияга олиб борганман. У пайтлар Австралия чемпионати ҳаваскор мақомда эди ва жамоаларда исталганча хорижлик ўйинчилар ўйнаши мумкин эди. Бир жамоада мен олиб борган бешта инглиз футболчиси бор эди, мураббий ҳам менинг одамим эди. Биз бирга ишлардик. У пайтларда менда катта пул йўқ эди ва мен бу бизнесни хитойлик ҳамкоримга сотгандим. Бир ўйин учун у менга 140 минг доллар берар эди. Ўйинчиларимга ва мураббийга 40 минг доллар атрофида берардим, ўзим эса ҳар бир ўйиндан 100 минг доллар ишлаб олардим. Хитойлик эса жуда кўп пул ишлаганди. У бир ўйиндан 300 минг доллар атрофида ишлар эди. Ҳар ҳафта, мунтазам равишда ғайритабиий натижаларни қайд этилиши охир-оқибат полициянинг эътиборини тортди. Полиция ўйинчиларнинг телефон қўнғироқларини тинглашни бошлади. Футболчилар мен билан гаплашишарди. Якунда мени ва футболчиларни қамоққа олишди. Келишилган ўйинлар жиддий жиноят деб ҳисобланмайди. Шу сабабли ҳаммамизни қўйиб юборишди ва шунчаки футболдан четлатишди. Австралия полицияси мени сўроқ қилиш учун Финляндияга келди. Улар мени Австралияга экстрадиция қилмоқчи бўлишди. Аммо суд қарорига кўра, Австралия ҳудудига оёқ босмаган инсон ҳеч қанақасига экстрадиция қилиниши мумкин эмас экан. Мен Австралияга умуман бормаган бўлсам қандай қилиб бу жиноятни содир қилишим мумкин? Шу мантиқ билан мени қамоққа тиқа олишмади. Мен каби ҳолат крикетда ҳам юз берган экан. Умуман австралиялик инсонларга катта миқдорда пул тикиш таъқиқланган. Улар энг кўпи билан 200-300 доллар пул тикишлари мумкин.


- Бироз ғалати савол туғилди. Ўз вақтида жуда ҳам кўп пул топгансиз. Шунча пулни нима қилдингиз? Қаерга кетди шунча пул?

- Мен ҳамма пулимни қиморда йўқотганман. Мен пул тикишга ўрганиб қолганман, хумори тутади. Мен пулимни аёлларга сарфламайман, наркотик истеъмол қилмайман, ўша пайт чекмасдим ҳам. Чекишни бошлаганимга икки йил бўлди. Умуман олганда алкоголь, сигарет, аёллар бу мен учун эмас. Менинг нозик нуқтам қимор ўйнаш, ўйинларга пул тикишдир. Агарда мен қимор ўйнамаганимда ҳозир мулти-миллионер бўлардим, мен тахмнинан 50 млн доллар пулга эга бўлардим.

- Яъни агарда фақат келишилган ўйинлар билан шуғулланганингизда?

- Ҳа. Мени оилам, фарзандларим йўқ эди. Зерикишдан қимор ўйнардим, пул тикардим. Қимматбаҳо машиналар, катта уйлар мен учун қизиқ эмасди. Ягона овунчоғим қимор ўйнаш эди. Барча пулларимни қимор ўйнаб йўқотганман. Биласизми, мен 2010 йилги Жаҳон чемпионатидаги Испания - Гондурас ўйинида 1 миллион доллар йўқотганман. Испаниянинг энг камида учта тўп фарқи билан ғалаба қозонишига пул тикканман. Давид Вилья 17', 51' дақиқаларда гол урди. 62-дақиқада эса Давид Вилья пенальтини амалга ошира олмади. Ўйин эса 2:0 тугади ва мен миллион долларга тушдим. Ўша пайт стадионда эдим. Мен натижага ишона олмадим. Испания жуда кўп вазиятлар яратганди. Мен Давид Силва майдонга тушса керак деб ўйлагандим, якунда эса мураббий Хесус Навасни майдонга туширди. Фабрегас эса жарима майдони ичида жуда қулай вазиятни кўкка совурди. 


P.S. Ушбу суҳбатда тилга олинган, лекин юқорида мақолага туширилмаган яна иккита воқелик бор. Ҳар иккала воқеа ҳам ўзбек футболи билан боғлиқ. "Championat.asia" сайти ўша 2 жараённи ҳам алоҳида тақдим этади.

Автор : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +16   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика