Иккинчи таймда порлаган Салоҳ
20 мар 14:14
Новости
Иккинчи таймда порлаган Салоҳ
Мерсисайдликлар Истанбулдаги (битта тўп фарқи билан) мағлубиятдан кейин бироз ноқулай вазиятда қолганди. Ҳисоб туркларни қаноатлантирар, инглизлар эса ҳужумга боришга мажбур эди. Ва бу жавоб баҳсининг сценарийсини белгилаб берди. Одатда ўйин таҳлилида хавфли вазиятлар, голлар борасида кўпроқ гап юритилади, аммо бу сафар бошқачароқ бўлади.
Саккизинчи дақиқада Ибраима Конате нигериялик Виктор Осимхенни йиқитди ва ҳужумчи узоқ вақт майдонда ётди. Ўрнидан тургач, Доминик Собослаи билан тортишиб кетди. Бу тўхталиш 3-4 дақиқага чўзилиб кетди, Осимхен эса шифокорлар ёрдамидан кейин, боғланган қўл билан майдонга қайтди. 13-дақиқада Саша Боэ майдонга қулади. Бир дақиқа ўтиб, Марио Лемина йиқитилди. Боэнинг кейинги йиқилишидан кейин техник ҳудуддаги Арне Слотнинг қўлларини мушт қилиб, нимадирларни қичқирарди.

20-дақиқада Алексис Мак Аллистер бутсисининг тишлари билан Лукас Торрейранинг оёғини босиб олди ва уругвайлик футболчи нақадар кучли оғриқни ҳис қилаётганини барчага кўрсатди. Слот мана шу паллада кафтини очиб, қўлини юқорига кўтарганча рақибларнинг нечанчи бор майдонга йиқилаётганига ишора қилард. Ваҳоланки, барча вазиятларда турк клуби вакиллари муғомбирлик қилди, дея олмаймиз. «Галатасарой» футболчиларига рақиб билан баъзи тўқнашувларидан кейин чинакамига ҳавас қилиб бўлмасди. Мисол учун Осимхен танаффусгача қўлидаги оғриқ билан ҳаракат қилиб кўрди, бироқ танаффусда мажбурий равишда алиштирилди. Бу ҳолат «Ливерпуль» мухлислари яхши эслайдиган Рамос ва Салоҳ вазиятини эслатиб юборгандек. Рақибнинг асосий кучи ўзига хос усул билан, балки атайин эмасдир, зарарсизлантирилди.


«Ливерпуль» танаффусгача ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Кўриниб турибди, бу тайёрланган комбинация. Мак Аллистер тўпни пастдан иккинчи чиқизиққа йўналтирди, ҳимоячиларнинг асосий эътибори жарима майдончасида бўлиб қолган ва инглизлар ҳолатни ўзгартиришга имкон қолдиришмади, натижада, Собослаи қулай нуқтадан ортиқча қаршиликсиз гол уришга муваффақ бўлди. Дарҳол «Ливерпул»да яна бир нечта хавфли вазиятлар юзага келди. Муҳаммад Салоҳ дарвозабон билан бирга-бир чиқиб, Флориан Вирц унданда қулайроқ вазиятдан дарвозани ишғол қила олишмади.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида яна ўша Собослаи пенальти ишлади, аммо Салоҳнинг зарбаси... Мисрликнинг ўзи ҳам бу вазиятга изоҳ бера олмаса керак. Дарвозабон тўпни қайтарди ва ҳисоб ўзгармай қолди. Бироқ иккинчи бўлимда Муҳаммад айбини юва олди. У аввалига Уго Экитикега голли узатма етказиб берди. Икки дақиқа ўтиб, Салоҳнинг хавфли зарабасидан кейин қайтган тўпга Райан Гравенберх биринчи бўлиб етиб борди — 3:0.

Омадсиз пенальтини барча унутиши учун «Ливерпуль» юлдузи ўзи ҳам битта гол урди. Эътиборли жиҳати унинг голи алоҳида эътирофга лойиқ — узоқ тўққизликка идеал зарба. Таблодаги ҳисоб 4:0, лекин мезбонлар тўхташ ҳақида ўйламасди ҳам. 67-дақиқада мисрликнинг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Мана шу вазиятдан кўп ўтмай у ўзини алиштиришларини сўради ва унинг ўрнига Гакпо туширилди.

Беллашувнинг охирги дақиқаларида мерсисайдликлар жараёндан завқланиб ҳаракат қилишди. «Галатасарой» таркибида эса кам учрайдиган жароҳат юз берди. Ноа Ланг майдон четидаги реклама бортига урилиб, катта эҳтимол билан бармоғини синдириб олди. Тўғриси, асаби бўшлар кўрмайдиган вазият бўлди. Захирадан ўйинга қўшилган футболчи мажбурий равишда алиштирилди. Стадионга тўпланган мухлислар олқиши остида бўлса-да, майдонни Ноа ўзи тарк эта олмади. Амалда мана шу паллада ўйин якунига етди. Шунингдек, ҳакамлар «Ливерпуль»нинг яна иккита голини инобатга олишмаганини таъкидлаш мумкин: биринчиси — Жереми Фримпонгнинг яққол офсайди туфайли бўлса, иккинчиси — Вирджил ван Дейкнинг «Галатасарой» дарвозабонига нисбатан қайд этилган фоли туфайли. Мана шу вазият баъзи саволларга сабабчи бўлди.
Похожие новости
championat.asia
ЕЧЛ. "Ньюкасл" "Камп Ноу"да зор йиғлаган кеча ёхуд "Барселона" чорак финалда!
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" бу мавсум ҳам "Манчестер Сити"ни мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди
"Пахтакор" Суперкубок ҳакамлиги бўйича ОФКга мурожаат қилмоқчи
Суперлига. "Андижон" ўз майдонида бир киши кам "Машъал"дан устун келди
Комментарии