RU

Последние новости

07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  0 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  3 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  15 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  1 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  7 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  1 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   8 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  15 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0 20:57Сергей Лушчан: "Навбаҳор" футболчилари "Нефтчи"га ўтяпти? Балки..."  2

Феруза Турдибоева: "АҚШ билан учрашувлар ҳар тарафлама фойдали бўлди" (тўлиқ интервью) Новости

Феруза Турдибоева: "АҚШ билан учрашувлар ҳар тарафлама фойдали бўлди" (тўлиқ интервью)

7 карра Ўзбекистон чемпиони, бир неча йиллардан буён Ўзбекистон аёллар терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган Феруза Турдибоева "Championat.asia" меҳмони бўлди.






- Аввало, футболга кириб келишингиз тарихи ҳақида сўзлаб берсангиз...
- 13 ёшимда футболга кириб келганман. "Севинч" тарбияланувчиси ҳисобланаман. 2008 йилда шу жамоага келиб қўшилганман. Футболга кириб келишимга биринчи мураббийимиз Рафа Файзулович сабабчи бўлган. У киши мени "Севинч" клубига таништириб, жамоа аъзоси бўлишимша ҳисса қўшган.

- Қаршиликлар бўлмаганми?
- Уйдагилар қарши бўлишган. Лекин менда катта қизиқиш бор эди. Кейинчалик кўнглимга қараб, ўз танлаган йўлидан кетаверсин, дейишган.

- Фаолиятингиз мобайнида бир нечта мураббийлар билан ишлагансиз. Сизга қайси мураббийнинг услуби маъқул келарди ва қайси мураббий билан ишлаш ёққан?
- Кўп жамоаларда ўйнаганман. Ҳар бир мураббийнинг ўз услуби бор. Масалан, "Севинч"да Равшан Шарофиддинов, Владислав Хан, "Металлург"да Шерали Бобоқулов, "Бунёдкор"да Элмира Гулямова билан ишлаганман. Ҳозир АГМКда Илҳом Ханжариев қўл остида ўйнаяпман. Уларнинг ҳар бири билан ишлаш манзур келган.

- Чет эл клубларидан таклифлар бўлганми?
- Чет элдан аниқ таклиф бўлган деёлмайман. Биз 2010-2012 йилларда кичкина эдик. Ўшанда мураббийларга мурожаат қилишган. Ҳозир анча ривожланиб кетди. Агентлар орқали кўп нарсалар ҳал бўляпти. Аниқ билганим, Қозоғистондан таклиф тушган.



- Мана шу таклифлар йўқ бўлиб кетишига асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?
- Асосий сабаб сифатида ўша пайтларда аёллар футболи унчалик ҳам ривожланмаганини айта оламан. Бундан ташқари, рекламалар ҳам кам бўлган.

- Япониялик мураббий Мидори Ҳонда келганидан сўнг терма жамоа ва унинг атрофида нималар ўзгарди?
- Охирги 5 йилда аёллар футболида жуда кўп ўзгаришлар рўй берди. Анча ривожланиш бўлди, аввалгига қараганда эътибор кучайди. Шароитлар, стадионлар, молиявий томонлама барчаси яхши бўлди. Бироқ бу япониялик мураббийнинг келиши билан боғлиқ эмас.

- Аёллар футболи энди-энди ривожланяпти, деб айтяпмиз. Шу вақтгача ривожланмаганининг 3 та асосий сабабини айтиб бера оласизми?
- Тўғри, масалан, 10 йиллар олдин молиявий ва эътибор қаратиш тарафлама ривожланмаганди. Чемпионат 1 ойда бир марта битта стадионда ўтган. Ҳозирги пайтда болалар футболи каби эътибор кучайган. Бу учун раҳмат. Бизга шунчалик эътибор қаратишаётгани учун миннатдорлик билдираман. Ривожланмаганига асосий сабаб сифатида ҳамма клубларда ҳам аёллар жамоаси бўлмаганини айта оламан. Ҳозирги кунда бу мажбурий қилиб қўйилди.

- Аёллар футболи охирги 5 йилда анча ўзгарди, деяпсиз. Шу нарсани таққослаб берсангиз...
- 2008 йилдан бери терма жамоада ўйнайман. 16, 19 ёшли терма жамоалар шарафини ҳимоя қилган давримизда кўп давлатларга борардик. Терма жамоа йиғини, либослар, овқатланиш, яшаш жойи каби масалалар анча ўзгарган. Шу тарафлама таққосласак бўлади. Лекин ўйин жиҳатидан озгина сустлашдик, деб ўйлайман.

- Нима сабабдан?
- Аниқ бир сабабни билмайман. Кўп давлатларда футбол тез ривожланяпти. Биз Таиланд, Вьетнам, Дания, Исландия, Жанубий Корея, Хитой каби рақибларга рўбарў келганмиз. Ҳозирги кунда эса Тожикистон, Қирғизистон термалари билан ўйнаяпмиз. Осиё Кубоги саралаш босқичида ҳам фақат Жанубий Корея, Хитой, Таиланд билан ўйнаб келардик.

- Ўтган йили саралашда Жанубий Кореяга ютқазиб, Осиё чемпионатига чиқа олмадик. Жамоага нима етишмади?
- Тан олиш керак, Жанубий Корея анча кучли. Ўша ўйинда захирада эдим, лекин қизлар ҳаракат қилишди. Футболда биласиз, кичик деталлар бўлмайди. Улар билан тенглашишимизга ҳали 2-3 йил бор деб ҳисоблайман.

- Ўзбекистон апрель ойида АҚШга қарши майдонга тушди. 0-9, 1-9 ҳисоблари қайд этилди. Ўша ўйинларда иштирок этмагансиз. Бир неча йиллардан буён терма аъзосисиз, аммо япониялик мураббий сизни жалб қилмади. Шундайми?
- Ҳа, тўғри.



- Ундан кейин ҳам таклиф бўлмадими?
- АҚШ билан баҳсдан олдин йиғин бўлди, аммо мени чақиришмади. Мени чақиришмаганига хафа бўлмайман, чунки ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бор. Масалан, мен учун Роналду зўр бўлса, улар учун бошқача бўлиши мумкин. Шу боис бундан хафа эмасман. Бироқ мени терма жамоага таклиф қилишса, ватан учун ҳамиша ўйнашга тайёрман.

- АҚШга қарши ўйинлар терма жамоа учун қанчалик фойдали бўлди?
- АҚШ билан учрашувлар ҳар тарафлама фойдали бўлди. Бундай рақиблар билан кўпроқ ўйнаб туриш керак. Тезроқ ривожланишимиз учун кучлироқ жамоаларга қарши ўйнашимиз, турли мусобақаларда иштирок этишимиз керак.

- Терма жамоанинг япониялик мураббийи ва маҳаллий мураббийларимиз ўртасида қандай фарқ сезилди?
- Япониялик мураббий йиғинида 2 кун бўлдим. Мураббий жуда талабчан. Қатъий тартибга амал қиладилар.

- Бу мутахассис билан қандайдир натижага эришишимизга ишонасизми?
- Биринчи ўринда ишонч керак, тўғри. Лекин ҳаммасини вақт кўрсатади.

- Май ойи бошида UEFA Assist томонидан бир неча кун давомида семинарлар ўтказилди. Унда сиз ҳам иштирок этдингиз. Мана шу семинарлар футболчи қизларимиз учун қанчалик фойдали кечди?
- Яхши семинар бўлди. Ўзимга кўп нарсаларни олдим. Бунақа семинарлар кўп бўлишини хоҳлардим, айниқса, мураббийлар учун. Футбол жуда ҳам тез ривожланяпти. Агар шу каби семинарлар кўпроқ бўлса, биз янгиликларни тезроқ билиб оламиз.



- Менталитет масаласини айтиб ўтдингиз. "Аёллар футбол ўйнаб нима қилади?", дейишади. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Тўғриси, мен бунга эътибор қаратмайман. Ҳар бир инсоннинг гапига жаҳл қилиб юрсак, ҳаётда яшаш тарзингиз қийинлашади. Вақти келганда ҳамма гапиради. Бу нарсаларга нормал қараш керак.

- Сиз бир неча йиллардан бери футболдан ташқари футзал ҳам ўйнайсиз. Эркаклар футболида бундай ҳолатларни кузатмаймиз. Аёллар футболида бошқачароқ. Бу футболчи қизларга қийинчилик туғдирмайдими?
- Тўғри, ўзига яраша қийинчилиги бор. Чунки футзал майдони қаттиқ бўлади, футболда майдон майсадан иборат ва юмшоқ бўлади. Футзалда жароҳат олиш эҳтимоли кўпаяди. "Севинч"да ўйнаб юрган пайтимда қишда тўлиқ спорт залида шуғулланардик, кейин ёзда стадионга чиқардик. Аёллар футболида футболчилар камлиги учун иккисини ажратишмаган. Футболдаги қизлар футзалга ҳам жалб қилинган.

- Футзалимиз ҳолатини қандай баҳолайсиз?
- Тўғрисини айтсам, анча паст баҳолайман. Чунки аввалги эришган ютуқларимиз билан солиштирсак, вазият чатоқ. Охирги марта январь ойида Тожикистонда мусобақа бўлди. Эрон билан дуранг (2:2) ўйнадик. Бу биз учун яхши натижа деб ўйлайман, чунки аввал 7:0, 8:0 га ютқазган пайтларимиз бўлган.

- Қийинчиликка учраб, “футболдан кетаман”, деган ҳолатларингиз ҳам бўлганми?
- Ҳа, бўлган. Бундай ҳолат учраб туради. Футбол ўйнаб юрган одам, футбол ичида юрган одам ундан чиқиб кетиши жуда қийин. Ўзим ҳам ишимни бошқа йўналишда давом эттирмоқчи эдим, ўхшамади. Бу ҳаммаси Худодан деб ўйлайман. Ҳозирча фаолиятимни футбол соҳасида давом эттиряпман. Мураббийликка ҳам ўқидим, лицензиям бор. Балки вақти-соати келса, мураббий бўларман.

- Футболдан кетаман, деганингизда нима ёки қандай мотивация сизни ортга қайтаради?
- Футболчининг энг яхши ютуғи – ўзининг севган касби билан шуғулланиши ва шунинг ортидан пул топиши. Футболга жуда ҳам қизиқаман. Уйдагилар қаршилик қилишганда фойдаси бўлмаган.



- Сир бўлмаса, ўртача ойлик маошингизни қанча?
- Сир бўла қолсин.

- Эркаклар футболи билан солиштирсак, анча пастми?
- Эркаклар футболидан анча паст. Лекин ўйлайманки, Ўзбекистондаги ўртача маошни оламиз. Чунки инсонлар эрталаб соат 8 дан кечки 6 гача ишлашади. Биз эса ҳар куни кечқурун 2 соат шуғулланамиз. Буни қадрлайдиганлар ҳам бор, қадрламайдиганлар ҳам бор.

- Футболдаги қийинчиликлар кўп, айниқса, аёллар футболида. Шулар ҳақида гапирсангиз...
- Футболдаги қийинчиликлар жароҳат олганингизда, уйдан узоқдалигингизда бўлади.

- 7 карра Ўзбекистон чемпиони бўлгансиз. Ойликдан ташқари бонуслар олган пайтларингиз ҳам бўлганми?
- Ҳа, "Севинч" ва "Металлург"да берилган. "Бунёдкор"да ҳам чемпион бўлганмиз, 2 йил ўтди, аммо ҳали берилмади, 5 та соврин ютгандик. Футзал бўйича ҳам чемпион бўлдик. Осиё Чемпионлар Лигасига йўлланма олдик. Ҳали рағбатлантириш бўлмади. Берамиз дейишганди, қачонлиги эса номаълум.

- Чемпион бўлганингиздан кейин Олий таълим муассасасига кириш учун имтиёзлар берилганми?
- Имтиёз берилади. Шу бўйича институтга кирганмиз. Терма жамоада ўйнаганимизда имтиёз тақдим қилинган.

- Футболдаги энг катта орзунгиз нима?
- Орзум четда ўйнаш эди, аммо амалга ошмади.

- Интервьюларингиздан бирида футболчилик мен учун энг муҳими эмас дея таъкидлаб ўтган экансиз. Шахсий ҳаётингизда ўзгариш қилиш ниятингиз борми?
- Худо хоҳласа, ҳаракатдамиз. Футбол ҳаётимдаги энг муҳим нарса эмас. Авваламбор, қиз бола учун, умуман, инсон учун оила туради. Оиладан кўра муқаддас нарса йўқ.

- Аёллар футболида эркак мураббийлар ишлашига муносабатингиз қанақа? Эркакларнинг тегажоғлик қилгани ҳақида турли миш-мишлар бор...
- Эшитганман шунақа гапларни. Лекин аниқ факт билан айтолмайман. Қизлар футболида аёллар ишласа тўғрироқ бўларди деб ўйлайман. Бу менинг шахсий фикрим.

- Қайси футболчининг ўйинларини доимий кузатиб борасиз?
- Ўзбекистонда "Насаф"га мухлислик қиламан. Ўйин услуби жуда ёқади. Азиз Ғаниевнинг ўйинини роса ёқтираман.

- Чет эл клубларидан-чи?
- Кўпчилик клубларнинг ўйини ёқади. Кўпроқ "Манчестер Сити" ва "Реал Мадрид" ўйинларини кузатиб бораман. Футболчилардан Криштиану Роналдуни ажратиб кўрсатган бўлардим.

- Йил якунида Қатарда Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Сизнингча, қайси терма жамоа ғалаба қозонади?
- Тахминимча, Франция.



- Сизнингча, "Олтин тўп"ни қайси футболчи олади?
- Бензема қўлга киритса керак. Имкониятлари анча баланд. Бошқа футболчилардан яққол ажралиб турибди.

- Агар қўлингизда бўлганида, ўзбек футболида нималарни ўзгартирардингиз?
- Кўп майдонлар қурардим, академиялар очган бўлардим.

- Мураббийлик лицензиянгиз борлигини айтдингиз. Демак, келажакда мураббийлик қилмоқчисиз. Айтинг-чи, яна неча йил футбол ўйнамоқчисиз?
- Менимча, бу йил охиргиси. Ҳозир АГМК жамоасида ўйновчи-мураббий сифатида қайдномадан ўтганман. Илҳом акадан кўп нарсаларни ўрганиб, ўзимга қайд этиб боряпман. Қайси йили футболчилик фаолиятимни тугатишимни аниқ айтолмайман, балки бу йил сўнгги мавсумимдир. Ҳаммаси Аллоҳдан.

- Ўйновчи-мураббий бўлиш қийин эмасми?
- Ўзига яраша масъулияти бор. Жамоада ҳар хил ёшдаги қизлар бор. Кичик қизларга кўпроқ йўл-йўриқ кўрсатиш, ҳар тарафлама ўрнак бўлиш керак.


Хуршида Абдикулова суҳбатлашди

Шерзод Нурматов тайёрлади

Рейтинг: +2   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика