Бунақаси ҳали бўлмаган: Свиридовнинг 4та жамоаси финалда!
24 авг 23:34
Новости
Бунақаси ҳали бўлмаган: Свиридовнинг 4та жамоаси финалда!
Ўтган мавсумдаги каби бу йил ҳам LLF Кубоги 16та жамоа иштирокида старт олди. Жамоалар тўрттадан тўрт гуруҳга бўлинди.
A гуруҳи: PROGRESS, OLD SCHOOL, UZPSB, MEGA BO'STON.
B гуруҳи: GOV.RUK, VOSTOK, TShTT, UZDTV.
C гуруҳи: DO'STLIK, DHL, MYDEKLARANT, CENTRAL BETON.
D гуруҳи: KORZINKA, TTT, 21-MAKTAB, ERMAK.
Мусобақа форматига кўра, гуруҳ ўйинлари якунига етгач, 1-2 ўринлар "Олтин Кубок", 3-4 ўриндагилар эса "Кумуш Кубок" учун юришни давом эттирадиган бўлди.
Бунда чорак финал ва ярим финал учун алоҳида қуръа ташлаш маросими ўтказилди. "Кумуш Кубок"нинг 1/4 финал баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди:
OLD SCHOOL - DO'STLIK 6:2
GOV.RUK - MEGA BO'STON 2:5
KORZINKA - CENTRAL BETON 4:2
21-MAKTAB - TShTT 3:5
"Олтин Кубок"нинг чорак финал натижалари эса қуйидагича бўлди:
PROGRESS - ERMAK 4:5
DHL - TTT +/-
UZPSB - UZDTV 2:2 (пенальтилар 5:4)
MYDEKLARANT - VOSTOK 2:2 (пенальтилар 2:3)
LLF "Кумуш Кубок"нинг ярим финал босқичида дастлаб KORZINKA - OLD SCHOOL учрашуви бўлиб ўтди ва бунда KORZINKA жамоаси 5:4 ҳисобида зафар қучди. MEGA BO'STON - TShTT баҳси эса 4:4 ҳисобида якун топиб, пенальтилар сериясида 5:4 натижаси билан TShTT жамоасининг қўли баланд келди.
LLF "Олтин Кубок"нинг ярим финал учрашувлари ҳам қизғин кечди. Айтиш мумкинки, бу босқичда ҳаваскорлар ўртасидаги энг кучли жамоалар ўзаро баҳс олиб борди. DHL - ERMAK ўйинида ҳисоб очилмади ва пенальтилар сериясида ERMAK 4:3 ҳисобида зафар қучиб, финалга йўл олди. 1/2 финалнинг иккинчи учрашуви VOSTOK ва UZPSB ўртасида кечиб, бунда UZPSB 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олди.
Айтиб ўтганимиздек, эртага "Пахтакор-Ёшлик" залида иккита финал ўйини бўлиб ўтади. Дастлаб 12:30да KORZINKA ва TShTT "Кумуш Кубок" учун майдонга тушса, соат 13:30дан бошлаб "Олтин Кубок" учун баҳс бошланади ва бунда ERMAK ва UZPSB ўзаро куч синашади.
Яна бир маълумот шуки, финалга чиққан ҳар тўртта жамоа бош мураббийи Константин Свиридов ҳисобланади. Ўз пайтининг моҳир футзалчиси, миллий терма жамоада ўйнаган Свиридов мураббийлик фаолиятида ҳам секин-аста чўққиларни забт этмоқда. Эртанги ўйинлардан кейин қайсидир жамоа кубокни кўтаради, кимдир мағлуб бўлади, лекин шуниси аниқ - Свиридов ютқазмайди.
Дарвоқе, ҳар икки финал якунига етганидан сўнг тақдирлаш маросими ўтказилади. Бунда ғолибларга кубок топширилишидан олдин ҳар икки кубокнинг "Энг яхши дарвозабони" ва "Энг яхши футзалчиси" аниқланади. Футбол ва футзал мухлисларини 25 август куни "Пахтакор-Ёшлик" спорт мажмуасига таклиф этиб қоламиз.
Комментарии