6+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик
23 ноя 13:42
Новости
6+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик
Терма жамоамиз сентябрь, октябрь ва ноябрь ойида учтадан ўйинда майдонга тушди. Кузнинг биринчи ойида КХДР (1:0) ва Қирғиз Республикаси (3:2) устидан зафар қучган бўлсак, октябрда Эрон билан дуранг (0:0) қайд этиб, БААни кичик 1:0 ҳисобида мағлуб этдик. Бу ойда эса сафарда Қатарга енгилиб сўнгра яна КХДРни 1:0 ҳисобида мағлуб этдик. Шундай қилиб максимал 18 очкодан иккитаси Эрон ва яна уч очко Қатар билан ўйинларда бой берилди.
Агар гуруҳдаги жадвалга назар ташлайдиган бўлсак, 13 очко тўплаб иккинчи ўринда бораётганимиз ва энг яқин таъқибчимиз БААни 3 очкога ортда қолдираётганимиз бирмунча таскин беради. Қолаверса Эрон ҳам биздан узоқлашиб кетмаган ва 16 очко тўплаб пешқадамлик қилмоқда. Мабодо сиз терма жамоа ўйинларини кўрмасдан шунчаки жадвалга назар ташлаб, Ўзбекистон иккинчи ўринда бораётгани ва 1-2 ўринлар тўғридан тўғри Жаҳон чемпионатига чиқишини билсангиз жуда яхши имкониятга эгалигимиз кўринади.
Масалан, қолган иккита гуруҳдаги иккинчи ўрин жамоаларини қарайлик. "B" гуруҳида 14 очко билан Жанубий Корея пешқадам, 11 очко тўплаган Ироқ иккинчи ўринда бормоқда. "C" гуруҳида Япония 16 очко билан яққол пешқадам ва деярли Жаҳон чемпионатига чиқиб бўлди. Иккинчи ўриндаги Австралия ҳисобида эса 7 очко мавжуд. Кўп эҳтимол билан Япония пешқадамликни бериб қўймайди, бизнинг гуруҳда Эрон, "B" гуруҳида Жанубий Корея билан ҳам шундай бўлишини тахмин қилишимиз мумкин. Бу ўринда биздан иккинчи ўриндан пастга тушмаслик талаб этилади. БАА ёки Қатарни ўтказиб юбормасак бас, марра бизники.
Муҳими - таблодаги ҳисоб
Барибир ҳамма жойда таблодаги якуний ҳисоб ўз сўзини айтади ва ҳисоб-китоблар шунга монанд олиб борилади. Ўйин қийин ўтди, осон ўтди, ҳужум қилдик-қилмадик - бу бошқа масала. Ўйин қандай олиб борилиши, машғулотларда нималарга эътибор қаратилиши ва майдонда қандай ҳаракат қилиниши - булар ғалаба сари етакловчи восита. Футболни 90 дақиқа "миқ этмай" кузатадиган ва якуний ҳисобни ўзида Full time кўринишида акс эттирувчи LED экранли табло "нима деса шу".
Терма жамоамиз сафарда Қатарга мағлуб бўлгач, бош мураббий атрофидаги гап-сўзлар кўпайди. Энди шу ўйинни таҳлил қиладиган бўлсак, биз 0:2ни 2:2га айлантира олдик ва катта жасорат кўрсатдик. Аббос Файзуллаев бежизга Осиёда "Йилнинг энг яхши ёш футболчиси" бўлмаганини исботлади ва Қатарнинг икки голига ўзининг ажойиб иккита голи билан жавоб қайтарди. Энг қизиғи, майдондаги футболчилар орасида энг бўйи паст ўйинчимиз бош билан иккита гол уриб ҳаммани лол қолдирди. Голларни нишонлагани эса комикс қаҳрамонларини эслатиб юборди.
Қатарнинг учинчи голи тасодиф бўлмади. Бу машғулотларда ишланган усул самараси. Акрам Афиф тўпни шунчаки жарима майдончаси ичига узтиб берди, кейин нариги футболчи бош билан шеригига етказди ва Лукас Мендеснинг омади келиб тепган тўпи тасодифан голга айланиб қолди дейиш хато бўлади. Бу Қатарнинг охирги ҳужуми ва охирги имконияти эди. Шуни билган Афиф эс-ҳушини йиғиб ҳаммасини ўйланган тартибда бажарди. Бу ўринда фақат Мендеснинг зарбаси гол бўладими, шу савол очиқ турганди. Унинг бахтига зарба кучли ва тўғри чиқди, натижада Қатар уч очкони қўлга киритди.
Энг яхши тактика - фойда келтираётган тактика
Терма жамоамиз Қатарга имкониятни бой берганидан сўнг бош мураббий Сречко Катанец атрофидаги гаплар янаям кучайди. Сафарда КХДРни мағлуб этиб қайтганимизга қарамай бу гаплар тингани йўқ. Факт шуки, биз иккинчи ўриндамиз ва Жаҳон чемпионатига чиқиш учун қулай имкониятга эгамиз. Мураббий услуби кўринмаяпти, майдонда кўп нарсани футболчилар ҳал қилмоқда каби фикрларга айтадиган гапимиз - шу ўйинчиларни майдонга тушираётган мураббий эмасми? Ёки футболчиларнинг ўзи сен асосийда тушасан, сен захирада қоласан деб аниқлаяптими?
Жаҳон футболида ҳам кўряпмиз, мураббийлик осон эмас. Ҳатто мураббийларнинг энг олд қаторида турадиган Гвардиоланинг ҳам кетма-кет 5та ўйинда мағлубиятга учраб иши юришмай қолди. Ёки бўлмаса Карло Анчеотти ҳам "Реал" билан осон бўлмаган даврни бошдан ўтказмоқда. Бу - футбол, доим ҳам бир кишига омад кулиб боқавермайди. Биз эса терма жамоа ва Катанецга омад кулиб боқмоқда дейишимиз мумкин. Ва омад охиригача биз билан бўлса, ишонинг камида иккинчи ўрин билан мундиалга йўл оламиз.
Бугунги кун футболида мураббийлар ишига баҳо бериш жуда оғир. Шундай экан, бу ўринда Катанецни қўрқоқликда айбламай турганимиз маъқул. Катанец ҳам, терма жамоамиз ҳам қўрқоқ эмас, балки ўта эҳтиёткор. Биз ҳар бир ўйинга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашяпмиз, уйда Эрон билан шундай бўлганди, ҳатто улар бир ўйинчи кам бўлиб қолганида ҳам биринчи навбатда гол ўтказмасликни ўйлаб ниҳоятда эҳтиёт билан ёндашдик. Картинага умумий назар ташласак, Эрон билан ўйиндаги дуранг бир очко тақдим этгани ва Эрон биздан бошқа ҳаммани мағлуб этганини ҳисобга олсак, тўғри йўлда эканимиз ойдинлашади.
Мураббий Суперлигани кузатмаяпти?
ЎФА Сречко Катанец билан қандай шартлар асосида келишганини билмаймиз. Билганимиз шуки, словениялик мураббий олдига Ўзбекистон миллий терма жамоасини Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш вазифаси қўйилган. Ҳеч бир шартда Сиз Суперлигани кузатишингиз шарт дейилмаган бўлса керак. Футболчиларни ўзи танлаяпти ва шулар билан мақсад сари ҳаракат қилиняпти. Суперлигани кузатиш-кузатмаслик иккинчи масала. Негаки ҳар бир мураббийнинг ўз қараши бўлади. Бундан ташқари таркибимиз негизи легионерлардан иборат эканини инобатга олсак, Катанец урғуни легионерларга беряпти.
Ўзбекистондан четга қанча кўп футболчи кетса шунча яхши. Лекин четга боргандан кейин ўйнаш ҳам керак-да. Ҳозир фақат 3-4 футболчимизни ҳисобга олмасак, қолганлар ўз клубларида етакчи эмас. Масалан, Элдор Шомуродов "Рома"да етарли ўйин амалиётига эга бўлмагани сабабли (демак спорт формаси ҳам жойида бўлмаган) терма жамоага келиб жароҳат олди. Катанец Суперлигани кузатиш-кузатмаслигидан кўра легионерларимиз ўйин амалиётига эга бўляптими деган саволга жавоб қидириш муҳимроқ деб ўйлайман. Чунки легионерлар терма жамоага тайёр ҳолда келса, бу ҳаммамиз учун фойдали бўлади.
Кападзега ҳали бор
Агар Катанец кетадиган бўлса, зукко журналистларимиз ўрнига номзод ҳам топиб қўйишди: Тимур Кападзе. Жойи келганда айтиб кетайлик, ўзбегимда битта яхши матал бор - кечувда отлар алмаштирилмайди. Биз катта дарё ичидамиз, ҳамма ёқ сув тошқини, дарёнинг нариги тарафида мундиал. Ҳартугул ўртасидан ўтиб олдик ва буёғига атиги тўрт қадам қолди.
Кечувнинг муҳим палласида йўлбошчини алмаштирсак нима бўлади? Ҳаммаси зўр бўлиб кетишига ким кафолат беради? Майли, Катанец қанақа мураббий бўлса ҳам ўз миссиясини охиригача бажариб қўйсин. Қатардаги мағлубиятдан сўнг агар КХДР билан ҳам очко йўқотадиган бўлсак, мураббийни ўзгартириш тарафдори эдим, аммо ғалаба қўлга киритилди ва эндиликда мураббийни алмаштиришдан маъни йўқ.
Тимур Кападзенинг Париж Олимпиадасида ишини кўрдик, мураббий ҳали қўп изланишим керак деди, яхшиси унга халақит бермаган маъқул. Кападзе ёш мураббий, эҳтимол кейинги циклларда унинг тажрибаси асқотар, аммо ҳозир эмас. Қолаверса, футболчиларимизнинг ўзи ҳам Катанецдан миннатдор. Мабодо Катанец соғлиғини ўйлаб ўз аризасига биноан ишдан кетадиган бўлса, унда мураббий масаласи асосий планга чиқади, лекин ЎФА кеткизадиган бўлса, мураббийга тўланиши керак бўлган товон пули борки, буни ҳам унутмайлик. Шундай экан, ҳозирча ҳаммасини ўз ўрнида қолдириб баҳорги ўйинларни кутганимиз маъқул.
Х.Холиқов.
Комментарии