

"Спортинг"га қарши баҳс олдидан Артета журналистларга мавсум якунида совринсиз қолишдан қўрқмаслигини айтган эди: "Ҳеч қандай қўрқув йўқ — фақат олов. Мен ёняпман!"
BBC берган хабарга кўра, мураббий ушбу метафорани ҳаётга кўчиришга қарор қилган ва "Арсенал" машғулот базасида ҳақиқий гулхан ёқиб, унинг атрофида футболчилар учун илҳомлантирувчи нутқ сўзлаган.
Артета учун бундай психологик усуллар бегона эмас. Аввалроқ у кийиниш хонасига лампочка олиб кириб, ўзаро ҳамжиҳатликнинг муҳимлигини — электр токисиз лампочка ишламаслигини тушунтириб берган эди.
Эслатиб ўтамиз, "Арсенал" АПЛ доирасида "Манчестер Сити"га қарши марказий учрашувга тайёргарлик кўрмоқда. Агар "тўпчилар" Манчестерда имкониятни бой беришса, жамоалар йўқотилган очколар бўйича тенглашиб олишади. Ўйин 19 апрель куни Тошкент вақти билан соат 20:30 да старт олади.



