Latest news

12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  0 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  0 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  1 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  13 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  15 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  9 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  121 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3

Владимир Шишелов келишилган ўйинлар ва бошқалар хусусида News

Владимир Шишелов келишилган ўйинлар ва бошқалар хусусида

Узоқ йиллар давомида мамлакатимизнинг бир қатор клубларида тўп сурган, миллий терма жамоамиз либосида майдонга тушиш бахтига муяссар бўлган ҳужумчи Владимир Шишелов футболчилик фаолиятини якунлади.
Тўпурарлик салоҳияти билан ажралиб турган Володя айни пайт Москва шаҳрида истиқомат қиляпти ва у ерда мураббийликни ҳам бошлаб юборди. Биз яқинда Шишелов билан боғланиб, унинг ишлари қандай кечаётганига қизиқдик.

- Володя, футболчилик фаолиятини якунлаш ҳақидаги қарорни қабул қилишингиз осон кечмагандир?


-Албатта. Ахир профессионал футболчи бўлиш йўлида оз-моз тер тўкмадим. Бунинг замирида катта ҳаракат ва меҳнат ётибди. Шулардан бирданига воз кечиш осон эмас. Лекин бу ҳар бир футболчининг қисматида бор. Эртами-кеч, шундай қарор қабул қилишим тайин эди. Зеро, ёшларга ҳам йўл бўшатиб бериш керак. Ўз вақтида катталар ҳам шундай қилишган.

- Бугунги кунда нималар билан машғулсиз?


-Москва шаҳридаги Олимпия қишлоғи-80 базаси қошида янги футбол мактаби ишга тушди. Шу даргоҳда болалар ва ўсмирлар мураббийи сифатида фаолият юритяпман. Шу билан бирга селекция жараёни ва ташкилий масалаларга ҳам масъулман.

- Футбол мактаби ҳақида батафсил маълумот берсангиз: у қайси клуб қарамоғида?


- Маълумки, 1980 йили Москва шаҳри ёзги Олимпиадага мезбонлик қилган. Ўша олимпия ўйинлари учун бунёд этилган спорт мажмуалари бугунги кунда Олимпия қишлоғи-80, деб номланади. Ушбу база ҳудудида футбол мактаби ташкил этилди. Шу кунларда сунъий қопламали майдонга эга стадион бунёд этиляпти. Ҳозирда 2та спорт зали ва яна шунча чимли майдон бор. ЖЧ-2018 пайти бизнинг мўъжазгина янги аренамиз «Лужники» стадионига ўринбосар бўлади. Яъни айрим терма жамоаларнинг ўз машғулотларини шу ерда ўтказишлари кўзда тутилган.

- Мураббийлик қийин эмас эканми?

- Бундан кўра, майдонга тушиб, футбол ўйнаган осонроқ (кулади). Албатта, бу ҳазил. Муҳими, мураббийлик жуда қизиқарли касб. Айниқса, болалар билан ишлаш мароқли. Ҳозир бир нечта ёш тоифасидаги гуруҳларга устозлик қиляпман. Ҳар бир бола - ўзгача дунё. Энди футболчи сифатида фақат ўзингизга жавоб берасиз. Мураббийликда эса бундай эмас. Оддий айтганда, мураббий зиммасида масъулият анча баланд.

- Нима деб ўйлайсиз, футболчилик фаолиятингиз бироз эртароқ якунланмадими?


-Ҳа, бемалол яна 1-2 йил ўйнашим мумкин эди. Лекин оиламга кўпроқ эътибор қаратишни лозим билдим.

- Таклифлар бормиди?


- Ҳа, Ўзбекистон клубларидан 2таси аниқ таклиф билан чиқди. Ҳозир уларнинг номини айтишдан маъно йўқ. Зеро, чорловларга рад жавобини беришимга тўғри келди.

- Ваҳоланки, кўп йиллик тажрибангизга суянган ҳолда, ўртамиёна жамоаларда бемалол тўп тепишингиз мумкин эди.


- Ҳамиша гапириш осон. Эҳтимол, сиз айтгандек, яна 2 йил ўйнашга қарбим етарди. Лекин футбол кундан-кунга тезлашиб боряпти. Ўртача савияда ўйнашни эса истамадим. Ҳозирги кунда 8х8 форматидаги ҳаваскорлар лигасида тўп тепяпман. Жуда қизиқарли чемпионат. Бизнинг клубимиз - «Доро» Шимолий-ғарбий лигада 1-ўринни эгаллаб турибди.

- Ўзбекистондан қачон кетдингиз?


- Ўтган йили ёзда.

- Юртимизга қайтиш режангиз борми?


- Агар мураббий сифатида бирор клубга керагим бўлса, бажонидил қайтардим (кулади).

- Володя, ортга назар ташлаб, футолчилик фаолиятингизга қандай баҳо берардингиз?


- 18 йил давомида 18та клубда ўйнадим. Бу қўнимсизликдек туюлиши мумкин. Лекин ўша пайт бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди. Энди ҳаммаси ҳақида батафсил гапиришдан фойда йўқ. Ўзингизга аён, Ўзбекистон клубларида муқим равишда бир неча йил ўйнаётган футболчининг ўзи деярли йўқ. Нима демоқчилигимни тушунган бўлсангиз керак. Шу 18 йил давомида кўплаб клуб раҳбарлари, мураббийлар билан ишладим. Футболчилар билан дўстлашдим. Озми-кўп ютуқларга эришдим. Қаерда ўйнашимдан қатъий назар, футболдан роҳатланганман. Биргина «Химки»да кам гол урганман ва бу клубдаги фаолиятим унчалик омадли чиқмаган. Молдова чемпионатидаги давримни эса энг ёрқини сифатида тилга оламан. Ўшанда УЕФА кубогида қатнашгандик. Аслида Молдовага шунинг учун ҳам боргандим. «Зимбру» сафида «Бетис», «Севилья», «Гётеборг» каби Европанинг кўзга кўринган клубларига қарши тўп сурдим. Хитой чемпионатида ҳам ёмон мавсум ўтказмадим. Умумий айтганда, футболчилик фаолиятимдан қониқиш ҳосил қилдим.

- Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолиятингиздан-чи?


- Тўғриси, бахтли инсонман. Зеро, менга Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнаш имкониятини яратиб беришганди. Ҳар бир футболчи мамлакат бош жамоаси либосида майдонга тушишни хоҳлайди, лекин бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шу боисдан ҳам, мен чин маънода бахтлиман.

- Ўзингиз ўйнаган даврдаги Ўзбекистон миллий жамоаси рамзий таркибини тузиб бера оласизми?


- Ўша пайт кучли футболчилар кўп эди. Ҳозир кимнидир эсдан чиқариб, терма жамоа таркибига киритсам, мендан ранжиши мумкин. Шу боис, бундан тийиламан. Ҳа, мен танлаган 11 нафар кучли футболчи бор. Улар орасида иккиси аниқ - Миржалол Қосимов ва Максим Шацких.

- Терма жамоада фаолият юритган энг яхши мураббий...?

- Бундай мураббийлар кўп. Улардан Юрген Гёде ва Тачмурод Агамуродовни ажратиб кўрсатган бўлардим. Чунки мен айнан улар билан кўпроқ ишлаганман. Қолган мураббийларга ҳам ҳурматим баланд.

- Қайси ҳужумчилар билан яхши тандем ҳосил қилардингиз?

- Кўпроқ Анвар Солиев билан ўйнаш ёқарди. Ёдингизда бўлса, Анвар «сеҳрли таёқча» лақабини олганди. Унинг муҳим голлари терма жамоамизга кўп фойда келтирган.   

- Сиз учун сўнггиси бўлиб қолган 2014 йилги мавсум ҳақида қандай фикрдасиз?

- Афсуски, барча ўйинларни кўриш насиб қилмади. Лекин умумий хулосаларим яхши. Ҳарқалай, ижобий фикрларим салбийларига қараганда кўпроқ. Айниқса, майдонлар ҳолати яхшиланиб бораётгани маъқул келди. Лекин барибир, камчиликлар кўзга ташланяпти. Бу айниқса, ташқаридан қараганда кўриняпти.

- Володя, ўзингиз ўйнаган пайтлар келишилган ўйинлар ҳақида эшитган ёки шунинг гувоҳи бўлгандирсиз...?


- Келишилган ўйинлар ҳақида гапириш ҳамиша қалтис ҳисобланади. «Қўлинг билан ушламагансан-ку», дея оғзингга уришади. Мен фақат ўзим учун жавоб бераман. Фаолиятим давомида бирор марта ҳам ўйинни сотмаганман. Бошқалар учун эса жавоб беролмайман. Нима демоқчи эканлигимни тушундингиз, чоғи...

Камолиддин АЛИМОВ,
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика