Latest news

10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  3 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   0 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  3 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  0 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  0 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  113 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  9 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2

Виктор Вальдес: “12 ёшимда оёқсиз қолишим мумкин эди” News

Виктор Вальдес: “12 ёшимда оёқсиз қолишим мумкин эди”

“Манчестер Юнайтед” дарвозабони Виктор Вальдес фаолияти давомида журналистлар билан кўп суҳбатда бўлмаган ва ёпиқ инсон сифатида таассурот қолдириб келади.


Бироқ Колумбиянинг “Marlon Becerra Entrevista” дастури бошловчиси испаниялик посбон билан интервьюда унинг бир қатор қирраларини очиб беришга муваффақ бўлди. Марлон Бесерра Вальдеснинг колумбиялик рафиқаси Йоланда билан яхши таниш ва шу орқали у Викторни суҳбатга кўндиришга эришди.


Қайтарилишини истайдиган кунингиз борми?

– Бу дунёга келган кунимдир. Ҳаётимда рўй берган кўплаб нарсаларни ўзгартиришни истаган бўлардим. Барчасини бошидан бошлардим. Албатта, ёрқин вазиятлар кўп бўлган. Уч фарзандимнинг туғилиши ёки футболда қўлга киритилган совринлар. Лекин эгоист сифатида бошидан бошлашни хоҳлаган бўлардим.

Айнан нимани ўзгартирардингиз?

– Қайтадан туғилсам, дарвозабон бўлмасдим. Ёшлигимдан иқтидорим борлиги ҳақида гапиришарди. Ҳаётим ҳолатлар туфайли мен профессионалга айландим. Менга ишонишди ва омадим кулди, бироқ бу осон йўл эмас ва мен азобли йиллар учун етарлича ҳақ олмадим. Менда жуда кўп ёмон кунлар бўлди. Мен ҳар нарсага қулоқ соладиган ишлашга рози бўлдим, бироқ хотирамда минглаб салбий лаҳзалар бор.

– 895 дақиқа гол ўтказиб юбормагансиз.

– Статистика тўғрисида гапиришни ёқтирмайман. Фарзандларимнинг туғилган кунларини ҳам ёдда сақламайман. Шахсий тарафдан кўп нарсаларга эришдим, лекин асосий ютуқ сифатида “Барселона” билан эришилган учта Чемпионлар лигаси кубогидир. Шахсий ютуқни жамоавий ғалабадан устун қўйиш хаёлимга ҳам келмаган.

– Майдонда бўлиш яхшироқми ёки атрофда томоша қилишми?

– Футболда ҳамиша хавфли ҳолатлар эҳтимоли мавжуд. Қўрқиш фойдалироқ ҳам. Муҳим ўйинлардан аввал асабийлашиб, ўзингизни маълум ҳолатда ушлайсиз ва ҳушёр бўласиз. Асосийси – қўрқувни назорат қила олиш. Лекин баъзан майдонда бўлишни истамайсиз.

Бирор ўйин ёзувини сақлайсизми?

– Мен фаолиятимдаги энг муҳим воқеа саналган “Барселона” ва “Арсенал” ўртасида 2006 йилги Чемпионлар лигаси финали ёзилган “DVD” дискни сақлайман. Ўша тундан кейин фаолиятим юқорига қараб кетди. Мен яна ва яна ўша ҳолатларни томоша қиламан, мухлислар билан ғалабани нишонлаб, кубокни бошимиз узра кўтарган унутилмас вазиятни.

– Ўзингизни қачондир бошқа касбда кўрганмисиз?

– Ҳа, кўп марта. Айниқса, барчаси ёмон эканлигида. Бу мен шароитдан келиб чиқиб бажаришим мумкин бўлган ва даромад келтирадиган ҳар қандай иш бўлиши мумкин.

– Кинематография тўғрисида гаплашганда ҳар сафар кўзларингиз ёнади. Ўзингизни кинода синаб кўрмайсизми?

– Мен каби кинони хуш кўрадиганлар ўзларига ўхшаш қаҳрамон ролини ўйнашни хоҳлайди. Бироқ бу доирага кириш жуда қийин. Кўпчилик йиллар давомида бу ҳақида орзу қилади.

Касбингиз тўғрисида қандай ўйлайсиз?

– Ўзимни устунликка эга деб ҳисоблайман, бироқ яқинларим ҳамиша футбол ва дарвозабон позицияси ҳақида фикрларимни билишган. Бу тўғрида китоб ҳам ёзганман. Қийинчиликларни енгиш учун руҳшуносга мурожаат қилишимга тўғри келган.

– Бирор ўйин ҳолатида жароҳат олишингиз мумкинлигини олдиндан ҳис қиласизми?

– Биз, футболчилар ўзимизга ҳар қандай тўқнашув жароҳат билан тугаши ҳақида ҳисобот берамиз. Масалан, ўтган мавсумда ўзим кўп марта тушган ўйин ҳолатида тиззамдан жароҳат олдим, аввал бирор марта лат емагандим. Бироқ ўша куни йиқилаётиб тўп ҳақида ўйладим. Фаолиятимни қутқариб қолган шифокорнинг фикрича, ўша вазиятда миям тиззамни ҳимоя қилишдан кўра кпроқ тўп тўғрисида ўйлаш билан банд бўлган. Вақт ўтиши билан у ҳақ бўлганини тушундим.

– Қайсидир ўйин натижасини ўзгартиришни хоҳлармидингиз?

– Йўқ, лекин уйда “Сельта” билан учрашувда жароҳат олган кунимни ўзгартирган бўлардим. Барчаси ҳакам Айса Гомес пенальти белгилаганидан бошланди. Сардор сифатида унга босим ўтказмоқчи бўлдим. Ён ҳакам билан маслаҳатлашган Гомес ҳаётимни ўзгартириб юборган жарима зарбасини белгилади. Агар пенальти бўлганида жароҳат олмаган бўлардим. Сардор бўлмасам, ҳакам билан баҳслашмасдим ва олдиндаги ҳолатлар юзага келмасди.

– Рўй берган ҳолатдан қандай сабоқ олдингиз?

– Мендан юз ўгирганлар, футбол дунёси, ўзимни ногирондек ҳис қилишимга сабаб бўлганлар ҳақида гапиришни хоҳламайман. Ўша воқеа туфайли яна оддий инсон ҳаётини очдим. Германияга даволаниш учун жўнадим. Оғир бўлди, лекин ҳар қандай ҳолатда тикланишга қарор қилдим. Футболчилар ўйлаб топилган дунёда яшаётганини тушундим. Худди асл ҳолатга қайтгандек бўлдим. Кофе учун ўзим тўладим, трамвайга чипта сотиб олдим, ёқтирган мусиқамни аравада тингладим. Аугсбургда ўтган 3 одам мен яна оддий инсонга айландим. Бу тажрибани ҳеч ким тортиб ололмайди.

Ўзингизни суперюлдуз деб ҳисоблайсизми?

– Ҳеч қачон суперюлдуз бўлмайман, чунки менда жиддий жароҳат бўлган. Бундай ҳолатда футбол сенга бошқа йўлни кўрсатади. Сен энди керак эмассан. Аммо ўзинг истасанг, яна керак одамга айланасан. Катта хоҳиш кучи барча қийинчиликни енгиб ўтишда ёрдам бериши керак.

Пенальти билан боғлиқ вазиятда нимани ҳис этасиз?

– Дарвозабон кўпчилик ўйлагандан кўра яхшироқ ҳолатда бўлади, у ўйинчидан қўрқмайди. Қаршингда Месси ёки Роналдуми, кўп нарса йўқотмайсан. Зарбани қайтарсанг қаҳрамонсан, ўтказиб юборсанг ҳеч ким айбламайди. Мен ҳамиша футболчиларнинг қандай тепиши, қандай туриши, уларнинг статистикасини ўрганиб чиқиб, уларни асабийлаштиришга ҳаракат қиламан.

Машҳурликка муносабатингиз қандай?

– Машҳурликни ёқтирмайман. Кеч кирганда болалар билан ўйнаб, ўйинни ўрганаман, прожекторлар ёнганда уларга омад тилайман. Ўйиндан кейин эса ҳеч ким мени топа олмаслиги учун уринаман. Машҳурликдан завқланадиган Роналдиньо сингари футболчилар бор. Унга ҳамиша эътибор марказида бўлиш ёққан, машҳурликдан ўзига ижобий ҳислар оларди.

Дарвозабонни ҳужумчи ва ҳимоячидан нима ажратиб туради?

– Ёлғизлик. Барча муаммоларни бир ўзинг енгиб ўтасан. Хато қилганингда бошқаларнинг боқишида ўқийсан: унинг айби билан ютқаздик. Уйга тамом бўлган ҳолда қайтасан, бироқ бу болаликдан характерни тарбиялашга ёрдам берди.

Ижтимоий тармоқларда сизга кўп ёзишади.

– Мени болалардан “Твиттер” ва “Фейсбук” орқали келган хабарлар эътиборимни тортади. Улар юборган хабарларини ўқимайди деб ўйлашади, мен эса барчасини ўқиб чиқаман. Менга ёзаётганлар 10 ёшда, мен эса 33даман, лекин биз бир хилмиз – дарвозабонлармиз. Улар, болалар билан бўлиш менинг йўлим. Улар ҳеч қачон алдамайди.

Футболдан қандай чалғийсиз?

– Чалғишимга сабаб икки нарса бор: рок-н-ролл ва кино. Рок ҳамиша қўрқув билан курашишимга ёрдам берган.

Мураббийлардан нималар ўргангансиз?

– Бир сафар жамоам 6:1 ҳисобида ютди, бироқ мен ўтказиб юборилган ягона голда яхшироқ ўйнай олишимни билганим учун асабийлашгандим. Пепнинг иккинчи мураббийи Сегура мен билан кийиниш хонасида гаплашди ва нима учун жамоа ютганига қарамай, ўзимни дунёдан хафа эканимдек тутаётганимни сўради. У яхшироқ ўйнай олишим мумкинлигига қўшилди, шу билан ҳисоб 0:0 пайтида неча марта жамоани қутқарганимни эслади. У мени яхшироқ нарсаларни эслашга ва бир омадсизликка боғланиб қолмасликка ўргатди. Қийин дақиқаларда ҳамиша унинг сўзларини эслайман ва менга енгил бўлади.

Мураббийнинг энг қимматли тарафи нимада?

– Мулоқот. Гвардиола билан ишлаганимдан бахтиёрман, у кимга нимани ва қандай айтишни биладиган ҳақиқий профессор. Мураббий учун энг қийини калондимоғликни бир четга суриб, ўйинчига нима хохлаётганини етказиб беришдир.

Ким билан мулоқот қилиш сизга осон бўлган?

– Барча билан. Ҳазилкашман, бундай нарсалар ёқади. Ҳазилимни қабул қилганлар ҳақиқий дўстлардир. Хави каби. Биз биргаликда кўп нарсаларни бошдан ўтказдик. Айнан шу дўстликдир.

Машҳур дарвозабонлардан кимлар идеалингиз бўлган?

– Оливер Кан ва Санти Канисарес. Уларга қарши ўйнаганман. Канисарес менга ҳурмат билан муносабатда бўлган, Кан билан омад камроқ кулиб боққан. Бир марта ўйиндан кейин ундан футболкасини сўраганман, бироқ у яхши кайфиятда эмасди.

Месси қандай?

– Ҳақиқий иқтидор. Лео йилдан-йилга доимий босим остида, энг яхши эканлигини тушуниб, ўсиб борди. Унда имкониятлар чекланмагандек кўринади.

Ҳаётингиздаги энг муҳим учрашув қайси?

– Характерим оғир. Рафиқам Йоланда сабри учун энг буюк мукофотга муносиб.

Сиз учун ҳозир қўрқув нима?

– Айни пайтда умуман бошқа нарсалардан қўрқаман. Отаман, уч фарзандим бор, улар учун қайғураман. Аввал мотоциклга ўтириб, ҳаётимни хавф остига қўйиб, номаълум йўналишга отланардим. Энди эса биринчи навбатда улар ҳақида ўйлайман ва бошқа бундай йўл тутмайман.

– Ўзингизни айбдор қиладиган ишингиз қайси?

– “Барселона” билан хайрлашиш мен хоҳлагандек ўтмади. Бунга Германияда давом эттиришим зарур бўлган даволаниш ва характерим йўл қўймади. Мен ажралишдим ва кетдим. Мухлислар мендек ўйинчидан кўпроқ нарса кутишганди.

– Ҳаётингизни ўзгартириб юбориши мумкин бўлган вазиятни айта оласизми?

– 12 ёшлигимда бўлган. Ўшанда “Барселона”да эдим. Оёқ мускулимда бирданига ўткир оғриқ ҳис қилдим. Кейин у бутун оёғим бўйлаб тарқалди. Шифохонада бир ҳафта нима бўлаётганини билмасдан ётдим, шифокорлар эса менда оёғимдаги катта суякни ейишни бошлаган бактерияларни топишди. Улар организмимга қўлимдаги лат ейишлар орқали кириб келганди. Жуда қийин пайт эди, оилам қандай азоб чекаётганини кўрардим. Ҳеч ким нима бўлишини билмасди, оёғимни кесиб ташлашлари ҳам мумкин эди. Буни қандай тушунтиришни билмайман, мени сақловчи фаришталар туфайли касаллик ортга чекинди ва оёғим соғлом ўсишда давом этди. Барчаси яхшилик билан тугади.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +3   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика