Latest news

02:37Франция. "Ланс" сафарда "Реймс"ни мағлуб қилди, Ҳусанов тўлиқ ўйнади  13 02:02Туркия чемпионати. "Сивасспор" мағлуб бўлди, Турғунбоев захирадан майдонга тушди  1 01:11Ханс-Дитер Флик "Барселона"нинг 125 йиллик юбилейи ҳақида: "Клубдан-да юқорироқ"  0 00:33Расман: Руд ван Нистелрой - "Лестер" бош мураббийи!  1 00:07"Ланс" арманистонлик ҳимоячини трансфер қилмоқчи  3 23:51Франция. "Реймс" - "Ланс". Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда!  5 23:08Йилнинг энг яхшиларини ким аниқлайди?  0 22:47Пеп Гвардиола: "Тезда қайтамиз, кўнглим сезяпти"  8 22:22Де Брюйне ёзда "Сити"дан кетади, унга бир талай харидорлар бор  4 21:44Саудия Арабистони. "Ал Насср"дан ишончли ғалаба, Роналдудан дубль!  49 21:13Туркия. Турғунбоев "Антальяспор" - "Сивасспор" баҳсини захирада бошлайди  0 20:47Ортиқхўжаев истаган "Пахтакор" шуми?  14 20:21"Энг зўр-2024". Йилнинг энг яхши футболчиси ким бўлади?  45 20:11"Энг зўр-2024". Йилнинг энг яхши мураббийи бўлиш учун номзодлар маълум қилинди  8 19:57Родриго муддатидан аввал майдонга қайтади  0

U-22 Осиё чемпионати-2013. Антирекордчи Ўзбекистон, голни нишонлашда жароҳатланган мураббий, ИШИДга қиёсланган Саудия Арабистони ҳамда чилим чекиш туфайли шифокорсиз қолган жамоа тўғрисида ҳикоя қиламиз News

U-22 Осиё чемпионати-2013. Антирекордчи Ўзбекистон, голни нишонлашда жароҳатланган мураббий, ИШИДга қиёсланган Саудия Арабистони ҳамда чилим чекиш туфайли шифокорсиз қолган жамоа тўғрисида ҳикоя қиламиз

23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги тарихига назар соламиз.

Мазкур турнир илк маротаба 22 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган ва Осиё чемпионати деб номланган.

Дастлабки мусобақага мезбонлик ҳуқуқи Ўммонга тақдим этилди. Турнирни қабул қилишга Таиланд ҳам даъвогарлик қилганди. Чемпионат 2013 йилнинг 23 июнидан 7 июлига қадар ташкил этилиши керак эди, бироқ Шарқий Осиё кубоги туфайли 2014 йилга қолдирилди ва январнинг 11–26 саналарида ўтказилди.

Саралаш босқичида 41 жамоа иштирок этди, финал босқичига эса 16 мамлакат термаси йўл олди.

"А" гуруҳида Иордания ва Жанубий Корея терма жамоалари чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Мезбон Ўмон ҳамда Мьянма гуруҳ босқичидаёқ иштирокини якунлади.

"B" гуруҳида Сурия ва Бирлашган Араб Амирликлари кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилди. Шимолий Корея ва Яман эса 3 ва 4-ўринларни бўлишиб олди.

"C" гуруҳида Австралия ва Япония пешқадамга айланди. Эрон ва Кувайт эса мусобақа билан хайрлашди.

"D" гуруҳида эса Ироқ ва Саудия Арабистони плей-оффга чиқишди. Ўзбекистон уч очко билан 3-ўринни эгаллаган бўлса, Хитой бирорта очко қўлга кирита олмасдан сўнгги поғонада қолиб кетди.

2013 йил якунида Ўзбекистон Олимпия терма жамоасига Шуҳрат Мақсудов бош мураббий этиб тайинланди.

Мусобақа аввалидаги матбуот анжуманида мутахассис қуйидаги фикрларни билдирди:

"Бир ҳафта Тошкентда, Дубайда беш кун шуғулландик. Учта ўртоқлик ўйини ўтказдик. Яхши, мазмунли ўйинлар кўрсатишни, мусобақанинг 26 январдаги ўйинида ҳам майдонга тушишни мақсад қилганмиз. Терма жамоанинг ярмидан кўп футболчиси Туркиядаги жаҳон чемпионатида қатнашган. Улардан умидимиз катта. Уммондаги мусобақалар ёш футболчиларимиз учун яхши тажриба мактаби бўлади деб ишонамиз".

Ўзбекистон U-22 терма жамоасининг мусобақа учун қайдномаси

Дарвозабонлар: 1.Акмал Турсунбоев ("Пахтакор"), 12.Асилбек Амонов ("Пахтакор"), 21.Абдумавлон Абдужалилов ("Пахтакор").

Ҳимоячилар: 2.Егорь Кримец ("Пахтакор"), 3.Сардор Раҳмонов ("Локомотив"), 5.Акбар Исматуллаев ("Пахтакор"), 7.Владимир Козак ("Пахтакор"), 13.Даврон Ҳошимов ("Пахтакор"), 14.Бобур Йўлдошев ("Локомотив"), 15.Жавлон Мирабдуллаев ("Бунёдкор"), 16.Тоҳир Шамсиддинов ("Пахтакор"), 18.Максимилиан Фомин ("Пахтакор").

Ярим ҳимоячилар: 4.Дилшод Жўраев "(Бунёдкор"), 6.Аббос Махсталиев ("Пахтакор"), 8.Сардор Собирхўжаев ("Бунёдкор"), 9.Сардор Мирзаев ("Локомотив"), 10.Жамшид Искандеров ("Пахтакор"), 19.Диёр Тўропов (ОКМК), 20.Муҳсинжон Убайдуллаев ("Пахтакор"), 23.Сардор Рашидов ("Бунёдкор").

Ҳужумчилар: 11.Темирхўжа Абдухолиқов ("Пахтакор"), 17.Игорь Сергеев ("Пахтакор"), 22.Абдулазиз Юсупов ("Пахтакор").

Бош мураббий: Шуҳрат Мақсудов.

Хитойга қарши мусобақанинг дастлабки ўйинида Ўзбекистон U-22'нинг уч ўйинчиси дисквалификация сабаб майдонга туша олмади. Давронбек Ҳошимов U-22 саралашининг Иорданияга (1:3) қарши сўнгги ўйинида қизил, Темурхўжа Абдухолиқов U-22 саралашининг Яман (1:1) ва Иорданияга (1:3) қарши ўйинларида сариқ карточкалар олганди. Шунингдек, Тоҳиржон Шамшитдинов U-20 ЖЧ-2013'нинг Францияга (0:4) қарши чорак финал ўйинида майдондан четлатилганди. Шунга қарамай, "оқ бўрилар" иродали ғалабага эришди.

1-тур 

Ўзбекистон — Хитой 2:1

Голлар: Егорь Кримец (90+2), Игорь Сергеев (90+4) — Янг Чао Шенг (35)

Ўзбекистон: 1.Акмал Турсунбоев, 2.Егорь Кримец, 4.Дилшод Жўраев, 6.Аббос Махсталиев, 7.Владимир Козак, 8.Сардор Собирхўжаев (9.Сардор Мирзаев, 55), 10.Жамшид Искандеров, 14.Бобур Йўлдошев, 17.Игорь Сергеев, 18.Максимилиан Фомин, 23.Сардор Рашидов.

Дарвоқе, Ўзбекистон — Хитой учрашувини бор-йўғи 80 нафар мухлис стадиондан томоша қилган ва бу кўрсаткич ташриф бўйича ушбу мусобақадаги энг ёмон ҳисобланган. 

Умуман олганда, Ўмондаги турнир томошабинлар ташрифи билан мақтана олмаган. Масалан, финал ўйинини Маскатдаги стадиондан 4700 киши бевосита кузатган.

ВИДЕО

Шуҳрат Мақсудов: "Ҳар қандай мураббий ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни хоҳлайди. Бугунгидек ғалабани эса фақат орзу қилиш мумкин. Бугунги ўйин мураббийлик фаолиятимдаги илк расмий учрашув бўлди. Унда шундай ғалаба қайд этилганидан бахтиёрман. Бугун шогирдларим ўз кучларини, характерларини, иродаларини кўрсата олишди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Мусобақадаги биринчи ўйин ҳаяжони ўзгача бўлади. Ўйлашимча, бугун шу нарса футболчиларимизга оз бўлса-да таъсир қилди. Ўйиндаги хатоликлар ҳам ҳаяжон таъсири, деб ўйлайман. Хатолар устидан ишлаймиз, кейинги ўйинларда яхшироқ ҳаракат қиламиз. Рақибга қарши тактика танлашдан аввал рақиб ҳақида билиш керак. Биз эса ҳозирча Ироқ ҳақида деярли ҳеч нарса билмаймиз. Ироққа қарши қандай тактика танлаш масаласида унинг Саудияга қарши ўйинини кўрганимиздан сўнг хулоса қиламиз".

2-тур

Ироқ — Ўзбекистон 2:1

Голлар: Марван Ҳусайн (10), Мустафо Надим (38) — Жамшид Искандеров (64)

Ўзбекистон: 1.Акмал Турсунбоев, 3.Сардор Раҳмонов, 5.Акбар Исматуллаев (4.Дилшод Жўраев, 46), 6.Аббос Махсталиев (23.Сардор Рашидов, 56), 9.Сардор Мирзаев, 10.Жамшид Искандеров, 11.Темирхўжа Абдухолиқов, 13.Даврон Ҳошимов, 14.Бобур Йўлдошев, 15.Жавлон Мирабдуллаев, 19.Диёр Тўропов (17.Игорь Сергеев, 77).

ВИДЕО


Шуҳрат Мақсудов: "Бугун жамоамизга бироз омад етишмади. Аламли мағлубиятга учрадик. Икки хато дарвозамизга гол урилишига сабаб бўлди. Мусобақага қисқа вақт тайёргарлик кўрганмиз, янада қисқа вақт ичида эса кетма-кет муҳим ўйинлар ўтказишимиз керак. Бундай шароитда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини маромида ушлаб туриш қийин, шунинг учун ҳам таркибда ўзгаришлар қилдик. Бугун майдонга тушган барча футболчилар яхши ҳаракат қилишди, уларнинг ўйинига эътирозим йўқ. Ироқнинг биринчи ва бугунги ўйини ўртасида фарқ кўрмадим. Мусобақадаги биринчи ўйинда бироз эҳтиёткор ўйнаган бўлиши мумкин. Ироқнинг аксарият ўйинчилари Туркиядаги ЖЧ-2013да ярим финалида ўйнаган. Бир сўз билан – Ироқ жуда кучли жамоа. Осиё Чемпионатидаги ҳар бир жамоа кучли. Биз эса ҳар ўйинда фақат ғалаба мақсадида майдонга тушамиз. Саудияга қарши ўйин ҳам истисно эмас".

3-тур

Саудия Арабистони — Ўзбекистон 1:0 

Гол: Закария Сами (60)

Ўзбекистон: 1.Акмал Турсунбоев, 2.Егорь Кримец, 4.Дилшод Жўраев (22.Абдулазиз Юсупов, 84), 6.Аббос Махсталиев, 7.Владимир Козак, 9.Сардор Мирзаев, 10.Жамшид Искандеров, 13.Даврон Ҳошимов, 17.Игорь Сергеев, 18.Максимилиан Фомин, 23.Сардор Рашидов (11.Темирхўжа Абдухолиқов, 59).

ВИДЕО

Шуҳрат Мақсудов: "Битта гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Бизга эса, кейинги босқичга чиқиш учун битта гол етмади. Аламли мағлубият бўлди. Бироқ йигитларимиз бор кучлари билан ҳаракат қилишди, уларга раҳмат айтаман. Вазифамиз – ҳимояда бехато ўйнаб, вазиятлардан фойдаланиш эди. Омадимиз келмади. Мусобақага тайёргарлигимиз қисқа бўлди, жисмонан жуда тайёр эмасмиз. Лекин йигитлар бор кучлари билан ўйнашди. Мусобақада футболчиларимиз жуда катта иштиёқ билан тўп суришди, бу мени жуда хурсанд қилди. Терма жамоамизнинг ярми 1993 йилдан кейин туғилган футболчилардан иборат. Улар учун яхши тажриба бўлди".

Чорак финалда Сурия Жанубий Кореяга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Мазкур ўйинда Суриянинг "ғирром голи" ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди. Учрашув якуни арафасидаги тўхталиш натижасида фейр-плейга амал қилган ҳолда сурияликлар рақибига тўпни қайтариб бериши керак эди. Корейслар дарвозабони томон келаётган тўпга тўсатдан Сурия ҳужумчиси ташланди ва рақиб посбонини осонлик билан алдаб ўтиб, дарвозани ишғол қилди. Аммо қоидаларда ёзилмаган одобсиз хатти-ҳаракат ҳам Сурияга ёрдам бермади. 

ВИДЕО

Иордания эса Далдумнинг 84-дақиқада урган голи эвазига Бирлашган Араб Амирликларини мағлуб этди. Беллашувда шогирдларининг ишончли ўйинидан тўлқинланиб кетган Иордания бош мураббийи Ислом Тиабат шогирдининг голини нишонлаётган пайтда кескин ҳаракат натижасида жароҳат олган. Шунингдек, Саудия Арабистони Австралияни 2:1 ҳисобида таслим этган бўлса, Ироқ 1:0 ҳисобида Японияни енгди.

Япониялик футболчилар Ироққа мағлуб бўлгач, мухлислари қаршисида кечирим сўради.

Ярим финалда Ироқ яна минимал ҳисобда Жанубий Кореяни мағлуб этган бўлса, Саудия Арабистони 3:1 ҳисобида Иорданияни доғда қолдирди.

Учинчи ўрин учун баҳс доирасидаги Иордания — Жанубий Корея учрашувининг асосий ва қўшимқа бўлимларида дарвозалар ишғол қилинмади. Пенальтилар сериясида эса арабларнинг омади келди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи беллашувида эса Ўзбекистон билан бир гуруҳдан ўрин олган икки рақиб — Саудия Арабистони ва Ироқ ёшлари тўқнаш келишди. Жамоаларнинг гуруҳ босқичидаги қарама-қаршилигида Ироқ 3:1 ҳисобида устун келганди. Финалда ҳам ироқликлар аввалги босқичлардаги сингари 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнирнинг илк ғолибига айланди.

ВИДЕО

Саудия Арабистони ва Ироқ ўртасидаги қарама-қаршилик нафақат майдонда, балки ундан ташқарида ҳам ҳақиқий тўқнашувга айланди. Гап шундаки, финал олдидан Ироқнинг "Al Nahar" газетаси Саудия Арабистонини ИШИД (террор гуруҳи)га қиёслаган. "Saudi Lord" тахаллусига эга саудиялик хаккер эса мазкур хабарни чоп этган газета сайтини бузиб кирган ва ироқликларга қарата "Келаси сафар сизларни тош даврига қайтарамиз", деган жумла ёзиб қолдирган.

Гарчанд Эрон гуруҳ босқичидаёқ иштирокини якунлаган бўлишига қарамай, жамоа ҳужумчиси Кавеҳ Ризои 5 та гол билан мусобақа тўпурарига айланди. Ҳозирда 31 ёшни қарши олган Ризои Бельгиянинг "Шарлеруа" клубида тўп тепади. Шу билан бирга, муваффақиятсизликка учраган форслар таркибида кейинчалик миллий терма жамоа етакчиларига айланган Алиризо Беиранванд ва Меҳди Тареми сингари футболчилар бор эди.

Қолаверса, турнир аввалида Эронда бир қатор ички муаммолар пайдо бўлди. Жумладан, Паям Садегян ва Муҳсин Мусулмон жамоа лагерида чилим чеккани учун қайдномадан тушириб қолдирилди. 

Шунингдек, уларга ҳамроҳлик қилган менежер, шифокор, таҳлилчи, назорат каби шахсларга ҳам чора кўрилди. Эрон ушбу расмийларни ОФКдан рўйхатдан ўтказиб қўйгани учун бошқа шифокор ёллай олмади ва турнирга шифокорларсиз, фақатгина икки нафар физиотерапевт билан бирга йўл олган.

Ироқ футболчиси Амжад Калаф энг яхши футболчи деб топилди. Бироқ юлдуз бўлиши кутилаётган вингернинг кейинги фаолияти муваффақиятли бўлмади ва кутилганидан эрта бутсаларини михга илди.


Калаф турнир ҳақидаги таассуротларини баён қилиш давомида энг мураккаб ҳимоя чизиғи Жанубий Корея, Япония ва Ўзбекистон терма жамоаларида эканлигини таъкидлади.

Фейр-плей соврини эса Жанубий Кореяга насиб этди.


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Rating: +2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика