Latest news

11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  8 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  11 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  7 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  117 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0

Тачмурод Агамуродов: «Мен бахтли инсонман» News

Тачмурод Агамуродов: «Мен бахтли инсонман»

Мана, XXIV миллий чемпионатимизнинг 3та тури ортда қолди. Жорий мавсумнинг старт қисмиёқ бизга бир қатор кутилмаган натижаларни тақдим этди.
Жумладан, Самарқанднинг «Динамо» клуби 3та ўйинда бор-йўғи 2 очко олди. «Кўҳна шаҳарликлар» аввалига ўз майдонларида «Қўқон-1912»дан мағлубиятга учрашди (0:1), кейин эса сафарда «Бухоро» билан дурангга имзо чекишди - 1:1. Биз ушбу учрашувларда жамоанинг қандай ўйин намойиш этганлиги, жорий мавсумга тайёргарлик ишлари нечоғли олиб борилгани, селекция ишлари ва бошқа масалалар хусусида батафсил маълумотга эга бўлиш мақсадида «Динамо» бош мураббийи Тачмурод Агамуродовни безовта қилдик. Туркманистонлик мутахассис суҳбат жараёнида кўпчиликни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

- Тачмурод Шамакович, мулоқотимизни «Динамо»нинг ортда қолган 2та учрашуви юзасидан чиқарган хулосаларингиз билан бошласак. Клубнинг илк ўйинлари хусусида нима дея оласиз?


- Очиғини айтиш керак, қўқонликларга қарши кечган ўз майдонимиздаги илк учрашувда жамоа ҳали тўла кучга кириб улгурмаганди. Эътиборлиси, мавсумга тайёргарлик жараёнининг кўп қисми селекция ишларини олиб бориш, футболчиларни жамлаш учун сарфланди. Қисқаси, ўйин услуби бўйича етарли ишлашга улгурмадик. Бундан ташқари, ўша баҳс ички чемпионатнинг очилиш учрашуви бўлганлиги боисми, йигитларда ҳаяжон ҳам сезилди. Бу нарса шогирдларимнинг ҳаракатларига таъсирини ўтказди ва улар ўз имкониятларини тўлиқ намойиш эта олишмади. Натижада мағлубиятга учрадик. Лекин Бухородаги иккинчи ўйинимиз анча қизиқарли ўтди. Биринчи учрашувдаги хатолардан тегишли хулоса чиқарган йигитлар меҳмонда анча фаол тўп суришди. Умуман олганда, жамоамизда потенциал бор. Футболчилар ўйиндан-ўйинга «очилишади», деган умиддаман. Тўғри, бунинг учун бироз вақт талаб этилади.

- Умуман, мавсумлар оралиғидаги ўқув-машғулот йиғинларини кўнгилдагидек ўтказолмаганинглар нима билан боғлиқ?


- Йиғинларни олиб боришда айрим муаммолар юзага келди ва уларни режалаштирганимиздек олиб боролмадик. Аммо Самарқанд вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Зойир Мирзаев йиғинимиз  тўхтаб қолмаслиги, кўнгилдагидек ўтиши учун бор имкониятини ишга солиб, қўлидан келганича ёрдам берди. Бунинг учун фурсатдан фойдаланиб, Зойир Тоирович ва клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бир сўз билан айтганда, ўқув-машғулот йиғинларини имкониятимиз даражасида ташкил этдик.

- Таркибни ўзингиз хоҳлаган футболчилар билан тўлдира олдингизми?  

- Селекция жараёнини ҳам имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда, олиб бордик. Шу сабабли, ўзим таркибда кўришни хоҳлаган барча ўйинчиларни жалб этолмадим. Аммо клубимиз сафига қўшилган янги футболчилар ҳам анча маҳоратли ва уларда салоҳият етарли. Умид қиламанки, улар билдирилган ишончни оқлаб, жамоамиз муваффақиятларига ўз ҳиссаларини қўшишади.

- Молиявий муаммолар клубга қанчалик таъсир кўрсатмоқда? Футболчилар маошидан бўлган ўтган йилги қарздорликка барҳам берилдими?


- Тўғриси, молиявий масалаларга оид саволларга жавоб бериш менинг кафолатимга кирмайди. Бу клуб раҳбарларига тегишли савол. Лекин фурсати келганида шуни таъкидлашим жоиз, яқинда жамоамиз билан вилоят ҳокими Зойир Тоирович қабулида бўлдик. У клубдаги молиявий муаммолар тез кунлар ичида бартараф этилишига ваъда берди. Зойир Мирзаев ваъдаси устидан чиқадиган инсон. Шундай экан, ижобий ўзгаришларга умид қилсак бўлади.

- 2-тур доирасидаги «Машъал» - «Андижон» ўйинидан кейин меҳмонлар устози Эдгар Гесс айни пайтда жамоада молиявий муаммолар борлиги, ўзи ва футболчилар 3 ойдан буён маош олмаётганликлари, керак бўлса, 10 йил ойликсиз ишлаши мумкинлигини таъкидлади. Сиз маошсиз қанча муддат ишлай олардингиз?

- (Кулиб). Қизиқ савол бўлди-ку! Ҳар бир мураббий ва футболчининг клуб билан тузган шартномаси ва мажбурияти бор. Ўз навбатида, жамоа ҳам улар олдида масъул. Демоқчиманки, «Мураббий маошсиз ишлаши, ўйинчилар ойликсиз ўйнашлари мумкинми?», деган савол юзага келмаслиги, бу масала ҳеч қачон кўтарилмаслиги керак. Шартнома  имзоландими, ҳар икки томон унинг бандларига амал қилиши лозим. Афсуски, келишувда кўрсатилган шартлар кўпинча клублар томонидан бажарилмайди.

- «Динамо»нинг ёшлар жамоаси таркиби ва ўйинларидан қониқиш ҳосил қиляпсизми? Самарқандда болалар футболига эътибор қай даражада? Сизнингча, бу борада яна қандай ишларни амалга ошириш лозим?

- Ўринбосарлар таркибидаги иқтидорли футболчилар кейинчалик асосий таркибга жалб этиладилар. Шунинг учун Ёшлар лигаси учрашувларини мунтазам кузатаман ва жамоани бошқараётган мураббийлар билан маслаҳатлашиб тураман.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда болалар футболини ривожлантириш учун кенг миқёсда ишлар амалга оширилди. Мураббий ва ёш футболчиларга ажойиб  шароитлар яратиб берилди. Мисол учун, кўплаб сунъий майдонлар қурилди. Энди бизда болалар футболини янада ривожлантириш учун клубимизнинг моддий - техник базасини яхшилаш талаб этилади. Бу табиийки, клуб раҳбарларига боғлиқ масала. Аммо ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, биз ҳам бу борада бир қатор ишларни амалга оширдик. Жумладан, Самарқанд вилоятидаги футбол мактабларига ташриф буюриб, истеъдодли болаларни кўздан кечиряпмиз. Умуман олганда, Самарқандда болалар футболига эътибор анча ошди. Вилоятда иқтидорли ёшлар кўп ва улар билан тўғри иш олиб борилса, Худо хоҳласа, ўзбек футболида янги номлар кашф этилади.

- Вақтида Туркманистон ва Ўзбекистон терма жамоаларида фаолият олиб боргансиз. Шундан келиб чиқиб айтинг-чи, олий лигамиз савияси билан терма жамоаларимиз натижаларини боғловчи асосий омил нима?


- Ҳа, терма жамоаларнинг натижалари ички чемпионат савияси билан боғлиқлигидан кўз юмиб бўлмайди. Чунки, Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий футболчилари олий лига клубларида тўп суришади. Тўғри, терма жамоа сафидан хорижда ўйнайдиган легионерлар ҳам ўрин олишган. Лекин улар озчиликни ташкил этишади. Миллий чемпионат савияси кўтарилса, ўйинчиларнинг маҳоратлари ҳам ошади. Бу ўз навбатида ўсмирлар, ёшлар, олимпия ва миллий терма жамоалар қайд этадиган натижаларга бирдек ижобий таъсир кўрсатади.

Олий лига савияси ошса, муросасиз курашларга бой ўйинлар сони  кўпаяди. Ўзбек футболида салбий ҳолатларнинг ҳам юз берганлиги сир эмас. Лекин жорий мавсум элита клубларининг барча мураббийлари ҳалол ўйин намойиш этиш хусусида келишувга эришиб, бу ҳақдаги ҳужжатга имзо чекишди. Шунинг ўзи, кўп нарсадан далолат беради. Бундан биринчи навбатда,  биз - мутахассислар манфаатдормиз. Чунки, учрашувлар ҳалол тарзда ўтса, миллий чемпионат савияси, футболчиларнинг маҳорати ошади. Натижада терма жамоаларнинг ҳам ижобий фаолияти учун замин ҳозирланади.  

- Туркманистон футболининг ҳозирги аҳволи тўғрисида нима дея оласиз?   

- Туркман футболи турли даврларни бошидан кечирди. Айрим пайтларда бу борада сезиларли ўсиш кузатилди, баъзан эса катта пасайиш. Ҳозирда юртимиздаги клубларнинг моддий-техник базасини яхшилаш устида иш олиб борилмоқда, янги стадионлар қурилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ҳукумати футболни ривожлантиришга интилмоқда. Аммо бунинг учун кучли мутахассислар етишмаяпти. Туркманистонда Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, малакали мураббийлар анча кам. Умуман, мутахассис сифатида шуни таъкидлашим жоиз, Туркманистон футболи бир кун келиб, ўз сўзини айтади.

- Бизга маълумки, бир неча йиллар аввал турмуш ўртоғингиз вафот этганди. Шу мусибат фаолиятингизга қандай таъсир кўрсатди? Айни пайт янги оила қурдингизми? Фарзандларингиз қаерда истиқомат қилишмоқда?


- Албатта, барчамиз инсонмиз ва яқин кишимизни йўқотиш шахсий ҳаётимиз,  руҳиятимиз, шунингдек, ишимизга маълум даражада таъсир қилиши аниқ. Марҳум турмуш ўртоғимнинг хотираси қалбимда умрбод сақланади. Аммо ҳаёт давом этмоқда. Айни пайт янги оила қурганман. Бу  шахсий ҳаётим ва фаолиятимда катта ёрдам бермоқда. Айтганча, ҳозирги турмуш ўртоғим ўзбекистонлик ва у билан Тошкентда яшаяпмиз. Икки нафар ўғлим эса Туркманистон пойтахти Ашхободда истиқомат қилишмоқда. Тўнғич ўғлим Аҳмед Туркманистон олий лигаси вакили - «Хазина»  клуби ва мамлакат ёшлар терма жамоасини бошқармоқда. У оилали ва 3 нафар фарзанднинг отаси. Кичик ўғлим эса тадбиркор, у ҳали уйланмаган. Умуман олганда, ҳозирги кунда мен бахтли эр, ота, бува, умуман олганда, бахтиёр инсонман. Мана, севимли ишим билан шуғулланяпман, оилам тинч-тотув. Инсон учун бундан ортиқ яна нима керак?

- Мабодо мураббийлик касбини танламаганингизда, қайси соҳада фаолият олиб борардингиз?

- Тўғрисини айтсам, бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман. Ахир, кўп йиллардан буён футбол ичидаман. Тўғри, мураббий бўлмаганимда, албатта, бошқа иш билан шуғулланардим.

- Ҳозирги касбингизни танлаганингиздан ҳеч афсусланганмисиз?

- Йўқ. Тўғри, мураббийлик осон эмас. Бежиз «Ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий», дейишмайди. Миллионлар ўйини фақат ғалабалар ва ёрқин онлардан иборат эмас. Унда қайғули онлар, мағлубиятлар ҳам учрайди. Шунингдек, ишингда айрим муаммолар юзага келади. Футболдан анча узоқ бўлган баъзи клуб раҳбарлари сенга тактика танлаш, футболчиларнинг қандай ўйнашлари хусусида ўргатишади. Айрим пайтлар меҳнатинг муносиб қадрланмайди. Шундай вақтларда сиқиласан, асабийлашасан, албатта. Лекин мураббийлик соҳасини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмаганман. Мана, фаолиятим давомида ёрқин дамлар кўп бўлди ва бундан кейин ҳам шундай давом этсин, илоҳим.

Улуғбек Умаров суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика