Latest news

16:28"Сўғдиёна" — "Локомотив". Таркиблар маълум  1 16:10"Металлург" — "Сурхон" 1:0 (Матнли трансляция)  4 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  3 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  1 14:43"Сивасспор" — "Қосимпошо". Турғунбоев асосий таркибда  2 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  4 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  21 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  18 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   3 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  15

Шоҳид Тиллабоев: “Ливерпуль” клубини қарамоғимизга олдик” News

Шоҳид Тиллабоев: “Ливерпуль” клубини қарамоғимизга олдик”

Ёдингизда бўлса, ўтган йили мамлакатимиз футболида янги жамоа пайдо бўлганди. “Истиқлол” номи билан ташкил этилган бу клуб тўғридан-тўғри 1-лига баҳсларида иштирок этди.
Дебьютант бўлишига қарамай, ўзидан ёмон таассурот қолдирмади. Чемпионатнинг иккинчи босқич йўлланмасини қўлга киритди ва кучли саккизталик жамоалари орасида ҳам муносиб қатнашди. Ўзбекистон Кубогида аввалига 1-лиганинг доимий аъзоларидан бири – “Янгиер” клубини мағлуб (3:1) этди. Кейин эса олий лига вакили, Самарқанднинг “Динамо” жамоасини ҳам мусобақадан чиқариб юборди. Чорак финал остонасида “Нефтчи” жамоасига икки ўйин натижасига кўра имкониятни бой бериб қўйди. Фарғонадаги учрашувда мезбонлар кичик устунликка (1:0) эга бўлишди. Тошкентдаги ўйинда ҳисоб очилмаган эди. Ўша пайтда “Нефтчи”га Юрий Саркисян мураббийлик қилганини инобатга олсак, бу ёмон натижа эмаслиги ойдинлашади. Бу йил ҳам клуб раҳбарлари ўтган мавсумдаги натижалар тасодиф эмаслигини исботлаш учун астойдил ҳаракат қилишяпти. Дарвоқе, бу йил “Истиқлол” Ўзбекистон биринчилигида Тошкент вилоятининг Пскент тумани номидан иштирок этади. Биз клуб офисида бўлиб, “Истиқлол” вице-президенти Шоҳид Тиллабоевдан интервью олдик.

- Шоҳиджон, суҳбатимиз аввалида ўтган мавсум сарҳисобларига тўхталиб ўтсангиз. Ҳар ҳолда дебьютант жамоа учун ёмон натижа бўлмади, шундайми?

- Албатта. “Истиқлол” клубини ташкил этиш ҳаракатлари 2012 йилда бошланган эди. ЎФФга ўз лойиҳаларимизни тақдим этдик. Федерация раҳбарияти режаларимиз билан танишиб чиққач, жамоамизни тўғридан-тўғри 1-лигада иштирок этишини таъминлашди. Бу ишончли имкон қадар оқлашга ҳаракат қилдик. Ўзбекистон Кубогида иккита босқичдан муваффақиятли ўтдик. Чемпионатда ҳам 2-босқич баҳсларида қатнашдик. Биз ўз олдимизга маҳаллий ёшларни етакчи клубларимиз ҳамда терма жамоаларимизга етказиб беришни мақсад қилиб олганмиз. Клубимизнинг шиори ҳам шунга монанд – “Ёшлар келажагимиз!” Шу билан бирга ўзбек футболида ўз ўрнимизга эга бўлишни ҳам мақсад қилганмиз. Ўтган мавсум бошида жамоамиз олдига қўйилган асосий мақсад – 1-лигада кучли 8та клуб сафидан жой олиш вазифаси бажарилди. Таркибимиз жуда ёш. 1995-97 йилларда туғилган ёш футболчилар сони 10 нафардан зиёд. Лекин бу йигитларнинг барчаси ўйинга чанқоқ. Бу ёшларга ўрнак бўлиши учун Нодир Қўзибоев, Нодир Одилов, Ҳасан Эргашев каби олий лигада суяги қотган футболчилар билан ҳам шартнома имзолагандик. Бу ўз фойдасини берди. Ўтказилган 14 та ўйиндан 11 тасида мағлубиятга учрамадик. Менимча, бу янги жамоа учун ёмон натижа эмас. Чемпионатнинг сўнгги – Муборакда “Машъал”га қарши кечиши лозим бўлган учрашувига жамоамиз бормади.

- Нима учун бормадинглар? Бунинг сабабини тушунтириб бера оласизми?

- Бухоронинг “Спартак” клуби билан “Тўқимачи” стадионида ўтган учрашувда футболчилар ўртасида жанжал юзага келганди. Бу вазиятни ўрганиб чиққан ПФЛ бир томонлама қарор чиқарди, деб ўйлайман. Моддий жаримадан ташқари, “Истиқлол”га меҳмонга бориб ўйнаш қарорини чиқаришди. Ўша ўйин тафсилотлари матбуотда, хусусан “Футбол шарҳи” кўрсатувида ҳам батафсил берилди. Аслида жанжал меҳмон жамоа томонидан юзага келтирилган эди. “Спартак”ка эса “НБУ-Осиё” билан ўйнашга рухсат беришди. Бу билан мен жамоамизни оқламоқчи эмасман. Шунчаки, ПФЛ вазиятни атрофлича ўрганиб, кейин қарор чиқарса яхши бўларди. Вазиятни кўр-кўрона, юзаки ўрганиб, бир томонлама қарор чиқаришди.   

 

- Жамоанинг ўз стадиони ва базаси йўқлиги сабаб, ўтган мавсумни ижара асосида “Тўқимачи” стадионида ўтказдинглар. Айниқса, базанинг йўқлиги қўшимча қийичиликларни туғдирмадими?

- Жамоа ташкил этилаётган пайтда клуб раҳбарияти босқичма-босқич ривожланиш дастурини ишлаб чиққанди. Ҳозир шу режа асосида ишлаяпмиз. Ўтган йили биз клуб балансига ўтказмоқчи бўлган базани сўнгги паллада юзага келган келишмовчиликлар сабаб қўлга кирита олмадик. Шундан кейин вилоятдан таклиф этилган футболчиларга пойтахтдан уй-жой қилиб бердик.

- Жамоамизнинг асосий мақсадларида бири – олий лиганинг етакчи клублари ва турли ёш тоифасидаги терма жамоаларга истеъдодли футболчиларни етказиб бериш, дедингиз. Бунинг учун жамоа ўз тайёрлов мактабига эга бўлиши керак. Бу йўналишдаги ишлар қандай йўлга қўйилган?

- Ўтган йили бу режамиз қисман амалга ошди, деб айта оламан. Пойтахтда фаолият юритадиган “Ливерпуль” болалар-ўсмирлар жамоаси билан шартнома имзоладик. Унга кўра, биз шу жамоанинг 1997-2000 йилларда туғилган ёш футболчилардан иборат 4 та тайёрлов гуруҳини ўз қарамоғимизга олганмиз. Уларни йил мобайнида федерация бадал тўловларидан тортиб, футбол анжомлари, тўплар, либослар билан тўлиқ таъминлаб бердик. Бу тайёрлов гуруҳидагилар “Истиқлол” номидан шаҳар биринчилигида қатнашишди. Шу билан бирга 2-лигада ҳам жамоамиз бор. Бу клубимиз таркибига ҳам “Ливерпуль” жамоасидан энг истеъдодли ёшларини таклиф этдик. Ёшлар орасидан икки нафарини 1-лигага “заявка” қилдик. Бу икки футболчи 1997 йилда туғилган бўлиб, улар “Истиқлол” билан профессионал шартнома имзолашди ва бу билан катта футболга қадам қўйишди.

- Ўтган йилги мавсумда ўзини кўрсата олган ва жамоа муваффақиятига хисса қўшган футболчилар 1-лиганинг етакчи клубларига ўтиб кетишибди. Кимлар жамоа тарк этди?

- Бу бир томондан яхши. Дебьютант жамоа футболчиларига етакчи клубларнинг қизиқиш билдиришини хурсандчилик билан қабул қилдик. Лекин танганинг  бошқа томони ҳам бор. Очиғини айтиш керак, жамоамизни тарк этган футболчилар ўтган мавсум ҳеч бир клубдан таклиф олмай юрган бир пайтда, биз уларни иш билан таъминлагандик. Яхши шароитларда ўйнашди. Маош ва мукофот пуллари ўз вақтида берилди. Мураббийимиз бу ўйинчилар билан алоҳида ишлаб, уларни юзага чиқаришга яхшигина меҳнати синганди. Энди ўйинлари очилиб, жамоага фойдаси тегадиган пайтда бошқа клубларга ўтиб кетишди. Аммо, “Истиқлол”дан кучли, ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган жамоаларга ўтишганига барибир хурсанд бўлдим. Бир пайтлар мамлакат ёшлар терма жамоаси таркибида ёрқин ўйин намойиш этган Нодир Қўзибоев “Қўқон-1912” клубига ўтди. Ўтган йили уни “Регистон” жамоаси билан мавсумга тайёргарлик кўраётганида сафимизга қўшиб олгандик. Тошкентда ўйнасанг, етакчи клуб мураббийлари нигоҳини ўзингга қаратиш осон бўлади ва шу орқали аввалги мавқейингни қайтариб олишинг мумкин, дегандинг. Озми-кўпми бунга эришди, деб ўйлайман. “Қўқон-1912” жамоаси ўз олдига олий лигага чиқиш вазифасини қўйган. Яна бир футболчимиз – Ғуломҳайдар Ғуломов. У ҳам истеъдодли футболчи. Ўтган йили “Зарафшон” ва “Қизилқум” жамоаларини бирлаштириш натижасида Ғуломов олий лига “заявкаси”дан қолиб кетганди. Ярим йил давомида бизга катта ёрдам берди. Унинг келажаги порлоқ, ҳали яхши жамоалар таркибида ўйнашига ишонаман. Олий лига клубларидан таклиф бўлишига қарама й, элитага аниқ чиқишни мақсад қилган “Шўртан” жамоаси таклифини қабул қилди. Ғуломҳайдарни ғузорликлар биздан ҳарид қилишди. Учинчи футболчимиз – Нодир Сагдуллаев. “Локомотив” клуби тарбияланувчиси бўлган бу ҳимоячи ўтган йили жамоа топа олмай юрган пайтда уни сафимизга таклиф қилгандик. Бир йил давомида мураббий унинг янги қирраларини кашф қилди, деб бемалол айта оламан. Ўзини ҳар томонлама кўрсата олди. Афсуски, бу Нодир ҳам олий лигага чиқиш вазифасини қўйган “Оқтепа” жамоаси билан шартнома имзолади. 

- Жамоани тарк этган етакчи футболчиларнинг ўрнини тўлдира олдингларми?

- Биз тажрибали футболчиларга мурожаат қилмадик. Аксинча, ёш ва истеъдодли ёшларга урғу қаратяпмиз. Қўзибоевнинг ўрнини тўлдириш учун ўтган йили “Шўртан” таркибида олий лигада ўйнаган Равшан Абдувоҳидовни таклиф этдик. Ўз вақтида у ҳам мамлакат ёшлар терма жамоасига чақирилган. Бундан ташқари, олий лига клубларининг ўринбосарлар таркибида ўйнаган футболчилар билан ҳам шартнома имзоладик.

- “Пахтакор-2” жамоасига қарши ўтказилган Ўзбекистон Кубоги доирасидаги ўйин билан бу йилги мавсумни бошладинглар. Меҳмонда ўйнашинглар ва 1-бўлимдан сўнг 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраётганингларга қарамай, якунда ғалаба қозондинглар...

- “Пахтакор-2” жамоасига Дилшод Нуралиев мураббийлик қиляпти. Бу мутахассисга ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Қолаверса, “Пахтакор” жамоаси таркибида жуда кўп истеъдодли футболчилар бор. Ёши катта ўйинчилардан чўчимасдан, хатто 1-бўлимда иккита тўп киритишга ҳам муваффақ бўлишди. Лекин барибир якунда тажриба ўз сўзини айтди. Исроил Турсуновнинг дубли ва унинг голли паси эвазига жамоамиз 10 дақиқа ичида 3 та тўп киритиб, ғалабани ўз томонига оғдириб олди. Энди Ўзбекистон Кубогининг навбатдаги босқичида “Сўғдиёна” жамоасини қабул қиламиз. Тақвимга кўра, “Истиқлол” мамлакат чемпионатининг дастлабки 4 та учрашувини меҳмонда ўтказади. Шундан сўнг, биринчи уй ўйинимиз айнан “Сўғдиёна”га қарши бўлиб ўтади. Ўйлайманки, жамоамиз ўйинга-ўйинга жисмоний ва функционал тайёргарлигини маромига етказиб боради. Мақсадимиз – кубокдаги ўтган йилги натижамизни яхшилаш. Ўтган йили “Нефтчи”дан ҳам ўтишимиз мумкин эди. Фарғонада автогол эвазига мағлуб бўлгандик. Саркисян майдонга жанговор таркибни ташлашига қарамай, муносиб қаршилик кўрсатгандик. Голга тортадиган 3-4 та аниқ вазиятлар ҳам юзага келганди, аммо, йигитлардаги ҳачжон бунга йўл қўймаганди. Жавоб баҳси тўлиқ бизнинг устунлигимизда ўтганди. Афсуски, Нодир Қўзибоев собиқ жамоасини аяб, бўш қолган дарвозага тўп киритмаган эди.

- Ўтган йили ПФЛ томонидан “Тўқимачи” стадиони дисквалификация қилиниб, бу йилги мавсум ўйинларини бетараф майдонда ўтказиш мажбурияти юкланган эди. Ҳозир вазият қандай, белгиланган жазо ўз кучида қолганми?

- Аввало, бу борада ПФЛ билан ҳали гаплашганимиз йўқ. Ўтган йили ПФЛ “Тўқимачи” стадионида мухлислар ва майдон ўртасига тўсиқ ўрнатишимиз кераклиги ҳамда бу талаб бажарилса, мавсумни яна шу ўйингоҳда ўтказишимиз мумкинлигини айтанди. Энди бу осон битадиган иш эмас. Қолаверса, биз “Тўқимачи”да ижара асосида ўйнаймиз. Айни пайтда “Истиқлол” жамоаси янги мавсумни Тошкент вилоятининг Пскент туманидан ўтказишга яқин турибди. Бугунги замонавий футболда молиявий жиҳат биринчи ўринда туради. Айнан моддий аҳволга қараб жамоа ўз режаларини тузиб чиқади. Ўтган мавсумни маҳаллий кичик ҳомийларнинг ёрдами билан ўтказдик. Жамоамиз ташкил этилаётган пайтда давлат ташкилотларидан бирини клубга бириктириб қўйиш ҳаракати бўлган. Аммо, бу жараён жуда секин ривожланди. Йил охирига келибгина Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу режа амалга ошди. 1-лигада Тошкент вилоятидан жамоа йўқлигини инобатга олиб, у ердаги мухлисларни ҳам хушнуд этиш мақсадида пойтахтдан 30 км узоқликда жойлашган Пскент туманидаги стадионда уй ўйинларини ўтказишимизни айтишди. Шу тариқа, энди жамоамиз барча мусобақаларда Пскент тумани номидан иштирок этади.

- Демак, клуб мавсумни Пскентда бошлайди, шундайми?

- Аслида мавсумни Пскентда бошламоқчи эдик. Аммо, у ерда ҳозир майдон чими талабга жавоб бермайди. Шунинг учун, биринчи даврани “Тўқимачи” стадионида ўтказишимиз ҳам мумкин. Шундай бўлган тақдирда ҳам ҳар бир уй учрашувига Пскентдан келадиган мухлислар учун алоҳида автобус ташкил этиш режамизда бор. Бундан ташқари, бизда Тўйтепа варианти ҳам бор эди. Лекин Олим Аширов номидаги 8 минг томошабинга мўлжалланган стадион айни пайтда ПФЛ талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги сабабли, бу масала ҳам кун тартибидан олиб ташланди. Яна бир ҳолат, ҳукуматимиз томонидан Тошкент вилоятида футболни янада ривожлантириш, бу туманга яна катта футбол ҳавосини олиб кириш вазифаси илгари суриляпти. Шу мақсадда жамоага туман ҳокимлиги ҳам ҳомийлик қилишни назарда тутган. Улар клуб олдига олий лигага чиқиш вазифаси қўйилиши ва шунга яраша моддий жиҳатдан ёрдам берилишни ваъда қилишди. Биз ўз ўрнида “Истиқлол” жамоасининг юридик манзилини Пскент туманига кўчирдик ва бу ҳақидаги керакли ҳужжатларни ЎФФга топширдик. Яқин кунлар ичида клуб логотипи ўзгартирилиши лозим. Шундан сўнг жамоа тўлиқ Пскентнинг “Истиқлол” клуби деб юритила бошланади. Биринчи даврани “Тўқимачи” стадионида ўтказамиз. У ерда барча ҳавфсизлик чоралари таъминланади. Иккинчи даврадан Пскентга кўчиб ўтамиз. Стадионнинг ўзида базамиз ҳам бўлади. Айни пайтда стадион ва базада таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

- Биринчи лигадаги ўртамиёна жамоанинг бир йиллик бюджети қанча?

- Футболчиларнинг маоши, мукофот пуллари, сафар ҳаражатлари, машғулотлар жараёни, ўйинчиларнинг уч маҳал тўлиқ ва тўғри озиқланиши, хуллас, барча ҳаражатларни қўшганда, таҳминан 500-700 миллион сўм атрофида маблағ керак бўлади. Шунча маблағга эга бўлсангиз, 1-лигада бемалол бир жамоани сақлаб туриш мумкин.

- Билишимизча, “Истиқлол” жамоаси Махачқалъанинг “Анжи” клуби билан яқин ҳаморлик муносабатларини ўрнатган экан. Шу ҳақда ҳам маълумот берсангиз. Бу ҳаморликка бевосита Одил Аҳмедовнинг алоқаси бўлса керак?

- Албатта. Одил жамоамизнинг дўсти, мухлиси деса ҳам бўлади. Мана яқинда ҳам Москва шаҳрида бир ой бўлиб қайтдим. “Анжи” клуби маркетинг, менежмент, инфратузилмаси мукаммаллиги жиҳатидан Европада етакчи ўринларда туради. Бу менинг фикрим эмас. Европалик мутахассислар шундай хулосага келишган. Шу сафарим давомида “Анжи” клубида малака оширдим. Клуб инфратузилмаси, академияси билан яқиндан танишиб чиқдим. Бу билим ва кўникмаларимни жамоамизда ҳам тадбиқ этишни бошладик. Режага кўра, бу йил истеъдодли футболчиларимизни “Анжи” машғулотларида бевосита иштирок этишини таъминламоқчимиз. Бу борада яқин кунларда Махачқалъа жамоаси билан расмий шартнома имзолаш режалаштирилган.

- Ўтган йили шоу-бизнес вакили, актёр Алишер Узоқов билан профессионал шартнома имзоланган эди. Бу йил ҳам у “Истиқлол” шарафини ҳимоя қиладими?

- Албатта. У машғулотларда иштирок этяпти. Алишер жуда зўр футбол ўйнамас, лекин ҳақиқий профессионал футболчилардан кўра, миллионлар ўйинини яхши кўради. Узоқов масаласида кўп танқидлар эшитдим. Хатто ПФЛ раҳбари ҳам футболни шоу-бизнес билан аралаштириб юборяпсан, деб айтди. Лекин менинг ўз фикрим бор. Футбол федерацияси, хусусан ПФЛ шунча йилдан бери қандай чора-тадбирларни амалга оширмасин, стадионга мухлисларни қайтара олмаяпти. Аммо биз биргина Алишер Узоқовни жамоага таклиф қилиш орқали бу нарсага озми-кўпми эришдик. Мен бу сўзни ҳеч иккиланмай айта оламан. Алишер 1-даврадаги барча ўйинларимизда иштирок этди. Тўғри, кўп майдонга тушмагандир, аммо, у борган ўйинларда стадионлар деярли тўлди. Ишонмаганлар статистикани кўриб олишлари мумкин. Узоқовни кўриш учун ҳам мухлислар 2-3 мингтага кўпайиб кетган ҳолатлар бўлди, бу факт. Ўйинда майдонга тушмаган бўлсада, танаффус пайтидаги машғулотини мухлислар мириқиб томоша қилишди. Хатто, аёллар, онахонлар ҳам стадионга кела бошлашди. Шу мухлислардан ҳеч бўлмаганда, 200 нафари футболга қизиқиб кетса, бу бизнинг катта ютуғимиз бўлади. Пенальтидан бўлсада, гол урди. 11 метрли жарима нуқтасидан адашаётган профессионал футболчилар қанча. Айни пайтда ҳам жамоа билан бирга мавсумга тайёргарлик кўряпти. Тиббий кўрикдан ҳам муваффақиятли ўтди. Машғулотларни истеъдодли мураббий Камол Жўнашев олиб боряпти. Ўзи ҳам яхшигина футболчи бўлган. Фарғона олимпия захиралари коллежида мураббий бўлиб ишлаган. “Имкон-Олтиариқ”, “Чуст-Пахтакор” жамоаларида тажриба тўплаган. Унинг шогирдларидан, яъни фарғоналик ёш футболчилардан 6 нафари 2- лигадаги жамоамизда ўйнаяпти. “А” лицензиясига эга бу мураббийимизнинг келажаги порлоқ.

- Биринчи лигада муаммолар етарли, келишилган ўйинлар ҳам йўқ эмас. Бу борада фикрингиз қандай?

- Ўзим футбол ўйнаганим учун бу нарсани олдиндан билардим. Лекин бу даражада илдиз отиб кетганлигини билмаган эканман. Келишилган ўйинлардан ташқари, ҳакамлик масаласи жуда ҳам аянчли аҳволда. Энг ачинарлиси, мақсади умуман бўлмаган жамоалар ҳакамларга пул таклиф қилишяпти. Энди олий лигага чиқишни мақсад қилган ёки лигада ўз ўрнини сақлаб қолишни мақсад қилган жамоаларни тушуниш мумкин. Аслида бу ҳам жиноят. Аммо ўртамиёна, 1-лиганинг доимий аъзоларига бундан нима наф. 24 та жамоадан 20 тасида мақсад йўқ. Бир ҳил шароитда бўла туриб, нимага ҳакам билан келишади, нима учун пул таклиф қилади, шу саволга ҳалигача жавоб топа олмаяпман. Ундан кўра, соғлом рақобатни юзага келтириб, мухлислар мазза қилиб томоша қиладиган футбол намойиш этган яхши эмасми? Келишилган ўйинларни кўрган ишқибоз қайтиб стадионга келмаяпти. Кейин энг ёмони, бу ПФЛнинг айби – иккинчи босқичда 8 та жамоа иштирок этаётган пайтда, қолган 16 та жамоа бекорчи бўлиб қолади. Улар учун ҳеч қандай мусобақа йўқ. Футболчилар узоқ муддат ўйин амалиётисиз қолиб кетишяпти. Мураббий жамоани тарқатиб юбора олмайди, чунки кейин “пулька” баҳсларига қайта рўйхатдан ўтказишнинг иложи бўлмайди. Тўрт ой машғулот ўтказиш мумкин, лекин ўйин амалиётисиз бари бир пул. Тақвим жуда ҳам нотўғри тузилган.


Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика