Latest news

17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  0 16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  9 16:28"Сўғдиёна" — "Локомотив" 0:0 (Матнли трансляция)  3 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  4 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  2 14:43"Сивасспор" — "Қосимпошо". Турғунбоев асосий таркибда  2 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  4 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  22 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  18 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   3

Сервер Жепаров: “Ўзбекистонни жуда ҳам соғиндим” News

Сервер Жепаров: “Ўзбекистонни жуда ҳам соғиндим”

Жанубий Корея К-лигасининг 11-турида терма жамоамиз сардори Сервер Жепаров тўп тепаётган “Сеонгнам” клуби ўз майдонида чемпионат пешқадами “Поханг Стилерс”ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Қувонарлиси, ўйиндаги ҳисобни айнан ҳамюртимиз очганди. Сервер 17-дақиқада меҳмонлар дарвозаси томон белгиланган пенальтини голга айлантирган эди. Қолаверса, Жепаров пешқадам билан бўлиб ўтган учрашувда тўлиқ майдонда ҳаракат қилганди. Аввалги бош мураббий Парк Жонг Хван клубдан ҳайдалганидан сўнг, терма жамоамиз сардорининг бағрига шамол теккан кўринади. Биз айнан ўша учрашувдан сўнг Сервер Жепаровдан эксклюзив интервью олдик.

- Чемпионат пешқадами билан бўлиб ўтган учрашувда гол киритганим яхши бўлди, - дея сўз бошлади Жепаров. – Бу кейинги ўйинларда ўзимга бўлган ишончни янада оширади. Шунингдек, бош мураббийга ҳам менга ишонч билдиргани учун миннатдорчилик билдираман. Ўйлайманки, мавсумнинг қолган қисми мен ва жамоам учун муваффақиятли давом этади. Кейинги турда “Сеул” меҳмони бўламиз. Шахсан мен бу учрашувни орзиқиб кутяпман. Чунки, айнан шу жамоа таркибида Корея чемпиони бўлганман. Режага кўра, бу учрашув 11 май куни ўтиши керак эди. Аммо, “Сеул” ОЧЛда иштирок этаётгани боис, мазкур учрашув 18 май кунига қолдирилди. Сеулликлар нимчорак финалнинг илк учрашувини меҳмонда “Кавасаки Фронтале”га қарши ўтказиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Меҳмонда 3 та тўп киритилиши ажойиб натижа. Келаётган чоршанба куни улар Япония клубини меҳмон қилишади. Балки бор эътибор ОЧЛга қаратилгани боис, “Сеул”нинг ички чемпионатдаги ишлари юришмаётган бўлса керак. Жамоа сўнгги поғоналарда бормоқда.

- Аввалги бош мураббий Парк Жонг Хван истеъфога чиқарилгач, жамоада нималар ўзгарди?

- Жуда кўп нарса. Биринчи навбатда машғулот жараёни ўзгарди. Эътиборни кўпроқ “квадрат” машқига қарата бошладик. Тўп билан кўп муомалада бўляпмиз. Ўйин машғулотларида ранг-баранглик пайдо бўлди. Рақибга прессинг, яъни босим уюштириб, тўпни олиб қўйиш устида кўпроқ ишлаяпмиз. 

- Талабчи?

- Ҳамма жойда бўлгани каби ҳар бир футболчи машғулотларда тўлиқ 100 фоиз куч билан ҳаракат қиляпти. Аслида футболчи талаб қилинишини кутиб ўтириши керак эмас.

- Парк Жонг билан қачон ва нима сабабдан келишмовчилик юзага келганди?

- У бош мураббийликка тайинланиши билан.

- Нима учун Хван сиз билан бундай совуқ муносабатда бўлди? Сабабини излаб кўрдингизми? Сиздан ташқари, яна ким бундай муносабатдан азият чекди?

- Ҳар бир мураббийнинг ўз футбол кўриши бор. Ўйлашимча, мен унга шунчаки ёқмасдим. Фақат мен эмас, жамоадаги барча легионерлар унинг кутилмаган ва беўхшов қарорларидан азият чекди. Яхшиямки, қора кунлар узоқ чўзилмади.

- Футболни соғинганингиз кўриниб турибди. Чемпионат пешқадамига қарши ўйинда майдонда тўлиқ ҳаракат қилдингиз ва пенальтидан бўлсада гол киритдингиз...

- Ҳа, футболни жуда соғингандим. Аввалги ўйинларни сархисоб қилсам, баъзан 18 талик рўйхатга киритилмаган пайтлар бўлди. Захирадан қисқа муддатга майдонга тушдим. “Поханг”га қарши учрашувда янги мураббий менга имконият берди. Бу ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

- Захирада ўтирган ўйинларингизда муҳитни ўзгартириш ва жамоадан кетиш ҳақида ўйламадингизми?

- Ўйнамаётганим роса алам қилди. Шунингдек, бошқа етакчи ва тажрибали футболчиларнинг майдонга туширилмаётганини ҳам ҳазм қила олмадим. Лекин клуб билан амалда шартномам борлиги боис, кескин қарорга кела олмасдим. Жамоа раҳбариятига бўлган ҳурматим сабаб, бош мураббийнинг менга нисбатан совуқ муносабатига чидадим. Бу ҳолат узоқ давом этмаслигига ишонардим.

- Бош мураббий билан муносабатларингиз ҳақида клуб раҳбарияти билан гаплашмадингизми?

- Йўқ. Агар шундай йўл тутсам, бу профессионал иш бўлмасди.

- Энди шартнома якунига қадар жамоада қоласиз, шундайми?

- Буни Яратгандан бошқа ҳеч ким олдиндан аниқ айта олмайди.

- Сизда бунга хоҳиш борми?

- Келинг бу саволга шундай бераман: агар бошқа жамоалардан ҳар томонлама манфаатли таклиф бўлса ва бунга биринчи галда “Сеонгнам” раҳбарияти қаршилик қилмаса, клубдан кетишим мумкин.

- Ҳозир ана шундай таклифлар борми?

- Бу саволга тайинли жавоб бера олмайман.

- Уйга қайтишга ҳали эртами?

- Ўйлашимча, Ўзбекистонга қайтишнинг ҳали мавриди келмади. Куч-қувватим ва энг муҳими хориж клубларидан таклифлар бор экан, бу мавзуни кейинроққа қолдириб турамиз. Лекин Ватанни жуда ҳам соғиндим.

- “Сеонгнам” мавсумни ўта омадсиз бошлади. Бу муваффақиятсиз иштирокни бош мураббий билан боғласа бўладими?

- Ҳозир муваффақиятсизликка турли сабабларни келтириш мумкин. Агар омилларни санаб кетсам, бу бир баҳонага ўхшаб қолиши мумкин.  Келинг, яхшиси ўтмишни эсламайлик. Нима бўлган бўлса, ўтиб кетди. Бор эътиборни мавсумнинг қолган қисмидаги ўйинларда муваффақиятли иштирок этишга қаратиш керак. Шунда мавсум аввалидаги омадсизликлар ўз-ўзидан эсдан чиқиб кетади.

- Собиқ жамоангиз “Бунёдкор” ОЧЛнинг гуруҳ босқичида деярли иложсиз вазиятдан чиқиб кетди. “Қалдирғочлар”нинг кутилмаган омадли иштироки ҳақида қандай фикрдасиз?

- Футболчилар янги тайинланган бош мураббий бошчилигида қаҳрамонлик кўрсатишди. Ҳеч қандай босимсиз ўйнашди ва деярли қўлдан кетган омадни қайтариб олишди. Сўнгги сонияларгача кураш олиб боришди ва оҳир-оқибат ниятларига етишди. Футболчилар кучли характерга эга эканликларини амалда исботлашди. Омад ҳам уларга кулиб боқди. Аммо, унутмаслик керак, омад кучлиларга кулиб боқади.

- Ўзбекистон миллий чемпионатида 7 та тур учрашувлари ортда қолди. Кузатиб бораётган бўлсангиз, таассуротлар қандай?

- Ҳозирнинг ўзидан чемпионлик учун кураш олиб борадиган жамоалар қолганлардан ажралиб чиқа бошлади. Бу клублар бир неча йилдирки, чемпионлик учун курашиб келишяпти. Етакчи 3-4 та клубда аввалги йиллар билан таққослаганда деярли ўзгаришларни сезмадим. Бу менинг шахсий фикрим. Кучли клублар ўзаро ўйинларда дуранг ўйнашяпти. Демак, кучлар деярли бир ҳил. Назаримда, иккинчи давра ўрталарига бориб бу борада тайинли бир фикр билдириш мумкин бўлади. Чунки, ўша пайтда жамоаларда толиқиш аломатлари кўзга ташланиб қолади. Қайси жамоа футболчилари таркиб борасида муаммога дуч келмаса ва кучни тўғри тақсимлаб борса, улоқ ўша клубда кетади. 

- Сервер, келаси ҳафта Европа Чемпионлар лигасида чемпион номи аниқланади. Сизнинг бўлажак учрашувга тахмингиз қандай ва қайси жамоага мухлислик қиласиз?

- Афсуски, мен мухлислик қилган жамоалар нуфузли турнирдаги иштирокларини якунлаб бўлишди. Шу боис, шунчаки бир футбол ишқибози сифатида ўйинни томоша қиламан. Ўйлайманки, финал ўз номига яраша бўлиб ўтади. Менимча, айни пайтда “Реал” кучлироқ кўриняпти. Лекин улар буни исботлашлари керак. Мадрид дербисида “Атлетико” ҳам осонликча таслим бўлмайди. Бу босқичга етиб келгунича жамоалар озмунча тер тўкишмади.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика