Latest news

11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  0 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  10 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  12 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  7 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  117 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31

Сардор Мирзаев: «Жамоамизнинг мақсади чемпионлик» News

Сардор Мирзаев: «Жамоамизнинг мақсади чемпионлик»

Жорий мавсумда ўз олдига юқори мақсадларни қўйган «Локомотив» клуби 8 август куни 17-тур доирасида Фарғонада «Нефтчи» жамоасига қарши майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ўз мавқесини мустаҳкамлаб олди.

Аммо мазкур учрашувда катта футболдаги илк қадамларини фарғоналиклар сафида қўйиб, кўп йиллар давомида «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилган, айни пайтда эса «темирйўлчилар» таркибида ўйнаётган Сардор Мирзаев майдонга тушмади. Биз маҳоратли ярим ҳимоячининг нима сабабдан собиқ клубига қарши кечган ўйинда қатнашмаганини аниқлаш мақсадида ундан интервью олдик. Суҳбат давомида футболчига ўзимизни қизиқтирган яна бир нечта саволлар билан муро­жаат қилдик. 


- Фарғонада кечган учрашувда майдонга тушмадингиз. Бунга нима сабаб бўлди?

- Тўғрисини айтсам, буни ўзим ҳам билмайман. Қайси футболчини ўйнатишни мураббийлар ҳал қилишади. Ўзингизга маълум, «Нефтчи» собиқ клубим. Фарғонада футболга қизиқиш кучли ва жамоа мухлислари ўта қизиққонлар. 8 август оқшомидаги ўйинда ҳам «Истиқлол» стадионига кўплаб ишқибозлар ташриф буюришди. Балки маҳаллий мухлислар босимидан асраш учун ҳам мураббийлар штаби мени майдонга туширмагандир? Чунки собиқ жамоангга қарши маҳаллий ишқибозлар олдида тўп суриш қийин. Менимча, масаланинг шу жиҳатлари  ҳам инобатга олинган бўлса керак. Яна ким билади, дейсиз? 

- Чемпионлик учун курашаётган клуб учун ҳар бир очко қадрли. Аммо кутилмаганда жамоангиз 16-турда ўз майдонида «Металлург» билан дурангга имзо чекди. Мазкур натижани қандай изоҳлайсиз? 

- Аслида бекободликларга қарши кечган баҳсда ёмон ўйин кўрсатмадик  ҳисобда ортда бораётиб, танаффусгача мувозанатни тикладик. Аммо иккинчи бўлимда тезроқ ғалаба тўпини киритиш учун бироз шошилдик. Менимча, шу нарса бизга панд берди. Оқибатда ниятимизга етолмай, дуранг­га имзо чекишга мажбур бўлдик. 

- «Локомотив» давралар оралиғидаги ўқув-машғулот йиғинини Австрияда ўтказиб, мазкур йиғин доирасида бир қатор ўртоқлик учрашувлари ўтказди. Умуман олганда, ҳал қилувчи босқич баҳсларига тайёргарлик қандай кечди? 

- Австрия ажойиб мамлакат экан. Мазкур юртнинг ҳавоси бизга мос. Футбол майдонлари сифати аъло даражада. Машғулотлар ўтказиш ва футбол ўйнаш учун барча шароитлар яратилган. Шу сабабли, кўплаб Европа жамоалари ўз йиғинларини айнан ушбу давлатда ўтказишади.

Австриядаги йиғин чоғида 4та назорат баҳси ўтказиб, 2та учрашувда ғалаба қозонган бўлсак, 1 ўйинда дурангга имзо чекдик ва яна бир баҳсда мағлубиятга учрадик. Дастлабки, яъни Исроилнинг «Маккаби» клубига қарши ўтказилган илк ўртоқлик учрашуви бироз қийин кечиб, унда 0:2 ҳисобида имкониятни бой бердик. Туркиянинг «Оқҳисор Беледияспор» ва «Коньяспор» жамоаларига қарши жуда яхши ўйин намойиш этиб, биринчи ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсак, «Коньяспор» билан бўлган баҳсда дурангга имзо чекдик - 1:1. Таъкидлаш жоизки, турк клублари билан бўлган ўртоқлик учрашувларида ҳеч бир жабҳада рақибдан қолишмадик.

Австриядаги сўнгги назорат ўйинини БААнинг «Ал-Айн» жамоасига қарши ўтказиб, 1:0 ҳисобида зафар қучдик.

Хориждаги 3 ҳафталик йиғин ва ўртоқлик учрашувлари иккинчи давра баҳс­ларида ўз самарасини бериши шубҳасиз. 

- «Локомотив» жорий мавсумда ўз олдига юксак мақсадларни қўйган. Лекин давралар оралиғида клубни легионерлар тарк этишди. Жамоа хорижлик футболчиларсиз ҳам ўз мақсадига эриша оладими?

- Тўғри, легионерларнинг ўрни ҳам билиниши мумкин. Аммо таркибимиздан энг сара маҳаллий ўйинчилар жой олишган. Шунинг учун ўз мақсадимизга эришиш учун барча имкониятларни ишга соламиз. Жорий мавсумда клубимиз Ўзбекистон чемпиони унвонини қўлга киритиш ҳамда мамлакат кубогини ўзида сақлаб қолиш учун астойдил курашади.

- Чемпионлик йўлида жамоангизга қайси клублар рақобат кўрсатишлари мумкин?

- Албатта, «Пахтакор» ва «Бунёдкор». Чемпион бўлиш учун мазкур клубларда ҳам имконият юқори. Лекин биз ҳам мақсадимизга етиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.

- Жамоа устози Вадим Абрамовнинг машғулотлар олиб бориш жараёни ва ўйин услуби хусусида нима дея оласиз?

- Вадим Карленович жамоани ранг-баранг тарзда шуғуллантиради. Унинг ўйинга қўллайдиган тактикаси умуман бошқаларникига ўхшамайди. Устозимиз асосан тўпни кўпроқ назорат қилиш, қанотлардан ҳужумга ўтиб, дарҳол прессинг қўллашни, шу тариқа рақибга умуман имконият қолдирмасликни уқтиради.

- Жорий мавсум баҳслари хусусида нима дея оласиз?

- Олдинги йиллар билан солиштирганда, бу йил миллий чемпионатимизда анча ўсиш кўзга ташланмоқда. Масалан, «Нефтчи» олдинги даражасига қайтяпти. Бошқа жамоаларнинг ўйинларида ҳам анча юксалиш бор. Рақобат шу каби мунтазам равишда бўлса, ички чемпионатимиз янада кучаяди. 

- Жамоангиз бу йил ўз тарихида илк марта Осиё Чемпионлар Лигаси мусобақасида иштирок этди. Лекин гуруҳдан чиқолмади. Ушбу омадсизликни қандай изоҳлайсиз?

- Таъкидлаганингиздек, клубимиз мазкур нуфузли турнирда биринчи марта қатнашди. Шу боис, жамоамизга тажриба ва маҳорат етишмади. Шундай бўлса-да, ОЧЛда анча тажриба тўплашга эришдик.

- ОЧЛ доирасидаги ўйинлардан бирида - Ар-Риёдда Саудия Арабистонининг  «Ал-Ҳилол» дарвозасига урган голингиз жуда чиройли кўриниш олганди...

- Ростдан ҳам гол чиройли чиқди. Ҳисоб 2:0 бўлиб турганида, 35-40 метрлар чамаси узоқликдан кучли зарба бериб, дарвозани аниқ нишонга олгандим. Тўғрисини айт­сам, бундай ажойиб тарзда тўп киритаман, деб ўйламагандим. Афсуски, ўша учрашувда 1:3 ҳисобида имкониятни бой бергандик. 

- Сиз фарғоналиксиз ва кўп йиллар давомида «Нефтчи» шарафини ҳимоя қилгансиз. «Локомотив» таркибига қўшилишингиз қай тариқа юз берди? 

- 2013 йили фарғоналиклар билан тузилган шартномам ниҳоясига етди. Ўтган мавсум арафасида «Локо­мотив»­дан таклиф тушди ва буни қабул қилдим. Боиси, менда «темирйўлчилар» таркибида маҳоратимни ошириш имконияти пайдо бўлганди ва уни қўлдан чиқармадим. Ушбу қароримдан афсусланмайман. Боиси, «Локомотив» таркибида ўз маҳоратимни ошириб, анчагина тажриба тўпладим. Шунингдек, жорий йилнинг 29 март куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик учрашувида миллий термамизда дебютимни нишонладим. Бош жамоага номзод футболчилар қаторидан ўрин олганимдан хурсандман. Яна миллий терма жамоамиздан чақирув олсам, мураббийлар ишончини оқлаш учун бор имкониятларимни ишга соламан. 

- ЖЧ-2018 ва ОЧ-2019 саралаш баҳс­ларида иштирок этаётган бош жамоа­мизнинг гуруҳдаги ҳолати унчалик қониқарли эмас. Сизнингча, миллий терма жамоамизда вазиятни ижобий томонга ўзгартириш имконияти борми?

- Албатта. Боиси, эндигина 2та тур баҳслари ўтказилди ва олдинда яна кўплаб учрашувлар бор. Фақат бунинг учун кейинги ўйинларда ғалаба қозониш шарт. Насиб қилса, терма жамоамиз ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллайди. 

- Футболга қай тарзда кириб келгансиз?

- Дадам ҳаваскор футболчи бўлган. Эсимни таниганимдаям отам футбол ўйнашни канда қилмасди. Шу боис, «миллионлар ўйини»га бўлган қизиқишим 6 ёшимданоқ бошланган. Аввал кўча-кўйда футбол ўйнаб юрдим. Тўртин­чи синфни тамомлаганимдан сўнг дадам мендаги иқтидорни сезиб,  қўлимдан етаклаб, Фарғона вилоят футбол мактаб-интернатига олиб борган. Ушбу ўқув даргоҳида Ойдинбек Алиев ва Дурбек Мирзабоев футболдан таҳсил берган илк мураббийларим ҳисобланишади. Футбол мактабида 5 йил таҳсил олиб, кейин «Нефтчи» клубига кўрикдан ўтиш учун келдим. Омадим чопиб, кўрикдан яхши ўтдим ва 2008 йили жамоага қабул қилиндим. Аввалига ўринбосарлар таркибида тажриба тўпладим. 2009 йилги мавсумдан бошлаб клубнинг ўша пайтдаги устози Юрий Саркисян менга ишонч билдириб, асосий таркибда майдонга тушир­ди. Тўғри, бошланишида бироз қийин бўлди. Лекин ўйиндан - ўйинга тажрибам ошиб борди. Фарғоналиклар таркибида 2013 йилгача тўп сурдим. 2014 йилдан эса фаолиятимни «Локомотив»­да давом эттиряпман. 

Тўғрисини айтадиган бўлсам, «Нефт­чи» сингари мамлакатимизнинг етакчи клуби асосий таркибида 18 ёшимдаёқ тўп сураман, деб ўйламагандим. Аммо омадим бор экан, бу менга насиб этди. Фурсатдан фойдаланиб, менга ўша пайтда асосий таркибдан жой берган таниқли мутахассис, айни пайтда «Бунёдкор»да фаолият олиб бораётган Юрий Вазгеновичга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

- Маълумотларга кўра, «Нефтчи» таркибида 2009-2013 йиллар мавсумида 75та ўйинда иштирок этиб, 6та гол урган экансиз...

- Фарғоналиклар сафида шунча учрашувда иштирок этганим рост. Лекин урган голларим борасидаги маълумот нотўғри. Менимча, бу борадаги кўрсаткичим янада юқори.

- Гарчи «Локомотив» чемпионлик учун кураш олиб бораётган бўлса-да, негадир жамоангизнинг ўз майдонида кечадиган ўйинларига мухлислар ташрифи кам. Сизнингча, бунинг сабаби нимада? 

- Тошкентда футбол клублари кўп. Балки шунинг учун жамоамизнинг уй учрашувларига томошабинлар камроқ ташриф буюришаётгандир. Аммо сўнгги пайтларда стадионимизга ишқибозларнинг ташрифи анча ошди.

Барча мухлислар қизиқарли ва кескин курашлар остида кечадиган футбол томоша қилишни хоҳлашади. Бунинг учун биз - футболчилар кўпроқ мазмунли ўйин намойиш этишимиз керак. Шунда ўйингоҳларга ташриф буюрадиган ишқи­бозлар сони ҳам ортади.

- Футболдан бўш вақтингизда нима билан шуғулланасиз?

- Кўпроқ оилам ва дўстларим даврасида бўлишни маъқул кўраман.

- Футболдан ташқари, яна қайси спорт турига қизиқасиз?

- Теннисга, лекин унчалик яхши ўйнолмайман (кулади).

- Футболчиликни танлаганингиздан афсусланган пайтларингиз ҳам бўлганми?

- Йўқ, аксинча, бундан фахрланаман. Боиси, шу касбнинг орқасидан кўплаб юртларда бўлдим, дўстлар орттирдим, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида жаҳон чемпионатида иштирок этдим, миллий терма жамоа таркибида тўп сурдим. 

- Қайси футболчининг ўйинларига ҳавас қиласиз?

- Ёшлигимдан Каканинг ўйинларини кўп маротаба кузатганман ва унинг майдондаги хатти-ҳаракатлари ёқади. Шунингдек, унинг камтарлигига ҳавас қиламан. Ҳамюртларимиздан эса Россиянинг «Краснодар» ва миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовнинг ўйинларидан завқ оламан.

- Қайси мамлакат миллий чемпионати ўйинларини томоша қиласиз ва қайси клубга мухлислик қиласиз? 

- Испания Ла-лигаси учрашувларини кузатаман ва Мадриднинг «Реал» жамоасига мухлислик қиламан. 

- Мухлисларга тилакларингиз...

- Ишқибозлар бахтимизга ҳамиша соғ бўлишсин, мухлислик қиладиган жамоалари доимо ғалаба қозонаверсин.


Rating: -1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика