Latest news

12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  0 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  1 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  12 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  15 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  9 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  121 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9

Сардор Эминов: “Водий дербиларини сабрсизлик билан кутяпман” News

Сардор Эминов: “Водий дербиларини сабрсизлик билан кутяпман”

Сурхондарёлик футболчи Сардор Эминов ўтган мавсум “Сўғдиёна” сафида мазмунли ўйинлари билан кўпчиликни эътиборини тортганди.
Шу боис унга бу йил бир қатор клублардан қизиқиш пайдо бўлди. 28 ёшли футболчи эса якунда “Қўқон-1912” таклифини қабул қилиб, жорий мавсумни водий жамоасида ўтказадиган бўлди.

- Сардор ака, сизни ўтган мавсум “Сўғдиёна”да ўйнаганингизни яхши биламиз. Лекин унга қадар кўпчилик сиз ҳақингизда очиғи билмасди. Шу боис дастлаб ўзингиз ҳақингизда тўхталиб ўтсангиз?
- 1987 йили Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилганман. Болалагимда миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш юқори бўлгани учун ҳам, эътиборимни футбол ўйнашга қаратганман. 12 ёшимда Сариосиё туманидаги футбол мактабига бориб, футболнинг илк сир-асрорларини ўргана бошлаганман. У ерда биринчи мураббийим Абдужалил Воҳидов бўлган. 10 синфни тугатганимдан сўнг ўша вақтда олий лигада иштирок этган “Тўпаланг” жамоасига қабул қилинганим. Аввалига ёшлар жамоасида ўйнадим. Қолаверса 2007 йили элитада дебют қилишга муваффақ бўлганман. Ўша пайтда жамоада Владимир Бордюжа, Бахтиёр Бозоров ҳамда Владимир Андреев каби маҳаллий мураббийлар ишлаганди. Бахтиёр Бозоров биринчи даврадан кейин бошқарувни ўз қўлига олгач, мени асосий таркибга жалба этган.

- Олий лигада дебютингиз қайси жамоага қарши ўйинда юз берган?
- (Бироз ўйланиб)Тўғриси, ҳозир буни яхши эслолмайман.



- Ўша вақтда сиз каби жамоага қабул қилинган ўйинчилардан бугунги кунда кимлар футболчилик фаолиятини давом эттирмоқда?
- Бу борада Михаил Наумов, Илҳом Шомуродов, Абдумажид Тоиров каби ўйинчиларни айтишим мумкин. Улардан ташқари Вали Келдиев, Тўлқин Мирзаев, Алишер Бозоров, Нажмиддин Мелиқулов сингари сурхондарёлик футболчилар ҳам ўйнаганди.

- “Тўпаланг”дан кейинги жамоангиз қайси бўлган?
- Кейинчалик биринчи лига иштирокчиси “Шўрчи-Лочин” жамоасида қисқа фурсат ўйнадим. Ундан сўнг Тожикистон чемпионати иштирокчиси бўлган “Регар-Тадаз” жамоасидан таклиф тушди. Ўзимни қўшни чемпионатда синаб кўриш мақсадида турсунзодаликлар чақирувини қабул қилганман. У ерда 2008 йилдан бошлаб 2013 йилга қадар ўйнадим.

- “Регар-Тадаз”даги фаолиятингиздан кўнглингиз тўлганми?
- Ҳа, албатта. Бу жамоанинг ўзига яраша тарихи бор. Адашмасам Тожикистоннинг 9 карра чемпиони. “Регар-Тадаз”да ўйнаб бир марта чемпион бўлдим. Ундан ташқари жамоам билан чемпионатда кумуш медалларини қўлга киритдим. Мамлакат Кубоги соҳиби бўлдик.

- Клубдаги шароитлар қай даражада бўлган?
- Клуб менга алоҳида уй берганди. Мендан ташқари жамоада бразилиялик футболчилар ҳам ўйнаган. “Регар-Тадаз” ўз вақтида Тожикистоннинг биринчи рақамли жамоаси бўлган. Шу боис клубдаги ташкилотчилик ва шароитлар ҳам юқори даражада эди.

- Молиявий шароитларчи?
- Жамоанинг бош ҳомийси алюминий ишлаб чиқариш заводи эди. Мен ўйнаган пайтларда пул томондан айтарли муаммо бўлмаган. Ойлик маошларимизни ўз вақтида олганмиз. 2013 йилга келиб, бу борада муаммолар келиб чиқа бошлади. Ҳозир эса бу борада вазият қандай эканлиги менга қоронғу.



- Сиз билан бирга ўзбекистонлик футболчилар ҳам бўлганмиди?
- Бекободлик Аббос Абдуллаев мен жамоага боргунимга қадар “Регар-Тадаз”да ўйнаган экан. Жиззахлик дарвозабон Фарҳод Йўлдошев билан битта жамоада ўйнадим. Қолаверса бошқа клубларда яна бир қатор ўзбекистонлик футболчилар бўлган.

- “Сўғдиёна”га ўтишингиз қандай амалга ошган?
- 2014 йилда Ўзбекистонга қайтиб, олий лига жамоасида ўйнаш иштиёқи юқори бўлган. Даврон ака Файзиев эса мени ўз жамоасига таклиф этиб, кўрикдан ўтишни айтган. Ўйланиб ўтирмай, “Сўғдиёна” йиғинига бориб қўшилганман. Ўзимни ижобий томондан кўрсата олганман шекилли, жамоа менга шартнома таклиф қилган. Келишув бир йилни ўз ичига олганди.

- Тожикистондаги беш йиллик фаолиятингиздан сўнг Ўзбекистон чемпионатига қайтгач, қандай фарқни сезгансиз?
- Албатта чемпионатларни бир-бирига таққослаганда фарқ бор. Яъни миллий чемпионатимиз тезкор футболи билан устун туради. Жамоаларни савияси ва моддий шароит томондан ҳам олиб қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон чемпионатини кучли деб биламан.

- “Сўғдиёна”да ўйнай бошлаганингизда аввалига қийин бўлганми ёки...?

- Ҳамма жойда ўзига яраша қийинчилик бўлади. Хусусан Жиззахда ҳам. Лекин ўз устимда кўпроқ ишлаб, жамоага мослашиб кетишга харакат қилганман. Имкон қадар “Сўғдиёна”га фойда келтиришга уриндим.

- Жиззах жамоасидаги бир йиллик фаолиятингиздан сўнг қандай таассуротлар қолди?
- Жамоада футболчилар бир-бири билан аҳил-иноқ эди. Ҳудди бир оила каби. Ички муҳит зўр бўлган. Аммо молиявий шароитлар кўнгилдагидек эмаслиги натижамизга салбий таъсирини ўтказмасдан қолмади. Раҳбарият томонидан озгина эътибор қаратилганида менимча жамоа чемпионатда камида 8-ўринни эгалларди. Таркибда яхши йигитлар йиғилганди.

- Бундан чиқдики жамоани тарк этишингизга ҳам айнан молиявий шароитларнинг паст даражада эканлиги сабаб бўлган?
- Ҳа, шундай. Агарда моддий жиҳатдан ишлар қониқарли бўлганида нафақат мен балки бошқа ўйинчилар ҳам қолган бўларди. Истайсизми йўқми барибир ҳар қандай футболчи молиявий томондан шароити яхшироқ бўлган жамоада ўйнашни истайди. Чунки ҳаммани ўзига яраша ташвиши бўлади. Ўтган мавсум якунига етгач, олий лиганинг бир қатор клубларидан таклифлар бўлди. Узоқ ўйланишлардан сўнг жамоамни ўзгартиришга қарор қилдим.

- Сир бўлмаса қайси жамоалардан таклиф бўлганди?
- Олдимда 3-4та вариант турганди. Лекин мен ундан “Қўқон-1912”ни танладим. Қолганлари ҳақида энди гапиришдан наф йўқ.

- “Қўқон-1912”га ўтишингизга нима туртки берди?
- “Сўғдиёна”да вазиятни ижобий томонга ўзгаришини кутиб, январь ойига қадар машғулотларда иштирок этиб келдим. Бироқ ижобий томонга ўзгариш бўлмади. Шу пайтда “Қўқон-1912” бош мураббийи Рустам ака Абдуллаев мени ўз жамоасига таклиф этди. Бу клуб яна олий лигага қайтди ва ўз олдига юқори мақсадларни қўймоқда. Раҳбарият томонидан ҳам эътибор яхши эканлиги кўриниб турибди. Бундан ташқари ўтган йили “Сўғдиёна”да мен билан бирга ўйнаган Ориф Мамажонов ҳам “Қўқон-1912”га ўтганини айтиб, мени ҳам чорлади. Шундан кейин 20 январдан қўқонликларнинг йиғинига келиб қўшилдим.

- Янги жамоадаги илк таассуротлар қандай?
- Ҳаммаси кўнгилдагидек. Йигитлар яхши қабул қилди. Шу боис жамоага киришиб кетишим қийин бўлмади. Ҳамма билан муносабатим яхши. Янги мавсумга муносиб тайёргарлик кўриш учун клуб раҳбарияти томонидан яратилган шароитлар ҳам аъло даражада. Фақат ўйнаш керак.



- Янги жамоангиз билан шартнома имзоладингизми?
- Ҳа, ўзаро келишувга кўра 1 йиллик битим имзоладик.

- Эндиликда олдингизга қандай мақсадларни қўйгансиз?
- Ўзимни ҳар жиҳатдан кўрсатиш ва жамоамнинг ютуқларига ҳисса қўшишни истайман. Қисқача айтганда, ўзимга билдирилган ишончни тўла оқлаш учун бор кучим билан ишлайман.

- “Қўқон-1912” ПФЛ Кубогида иштирок этмоқда. Жамоангиз кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Умуман олганда, турнир ҳақида фикрингиз қандай?
- Ушбу турнирда ўтган йили “Сўғдиёна” сафида ҳам иштирок этгандим. Мана эндиликда “Қўқон-1912” жамоаси таркибида ўйнаяпман. Жамоам гуруҳ босқичида ўтказган ўйинларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ҳар бир ўйин қийин кечди. Гарчи у биринчи лига жамоаси бўлса ҳам. Шунга қарамай гуруҳдан кейинги босқичга чиқдик.

- Чемпионат бошланишига ҳам тобора оз фурсат қолмоқда. Бу йил ундан нима кутяпсиз?
- Бу йил 16та жамоа иштирокида чемпионат қизиқарли ўтишини ва ундан мухлислар роҳтланишини истардим. Медаллар учун курашадиган клублар сони ортади деган умиддаман. Насиб қилса “Қўқон-1912” жамоаси ҳам ишқибозларни хурсанд қилади.

- Қўқонлик ишқибозлар ҳақида оз-моз тушунчага эга бўлдингиз. Фикримизга қўшиласизми?
- Ҳа, яқинда Фарғонада ўтказилган ҳоким кубоги турнирида иштирок этганимизда жамоани қўллаб-қувватлаш учун кўплаб қўқонлик ишқибозлар борганини кўрдик. Улар бизни учрашув давомида етарлича қувватлаб руҳий томондан далда бўлишга интилди. Нафақат Қўқонда балки водийда одамлар футболни яхши кўради. Шунинг учун у ерда стадионга мухлисларнинг ташрифи юқори бўлади.

- Бўлажак водий дербиларига тайёрмисиз?
- Албатта. Буни сабрсизлик билан кутяпман. Илгари бошқа футболчилардан водий дербиси ҳақида эшитганман. Бу йил насиб қилса ўзим унда иштирок этаман. Водийнинг тўртта клуби ўртасида жиддий кураш кечади. Стадион ҳам тўлишини айтишмоқда. Бундай муҳитда футбол ўйнаш менимча ҳар қандай футболчига завқ бағишлайди.

- “Қўқон-1912”нинг янги мавсумга кўраётган ҳозирлиги ҳақида нима дейсиз?

- Тайёргарлик авжида. Вазиятга реал ёндошадиган бўлсак, бу йил энг аввало олий лигадаги ўрнимизни сақлаб қолишимиз муҳим аҳамият касб этади. Ўйлайманки буни амалда бажарса бўлади. Чунки таркиб яхши йиғилди. Машғулотларни ҳам қониқарли дейиш мумкин. Қолганини мавсум кўрсатади.


Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика