Latest news

12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  0 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  0 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  1 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  12 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  15 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  9 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  121 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3

Санжар Турсунов: “Мураббийга тинчланишини айтдим. Мен қоламан” News

Санжар Турсунов: “Мураббийга тинчланишини айтдим. Мен қоламан”

Украина чемпионатида Максим Шацких ва Виталий Денисовдан сўнг Санжар Турсунов ҳам ўз ўйинлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлаётгани биз учун қувонарлидир.
Полтаванинг “Ворскла” клубида тўп сураётган ярим ҳимоячи учун якунланган мавсум ҳар томонлама муваффақиятли кечди. У ўз жамоаси билан олдига қўйилган вазифани бажаришдан ташқари жорий чемпионатда клубнинг энг яхши футболчиси деган шарафли номга ҳам сазовор бўлди. Унинг “Ворксла”нинг энг яхши футболчиси бўлгани Турсуновнинг имкониятлари юқорилиги кўрсатиб берди. Легионер номини муносиб равишда оқлаган футболчимиздан полтаваликларнинг янги мавсумда ҳам умиди катта.  



- “Ворскла” клубининг сайтида йилнинг энг яхши ўйинчиларига овоз бериш жараёни ўтказилди ва унда сиз бошқаларни катта фарқ билан ортда қолдирган ҳолда энг яхши ўйинчига айландингиз...

- Ҳа, менинг ҳам клуб расмий сайтида овоз бериш жараёни бўлаётганидан хабарим бор эди. Унинг дастлабки 30 фоизини кузатгандим. Адашмасам, 60 фоиздан кўпроғини йиққанман. Жамоанинг энг яхши футболчиси бўлиш албатта катта шараф. Биласизми, яхши ўйинчилар жамланган жамоада энг яхшиси бўлиш – бу ақлбовар қилмайди. “Ворскла”да узоқ йиллардан бери тўп суриб, мухлислар меҳрини қозониб келаётган футболчилар кўп. Қайси футболчи энг яхши ўйинчи бўлганидан қувонмайди дейсиз?! Мен ҳам бундан жуда хурсандман. Ўйлайманки, бундай ютуқнинг ўзига хос ижобий томонлари бор. 

- Бу борада клуб томонидан қандайдир махсус соврин жорий этилганми?
- Ҳозир бу саволингизга аниқ жавоб бера олмайман. Қачонки, клубга қўшилганимда бундан бохабар бўлишим мумкин. Балки улар менинг у ерга боришимни пойлаб нимадир тайёрлаб қўйишгандир.

- “Ворскла”га қачон қўшиласиз?
- Жамоамиз 21 июнда йиғилди. Лекин мен паспортимни янгилашим керак. Боз устига оз-моз дам олишим лозим. Чунки чемпионатдан сўнг хордиқ чиқаришга вақтим бўлмади. Шунинг учун футболдан бироз узоқда бўлиб, кейин жамоага қўшиламан.



- Украина чемпионатига жуда тез киришиб кетдингиз. “Ворскла”да қандай ўйнаркинсиз, дея ҳавотирда ҳам эдик. Аммо ушбу клубда “йўқолиб” қолганингиз йўқ. Сизнинг фойдали коеффициентингиз юқори даражада бўлди. У ерга мослашишда муаммоларга дуч келмаганмисиз?
- Йўқ, у ерга борганимда ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Мени жамоадагилар худди эски қадрдонидек кутиб олишди ва тезда мослашиб кетдим. Шундай клублар бўладики, унга кўникиш қийин кечади ва натижада кутилган ўйинни ҳам кўрсата олмай қоласиз.

- Қандай фикрдасиз, балки энди ўзингиз учун ҳар томонлама мос клубни топгандирсиз?
- Мен ҳам шундай деб ўйлайман. Барча ўйинларни бошланғич таркибда ўтказдим. Асосийси, мураббийлар менга тўлиқ ишонишди. Ҳар қандай футболчи ўзига нисбатан ишончни сезса ва доимий ўйин амалиётига эга бўлиб, фойдаси тегса, ўз жамоамни топдим деб ҳисоблайди.

- Украина чемпионатидаги иштирокларингиз орасида сиз учун ёқимли хотира қолдирган ўйинлар бўлдими?
- Ҳа. Бундай учрашувлар кўп бўлди. Мавсум охиридаги олтита ўйинда кетма-кет ғалаба қозондик. Сиз айтгандек, ёқимли таассурот қолдирган ўйинлар сифатида “Шахтёр”га қарши учрашувни айтишим мумкин. Ўшанда биз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Шунингдек, “Днепр”га қарши қийин кечган баҳсда дурангга эришдик. Яна бошқа учрашувларда охирги дақиқаларда гол уриб ютиб кетган ўйинларимиз ҳам бўлди.



- Украина чемпионати ҳақида гапирганимизда биринчи навбатда кўз олдимизга Максим Шацких келади. Сиз эса унинг ҳамюрти сифатида ўша мамлакатда фаолиятингизни давом эттиряпсиз. Айтинг-чи, кимдир сизга Шацкихнинг натижаларини эслатдими?
- Максни Украинада ҳурмат қилишади. Очиғи, у ердаги мавқеи жуда баланд. “Динамо” таркибида чемпионатда ва Чемпионлар лигасида кўрсатган ёрқин ўйинларини ҳалигача мароқ билан эслашади ва бундан кейин ҳам ёдга олиб юрадилар. У ерга борганимда кўпчилик мендан Шацких билан ўйнаганмисан, деб сўрашарди. Барибир “Ворскла”га биринчи марта борганимда менинг Ўзбекистондан эканлигимни билишгач, Максим Шацких билан Виталий Денисовни эслашди.

- Шацких билан доимий алоқада бўлиб турдингизми?
- У билан асосан “Говерла” билан ўйнаганимизда кўришардик.

- “Ворскла” билан ажойиб мавсумни ўтказганингиздан кейин ҳамма сизнинг кейинги фаолиятингиз билан қизиқяпти...
- Клуб билан ўртамиздаги шартномам 30 июнда тугайди. Лекин бу ҳавотирли эмас. Чунки биз клуб билан шартномани яна бир йилга узайтиришга келишиб олдик. Жамоамиз янги мавсумда Еврокубокда иштирок этади. Мақсадимиз у ерда ҳам яхши натижа кўрсатиш. У ерга борганимдан кейин шартномага имзо чекаман. Тўғриси, бундан биринчи бўлиб сиз хабар топдингиз. Уйга қайтаётганимдаёқ улар шартномага қўл қўйиб кетишимни айтишганди. Аммо уларга шошилмасликни, аввал уйга бориб келишимни ва сўнгра бемалол янги битим имзолашга вақтимиз бўлишини айтгандим. Мураббий билан ҳам телефон орқали гаплашдим ва унинг тинчланишини, албатта янги мавсумда ҳам “Ворскла”да тўп суришимни айтдим.



- Бундай саволни бежизга бермагандим. Негаки, олдингизда яхши таклифлар ҳам бор эди, тўғрими?
- Ҳа, вариантларим бор эди. Боя айтдим-ку, “Ворскла” мураббийлари менга ишонишади. Шундай экан, иссиқ жойимни ташлаб кетиб нима қиламан? Балки кейинчалик қандайдир ўзгариш бўлиши мумкин. Аммо ҳозир “Ворксла”даман. Сиз ҳам биласиз, футболчи бугун бу ерда бўлса, эртага бошқа жойда пайдо бўлиб қолиши мумкин.

- Умумий маънода мавсум сиз ва жамоангиз учун қониқарли кечди. Бунга зид равишда сиз учун камчилик ёки муаммолар ҳам бўлдими?

- Чемпионат бошланишидан аввал олдимизга еврокубокларда қатнашиш вазифаси қўйилганди. Мавсум якунида эса қўйилган мақсадни бажардик. Шу боис ҳаммаси биз учун кўнгилдагидек кечди, ҳеч қандай муаммолар бўлмади. Ҳа, ҳар бир жамоа имкони борича юқори ўринларга интилади. Ҳозирча бизнинг кучимиз 5-ўринга етди. Ростми-ёлғонми билмадиму, 4-ўриндаги “Зарья”дан уч очко олиб ташлашди ва унинг ўрнига бизнинг чиқиб олганимизни айтишди. Лекин бу қанчалик ҳақиқатлигини у ерга борганимдан сўнг билиб оламан.

- Полтавадаги ҳаётингиз қандай кечди?
- Бир кунлик куним шундай ўтардики, эрталаб уйғониб машғулотга ҳозирлик кўрардим. Баъзида машқ қилишимиз соат 2 ёки 3 да, бўлмаса кечки 5-6 да бошланарди. Айниқса, ёз фаслида машғулотларимиз кечки салқинда бўлади. Ҳар доим тайёргарликдан икки соат олдин барчамиз клуб қароргоҳида тўпланамиз. Машғулотдан кейин дам олишни яхши кўраман. Баъзи пайтларда жамоадошларим билан оилавий тарзда кўчада сайр қиламиз ёки бирор жойда ўтириб овқатланамиз. Бу ҳол жамоанинг ёқимли анъаналаридан бири. Қувонарлиси, “Ворскла”да жуда аҳил жамоа йиғилган.



- Сиз учун қизиқарли воқеалар ҳам бўлиб турадими?
- Мен билан боғлиқ?! Очиғи, ҳозир эслай олмаяпман.

- Ижтимоий тармоқлар орқали сизнинг ажобтовур расмларингизни кўрдим.
- Клубда барчамиз кулишиб юрамиз. Шу боис ҳамма бир-бири билан ҳазиллашишни яхши кўради. Тўғриси, мен ҳам жим юрмайман ва кўпинча шерикларим билан ҳазил қилиб тураман. Улар мени расмга олишганида эса ўзим буни сезмай қоламан ва тушган расмимни интернетда кўриб ҳайрон қоламан.

- Дарвоқе, бироз кеч бўлса-да, сизни оила қурганингиз билан муборакбод этамиз. Бахт тўйингизга жамоадошларингиз ҳам ташриф буюришди.
- Тўйим муддати аниқ бўлгач, барча жамоадошларимни таклиф қилганман. Ҳар бир клубда футболчининг ўзига яқин инсонлари, сирдошлари бўлади. Ана шундай дўстларим албатта тўйингга борамиз, тўйинг бизсиз ўтмайди деб кўнглимни кўтардилар. Улар сўзида туриб менинг тўйимга келишди ва бундан хурсанд бўлдим. Ҳаммаси Ўзбекистонга биринчи марта келишганини ва тезда мамлакатимиз уларга ёқиб қолганини бир неча бор айтдилар. Кейинги сафар ҳам албатта дам олиш учун бу ерга келишларини режалаштириб қўйдилар. 

- Уларни телефон орқали таклиф қилдингизми?
- “Ворскла”да юрган пайтимда тўйим куни аниқ бўлганди. Шунинг учун ҳар бир футболчини алоҳида таклиф қилиб чиққанман. Яна кўпчилиги келмоқчи эди, аммо қолганлари айрим сабаблар туфайли қатнаша олмадилар. Шунга қарамай, клубдан 12-13 та вакил келди.



- Оғир ўтган чемпионатдан сўнг ҳар қандай футболчи дам олишни хоҳлайди. Лекин сиз тўй ташвишлари билан бўлдингиз. Бу ҳолат сизни чарчатиб қўймадими?

- Йўқ. Нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак-ку. Кейин ҳам дам олавераман.

- Полтавада сиз ёқтирадиган ва доим ўша ерга борадиган масканингиз борми?
- Шаҳар марказияда “Алия” номи билан юритилувчи ажойиб жой бор. Агар базада овқатланмасак жамоадошларимиз билан бирга ўша ерга борамиз. Сайр қилиб юриш учун ҳам жуда қулай маскан. Бунга ўхшаган яхши жойлар кўп. 

- Мавзуни бироз ўзгартирмоқчиман. Яқинда терма жамоамиз билан КХДРга қарши учрашувда иштирок этдингиз. Таассуфки, ушбу ўйин биз учун омадсиз якун топди. Ўша ўйинда нималар рўй берди?
- Келинг, терма жамоани муҳокама қилмайлик. Кейинги ўйинимизни сентябрда ўтказамиз. Ўшанда бошқача натижа кўрсатамиз. Ҳамма жамоада ҳар хил вазиятлар бўлиб туради. Бундай нохуш ўйин охирги марта бўлди деб ўйлайман. Ҳали албатта вазиятни ижобий томонга ўзгартира оламиз.

- Ҳазиломуз савол. Футболчи бўйдоқлик сафини тарк этганидан кейин олдинги ўйинини кўрсатишга қийналади ёки бироз вазнга эга бўлиб қолади. Бу борада қандай эхтиёткорлик чораларини кўряпсиз?

- Менда фақат яхши томонга ўзгариш бўлади деб ўйлайман. Вазн тарафидан эса ҳеч қандай муаммом йўқ. Бўйдоқлигимдан кўра янада яхшироқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан.



- Клуб томонидан сиз учун алоҳида уй ажратилган бўлса керак-а?
- Ҳа, жамоа ҳамма футболчига квартира берган ва уларнинг қаторида менга ҳам. 

- Шунингдек, легионер футболчиларга клуб томонидан алоҳида машина ҳам ажратилади...
- Полтава Тошкентга ўхшаб катта шаҳар эмас. Футболчилар билан яқин-яқин масофаларда жойлашганмиз. Рости, бизга машинанинг кераги ҳам йўқ. Ҳар доим машғулотдан ярим соат олдин жамоадошлар билан бирга кофеда йиғиламиз. У ерда эса 5-6 та машина бўлади ва истаганига ўтириб кетаверасиз. Бу жиддий муаммо эмас.

- Клубда яқин дўстингиз ким?
- У ерда яқин дўстларим кўп. Кимндир айтиб, кимдир ёдимдан чиқиб қолса хафа бўлиб қолиши мумкин.

- Куни-кеча “Ворскла” клубининг энг қиммат ўйинчилари рўйхати эълон қилинди ва унда сизнинг нархингиз 1, 2 млн доллар сифатида баҳоланган. Бундан хабарингиз борми?
- Мен ҳам яқинда кўриб қолдим ва худди шу суммани ёзишган. Лекин “Ворскла”нинг бошқа футболчилари нархи қанча экан деб қизиққаним йўқ.



- Барибир сиз учун белгиланган нарх эътиборингизни тортдими?
- Йўқ, катта эътиборимни тортмади. Шунчаки кўриб, ўқидим, шу холос.

- Суҳбатимиз якунида мухлисларингиз учун қандай гапингиз бор?
- Бизни ҳар хил вазиятда олқишлаб туришини истайман. Фақат яхши кунларда эмас, балки қийналган пайтларимизда ҳам далда бўлиб туришсин. Ҳаётда қувончли кунлар ҳар куни ҳам бўлавермайди. Шунинг учун мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашига муҳтожмиз.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
“Футбол Экспресс” газетаси  

Сайтимизнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари
Твиттер
Фэйсбук
Инстаграм
mytube.uz
youtube.com
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика