Latest news

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  95 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  27 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Penalty: Сервер Жепаров: "Тошимицу Ёшиданинг бекор қилган пенальтиси ёдимдан чиқмайди" News

Penalty: Сервер Жепаров: "Тошимицу Ёшиданинг бекор қилган пенальтиси ёдимдан чиқмайди"

Анчагина танаффусдан кейин лойиҳамиз яна давом этади. Бу сафар суҳбатга Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси бўлган Сервер Жепаровни чақирдик.

Таклифимизга лаббай деб жавоб берган Сервер табиатан жуда ҳам хушчақчақ инсон экани сезилди. У саволларга эринмай, тўлиқ жавоб бергани ҳам эътиборимизни тортди.

Матлуба Саъдуллаева: - Ёшликни ёдга олсак...
- Чирчиқда туғилганман, ўша ерда катта бўлганман. 5 ёшдан гимнастика билан шуғулланишни бошлаганман. Отам гимнастика бўйича спорт устаси номзоди бўлган, бироқ охиригача етказмаган. Онам мени мусиқачи бўлишимни истаганди (кулади). Отам эса спортчи бўлишимни хоҳлаган. 9 ёшимдан бошлаб футболга қатнай бошлаганман. Чирчиқдаги стадионга бориб шуғулланардим. Ҳозир унинг ўрнида "Аква парк" қад ростлади. Асосан ўзимдан катталар билан ўйнаганман. Ўзингдан катталар билан ўйнашнинг фойдали томонлари кўп. Сабаби улардан кўпроқ нарса ўрганса бўлади.

Нарзулла Сайдуллаев: - Кўплаб жаҳон юлдузлари ёшликни қашшоқликда ўтказишган. Сервер Жепаровда қандай бўлган?
- Менда ҳам шундай. Баъзан уйда музлаткични очганда фақат сариёғ бўларди...Калбасани эса жуда ҳам кам кўрардик. Асосан Собиқ Иттифоқ парчаланишидан олдин шундай бўлган. Оилам шундай даврни бошидан кечирган. Биринчи маошимни "Навбаҳор"дан олганман. Уни дарҳол отамга олиб келиб берганим ёдимда.


Матлуба: - Нега гимнастикадан кетгансиз?
- Бир неча йил иккала спорт турига ҳам борганман. Олдимда мусиқа мактаби, гимнастика ва футболни танлаш варианти бўлганди. Отам иккита спорт тури билан шуғулланиш жуда оғирлигини айтган ва мен футболни танлаганман. Сабаби ёшлигимдан футболни севардим. Кўчада болалар билан тўп тепардик. "Минус 15" ўйинини ўйнардик. Доим стадиондан ўтардим. Раҳмонов Алексей айнан шу инсон мени футболдаги биринчи мураббийим бўлган.

Нарзулла: - "Навбаҳор", "Пахтакор" ва "Бунёдкор"даги фаолиятингиз ҳақида қисқа эслаб ўтсангиз...
- Республика Олимпия Захиралари Коллежида ўқиб юрганимизда жамоалар бизга эътибор қаратишни бошлашган. Биз Косонсойда маҳаллий жамоага қарши иккита ўйин ўтказганмиз. Шундан сўнг "Навбаҳор"нинг ўша пайтдаги мураббийлари Виктор Жалилов ва Амет Мемет мени таклиф қилишган. Мен билан бирга Вадим Ничунаев, Отабек Раҳмонқулов ва Паша Мусалимов "лочинлар" сафига қабул қилинганман.
Кейин "Пахтакор"га чақиришган. 2002 йилда "шерлар" шарафини ҳимоя қилганман. Жамоада ёшлар ва тажрибали футболчилар бор эди. Олти йил давомида клуб сафида Ўзбекистондаги барча совринларни ютдим. Сўнгра "Бунёдкор"га таклиф қилишди.  У ерда барчаси супер эди. Юртимизнинг энг кучли футболчилари, жаҳон юлдузлари ва мураббийлари ишлашди. Нимага ўша юлдузли жамоа ОЧЛда финалга чиқа олмади? Менимча вақт етишмади. Бундан ташқари кечувда отларни алмаштиришмайди, ярим финалдан олдин мураббий алмашганди. Бу мақол бизга қарши ишлади.

Матлуба: - Биринчи муҳаббатингизни эслай оласизми?
- Менимча бу барчада бўлса керак. Биринчи муҳаббатим мактабда, 3-синфда ўқиб юрганимда бўлган. У қизнинг исми Олесия эди (кулади). Жудаям кичик бўлган эканман.


Нарзулла: - Энди хориждаги тўртта клубингиз ҳақида маълумот берсангиз...
- Дўстларим менга Жанубий Кореядан таклиф борлигини айтганди. Тўғриси қўрққандим, сабаби биринчи марта хорижга чиқишим эди. Борайми ёки йўқми деб роса ўйладим. Кейин таваккал қилиб "Сеул"га ўтганман. "Пахтакор"да ўйнаб юрганимдаёқ чет эл клубида ўйнашни орзу қилардим. Дастлаб бу жамоа мени ярим йил ижарага олди. Бу ярим йил фаолиятимдаги энг яхши даврлардан бири бўлди. Кубокни ютдик ва мавсум охирида Жанубий Корея чемпиони бўлдим. "Сеул" билан 3 йиллик шартнома туздим. Бироқ кейинги йил Саудия Арабистонининг "Ал Шабаб" клубида молиявий томонлама рад қилиб бўлмаса таклиф бўлгани учун клуб президенти трансферга рози бўлганди. Бу клуб сафида ҳам биринчи мавсумда мамлакат чемпиони бўлдик. Кейин яна Кореяга қайтдим. "Сеонгнам" менга 2 йиллик шартнома таклиф қилди. "Сеул"да бирга чемпион бўлган мураббий ўша пайт айнан "Сеонгнам"да ишлганди. Бу клуб билан Корея Ассоциацияси кубогини қўлга киритганман. Айнан шу жамоада "Жепаров футболчи эмас" деб интервью берган мураббий ишлаганди (кулади). 76 ёшли мураббий жамоа мағлуб бўлганида хатто футболчиларни ургани рост гап. Икки ойдан сўнг уни ишдан бўшатишди. Кейин "Сеонгнам" билан шартномам тугагач агентлар "Ульсан Хюндай" вариантини топишди. Афсуски бу клуб сафида соврин юта олмагандим.  

Матлуба: - Турмуш ўртоғингиз билан қандай танишгансиз?
- Афзал Азизов ва Вячеслав Понамарёв каби футболчиларни танисангиз керак. Улар Фарҳод Раҳмонов билан дўст эди. Фарҳоднинг турмуш ўртоғининг синглиси айнан менинг бўлажак турмуш ўртоғим эди. У билан бир йилдан ортиқроқ гаплашиб юрдик. Турмуш ўртоғим жуда садоқатли, вафодор ва ақлли. Ҳар бир эркак шундай қайлиғи бўлишини истайди.

Нарзулла: - "Локомотив" клуби ҳақида нима дея оласиз?
- Бу жамоани анчадан буён биламан. Аммо клуб янги даврни бошдан кечирмоқда. Раҳбарият анчадан буён катта совринларни ютишни истамоқда. Жамоа ўз олдига энг катта мақсадларни қўймоқда. Айнан шу сабабли ҳам "Локомотив"га ўтишга қарор қилдим. Биз ОЧЛда чорак финалга чиқдик. Менимча ёзда таркибни барибир кучайтириш керак. Сабаби финалга чиқиш учун ҳар бир ўйин жуда қийин кечади. Кичик хато ҳам кечирилмайди. Чемпион бўлиш учун ишониш керак, бизнинг футболчилар қолганлардан ҳеч бир жабҳада кам эмаслигини исботлайдиган вақт келди.


Матлуба: - Фарзандларингиз ҳақида гаплашамиз. Рауль, Вероника ва Мия.
- Ўғлим бир неча кундан кейин 9 ёшга тўлади. Футболга жуда ҳам қизиқади. Телевизорда футбол кўради, Playstation да ҳам футбол ўйнайди, кўчада футбол ўйнайди. Футбол мактабига қатнайди. Онаси баъзида футболга қўйиб юбормаса хатто йиғлайди. 5 ёшидан буён инглиз тили мактабида ўқийди. Нима учун Рауль деб исм қўйганман? Сабаби футболга боғлиқ бўлган исмни қўйишни истагандим. Лекин Рауль "Реал" эмас "Барселона"нинг мухлиси (кулади).
Вероника 6 ёшга тўлади. У жуда ҳам чаққон қиз. Бир ёшлигида у фақат каша ерди ва ухларди (кулади). Ҳеч нима уни ташвишга солмасди. Аммо кейин худди алмаштириб қўйилгандек. Жуда ҳам ҳаракатчан ва қизиқувчан бўлиб қолди. Ҳозир уни гимнастикага бердик. Баъзида уйга келиб менга ўз ҳаракатларини кўрсатиб мақтанади ҳам. Кичик қизим эса энди 3 ёшда. У менимча спортчидан кўра шифокор бўлса керак. Сабаби ўйинчоқлар орасида айнан шифокорликка таалуқлиларига қизиқади.

Нарзулла: - Терма жамоада ўйин сони бўйича Кападзенинг рекордини янгилашга жуда яқинсиз. Ҳозир 115та ўйин ўтказгансиз. Кападзе ҳисобида 119та ўйин бор. Голлар борасида эса 25та тўп киритгансиз, рекордчи Максим Шацких ҳисобида 34та гол бор. Ўйин бўйича рекордни янгилашингиз деярли аниқ, голлар бўйича мутлоқ рекордчи бўла оласизми?
- Албатта терма жамоада бунчалик кўп ўйин ўтказаман деб ўйламагандим. Голларга келсак албатта рекордни янгилаш учун ҳаракат қиламан. Барчаси менинг ўйинимга ва голларимга боғлиқ. Кўп пас бераман? Ёшлигимдан шундай одатим бор, отам баъзида нега ўзинг урмайсан ва пас берасан дейди (кулади). Менимча 2018 йилги Жаҳон чемпионатига чиқишга лойиқмиз. Менимча терма жамоамиз мундиалга чиқиш учун тайёр ҳолатга келиб бўлди. Ўтган Жаҳон чемпионати саралашини олайлик, бизга 1та гол етмай қолганди...Бу сафар барчаси яхши бўлишига ишонаман.

Матлуба: - Ўзбекистондан ташқари қайси мамлакатда яшаш сиз учун қулай бўлган?
- Ўзбекистон (кулади)! Ўз ватанинг энг яхши мамлакат. Агар хориждан танлаш керак бўлса Жанубий Корея мен учун қулайроқ эди. Бу мамлакатда Украина, Россия ва Ўзбекистондан келган инсонлар кўп эди. Улар билан дўстлашиб олгандик. Саудия Арабистонида ҳамма ҳам яшай олмайди.


Нарзулла: - Терма жамоадаги энг қийин ўйин?
- Барча ўйин қийин кечган.
- Энг яхши ўйин?
- Жаҳон чемпионатига олиб чиққан ўйин энг яхшиси бўлади...
- Энг аламли ўйин?
- Ўзбекистон - Қатар 5:1.
- Энг ёдда қолган ўйин?
- Ўзбекистон - Ливан 1:0. "Бунёдкор" стадионидаги илк ғалаба.

Матлуба: - Фаолиятингиздаги барча мураббийларни санаб бера оласизми?
- Жуда қийин савол бердингиз (кулади). Бир бошидан бошлаймиз: Раҳманов Алексей, Вячеслав Сергеевич, Юрий Морайкин, Владимир Аширович, Владимир Николаевич, Павел Саркисян, Валерий Васильевич, Сайфиддин Эрматов, Камил Маликович Ўтабоев, Валерий Витальевич, Виктор Жалилов, Амет Мемет, Равшан Ҳайдаров, Тачмурад Агамуродов, Валерий Непомняший, Миржалол Қосимов, Ҳикмат Эргашев, Луиз Фелипе Сколари, Зико, хорижда бир нечта кореялик мураббийлар (кулади), португалиялик Нелу Вингада билан "Сеул"да, бельгиялик Мишель Прюдомм билан бирга "Ал Шабаб"да ишлаганман. Ҳозир Мирко Йеличич ва Андрей Микляев билан ишлаяпман. Агар кимдир ёдимдан чиққан бўлса узр сўрайман, тўғриси дабдурустдан берилгани учун шошиб қолдим.

Нарзулла: - Осиёда икки марта энг яхши бўлгансиз. Бу совринни олиш қандай?
- Биринчи марта ўша тадбирга бормаслигим ҳам мумкин эди. Аммо дўстларим агар бормасанг соврин аниқ сенга берилмайди дейишганди. Оилавий дам олишлардан воз кечиб бу тадбирга боргандим. Қитъанинг энг яхши футболчиси совринини топширишганида ажойиб ҳиссиётлар бошимдан ўтган. Совринни топширишларидан олдин бу ҳақда менга умуман ҳеч нима дейишмаган. Иккинчи марта анча тажрибали бўлиб қолгандим (кулади). Иккинчисида биттагина рақобатчим бор эди. Биринчи соврин барибир қадрлироқ. Совринларни уйда сақлайман. Уйимда кичик хонани соврин ва медалларим учун ажратиб қўйганман. Яқин орада мини-музей ташкил қилиш режамда бор.

Матлуба: - Сервер Жепаров телефонсиз қанча яшай олади?
- Айни пайтда агар ҳеч қандай иш бўлмаса бир кун чидай оламан. Баъзида хатто телефондан воз кечиш фойдали ҳам. Телефонларни кўп алмаштирмайман. Янги модель чиқибди уни сотиб олишим керак экан фикр мен учун эмас. Телефондан оддий алоқа воситаси ва ахборот олиш учун фойдаланаман.

Нарзулла: - 2008 йил сиз учун ажойиб бўлганди. Чемпион бўлгансиз, кубокни қўлга киритгансиз, тўпурар бўлгансиз,  Осиёда энг яхши футболчи деб топилгансиз. Рақамингиз ҳам 8. Демак 2018 йилги Жаҳон чемпионатига чиқамизми? Бу рақам ҳаётингизда қандай аҳамият касб этади?
- Бу рақам деярли барча совринларим, чемпионликлар, барча барчаси 8-рақам билан боғлиқ эди. "Пахтакор"га келганимда 8-рақам бўш эди. Шундан кейин ушбу рақам ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Насиб қилса 2018 йилда Россияга борамиз.


Матлуба: - Тошкентнинг учта клубида ўйнадингиз. Фаолиятингизни тугатгач қайси клубга мухлислик қиласиз?
- Менимча терма жамоага мухлислик қилсам керак. Тўғриси қайсидир клубни алоҳида ажратиб кўрсатишни истамайман. "Пахтакор" клубида футболчи сифатида ўсишга эришдим, чемпион бўлдим, совринларни қўлга киритдим. "Бунёдкор"да ҳам кўплаб ғалабаларни бошдан кечирганман, "Локомотив"да ҳам катта совринларни қўлга киритишга умид қиламан.

Нарзулла: - Сиз билан бирга ўйнаган футблчилардан иборат рамзий терма жамоа қандай бўларди?
- Дарвозада Игнатий Нестеров. Ҳимояда Андрей Фёдоров, Олег Пашинин. Чапда Николай Ширшов. Ярим ҳимояда Азиз Ҳайдаров, Темур Кападзе, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Миржалол Қосимов, Ривалдо. Ҳужумда Максим Шацких. Афсуски 11 нафар футболчи киритиш керак экан. Яна Деян Дамьянович билан ҳам ўйнаганман. У ҳозир ҳам "Сеул"да ўйнамоқда. Бош мураббий? Сколари...

Матлуба: -  Агар сеҳргарни кўриб қолсангиз нимани сўраган бўлардингиз?
- Бутун дунёда тинчлик бўлишини истардим. Соғлиқ сўраган бўлардим, соғлиқ бўлса қолган ҳамма нарсага инсоннинг ўзи эриша олади.


Нарзулла: - Охирги йилларда қачон ва қайси ўйинга оддий мухлис сифатида стадионга тушиб, билет олиб футбол кўргансиз?
- 2014 йил ОЧЛ ярим финалида "Сеул" - "Вестерн Сидней" учрашувига чипта олиб тушганман. Ўшанда ҳисоб очилмаганди. Австралия клуби ўша йил ОЧЛ ғолибига айланганди.

Матлуба: - Сиз жарима тўпларини ажойиб тарзда амалга оширасиз, лекин негадир бурчак тўплари кўпинча ўхшамайди? Бунга нима сабаб?
- Бурчак тўплари вақтида жарима майдони ичида 10дан ортиқ футболчи бўлади. Буни унутмаслик керак. Тўпни шеригинга аниқ ошириш жуда қийин. Жарима тўплари вақтида эса тўп дарвозага яқинроқ бўлади. Шу боис зарбалар хавфли чиқади. Бу борада кўп танқидлар эшитдим, ўз устимда ишлашда давом этаман.

Нарзулла: - Сўнгги анъанавий савол: Ёдингизда қолган пенальти ва пенальтилар серияси?
- Баҳрайн билан ўйин. Япониялик Ёшида бошқарган баҳс. Ўшанда пенальтидан гол ургандим, аммо кейин голни бекор қилиб биз томонга эркин зарба белгилаганди. Аҳмоқона қарор. Пенальтилар серияси эса "Сеонгнам" билан кубок финалидаги ғолиблик. Хорижда энг ёдда қолгани мана куни кеча ЕЧЛ финалида "Реал" - "Атлетико" учрашувидаги пенальтилар серияси.

Матлуба Саъдуллаева ва Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
Фото: Жасур Асланов


Rating: +14   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика