Latest news

18:25"Сўғдиёна" — "Локомотив" 1:0 (Матнли трансляция)  5 18:16Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" "Қосимпошо" билан дуранг ўйнади, Турғунбоев бир бўлим ҳаракат қилди  2 18:06"Саутгемптон" — "Ливерпуль". Нуньес ва Салаҳ асосий таркибда  0 18:04Февзи Давлетов: "Бу "Металлург" ютиши шарт бўлган ўйин эди"  1 17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  0 16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  11 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  6 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  4 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  4 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  25

Олим Арифов: «Мураббийларимиздаги энг катта камчилик – тил билмаслик» News

Олим Арифов: «Мураббийларимиздаги энг катта камчилик – тил билмаслик»

Ҳамюртларимиз орасида ФИФА ва ОФК байроғи остидаги турли мусобақаларда ҳакамлик ёки ассистенлик қилаётганлар етарли.
Аммо комиссар ҳамда назоратчилар борасида бундай фикр билдиролмаймиз. Назоратчилардан биргина Фарҳод Абдуллаевни тилга олсак, комиссарлар 2 нафаргина - ЎФФ матбуот хизмати бошлиғи Санжар Ризаев ва федерация техник бўлими бошлиғи Олим Арифов. Алишер Мўминов эса бу йилдан ўз хоҳишига кўра, комиссарлик қилмайдиган бўлди.  Эътиборлиси, 26 ёшли Арифов ОФКнинг энг ёш комиссари ҳисобланади. Биз яқинда ёш мутахассисимиз билан учрашиб, ўз йўналишида ўтган мавсум якунлари таҳлили ҳамда 2014 йилги режалари хусусида суҳбатлашдик.

- 2013 йил шахсан мен учун жуда қизиқарли ўтди, - дея сўз бошлади О.Арифов. - Йил кутилмаган сафар билан бошланди. Мени Непалдаги мусобақага таклиф этишди. ОФК «Чақирув кубоги» саралаш ўйинларида комиссарлик қилдим. У ерда жами 3та ўйин ўтказилди. Умуман олганда, саралаш баҳслари мен ва ҳакамлар бригадаси учун муваффақиятли ўтди. Шундан сўнг Уммонга бордим. Салалаҳ шаҳрида «Ал-Дофар» ҳамда Яманнинг «Ал-Шабаб» жамоалари ўртасида ОФК кубоги доирасида ўтказилган саралаш учрашувида комиссар вазифасини бажардим. 2013 йилнинг биринчи ярим йиллиги мен учун Ливанда якунланди. У ерда маҳаллий «Ал-Ансор» ва Яманнинг «Аҳли-Таиз» клублари ўртасидаги ўйинда комиссар бўлдим. Афсуски, ўтган йилнинг иккинчи ярми ўзбекистонлик барча футбол ишқибозлари қатори мен учун ҳам салбий таассуротлар билан хотирада қолди. Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2014га тўғридан-тўғри чиқолмагани ва «плей-офф» босқичида Иорданияга пенальтилар сериясида ютқазиб қўйганини кўпчилик сингари ҳалигача ҳазм қилолмаяпман. Қизиғи шундаки, Иорданияга бой берилган ўша ўйиндан сўнг мени айнан шу мамлакатда ўтган 16 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш ўйинларига комиссар сифатида тайинлашди. Бу мен учун 2013 йил ҳисобидан сўнгги мусобақа бўлди. Декабрь ойида Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ОФК комиссарлари учун семинар ташкил этилди ва унинг якунида 3та йўналиш бўйича имтиҳон топширдик.

- Сиз фаолият олиб бораётган ЎФФдаги бўлим учун йил қандай ўтди?


- Жуда оғир. Тажрибали мутахассис, устозимиз Равшан ака Усмонхўжаевнинг вафот этиши нафақат бўлимимиз, балки ўзбек футболи учун ҳам оғир жудолик бўлди. Бу катта йўқотиш. Энди бўлимимиз томонидан йил давомида амалга оширилган ишларга тўхталсам, бу ерда ҳам салмоқли натижаларга эришдик. Биринчи навбатда, Вазирлар Маҳкамасининг 214-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича белгиланган режа асосида ишлашни бошладик. Бу қарорда барча спорт турлари, хусусан, футболда ҳам  мураббийлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига алоҳида урғу қаратилган. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида ёш мураббийларни имтиҳондан ўтказдик. Уларнинг натижалари асносида кўпроқ нималарга эътибор қаратишимиз зарурлигини билиб олдик. Бундан ташқари, Ўзбекистон футболи тарихида 3-бор Тошкентда мураббийликнинг олий мақоми ҳисобланган PRO гувоҳномаси учун ўқув-курслари ташкил этилди. Унда Дилшод Нуралиев, Тоҳир Кападзе, Шуҳрат Мақсудов, Мурод Исмоилов, Андрей Шипилов, Бахтиёр Ашурматов, Александр Хомяков каби мураббийлар таҳсил олишди. Шунингдек, хориждан ҳам икки нафар мураббий - Дилвант Синх (Сингапур) ҳамда Завиш Милославлевич (Сербия) PRO ўқув-курсларида ўқишди. Ушбу курсларда сабоқ олган барча мураббийларимиз бугунги кунда мамлакатимиз клубларида фаолият олиб боришяпти. Шу билан бир қаторда параллель равишда амалиётни ҳам ўташяпти. Икки хорижлик мутахассис ҳам ўз мамлакатлари клубларида амалиётни ўтаб қайтишади ва шундан сўнг мураббийлар ўқув-курсининг тўртинчи босқичини бошлашади.

- Ҳа, бизда мураббийларни ўқитиш ишлари яхши йўлга қўйилган. Сиз айтгандек, пойтахтимизда ҳар йили PRO гувоҳномаси учун ўқув-курслари ташкил этиляпти. Лекин PRO гувоҳномасига эга кўплаб мураббийлар бугунги кунда ишсиз юрибдилар...

- Афсуски, шундай. Лекин сиз айтгандек, кўпчилик ишсиз эмас. Тахминан 30 фоиз мураббий ишсиз юрибди, десак тўғри бўлади. Олий лигада 14та клуб бор. PRO гувоҳномасига эга мураббийларимиз сони эса 55 нафарни ташкил этади. Уларнинг барчаларига иш етмайди: табиий ва нормал ҳолат. Бундай муаммо фақат бизда эмас, бутун дунёда бор. Мураббийлар сони ҳамиша клублардан кўп бўлади. PRO лицензиясига эга мутахассисларимиз эса яхши жойда, камида олий лига клубларида ишлашни исташяпти. «Олий гувоҳномам бўла туриб, 1-лигада ишлайманми?» қабилида ўйлайдиган мураббийларимиз ҳам йўқ эмас. Ахир бу уят ҳисобланмайди-ку! Мана, Александр Мочинов ва Тоҳир Кападзе1-лига клубларида ишлашяпти. Хуллас, PROси бор мураббийларга ҳар доим таклиф тушган, лекин олий лига клублари ҳаммага етмайди.

- Сизнингча, биздаги PRO курслари УЕФА томонидан ўтказиладиган ўқув жараёнига мос келадими? Ўқитиш савияси жиҳатидан Европадан қанчалик ортда қоляпмиз?

- Ўқув жараёнини олсак, катта тафовут йўқ, назаримда. Агар савия жуда паст бўлганида, Сербия, Қувайт, Сингапур каби хорижий давлатлардан мураббийлар келиб ўқишмасди. Пойтахтимизда PRO учун таҳсил олаётган мураббийларга хорижлик кўзга кўринган инструкторлар сабоқ беришяпти. Улар орасида Эрик Ротмюллер (Германия) ва Гари Филлипс (Англия) бор. Эрик Германия миллий терма жамоаси мураббийлар штабида 10 йил ишлаган. Бой тажрибага эга мутахассис. 1996 йили Европа чемпиони ҳам бўлган. Жамоаси билан бирга 2002 йилги жаҳон чемпионати финалига қадар етиб борган. Гари эса Англия ўсмир ва ёшлар терма жамоаларида жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий  ролини бажарган. Иккала мутахассис ҳам ФИФА инструктори ҳисобланади. Қолаверса, ФИФАнинг ягона ўқув -дастури бўлиб, Европада ҳам, Осиёда ҳам унга бир хилда амал қилинади. Шундан келиб чиқиб, ўқув - курсларининг савияси деярли бир хил дейиш мумкин. Дарвоқе, «Боруссия»нинг ҳозирги бош мураббийи Юрген Клопп ҳам вақтида Эрик Ротмюллер қўл остида PRO гувоҳномаси учун ўқиган ва имтиҳон топширган. Шунга қараб хулоса чиқарсак, Тошкентда PRO учун ўтказилаётган ўқув-курслари савия бўйича чакки эмас.

- Лекин эътироз билдиришга изн берадиган жиҳати шундаки, Европа, хусусан, Москвада ўтказиладиган ўқув-курсларида таҳсил оладиган мураббийлар амалиёт жараёнини қитъанинг кўзга кўринган клубларида ўташади. Бизнинг мураббийлар эса клублари машғулотидан узилиб қолмаслик учун жараённи ўз жамоаларида қилиб қўя қоладилар. Боз устига, баъзи мураббийлар асосий ишлари қолиб, клубдаги ташкилий масалалар билан шуғулланишга мажбур бўлмоқдалар. Бундай ҳолатдан кейин ўсиш ҳақида гапириш мумкинми?

- Авваламбор, ҳужжатда клубларда амалиёт ўташ кераклиги белгилаб қўйилган. Агар мураббийлар исташса, хориж клубларида бемалол амалиётни ўтаб қайтишлари мумкин. Қайси давлатга боришнинг фарқи йўқ. Аммо бизда 2та катта муаммо бор. Бири - инглиз тилини билмаслик, иккинчиси - айнан сиз кўтарган мавзу, яъни бажариб турган ишини ташлаб кетолмасликдир. Бу галги курсларда таҳсил олаётган барча мураббийлар айни пайт ўз клубларини янги мавсумга тайёрлашяпти. Табиийки, улар клубларини ташлаб, хорижга кетолмайдилар. Масалан, сербиялик мутахассис «Црвена Звезда» клубида амалиёт ўташ вариантини танлади. Сингапур вакили эса шу кунларда Таиланднинг «Чонбури» жамоасида амалиёт жараёнини ўтаяпти. Шундан ҳам айрим хулосаларни чиқариб олишингиз мумкин. Хорижда амалиёт ўтказиш катта суммада харажатни талаб этади. Ҳамма клублар ҳам буни тўлаб бермайди. Ҳаттоки, ўз мураббийларининг ўқишига ҳам пул тўламаётган клублар бор. Лекин энг катта муаммо, барибир, инглиз тилини билмаслик.

- Хорижда, айтайлик, МДҲнинг кўзга кўринган русийзабон клубларида амалиёт ўташни мажбурий қилиб қўйишнинг иложи йўқми?


- Тушунинг, бу имконсиз иш. Зеро, ҳаммаси маблағга боғлиқ. PROга ўқишнинг ўзига ҳам оз сумма кетмайди. Масалан, Италиядаги Коверчиано базасида бир ой яшашнинг ўзи 3000 евро туради. Йўлкира ва бошқа харажатларни бунга қўшмаяпман. МДҲ давлатларининг кўзга кўринган клублари, масалан, «Шахтёр», «Спартак», «Локомотив», ЦСКА ёки «Зенит»да амалиёт ўташ мумкиндир. Лекин буни PROга ўқитаётганлар эмас, мураббийларнинг ўзлари хоҳлашлари керак.

- Мураббийнинг ўзи бунга интилиши ва албатта, клуб раҳбарлари шароит яратиб беришлари лозим. Натижа талаб қилинадику, нима учун шунга монанд шароит яратиб берилмайди?

- Албатта. қарс икки қўлдан чиқади, дегандек, мураббий бу масалани клуб раҳбари билан ижобий ҳал қилса бўлади. Аввало, ҳар бир клуб ушбу жараённинг муҳим эканлигини тушуниб етиши керак. Лекин жамоа раҳбарлари мураббийларни тайёргарлик жараёнида футболчилар билан бирга бўлишларини исташяпти. Ҳар ким ўзича ҳақ. Футбол кундан кунга тараққий этиб боряпти. Мураббийлик методикасида янгиликлар жуда кўп. Бир жойда қотиб қолмаслик учун эса ўрганиш ва изланиш керак.

- Мураббийликнинг қуйи бўғимлари - «А», «В» ва «С» тоифасига ўқитиш курслари бўйича ишлар қандай кетмоқда?

- Ёмон эмас. Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги томонидан барча спорт турлари бўйича ишлаётган мураббийлар аттестациядан ўтказилди. Шу жумладан, футболда ҳам сиз айтган тоифалардаги мураббийлар махсус имтиҳонларни топширишди. «С» сертификати бўйича имтиҳон барча вилоятларда ўтказилмоқда. «В» ва «А» гувоҳномаси учун ўқув-курслари ҳар йили Тошкентда ташкил этилади ва уларда ҳам аттестация жараёни кетмоқда.

- PRO, «А», «В» ва «С» тоифалари бўйича таҳсил олиш мураббий учун қанчага тушишини айтолмайсизми?

- Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги қошидаги Республика мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш мактаби томонидан ҳар йили курсларда таҳсил олиш бўйича суммалар белгиланади. Бу масала вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади. ЎФФ бу жараёнга аралашмайди. Шу боис саволга аниқ жавоб беролмайман.

- Яқин ойлардаги режалар қандай?

- 2014 йил ҳисобидан ишларимиз жуда кўп. Комиссарликда ҳам бир нечта мусобақа ва ўйинлар кутиб турибди. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ОФК кубоги саралаш учрашуви бор. Бу ўйин тарихий мақомга эга. Илк маротаба ушбу мамлакатда ОФК кубоги доирасидаги ўйин ўтказилади. Унда Қирғизистон чемпиони «Олой» Баҳрайннинг «Ал-Риффа» клубини қабул қилади. Шундан сўнг Иорданияга сафар бўлади. Маҳаллий «Зет Рас» клуби Уммоннинг «Ал-Сувайқ» жамоаси билан ҳисоб-китоб қилади. Бу ўйинда комиссарлик қилиш ҳам менинг чекимга тушган. Кейин ўзим ҳам орзиқиб кутаётган ўйинга бораман. Ҳали бу ҳақда ҳеч қаерда маълумот берилмаган. Яъни илк бор ОЧЛ ўйинида комиссар сифатида ишлайман. ОФК мени Жанубий Кореянинг «Поханг Стилерс» ҳамда Хитойнинг «Пекин Гуоан» клублари ўртасидаги ўйинга комиссар этиб тайинлаган. Бу учрашув мен учун ОЧЛдаги дебют бўлади. Шунингдек, ОФК билан оғзаки келишувимиз бор. Унга кўра, май ойида Вьетнамда футзал терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган Осиё чемпионатида ҳам комиссарлик қиламан. Айтганча, ўтган йилги Осиё чемпионати мен учун катта мактаб бўлганди.

БИЗНИНГ МАЪЛУМОТ

ОЛИМ АРИФОВ - 1987 йилнинг 25 июль куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 85-ўрта мактабда таҳсил олган. 2005 йили Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетига қабул қилинган. 2009 йили халқаро журналистика факультетини муваффақиятли якунлади. 2007 йилнинг март ойидан ЎФФда меҳнат қилиб келяпти. Айни пайт  ЎФФ техник бўлими бошлиғи лавозимида ишлайди. Ёқтирган футболчилари - Криштиану Роналду, Франсеск Фабрегас. Мухлислик қиладиган жамоаси - «Интер» (Италия)
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика