ОАВ учун финалолди расмий тадбирлар ҳамда аккредитациялаш режаси тақдим этилди
27 sep 12:14
News
ОАВ учун финалолди расмий тадбирлар ҳамда аккредитациялаш режаси тақдим этилди
Финалдан бир кун аввал — 4 октябрь куни "Истиқлол" стадионида соат 16:30 да "Андижон" клуби бош мураббийи Александр Хомяков ҳамда жамоанинг етакчи футболчиси иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади. 17:00 дан эътиборан эса "Андижон" клуби расмий машғулот ўтказади. Унинг дастлабки 15 дақиқаси ОАВ учун очиқ ҳисобланади.
Шу куни соат 17:30 да "Навбаҳор" клуби бош мураббийи Сергей Лушчан ҳамда жамоанинг етакчи футболчиси иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтади. 18:15 дан эътиборан эса "Навбаҳор" клуби расмий машғулот ўтказади. Унинг дастлабки 15 дақиқаси ОАВ учун очиқ ҳисобланади.
ЎзПФЛ “Аккредитация низоми ва ОАВ учун медиайўриқнома”си асосида 2024 йилги футбол мавсуми учун 233 нафар журналист Лиганинг PRE аккредитациясига эга чиққан. Матбуот ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш бўлими уларнинг мавсум давомидаги ҳаракатларини кузатиб боради. "Истиқлол" стадиони медиа трибунаси уларнинг барчасини сиғдира олмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда финал беллашуви учун махсус аккредитациялар ишлаб чиқилади ва улар Лига саралаб олган журналистларга 4 октябрь кунги расмий тадбирлардан сўнг тақдим этилади. Шу кунга қадар Лиганинг 2024 йилги мавсуми учун аккредитациясига эга бўлган журналистлар мазкур аккредитациялари билан стадионга кира олмайди.
Лига, шунингдек, 151 нафар фотомухбирга PHO аккредитациясини тақдим этган. Финал учрашувида бевосита иштирок этишни мақсад қилган фотомухбирга 2024 йилги мавсум учун олган аккредитациясидан келиб чиқиб, финал учун махсус аккредитация тақдим этилади. Ўз фаолиятига алоқадор техник қурилмаларга эга бўлмаган фотомухбир стадион техник зонасига қўйилмайди.
HB аккредитацияси билан фаолият олиб бораётган 119 нафар телевидение ходими орасидан фақатгина “Спорт” телеканали тақдим этган рўйхатга киритилган техник гуруҳга финал аккредитацияси тақдим этилади.
Маълумот учун, юқорида қайд этилган ОАВ ходимларидан ташқари футбол клубларида фаолият олиб бораётган қатор мутахассислар турли йўналишлардаги аккредитацияларга эга ҳисобланади. Финал учун Лига фақатгина "Истиқлол" стадиони ходимларига махсус аккредитация тақдим қилади, қолган барча ҳолатларда шу кунга қадар бўлган аккредитациялар билан стадионга кириш чекланади.
Comments