Latest news

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  97 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  29 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  10 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Мишель Платини: "Барчасини Блаттер уюштирди” News

Мишель Платини: "Барчасини Блаттер уюштирди”

УЕФАнинг собиқ президенти Мишель Платини ўзига қўйилган айбларга нисбатан узоқ муддат жим юрди.

Лекин “Экип” журналига берган интервьюсида у барча масала ҳақида саволларга очиқчасига жавоб берди.

– Охирги ҳафталарда нималарни бошдан кечирдингиз?

– Мен яхшиман, хавотир олманг. Ҳаётимда кўплаб синовлар бўлган, ҳар бир ўйиннинг ўзи синов. Лекин ҳозир тақдирим ўз қўлимда эмас. Нима бўлишини билмайман. Ҳеч қачон охирги 3 ойда бўлганидек кўп ишламагандим, вақт сезилмай ўтиб кетди. Умуман олганда, одатдагидай яшадим. Баталканда нима содир бўлганини билганингда (Парижда террорчилар томонидан гаровга олинган концерт зали) ФИФА ва унинг муаммолари арзимас нарсага айланади. Мендан кўра яқинларимга қийинроқ бўлди. Улар мен билан рўй бераётган адолатсиз ҳолат учун қаттиқ қайғуришади. Бу ишда барчаси оддийдек эди, лекин шундай гап-сўз кўтаришдики... Мана натижаси. Деярли 40 йилдан бери шундай гапларни эшитиб келаман. Гол урганимда, Франция терма жамоаси сардори бўлганимда. Яхши нарсаларни ҳам гапиришган. Кимдир сени ёқтиради, бошқаси эса кўролмайди. Дўстим бўлмаганлар ҳозир менга нисбатан рй берган ишлардан мамнунлар. Лекин ёш эмасман, 60 ёшдаман, қари қушдекман.

– Ушбу воқеада яқинларингиз учун энг қайғули ҳодиса нима бўлди?

– Ушбу ёлғонларни эшитиш. Яхшиямки, отам нималар бўлаётганини тушунмайди, онам эса йўқ. Лекин хотиним ва фарзандларим мен каби зарбаларга дош бермайди. Уларнинг кайфиятини кўтаришга интиламан. Нима бўлса бўлади, табиатан шундайман. Курашамиз. Ютиш ёки ютқазишимни кўрамиз. Такрорлайман, 60 ёшдаман. Ҳаётда нималар кўрмадим. Энди вазият қандай кўриниш олишини кутамиз.

– Сентябрда Цюрихга текширувчилар учиб келганда устингизда булутлар юрганини тушунганмидингиз?

– Йўқ, мен Қатар ва Россия тўғрисида нимадир сўрашга келишган деб ўйлагандим. Ёмон иш қилмадим, шундай экан, нега пароканда бўламан?

– ФИФА этика қўмитаси 8 йилга сизни футболдан четлатди. Апелляцияга мурожаат қиласизми?

– Дастлаб айбловни кутиш керак, кейин эса ҳаракат қиламиз, балки спорт арбитраж судига мурожаат этамиз. Амал қилиш керак бўлган жараёнлар мавжуд. Кутяпмиз. Этика қўмитаси ҳозирча аниқ жавоб билдирмади. Бошидан улар ишни пайсалга солишмоқда. Спортда одатда ишни секин кўриб чиқишади, лекин мен билан боғлиқ ҳолатда ишни 26 январгача олиб бориш муҳимга ўхшайди.

– ФИФА президентлиги учун курашасизми?

– Йўқ. Номзодимни олиб ташлайман. Менда бошқа номзодлар билан рақобат қилиб, сайловчилар билан учрашишга вақт ва имконият йўқ. Айбловлардан ўзимни ҳимоялашга эътибор қаратганман. У ерда коррупция, сохталаштириш ёки умуман ҳеч нарса йўқ бўлишига қарамай.

– Демак, барчаси вақтга боғлиқми?

– Ҳа, ишлар вақтинчалик. Лекин сайловолди кампания ўтказмасам, қандай ғалаба ҳақида гапириш мумкин? Блаттер кетишини эълон қилганда мени қўллаб-қувватлайдиган 150 ариза олгандим. Юзлаб федерациялардан расмий хатлар ва яна 50тача қўллаш тўғрисида ваъда. Икки кун ичида! Бироқ ҳозир ҳаракатлар тартибига риоя этиш лозим. Дастлаб айбловни билиб, кейин спорт арбитраж суди, сўнг қўмитага мурожаат қилиш даркор. Ҳаётда жангчиман, лекин менга ҳозир ҳимояланишга беришмаяпти.

– Ярим йил ичида ФИФА президентлигига асосий номзоддан футболдан четлатилган шахсга айландингиз.

– Бўтқани Блаттер қайнатди. У қонимни хоҳлаганди, ФИФАга ўтишимга қарши эди. У тез-тез мен унинг охирги қурбони бўлишим ҳақида гапирарди, лекин ботқоққа мен билан ботди. Остимда нима қазишганини аниқ биламан.

– Номзодни қайтариб олиш ишда айбни тан олишни билдирмайдими?

– Сизга барча айбловларни эслатишимни истаяпсизми? Биринчидан, Блаттер менга пул қарз. Иккинчидан, ФИФА пулни тарзда ўтказишни ҳал қилади. Учинчиси, жаноб Каттнер (молиявий директор) мен билан боғланиб, буни қандай қилишларини айтади. Уларга ҳисоб қоғози юбораман. 10 кундан кейин пулни ўтказиб беришади. Пулни солиқ ҳисоботига киритаман. Блаттер менга 4 йиллик ишим учун тўлашим лозим бўлган пулни олганман. Ҳисоб қоғози олдим. ФИФА сўраган нарсаларни тўлдирдим. Савол туғилади: нега орадан 10 йил ўтиб? Билмайман, бу савол уларга.

– Сиз билан бундай кеч ҳисоб-китоб қилишгани ғалати кўринмадими?

– Шошманг. Мен ким биландир эмас, ФИФА президенти билан келишгандим. Ҳеч нарса қилмасам, ФИФА шунча ҳуқуқшунос ва молиячилари билан пулни менга ўтказиб берган бўлармиди? Лекин 5 йилдан кейин муддат ўтиб кетгани сабабли улар ҳеч нарса тўламасликлари ҳам мумкин эди. Бу ишни тезлаштирмаганим учун фақат ўзимни айблашим мумкин. ФИФА ва унинг президентига тўлиқ ишонгандим.

– Пулларни олганингиздан афсусланмайсизми?

– Йўқ. Лекин улар менга тўлай олмасликлари ва эртароқ ҳаракат қилишим кераклигини айтганда яхшироқ бўларди. Нима учун менга адолатсиз туюлаётгани ҳам шунда – ФИФА муддат ўтиб кетгани туфайли тўламаслиги ҳам мумкин эди.

– Лекин бунда бир ҳолат камдан-кам рўй беради: киши қилган иши учун 1,8 миллион еврони 9 йилдан кейин олмоқда!

– Менга 30 йилдан бери қарз инсонлар бор. Талаб қилган заҳотим улар пулни қайтаришади. Мен шундай одамман, принципларим бор. Блаттер мендан қарзми? Унда тўлаши керак. Кимдандир қарз бўлсам, пулларни тезроқ қайтаришга уринаман. Лекин Блаттер бошқача. Бир мисол. ФИФА билан шартномам (йилига 300 минг Швейцария франки) қачон имзоланган, биласизми? 1999 йил январда, ўшанда уларга бир йилча ишлаб қўйгандим. 1998 йил августда Блаттер олдига келиб, менга маош тўлашда қийинчиликлар борлиги тўғрисида сўраганман. Блаттер муаммо борлигини айтиб жавоб берган.

– Воқеада сизнинг пулга ўта енгил муносабатингиз кўпчиликни ҳайрон қолдиряпти.

– Бахт пулларда эмас. Эҳтимол, 17 ёшимдан бери пул билан муаммом бўлмагани учун шундай бўлгандир. Ҳа, Жак Лямбернинг (Евро-2016 ташкилий қўмитаси президенти) маоши қанча эканлигини билганман, чунки 1998 йилги жаҳон чемпионати ташкилий қўмитаси бош директори сифатида уни имзолаганман. Ҳозир УЕФА директорлари қанча олишини биламан. Лекин ҳеч қачон жамоадаги шерикларим қанча олишини билмаганман. Бу мени қизиқтирмаган. Қанча пулим борлигини биламан, қолгани эса молиявий масалада чой идишидир.

– Пулларни Блаттер 2011 йил қайта сайланишидан аввал ўтказиб беришгани ҳам шубҳали туюлади.

– Қандай сайлов! У ягона номзод эди. 2011 йил ҳақида гапиришмоқда, лекин уларни 2014 йилги мундиал ёки 2007 йилги сайловлар арафасида олишим мумкин эди. Нималарнидир ўйлаб топишади.

– Буларнинг ортида ким турибди деб ўйлайсиз?

– Тушунолмаяпман. Блаттер билан бирга пайдо бўлганимизда одамлар мени таниб, уни билишмасди. Унда ҳамиша Платини ва Беккенбауэр билан муносабатларда муаммо бўлган. У футболчиларни ёқтиради, лекин уларнинг соясида қолишни эмас.

– Сиз номзодингизни ФИФА сайловида қўйишни хоҳлагансиз. Сабаб шунда эмасми?

– Цюрихда УЕФА президентига муносабат салбий – бу Платини бўладими ёки бошқа. Бу очиқчасига кўриниб туради.

– ФИФА ва Блаттер атрофидагилар номзодингизга қарши бўлиши мумкинми?

– ФИФАнинг кўплаб аъзолари номзодимни ёқлашганди. Демак, барча гап ФИФА раҳбариятида, улар қўрқиб кетишди.

– Нимадан қўрқишди?

– Уларни ҳайдаб юборишимдан. Бундай муносабат 2007 йил УЕФАга президент бўлганимда ҳам кузатилган. Буларни кимдир ўйлаб топган бўлса, унда ФИФА раҳбарияти бўлади. Бошқа ҳеч ким. ФИФАда сайлов лавозимида бўлганларнинг барчаси бу ишни рад этишди. Бошқа масала бошқарувда. Маъмурият ҳам катта куч.

– Этика қўмитасига қанчалик ишониш мумкин?

– Ҳеч қандай! Бу беш киши ҳаёт ва ўлим масаласини ҳал қилади, кимнидир ишидан 8 йил ёки умрбод четлаштириши мумкин. Нима асосида? Кимдир инсонга ишлашни таъқиқлай оладими? Менга ФИФАда пайдо бўлишни таъқиқлаш мумкиндир, лекин УЕФАнинг нима алоқаси бор? Европа чемпионати қандай алоқадор? Ким менга Лиондаги янги стадион очилишига боришни таъқиқлаши мумкин? Жан-Мишель Оляс (“Лион” президенти) менга таклифнома жўнатиб бўлган.

– Лекин Евро-2016 финал босқичига қуръа ташлаш маросимига келмадингиз.

– Франция учун Евро-2016га мен эришдим. Ва энди менга қуръа маросимида қатнашишни таъқиқлашди. Тез орада ҳар қандай жойга боришимни бекор қилишади. Нимадир ўйлаб топишади. Жак Лямбердан унга ёрдамчи ёки шофёр кераклиги ҳақида сўрадим, мен қодир бўлган нима иш бўлса ҳам. У бунга жавобан таклифнома беришини таъкидлади. ФИФАга менга нима мумкин ва мумкин эмаслигини сўраб, хат ёздим. Кўпчилик Платини билан УЕФА президенти эмас, балки Европа чемпионатлари тўпурари, Франция терма жамоаси собиқ сардори сифатида учрашиб, гаплашишни хоҳлайди. ФИФАдан жавоб кутяпман.

– Айбловни олиб ташлашса, УЕФАдаги ишингизга қайтасизми?

– Яхши савол, лекин жавоб бера олмайман. Ҳеч нарса аниқ эмас.

– Айбдор эмаслигингизни айтяпсиз, шу билан бирга оқланишни ҳам истамаяпсиз. Бу обрўингизга жиддий таъсир қилиши мумкин.

– Нима қила оламан! ОАВ бошиданоқ турли нарсаларни ёзиб ташлади. Коррупция, қора касса, овозларни сохталаштириш. Буларга нисбатан қандай оқланишим мумкин? Шу сабабли жим юрдим.

– Зепп Блаттер охирги пайтларда сизни тез-тез эслаб, “ҳалол инсон” ва “юлдуз” деб таърифлади.

– Бундай инсонни яхши биламан. Ундан нима кутиш ва гаплари нимани англатишини биламан. У кимдир ҳақида шунчаки гапирмайди, ҳамиша манфаат кутади. Нега юлдуз деганини билмайман. Лекин ростдан шундай. Бирга бирор ерга борганимизда одамлар менга эътибор қаратишарди, унга эмас. Лекин ФИФАнинг сентябрь ойидаги йиғилишида уни кўриб, 40 йиллик меҳнати учун раҳмат айтишни истардим. Инсонийлик тарафдан шундай қилиш керак. У оддий инсон эмас, ўзига хос. Яхшилик ва ёмонлик, дунё ҳақида қарашлари мавжуд. Ақлли инсон, 80 ёшда ва қизиқарли ҳаёт тарзига эга. Фақат якун ўхшамади. Унга нисбатан ачиниш йўқ, лекин футбол учун кўп иш қилганини тан оламан. Қандайдир операция – 2 миллион франкни ўтказиш ҳаёт, 30-40 йиллик фаолиятни айлантириб юбориши мумкин.

– Сизнинг ҳаётингиз ҳам қизиқарли. “Нанси” академиясидан бошлаб чўққига кўтарилиш ва ФИФА президенти учун номзодини қўйиш...

– Лекин ФИФА учун қаттиқ интилмаганман. Фақат Блаттернинг истеъфоси менга туртки берди. УЕФАда қолиш яхшироқ, у ер ўзимники. ФИФА юзини эса футболга қаратишим керак эди. Ҳозир номзодлардан бирортаси футбол ҳақида гапирмаяпти. Улар буни билмайди ва тушунмайди. Номзодимни қўйиш юзасидан узоқ ўйландим, лекин этика қўмитаси мен учун қарор қилди. Бунинг учун раҳмат!

– Умрингиз болаликдан бошлаб футболда ўтмоқда.

– Маълум вақтдан бери футболда эмасман – ҳуқуқшуносга айландим.

– Айбловни олиб ташлашмаса, нима билан шуғулланасиз?

– Билмайман. Ҳали ўйлаб кўрмадим. Ҳозир фикрим адолатсизликни тўғрилаш билан банд. Келажагимдан кўрқмайман. Яратганга ишонаман. Оиламга ишонаман, яқинларим соғлиғи ва бошқа нарсалар ҳақида ўйлайман. Ҳаёт фақат футболдан иборат эмас. Лекин футбол ҳаётимнинг бир қисми бўлиб келган. Айбловни олиб ташлашса, сайловгача УЕФА президенти бўламан. Ёки бирор клубга ишга кираман.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика