Latest news

04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  95 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  27 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8

Массимилиано Аллегри: “Кимлар билан ишлашимни билиш мен учун муҳим” News

Массимилиано Аллегри: “Кимлар билан ишлашимни билиш мен учун муҳим”

Икки йил кетма-кет “А” серия ва Италия Кубогида “Ювентус” билан зафар қучган Массимилиано Аллегри клуби билан Италия футболи тарихида бу ишни биринчи марта уддалаб, рекорд ўрнатди.

“Sky Sport” телеканалида дастурда бошловчидан ташқари Жузеппе Бергоми, Звонимир Бобан, Массимо Мауро, Стефано Де Грандис ва Алессиа Тарквиньо каби собиқ футболчилар “А” серия якунларига доир саволларга жавоб олишди.

- “Карпи” билан учрашувда жуда эҳтиросли кўрингандингиз. Нима содир бўлганди?
- Ўша учрашув қийин кечганди, Рождество мен учун ёқимсиз ўтиши мумкин эди. Қандайдир ахмоқона. Баъзида машғулотлардан олдин йигитларга ўша беллашувда “Карпи” ўйинчиси Лоллонинг бир метрдан дарвозага тўп кирита олмаганини кўрсатаман. Бундай ҳолат эътиборлироқ бўлишга ёрдам беради. Ўшандан бери йигитлар ўзларини олқишга мос тарзда кўрсатишди. Баҳс биз учун ажойиб қўнғироқ бўлди. Учрашувдан кейин кийиниш хонасида футболчилардаги босим жуда юқори эди.

- Одатда хотиржамсиз, аммо асабийлашганингизда ҳеч кимга ҳавас қилиб бўлмайди.
- Ҳар нарса рўй беради. Баъзида асабийлашиш, баъзан жамоани тинчлантириш керак. Ўшанда ҳолатни тўғри баҳолаш хислатини йўқотгандик. Хатога йўл қўймаслик ва эътиборни йўқотмаслик шарт бўлган ҳолатлар бўлади. Бу жуда муҳим, чемпионатни ҳал қиладиган лаҳза эди. Айниқса, ўшанда. Ёмон ўйнаб, ўйинни бой бериш ёқимсиз. Беллашув боши даҳшатли кечди, Борьеллодан тўп ўтказиб юбордик. Кейин олдинга ўтиб олдик ва 2 очкони у ерда қолдириш даҳшатли бўларди.


- Дастлабки 10 турда хотиржам бўлишингизни тушунишга ҳаракат қиламиз. Йога билан шуғулланасизми? Олдинги мавсумлар қандай бошланган?
- Бундай вазият аввал умуман бўлмаган, “Сассуоло”да ҳам. “Кальяри” билан 5 ўйинда мағлуб бўлгандик. “Милан”да биринчи йил 5 учрашувда 8 очко жамғаргандик. Старт омадсиз, лекин якун омадли бўлганди. Иккинчи мавсум ёмонроқ кечганди.

- Нега мавсум бошида Рождествогача кутиш ҳақида гапирдингиз?
- Буни исботлайдиган 7 жиҳат мавжуд. Бошчилик қилган жамоаларим октябрь-ноябрь ойларида кўпроқ югуришни бошлашган.
Жисмоний жиҳат устида тактикага нисбатан кўпроқ ишлаймиз. Мен аниқ схемага футболчиларни қатъий тайёрлайдиган мураббийлар сарасига кирмайман. Кўпроқ умумий фалсафа устида иш олиб бораман ва бу кўпроқ вақт талаб қилади. Шу билан бирга ёзда жисмоний машқларни кўп бажарамиз. Ўтган йили хатога йўл қўйдим ва тайёргарликни бир ҳафта кечроқ бошладик. Жамоа бир ҳафта кўпроқ дам олиши керак деб ўйладим, аммо бир ҳафтадан кейин бизни уч беллашув кутиб турганди: “Боруссия”, “Марсель” ва Суперкубок. Кейин омадсизлик қамраб олди. Ҳа, биз “Торино”га қарши дербини охирги дақиқаларда ютдик, бироқ уйда биргина кроссни амалга оширган “Удинезе”га имкониятни бой бергандик. Хатомиз руҳий тайёргарликда эди. Омадни ўз тарафингга оғдиришинг керак. Руҳан тўғри тайёр бўлсанг, дарвозага зарба пайтида тўпга оёғингни қўясан ва гол ўтказишинг қийин. Тайёр бўлмасанг эса дарвозага 30 метр қолганда рақибга ярим метр бой берсанг ҳам тўп ўтазиб юборасан.

- Гап схема эмас, балки руҳий ҳозирликда бўлганмиди?
- Шундай ўйлайман. Римда Жекодан ўтказиб юборган голимиз ва ўшанда юзимизни эсланг. Мавсумга кириб олмаганимиз тушунарли эди. Оғир мавсумни ўтказиб, Суперкубокни ютдик. 10 нафар янги футболчи келди, кўп ёшлар, фахрийлар. Жуда кўп учрашувларда 20-24 ёшдаги 5-6 ўйинчилар билан ўйнадик. Тўпни қабул қилишда қандай суст бўлганимизни кўргансиз. Шунга қарамай, Римдаги ўша учрашув охирида дурангга эришишимиз мумкин эди.

- Ўзгаришлар сизни безовта қилмадими?
- Йўқ, ҳар бир қарор тушунарли эди. Тевес Аргентинага қайтишни хоҳлади, Андреа АҚШда ўйнаш тажрибасига эга бўлишни истади, Видаль ўзи учун маъқул қарорга келди. Уларни алмаштириш зарурлиги безовта қилди холос. Пирло ва Тевеснинг қарорини аввалдан билгандик. Видаль охирги лаҳзаларда буни истади.

- Погбага эса марказда эмас, балки ҳужумларни ташкил қилувчи ўрнида ўйнашини айтиш лозим эди.
- Ҳозир Погба марказда ўйнай олмайди. Натижалар йўқлигида Падоин марказда ўйнади, бундай футболчига эга бўлишни ҳар бир мураббий истайди. Веронада биз учун ёмон кечган беллашувда у майдонда тушиб, яхши ўйин кўрсатди. Менга Падоин 60 метр масофага тўп оширмаслигини айтишади. Агар у буни билганида янада яхши бўларди. Футболчидан у қила олмайдиган нарсани талаб қилиб бўлмайди.

- Бироқ натижалар яхши бўлмади?
- Ўшанда фақат у ҳимоя олдида ҳаракат қилиб, зарур суръатни таъминлай оларди. Натижа йўқлиги Падоиннинг айби эмас. Жамоага катта зарур келтирмайдиган мураббийни яхши деб ҳисоблайман. Кучли ўйинчилар бўлса ютасак, акс ҳолда йўқ. Бусиз футболдаги ҳукмронликлар бўлмасди. Ҳеч ким 100 миллион еврога футболчи олмасди ва пулни тежарди.


- Ўша учрашувларда нимани ўзгартирган бўлардингиз?
- Ҳеч нимани, барчасини тўғри қилганман. Мавсум бошида Маркизио ва Хедира ёрдам бера олмади. Хедира бизга келишига қадар 2 йил тузукроқ футбол ўйнамаганди. У жаҳондаги энг кучли ярим ҳимоячилардан бири, у каби сифат, майдонни кўриш ва ўйинни ўқишда яхши ижрочини топиш қийин. Бундай ўйинчилар сени ярим гапданоқ тушунишади. Айнан улар майдонда фарқни юзага келтиришади. Погба кундан-кунга ўсяпти, ўйини ҳам катталарга хос. Лекин барибир у қўпол хатоларга йўл қўйиб туради.

- Кучли тарафингиз тўғри танлов қила олишдир. “Торино” билан учрашувда ҳимоячини тушириб, ютиб кетдингиз. “Наполи” билан ҳам шундай бўлди. Дибалани алмаштириб, ғалаба қозондингиз. Матбуот ва мухлислар танқид қилаётган пайтда ҳам тўғри қарорга келасиз.
- Мавсум бошида мени тўғри танқид қилишди. Дибаланинг энг яхши ўйинчилардан бирига айланишини билиш учун Аллегри бўлиш шарт эмасди, буни унинг ҳаракатларини кузатиб пайқаш мумкин эди. Дибала бизга “Палермо”дан келганди, бу бошқача ҳолат. У ерда Пауло ҳафтада бир марта ўйнаган. Заза ҳам “Сассуоло”да шундай ҳолатда бўлган. Ўша жамоаларда ютуқ, дуранг ёки мағлубиятдан қатъи назар босим бўлмайди. Симоне “Наполи”га гол урди ва “Болонья” билан беллашувда уни асосий таркибда туширдим. Бироқ  у тўп учун фаол талашмади ҳам. Руҳан тўғри тақсимотга эга бўлиш даркор. Ҳар уч кунда ўйнашимиз ва уларда ютишимиз кераклигини қабул қилиш шарт. Дибалада “Палермо” сафида етарлича бўш ҳудуд бўларди, “Ювентус”да буни кутиш ахмоқлик эди. Жамоамизда у кўпроқ тўп билан ишлаб, ярим ҳимояга яқинроқ ўйнаши лозим бўларди. У ҳали ўсиши керак, тўпни ўнг оёғида тепишни ўрганиши керак, акс ҳолда тўпни доим чап оёғига тўғрилаб юриши лозим. Кўпроқ охирги пасларни беришни ўрганиши керак, у кўпроқ нарсаларга қодир. “Ювентус” жамоага иқтидорли ёшларни олиб келиб тўғри қилди, улар энг яхши ёш футболчилардир. Бироқ ҳозирча кутиш керак.

- “Сассуоло” билан ўйиндан кейин Буффон жамоадошларига қарата муҳим сўзларни айтди. Шундан кейин дарвозага қулф солингандек узоқ вақт чемпионатда тўп ўтказиб юборилмади. Бу нима билан боғлиқ эди – менталитетни ўзгартиришми ёки схемани?
- Асосий ҳимоячиларимиз Барцальи, Бонуччи ва Кьеллини бўлиб, улар биргаликда 14-19% учрашувларда ҳаракат қилишди, бу жуда кам. Ўша беллашувни қайтадан кўриб чиқиб, мураббийлар штаби билан таҳлил қилиб, кулишдик. Салбий тарафни ўйлаётганингда фақат камчиликларни кўрасан. Ўшанда рақиб биргина тўғри зарбани жарима зарбасидан йўллаган, биз эса 3-4 имкониятдан фойдалана олмагандик. Эҳтимол, Туриндаги баҳсда биз ғалабага ҳақли бўлмадик, шунда ҳам барча камчиликларни кўрдик. Буффоннинг сўзларидан кейин барчасини аста-секинлик билан бошидан бошлашга қарор қилдик. Йигитларга лигада қолиш учун курашадиган жамоага айланганимизни айтдим. “Эмполи” билан баҳс охирида ғалабадан хурсанд бўлиш ўрнига жаҳлимиз чиққанди. Ўшанда тўғри йўлда эканимизни тушундим. Кейин “Торино” билан беллашувда бизга омад кулиб боқди. Жижининг сейвидан кейин охиригача ғалаба қозонишга интилдик. Ўйинчиларга учрашувдан-учрашувгача боришимизни билдирдим. Рождествогача пешқадам билан фарқни 6 очкогача, мартгача эса 3 очкогача қисқартиришимиз кераклигини таъкидладим. Сўнгги 6 ўйиндан 4тасини уйда ўтказардик. Йигитлар эса имконсиз ишни уддалашди, номларини тарихга ёзиб қўйишди. Ҳар қандай рекордни янгилаш мумкин, бироқ 26 ўйиндан 25тасида зафар қучиш... Ёки уйдаги “қуруқ” серияни олинг.


- “Ювентус” жаҳондаги энг кучли ҳимояга эгами?
- Бизда жаҳонда энг кучли саналган ҳимоячилар бор. Уларни ҳар қанча олқишлаш мумкин. Шу билан бирга унутмайлик, улар билан бир хил даражада ўйнайдиган Касересни йўқотгандик. У кучли ва рақиб билан бирга-бир ўйнашни ёқтирадиган классик ҳимоячи.

- Манжукич ҳимояга прессинги билан ёрдам беради ва бу рақибга ўйинини қуришга халал қилади.
- Манжукич кучли ва ҳақиқий мотор. У футболни жуда яхши тушунади. Марио чиройли ўйнамас, лекин таъқибдан ажойиб қочади, ҳаводаги тўпларни ютади ва паснинг суръатини яхши ҳис қилади. “Сампдория” билан ўйинда у алдамчи ҳаракати билан Кьеллинига гол уришга имкон яратди. Яна Лихтштайнер, Эвра бор. Эвра – ажойиб футболчи. У ўйинларга жуда тўғри ёндошади. Жамоада бундай ўйинчилар бўлса, зафар қучасан. Манжукич эса жиддий ва масъулиятни ҳис қиладиган йигит. “Ювентус”нинг Чемпионлар лигасидан чиқиб кетишига ўзини айбдор деб билади. Мағлубиятдан кейин 20 кун кийиниш хонасида бир ўзи ўтирди. Кейин ўзига келиб олди. “Бавария” билан ўйинга 2 кун олганда оёғида оғриқ ҳис қилди ва тайёр бўлмаса, уни майдонга туширмаслигим ҳақида айтдим. У бундан ташвишга тушди ва уни захирага олдим. Ўша беллашувга тайёр ҳолда бўлмагани учун у ўзини айбдор деб ҳисоблади.

- “Реал” Моратани сотиб олмаслигига умид қиламиз ёки унинг ўрнига кимнидир кутамизми?
- Умид қиламиз, у биз билан қолади. Мората – жаҳонда ҳар қандай шерик билан ҳужумда ўйнай оладиган кам сонли ижрочилардан бири. У марказий ҳужумчи ёки ортдаги ҳужумчи бўлиб ҳам ўйнай олади. Бир воқеани айтиб бераман. Ўтган йили бизга келганда дарвозага зарбалар берарди. Шундай ҳолатларнинг бирида Тевес унга жаҳли чиққандек қаради. Кейин Мората бундай тепишни умуман тўхтатди.

- “Юве” келажакда қандай бўлади?
- Жамоага қандай ўйинчилар келишидан қатъи назар улар яхши савияда ва руҳан кучли бўлиши лозим. Қўл остимдаги футболчиларнинг барчаси ўса олади. Схема ҳақида кўпчилик гапиради, лекин мен кимлар билан ишлашимни билишим жоиз. Футболчининг сифатини баҳолаб, уни майдонга тўғри жойлаштириш керак.


- Кейинги мавсум қандай ўтади?
- Европа чемпионатидан келадиган футболчилар билан ишлашда тартибни ўзгартириш лозим. Бир қатор ўйинчилар финалгача етиб боришлари мумкин. Кетма-кет олтинчи Скудеттони ютишни хоҳлаймиз, бу ажойиб ҳодисага айланарди. Енгил бўлмаслигини биламиз. Ортимизда ўз тарихида энг кўп очко йиққан “Наполи” ва ўсиб бораётган “Рома” турибди.

- Чемпионлар лигаси-чи?
- Бу мавсум Севильяда хатога йўл қўйдик. Ўшанда ўзимизни яхшироқ кўрсатишимиз керак эди. “Бавария” ўз ўйинини намойиш этиши боис бирга-бир баҳсга тайёр туришимиз шарт эди. Кескин бўлишимиз лозим бўлган ҳолда бизга бу жиҳат салгина етишмади.

- “Юве”нинг рақобатчилари тўғрисида қандай фикрдасиз?
- Сарри Бенитес қурган ярим ҳимояни озгина ўзгартириш кифоя қилишини тушуниб етди. Бенитес кубок мусобақаларида ўзини яхши кўрсатади, бироқ Италия чемпионатида кўп гол қўйиб юбормаслик жуда муҳим. 20-25 тўп ўтказиб, 75 гол урса, чемпион бўлиш мумкин. Сарри буни яхши англади ва унда ажойиб Игуаин бор эди. “Наполи” биз ва “Рома”га ютқазди, лекин ўша баҳслар тенг кечганди. Ўзаро беллашувда бизнинг йўқотадиган нарсамиз кўпроқ эди. Мен Алекс Сандрони туширдим ва биз зафар қучдик.

- “Юве”дан кейин қаерда ишлашни хоҳлардингиз?
- Хорижда ишлашни истардим. “Челси” билан алоқага чиқмаганман. Февралдаёқ “Ювентус”да қолишимни билардим.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика