Latest news

07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  0 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  97 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  29 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  10 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3

Лионель Месси: “Ўғлим ҳозирча футболни ёқтирмаяпти” News

Лионель Месси: “Ўғлим ҳозирча футболни ёқтирмаяпти”

Бешинчи марта “Олтин тўп”га сазовор бўлган Лионель Месси ушбу соврин асосчиси ва 2010 йилдан бери уни ФИФА билан биргаликда топшириб келаётган “France Football” нашрига интервью берди.

– Қора смокинг кийганингизда “Олтин тўп”га эга чиқяпсиз. Аввалги икки маросимга рангли костюмларда ташриф буюргандингиз.
– Тўғриси, бунга ҳеч қачон эътибор қаратмаганман. Тасодифдан бошқа нарса эмас.

– Цюрихда охирги бор мукофотга эга чиққанингиздан бери уч йил ўтди. Бош саҳнага қайтиш сиз учун нимани билдиради?
– Матбуот анжуманларида тез-тез гапирганимдек, энг яхши учлик орасида бўлишнинг ўзи совға. Барча ютишни хоҳлайди, мукофотни олиш ёқимли ва муҳим, саҳнага чиққанда ажойиб ҳиссиётни беради. Лекин бу йил қандайдир алоҳида нарса сезмадим. Ўйлашимча, Криштиану икки сафар “Олтин тўп”ни ҳақли ютди. Мен хотиржам эдим ва янги ғалабадан хурсанд бўлдим. Шунингдек, маросимга келганимдан ҳам. Совринни тўрт бор ютганман, шунинг учун хотиржамликни сақладим.

– Демак, уни бешинчи марта ютиш сиз учун бошқача аҳамиятга эга эмасми?
– Уларнинг ҳаммаси ўзгача. Биринчи сафар биринчи бўлгани учун қадрли. Иккинчиси эса уни давом эттирганинг билан. Ҳар бирида ўзига хос тарих бор. Бу жаҳон нигоҳи остида қўлга киритиладиган муҳим совриндир. Уни бир неча марта ютишга аниқ вазифа қўймайман. Етти ёки саккиз? Менда аллақачон бешта бор. Ҳар кунни яшаб, янги ўйин ва турнирларни кутаман. Агар яна совринга эга чиқсам, жуда яхши бўлади. Ғолиб чиқмасам ҳам қўрқинчли эмас.

– Аввалги сафарлар Криштиану Роналдунинг ғолиб чиқишини тахмин қилганингизни айтгансиз. Бу ҳазилми ёки ҳасад?
– Ҳеч нарса. Шунчаки майдонда рўй берган ҳолатлар йиғиндиси. Ўшанда унинг навбати келганди.


– “Олтин тўп”ни бешинчи марта ютиш олдингиздаги ғоя эмасди, шундайми?
– Ҳеч қачон совринга интилмаганман. Уни ютган одамлар рўйхатига назар ташлаш етарли. Шу билан бирга у ғолиб чиқмаган мукофотим саналмайди. Энг муҳим совринлар жамоа билан ғолиб чиқадиган мусобақалардир. Жамоавий ютуқларга доим интиламан. Охирги йилларда “Олтин тўп”ни ютмаганим қўшимча иштиёқ туғдиргани йўқ. Иштиёқни бир йил аввал бирорта соврин ютилмагани берди. Ҳар йили барча турнирларда ғолиб чиқиш вазифасини қўямиз ва ўтган йили бу бизга насиб этди. Биз шахсий эмас, жамоавий ютуқлар тўғрисида ўйлаймиз.

– Навбатдаги ютуқ сизга фахрланиш ҳиссини қўшмайдими?
– Мен уларнинг барчаси билан фахрланаман. Бу аниқ. Ўн йил энг яхши футболчилар учлигига кириш шунчаки бўлмайди. Ушбу далил мени фахрга тўлдиради.

– 2015 йил қайси учрашувни энг яхши деб ҳисоблайсиз?
– Жавоб бериш осон эмас. Энг муҳим ўйинларни биринчи навбатда эслайман. Масалан, “Бавария” билан беллашувда эришилган 3:0 ҳисобидаги ғалаба. Ўшанда жуда кучли жамоа устидан зафар қучдик. Мавсум давомида бир қатор ўйинларни юқори савияда ўтказдик. Бошқалардан устунлигимизни кўрсата олганимиз учун барча совринларни ютдик. Бошқалардан муҳимроқ деб Чемпионлар лигаси финалини ҳисоблайман. Қирол Кубоги. Чунки якунда кубокни бошинг узра кўтарасан.

– Америка Кубоги ярим финалида Парагвайга қарши баҳсда сиз жамоанинг олти голида иштирок этгансиз. Буни эслаб ўтмадингиз.
– Америка Кубоги биз учун ижобий ўтди, гарчи финалда зарур натижага эриша олмаган бўлсак ҳам. Чили Аргентинадан кучлироқ эди деб ўйламайман. Индивидуал ва жамоавий тарафдан шундай эди. Турнир биз учун яхши якунланди деб ўйлайман.

– 2011 ва 2012 йилларга нисбатан ўзингизни кучлироқ сезяпсизми?
– Сўнгги икки йилга нисбатан жисмонан яхшироқ ҳис қиляпман. 2013 ва 2014 йилларда тез-тез жароҳат олдим, ҳозир эса яхши ҳолатдаман. 3-4 йил аввалги савиямга қайтдим.

– 5 йил олдинги ва ҳозирги Месси ўртасида фарқ борми?
– Ўйлашимча, улғайдим. Майдонда янги нарсаларни ўргандим, кўп нарсага бошқача муносабатда бўляпман. Майдонда бошқача жойлашув, Луис Суарес каби шериклар билан ўйнашни ўргандим. Бу Хавининг йўқлиги сабабли бўлди. Ҳаракатланишни ўзгартириб, майдонда ўсишга эришдим. Ўйиним аввалгидек, бироқ баъзи жиҳатлар ўзгарган.

– Шерикларингизга кўпроқ тўп оширишингизни бошладингизми?
– Шундай. Бунга мен билан бирга ўйнаётган ҳужумчилар сабабчи. Тўп билан бўлганимда Неймар ва Суареснинг очилишини баҳолашим мумкин. Уларга менга майдонда катта бўшлиқ яратиб, яратувчанлик учун кўпроқ имконият беришади. Бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Луис билан ўзаро тез киришиб кетдик. Ҳаётда дўстмиз, рафиқаларимиз ҳам бир-бирлари билан дўстлашиб кетишган.

– Месси инсон сифатида қандай ўзгарди?
– Уч йил аввал дунёга келган Тиаго ҳаётимни ўзгартирди ва унга бўлган муносабатимни ўзгартириб юборди. Олдин футболга боғланган эдим. Ўйиндан кейин 3-4 кун у ҳақида ўйлаб юришим мумкин эди. Ўзимни чарчагандек ҳис қилардим. Тиаго туғилгандан буён уйга ёмон ва ютқазилган ўйиндан кейин қайтиб, уни кўраман ва бошқа нарса аҳамиятли бўлмай қолади. Ўғлим сабабли мен улғайдим ва футболга энди бошқача қарайман.


– У билан ўйнайсизми?
– Ҳа, тез-тез. Лекин у футболни унчалик ёқтирмайди. Унинг ўйинчоқларини ўйнаб, сайр қиламиз. Худди ота ва ўғилдек.

– Тиаго отасининг “Олтин тўпи”га қандай муносабатда?
– Унга салом йўлладим ва у кулиб қўйди. У мени яна саҳнада кўрганидан хурсанд бўлган деб ўйлайман. Бирор бошқача нарса юз берганини тушунган.

– У икки йил олдин отасининг қўлига отилган Криштиану Роналдунинг ўғлидан фарқ қилади.
– Криштианунинг ўғли каттароқ. У беш ёшда, кўп нарсани тушунади. Тиаго ҳали ёш.

– У отаси жаҳоннинг энг яхши футболчиси эканлигини тушунадими?
– Йўқ, албатта.

– Унга бу ҳақида гапирмайсизми?
– Йўқ.

– Криштиану Роналдунинг ўғли сизнинг мухлисингиз эканини биласизми?
– Биламан. Бу ажойиб. Болалар ўзгача, улар ўзларича бўлиб қолишади. Менимча, Криштиану буни борлигича қабул қилиб, ажойиб йўл тутган. Цюрихда у ва Неймар билан ўғилларимиз тўғрисида гаплашдик. Криштианунинг ўғли футбол ва футболчиларни жуда ёқтиради.

– Тиаго Криштианунинг ишқибози бўлиши мумкинми?
– Ҳозир эмас, чунки у футболни унчалик ёқтирмайди. Тиаго ёш ва уни яхши билмайди. Кўрамиз, у спорт нималигини билганда қандай кўриниш олишини. Агар унга Криштиану ёқса, ҳеч қандай муаммо юзага келмайди! Ўғлим кимни хоҳласа, уни яхши кўриши мумкин.

– Цюрихда сиз Криштиану билан жуда дўстона муносабатда бўлдингиз.
– Ҳамиша шундай бўлган. Гарчи, биз рақиблар ва бир-бирига рақобатчи жамоаларда ўйнасак ҳам, ўртамизда катта ҳурмат бор ва рақобатчимизнинг ўйинидан ҳайратга тушамиз.

– Йиллар ўтиши муносабатингизни ўзгартирдими?
– Йўқ.

– Футболга қарашингиз ўзгарганини айтдингиз. У қандай кўринишга келди?
– Албатта, футбол мен учун жуда муҳим. Уни ёқтираман. Машқ қилиш ва ўйнашни ёқтираман. Бу болалигимдан интилишимдир. Фарқи шундаки, энди ҳаётимда оилам ҳам бор, фақат футбол эмас. Ўйинлар ва машғулотни тугатгач, уйга қайтаман ва қайта тетиклашаман.

– Неймар ва Суарес билан дўстлигингиз қандай ривожланганини айтиб берсангиз.
– Неймар олдинроқ келган. Вақт ўтиши билан алоқа ўрнатиб, бир-биримизни билиб бордик. Кейин сафимизга Луис қўшилди. Кийиниш хонасида ажойиб тушуниш мавжуд. Барча ғалаба ва совринлар йўлида бир йўналишда ҳаракатланади. Шу билан бирга ҳамма титулни ютиш осон эмас. Шу сабабли муносабатларимиз биринчи ўринда. Улар билан биргаликда кўплаб ўйинларни ўтказдик ва ким қаерга ҳаракатланаётганини англаб турамиз.

– Барчангиз Жанубий Америкадан эканингиз таъсир кўрсатяптими? Европалик шерикларингиз билан яхши чиқишиб кета олмагансиз?
– Гап бунда эмас. Луис уругвайлик ва у аргентиналиклар билан яқин. Маданиятимиз ўхшаш ва бу дарҳол сезилди. Лекин бразилияликлар анча фарқ  қилади. Лекин улар ҳам Жанубий америкалик ва бу жуда яхши. Америка Кубоги ёки жаҳон чемпионати саралаш босқичида ўйинларимиз қадри бир хил.


– Аргентиналиклар Уругвай ва Бразилия футболчиларидан нимаси билан ажралиб туради?
– Бразилиялик ажойиб техника билан футболдан завқ олади. Уругвайлик жангчи, ҳар бир имкониятдан фойдаланишга уринади ва ўзини жамоага бахш этади. Европага келган аргентиналик совринларга ташна ва ўзини ватанидан йироқда кўрсатишни жуда хоҳлайди.

– “Барселона” ва Аргентина терма жамоасида ўйнайдиган Месси ўртасида фарқ мавжудми?
– Бу жамоалар учун ўйнаш бир хил нарса эмас. Ҳар кунлик машғулотлар ва юртингга дам олиш кунида сафар қилиб, икки машғулотдан кейин учрашувда иштирок этиш ва ортга қайтиш ўртасида фарқ бор. Лекин икки Месси бор дея олмайман. Кўпчилик биз жаҳон чемпионати ва Америка Кубогини юта олмаганимиздан афсусланади, бироқ қабул қилиш фақат натижага боғлиқ эмас.

– Терма жамоа билан зафар қучиш қийинми?
– Бу “Барса” билан ҳам қийин. Рақобат юқори, юқори даражадаги футболчилар етишмайди. Ҳар икки жамоада бор имкониятимизни ишга соламиз. Аргентина бир йил ичида икки турнир финалида ўйнади ва ҳар иккисида мағлубиятга учради. Терма жамоа билан соврин юта олмаганим оёғимдан тортиб турган тошга ўхшайди.

– Фаолиятингизни якунлаётган чоғда Аргентина чемпионатида ўйнамоқчимисиз?
– Ҳа, бир кун у ерда ўйнашни истардим. “Барса” уйим ва шу ерда фаолиятимни тугатишни айтганимда Европани назарда тутардим. Европада бошқа клубга ўтмайман, лекин Аргентинада ўзимни синаб кўрардим. У ерни ёшлигимдаёқ тарк этганман. Аргентина чемпионати қандай эканини билишни хоҳлардим.

– Сиз “Манчестер Сити” ёки “ПСЖ” кўчиб ўтмайсизми?
– Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шунчаки қолишни исташим ҳақида гапирдим.

– Лео Мессининг якуний мақсади қандай?
– Йўлимизда учраган барча совринларни ютиш.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +28   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика