Latest news

16:28"Сўғдиёна" — "Локомотив". Таркиблар маълум  1 16:10"Металлург" — "Сурхон" 1:0 (Матнли трансляция)  4 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  3 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  1 14:43"Сивасспор" — "Қосимпошо". Турғунбоев асосий таркибда  2 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  5 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  4 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  1 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  21 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  18 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   3 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  15

Леван Гвазава: “Ўзбекистонга пул учун эмас, футбол ўйнаш учун келганман” News

Леван Гвазава: “Ўзбекистонга пул учун эмас, футбол ўйнаш учун келганман”

“Нефтчи” жамоасига янги таклиф этилган футболчилар орасида Левани Гвазава ҳам бор.
Асли грузиялик бўлган ушбу ўйинчи Россия паспортига ҳам эга. Зукко ва синчков мухлислар уни яхши билишса керак. Фаолияти давомида Россия премъерлигасида тўп сурган. Хатто “Алания”да Миржалол Қосимов билан ҳам бирга ўйнаган. Яқинда “Нефтчи” бош мураббийи Мурод Исмоилов интервью бериб Гвазава ҳақида илиқ фикрларни билдирганди. У чинакам профессионал футболчи, кўпни кўрган ва етарлича тажрибага эга. Аслида бундай юқори савиядаги ўйинчиларнинг нархи ҳам қиммат туради. Бироқ Гвазава яна футбол ўйнашни истади. У пулга ўч эмас. Масалан, Грузияда қариндош-уруғлари, яқинлари, умуман 20дан ортиқ инсонларни моддий томондан қўллаб-қувватлаб туради. У қайси клубда ўйнамасин ҳамиша ўзидан ёрқин таассуротлар қолдирган. “Терек”да ўйнаган пайтида Чечинистон президенти Рамзан Қодировнинг эътиборини ҳам қозонган. “Терек” ўта муҳим ўйинда ғалаб қозонган ва бунда Леван Гвазаванинг ҳам ҳиссаси катта бўлган. У учрашув пайтида жамоадошига чиройли тарзда голли пасни узатади. Ўйиндан кейин эса Рамзан Қодиров айнан Гвазагава голли пас узатгани боис саҳийлик кўрсатади ва унга танла: қимматбаҳо машинами ёки пул? деб мурожаат қилади. Футболчининг машиналари етарли бўлганлиги сабабли Рамзан Қодировдан пулни олишни маъқул кўрган.

Ушбу ўйинчи билан эксклюзив интервью олишни анчадан бери режалаштириб қўйгандик. Шу мақсадда 20 март куни Фарғонага сафар уюштирдик. У ерда бизни кутиб олган “Нефтчи” клубининг матбуот котиби Аброр Деҳқоновга мақсадимизни айтганимизда розилигини билдирди. Фақат бош мураббийдан ҳам рухсат сўраш кераклигини алоҳида уқтирди. Клуб қароргоҳига борганимизда Мурод Исмоилов мураббийлар штаби билан кичик йиғилиш ўтказаётган экан. Ўзаро мажлис тугаганидан кейин бош мураббийнинг хонасига кирдик ва у бизни илиқ қарши олди. Мурод Музаффаровичга мақсадимизни тушунтирганимизда қаршилик қилмади-ю, аммо “Пахтакор” билан ўйиндан кейин гаплашсангизчи”, деб сўради. Лекин у билан суҳбатимизга мазкур ўйиннинг алоқаси йўқлигини айтганимиздан сўнг бош мураббий рози бўлди. “Фақат ярим соатдан кейин машғулотимиз бошланади. Унгача Гвазава сизнинг ихтиёрингизда” деди ва Исмоилов билан хайрлашдик. Ушбу суҳбатни уюштиришда яқинда ёрдам бергани учун “Нефтчи” матбуот котибига миннатдорлигимизни билдирамиз.   

- Салом, Леван! Юртимизга хуш келибсиз?
- Раҳмат.

- “Нефтчи”га қандай қилиб келдингиз?
- Ҳаммаси оддий. Яқин танишларимдан бири “Нефтчи” ҳақида айтганидан кейин тақдир тақозоси билан шу ерга келдим.  

- Айтингчи, фаолиятингизни Ўзбекистонда давом эттириш ҳақида илк бор эшитганингизда қандай ҳолатга тушдингиз?
- Биласизми, менга бу Ўзбекистон клубларидан биринчи таклиф эмас. Бир ярим йил муқаддам Ҳаким Фузайлов мени “Локомотив”да кўрмоқчи эканлигини айтганди. Унинг укаси Раҳматулло Фузайлов билан бирга тўп сурганман. Шу боис акаси мени яхши биларди. Унинг таклифи ёмон эмасди-ю, аммо негадир трансфер амалга ошмаган. “Нефтчи”дан олдин Россия биринчи дивизони жамоаларидан ҳам чақирувлар бўлди. Билсангиз керак, Россия жуда катта мамлакат. У ерда бошқа шаҳарга бориш учун самолётда кўп вақт кетади. Мен эса бундай узоқ парвозларда юравериб зерикканман. Ўзбекистонда эса транспорт масаласи қулайроқ. Шу сабабли иккиланмасдан юртингизга келишга қарор қилдим.   

- Илк бор юртимизга келиб фаолиятингизни бошлаб ҳам олдингиз. Шуни ҳисобга олганда, ҳозирча олаётган илк таассуротларингиз нималардан иборат?
- Ўзбекистон футболида асосан техник ва тактик тарафга кўпроқ эътибор берилади. Россияда эса қаттиқ кураш кечади. У ерда футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳам юқори савияда бўлади.

- Умуман айтганда, сизга ёқяптими?
- Тўғрисини айтаман, бу ердаги майдонларни кўриб кўнглим хира бўлди. Агарда техник ва тактикага мослаб ўйин кўрсатмоқчи экансиз, бундай майдонда ҳеч нима қила олмайсиз. Лекин тез орада майдонларнинг сифати яхшиланишига ваъда беришди.

- Фаолиятингиз давомида Россия премъерлигасида “Алания”, “Спартак-Нальчик”, “Химки”, “Терек” сингари клубларнинг асосий таркибларида тўп сурганингиздан хабардормиз. Ўз вақтида кучли чемпионатда ўйнаган футболчининг эндиликда Ўзбекистонда тўп суриши ўзингизга қандай туюляпти?
- Ўзбекистон Ривалдо ўйнаган. Зико ва Сколари сингари машҳур мураббийлар ишлаган. Уларинг олдида мен кимман? Оддий футболчиман холос. Ўзимни ҳеч қачон юлдуз ўйинчи деб ҳисобламайман. Тўғри, Россия премъерлигасида тўп сурганман, лекин бу билан ўзимни бошқалардан устун қўймайман. Бу ерда ўзимни жуда яҳши ҳис қиляпман.

- Сизнинг ёрқин фаолиятингиз ҳозиргача Россияда ўтган. У ердаги ҳаётингиздан қониққанмисиз?

- У ерда тўп суриб ёмон бўлганим йўқ. Россияда насиб қилганича ўйнаганман. Худо берганидан ортиғини ололмаймиз. Балки эртароқ жароҳат олиб сафдан чиққанимда фаолиятимни барварқт якунлаган бўлишим ҳам мумкин эди. Шу сабабли ҳаммаси учун Худога шукур қиламан, нолимайман.

- У ерда қаттиқ жанг кечадиган чемпионат тўп суриб юқори савияни ҳис қилгансиз. Бизнинг чемпионатга келиб бу борада ўзингиз учун енгилликни сезяпсизми?
- Йўқ, мен бу ерда футбол ўйнаш енгил деб айтмаган бўлардим. Футболчига бунақанги солиштиришлар тўғри келмайди. У қаерда ўйнашидан қатъий назар доим ўз вазифасини бажариши шарт. Ўзбекистонга келган биринчи кунимданоқ майдонларнинг сифатсизлиги мени ёқимсизлантирди. Бундай майдонларда тўпни шеригингизга ўзингиз истаганингиздек узата олмайсиз. Россия премъерлигаси билан солиштирганда бу ердаги майдонлар оғриқли нуқта экан. Лекин эшитишимча, “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Локомотив” каби жамоаларнинг майдонлари яхшироқ экан. Қачонки яхши майдонда ўйнасангиз жамодаошингизга қулай ва аниқ пасларни етказа оласиз. Нобоп майдонда эса футболчи тўпдан тезроқ қутулиш ҳақида ўйлайди.

- Қизиқ, нима учун “Нефтчи” билан фақат олти ойга шартнома туздингиз?

- Олти ойга шартнома тузганимга келсак, мен бу ердаги вазиятни мутлақо билмасдим. Жамоа қанақа, муҳит, бу ердаги ҳаётга кўникаманми-йўқми, шуларни ҳисобга олган ҳолда ҳозирча олти ойга шартнома имзолаганман. Балки ҳаммаси яхши бўлиб, клубга ҳар томонлама кўникиб кетсам шартномани узайтираман. Ўзбекистон чемпионати мен учун янги чемпионат. Шунинг учун унга қандай мослашишимни олдиндан билмасдим. Қолаверса, маҳаллий мухлислар мени қандай қабул қилишларини ҳам аниқ айта олмайман. Буларнинг барчаси учун менга вақт керак.  

- Нима учун охирги бир йил давомида ҳеч қаерда тўп сурмадингиз?

- “Терек” клубидан кетганимдан кейин “Химки”дан таклиф тушганди ва у ерга боргандим. Лекин агент билан ўртамизда тушунарсиз вазият юзага келди. У билан муаммони ҳал қилгунча мен ўйнай олмадим, вазият ўзгаришини кутиб уйда ўтиришга мажбур бўлиб қолдим. Бунгача орадан анча вақт ўтиб кетди. Бироқ мен футболсиз яшай олмасдим. Россиядан бошқа таклифлар бўлган бўлсада, узоқ учишлар, узоқ сафарлар жонимга текканди. Шу нарсалар менга керакми, деган савол билан ўйланиб юрдим. Мен учун ўзимни янги чемпионатда синаб кўриш қизиқарлироқ туюлди.

- Сиз учун дебют сингари Ўзбекистон янги мамлакат. Бу ердаги жамоа, футболчилар, мухлислар, умуман ҳаётингиз ўзгарди. Буларни ҳис қилганингизда ниманидир кашф қилмоқчимисиз?
- Мен ўз олдимга аниқ мақсад қўймаганман. Фақат жамоанинг мақсади йўлида мен ҳам ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Ўзбек мухлисларида ўзим учун яхши из қолдиришни хоҳлайман. Бизнинг жамоа янгидан тузилди. Клуб ўз олдига қўйган мақсадига эришиш учун барибир вақт керак. Ҳеч қачон нимагадир эришмоқчи бўлсангиз бунга бирданига эриша олмайсиз. Мисол учун “Анжи”нинг ҳолатини ҳамма кўрди. Улар юлдузларни йиғиб эртагаёқ чемпион бўлишмоқчи эди. Лекин охири нима бўлди? Клуб барибир янги тузилгани сабабли мақсадга қисқа фурсат ичида эриша олмайди. Буни “Анжи” мисолида ҳам кўрдик. Футболни сира алдай олмаймиз. Ҳамма нарсага хоҳласак-ҳохламасак вақт зарур. Бу нарсани мухлислар ҳам яхши тушунишларини истардим. “Нефтчи” янги барпо этилаётгани сабабли мағлубиятларни ҳам тўғри қабул қилишлари керак.

- Биламизки, илгари тўп сурган жамоаларингиз орасида номдор ва етакчи ўйинчилар билан бирга тўп сургансиз. Бу борада кимларни алоҳида айта оласиз?

- Тўғри кўплаб ўйинчилар билан бирга тўп сурганман. Масалан, Ўзбек футболининг тирик афсонаси Миржалол Қосимов билан битта жамоада ўйнаганимдан фахрланиб юраман. Биламанки, у Ўзбекистоннинг ифтихори ва фахри саналади. Лекин ўйнаган жамоаларимда унга ўхшаш ўйинчилар кўп эди. Шу сабабли ҳеч кимни алоҳида ажратиб кўрсата олмайман.  

- Юртимизга келганингиздан сўнг Миржалол Қосимов билан гаплашдингизми?

- Ҳа, у билан бир марта телефон орқали суҳбатлашдим. Миржалол Қосимов билан гаплашиш жуда мароқли. Шунинг учун олдинги ўйнаган пайтларимизни эсладик.  

- “Нефтчи”га қўшилганингизда кўзингизга ҳамма ўйинчи нотаниш бўлиб кўрингандир-а?
- Аввал Молдавияда “Зимбру” учун тўп суриб чемпион бўлганмиз. Ўша пайтларда майдон четида бизга тўп олиб келадиган ёш болалар бўларди. Бу ерга келгач Оникани учратдим. Айнан у мен ўйнаган пайтда майдон четида бизга тўпни олиб берарди. Шунинг учун уни оз-моз танидим. Дарвоқе, Владимир Шишеловни ҳам яхши биламан.   

- Сиздан Россия ёки Грузиядаги танишларингиз Ўзбекистон футболи ва унинг чемпионати ҳақида сўрашса нима деб жавоб берасиз?
- Ҳозирча кўп ўйинда қатнашганим йўқ. Шу сабабли мен учун бир нарса дейиш қийин. Мисол учун Бухорога бордик ва у ерда майдоннинг сифатсиз эканлиги ёдимда қолди. Вақт ўтиши билан чемпионатингиз ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлганимдан кейин танишларимга нимадир айтсам бўлади. Лекин шуниси аниқки, Ўзбекистон футболининг савияси ошиб боряпти. Насиб қилса тез орада янги стадионда ўйнашни бошлаймиз. У ердаги майдон яхши ҳолатда. Ўйлайманки, яна бир-икки йилдан сўнг бу ердаги футбол бунданда ривожланган бўлади. Биз янада яхшироқ майдонларда тўп суришни ва мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз.

- Левани, бунга қадар Ўзбекистон футболи ва “Нефтчи” ҳақида қандай тасаввурларга эга бўлгансиз?

- Очиғини айтсам, бу борада кўп маълумотларга эга бўлмаганман. Ўзбекистонга келиш ҳақида аввал ўйламаганим боис ҳам унчалик қизиқмаганман. Бор эътиборимни асосан ўйнаган жамоаларимга қаратганман. Мана энди юртингиздаман. Мен бу ерга фақат футбол ўйнаш учун келганман. Пул мен учун долзарб эмас, ҳаётда ўзимга тўқ инсонман, ҳамма нарсам бор. Шунинг учун фақатгина футбол ўйнаб ундан лаззатлангим келади.   

- Кейинчалик “Нефтчи”га йўл олаётганингизда унинг қандай клуб эканлигини билганмисиз?
- Иложи борича маълумотлар олишга ҳаракат қилдим-у, аммо кўп эмасди. Негаки, сайтлардаги янгиликлар асосан ўзбек тилида экан. Рус тилидаги янгилик ва хабарлар камлиги учун етарлича маълумот ололмадим. Фақат бу ерга келганимдан кейин футболчилар билан гаплашиб бу қандай клуб бўлганлигини ва илгари бир неча бор Ўзбекистон чемпиони ва қатор совринларни ютганлигини билдим.   

- Кейинчалик янги жамоангизнинг тарихи қандай бўлганлигини тушуниб етдингиз шундайми?
- Тарих ўз номи билан тарих. Биз эса жамоага ёрдам бериш учун ўша тарихни давом эттириш учун келганмиз. Биздан кейин ҳам унинг анаъналарини давом эттирадилар.

- Россиядаги фаолиятингиздан кейин ҳам ўша ердаги дўстларингиз билан ҳалигача муносабатни сақлаб келяпсизми?
- Лахиялов, Асилдаров, Власов, Бракамонте, Билялетдинов, Смирнов, умуман олганда, жуда кўп футболчилар билан алоқада бўлиб тураман.

- Бундан кейинги ҳаётингизни қандай тасаввур қиляпсиз? Яъни, кейинчалик яна Россияга қайтиш ниятингиз борми?
- Эртага нима бўлишини Худо билади. Келажагим қандай кечишини ҳозирдан тасаввур қила олмайман. Бу – ҳаёт, унда ҳар хил ҳолатлар бўлиши мумкин.

- Ҳозирча клуб қароргоҳида истиқомат қиляпсиз. Кейинчалик алоҳида уйда яшамоқчимисиз?
- Кейинчалик квартира олиш ниятим бор. Базада ҳар куни бир хил ҳаёт тарзи инсонни зериктириб юборади. Балки квартирага чиқсам оиламни ҳам олиб келишим мумкин.

- Оилангиз Грузиядами?
- Йўқ улар Москвада яшашади. Ота-онам, ака-укаларим ва қариндошларим Грузияда истиқомат қиладилар.

- Нечта фарзандингиз бор?

- 2та ўғлим бор.

- Грузиядан кўплаб ўйинчилар чемпионатимизга келиб тўп суришган. Бундан хабарингиз борми?
- Балки ўйнашгандир, аммо аниқ кимнидир айта олмайман. “Бухоро”га қарши ўйнаганимизда уларнинг таркибида грузилиялик футболчи тўп сурар экан, фамиляси...

- Квесиешвили...
- Ҳа, ўша. Ҳозирча у билан танишдим.

- Грузия терма жамоасида...
- “Терек”да тўп сурган пайтимда миллий терма жамоага мени 3-4 марта чақиришган. Лекин мен Россия фуқаросига айлангандим. Агар Грузия учун ўйнайдиган бўлсам, у ҳолда яна Грузия паспортига эга бўлишим керак бўларди. Анталиядаги йиғин пайтида бу борада Грузия терма жамоаси бош мураббийи Темури Кецбая билан ҳам гаплашдим. Лекин “Терек” раҳбарияти мени легионер бўлиб ўйнашимни хоҳлашмади. Шу боис Россия паспортини олганман. Бу жамоа менга барча шарт-шароитларни яратиб берганди, ҳамма қулайликларга эга эдим. Шунинг учун уларнинг юзига оёқ қўя олмасдим.

- Россия фуқароси бўлганингиз туфайли Грузия терма жамоасида тўп суриш имкониятидан маҳрум бўлгансиз. Бу ҳолат сизни афсуслантирганми?

- Йўқ, бундан афсусланмайман. Ҳаётда ўйлаган барча нарсаларимга айнан Россияда эришдим. Балки ўз вақтида бунинг учун афсусланган пайтларим ҳам бўлгандир. Илгари Россия билан Грузия ўртасидаги низо туфайли у ерда ўйнашга қийналганман, айниқса хужжат ишларида. Мен эса футбол ўйнашни жуда хоҳлаганман. Шунинг учун рафиқам билан маслаҳатлашиб Россия фуқаролигини қабул қилишим мен учун тўғри йўл бўлишини билганмиз.

- Маҳаллий мухлислар учун қандай гапларингиз бор?
- Стадионга келиб писта чақиб бўлар-бўлмасга бақириб кетадиган мухлислар учун эмас, балки жамоаси учун чин дилдан ишқибозлик қиладиган ва қайғурадиганлар учун омад тилайман. Барибир жамоамиз янги тузилган ва ўйланган клубни шакллантириш учун вақт керак. Шу боис мухлисларимиз сабрли бўлишларини истайман. Лекин мен “Нефтчи” янада яхши жамоа бўлишига ишонаман. Ҳар қандай шароитда қўлимиздан келганича уларни хурсанд қилишга ҳаракат қилаверамиз. Раҳбарият, мураббийлар штаби ва ўйинчиларнинг ҳам тилаги шундай. Баъзилари футболга шунчақи вақт ўтказиш учун келадилар. Ҳақиқий ишқибоз биз жароҳат олсак, унинг ўзи жароҳат олгандек, агар қайғурсак у ҳам қайғургандек ўзига сингдиради. Ана уларни чинакам мухлис сифатида қабул қиламан ва ҳурмат қиламан.   

- Аслида журналистлар учун интервью беришга хоҳишингиз қандай?

- Интервью бериш футболчининг вазифасига киради. Сизнинг вазифангиз эса футболчилардан интервью олиш. Бу бизнинг бурчимиздир. Ҳеч қачон журналистларга рад жавобини бермайман.

- Самимий суҳбат учун раҳмат сизга. Ўзбекистондаги фаолиятингизга омад тилаймиз.
- Сизга ҳам раҳмат. Балки яна кўришармиз...

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика