Latest news

13:56"Металлург" — "Сурхон". Таркиблар маълум  1 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  3 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  6 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  2 12:04Серхио Рамос АПЛда ўйнаши мумкин?  3 11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  1 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  16 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  14 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   2 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  10 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0

"КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА". Элдор Суюнов: “Ўзини катта тутадиган футболчи МТЖгача етиб бора олмайди” News

"КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА". Элдор Суюнов: “Ўзини катта тутадиган футболчи МТЖгача етиб бора олмайди”

Сўнгги йилларда Қашқадарё вилоятида дарвозабонларни етиштириб бериш борасида етакчиликни ўз қўлига олгандек.
Бир неча йил аввал Санжар Қувватов номи бутун Республикамизга ёйилган эди. Бугун Элдор Суюнов ва Ўткир Юсупов эл оғзида.

Элдор билан суҳбатлашганимга анча бўлган эди, тахминан 2 ой аввал. Бугун уни сизлар билан баҳам кўришга қарор қилдим.

Ўзи ҳақида гапирар экан, “фаолиятимни Тошкентда, аниқроғи “Чиғатой” футбол мактабида бошлаганман. 2005 йилнинг бошида дадам пойтахтга олиб борган эдилар. У ерда 8 ой машғулот олиб борганимдан кейи Бахтиёр ака Бобоев “Машъал”га таклиф этдилар. Асли Қаршиданман, у ерда ўз билганимча машғулот ўтказар эдим. Тошкентда Марат Кабаев биринчи устозим бўлди. Таркибимизда бугунги футболчилардан Алибобо Рахматуллаев, Мирғиёс Комилов, Жавлон Гусеинов каби ёшлар бор эди. 2006 йил ёз ойида Муборакда академияда қурилиш ишлари тугатилганидан кейин у ерга турли вилоятлардан ёш футболчилар таклиф этила бошланганди. Бир ой ўтмай мен ҳам “Машъал” академиясининг аъзосига айландим. Бизнинг гуруҳимизга Владимир Фомичев мураббийлик қилган эди. 1991 йилда туғилган футболчилар 1990 йил вакиллари билан бирга машғулот ўтказардик. Санжар Қувватов билан ёшлигимдан бирга ўсганман”, - дейди Суюнов .

– “Машъал” Ўзбекистон футболи тарихида биринчилардан бўлиб ўз академиясига эга бўлган. Бундан 10 йиллар аввал, клуб ўз фаолиятида туб бурилиш ясаган ҳолда, ҳам асосий таркибга, ҳам ёшларга эътибор қаратди. Сиз академияга кирган йилингиз, асосий таркибда Миржалол Қосимов тўп тепарди...
– 2006 йилги “Машъал”ни бирон бир жамоага солиштириб бўлмайди. Асосий таркиб машғулотларини жонли кузатишни ёқтирар эдик. Чиғатой футбол мактабидан, “Машъал” академиясига ўтганимда жуда кўп нарсалар ўзгариб кетганди. Еб-ичишдан ташқари, ёш футболчиларнинг кийинишларигача асосий таркибникига монанд эди. Албатта бу биз ёшларни иштаҳасини очарди. Клуб ҳар томонлама профессионал тарзда ишлар эди. Владимир Фомичевга Комил Ёнғиров, марҳум Баҳром Вафоевнинг туғишган укаси ёрдамчилик қилар эдилар (“Машъал” стадионига Баҳром Вафоев номи берилган, муаллиф). “Машъал”нинг бугунги кундаги вице-президенти Илҳом Қурбонов бизга атлетикадан сабоқ берарди. Биздан кейинги йилларга Борис Серастанов, Бахтиё Бобоев ва яна кўплаб маҳаллий мураббийлар фаолият олиб борар эдилар. Баҳром Давлатовни эса Муборакда жуда катта ишларни қилган деб айта оламан. Бу инсонни воҳа футболида тутган ўрни катта. Ёки Бахтиёр Бобоевни олайлик, у киши “Машъал”дан кетиб “Бунёдкор”да катта лавозимда фаолият олиб боряпти.


  • Лойиҳанинг кичик сирини очаман, айнан "Кеча, бугун, эртага" меҳмони билан интервьюга умуман тайёргарлик кўрмайман. Ҳаммаси табиий чиқиши учун, саволлар жавоблардан келиб чиқиб берилади.



– Чиғатойга борганингизда қайси амплуада ҳаракат қилар эдингиз?
– Дарвозада, аммо дарвозабон техникасига эга эмас эдим. Бу борада Чиғатой ўзим учун биринчи футбол мактаби деб айта оламан.

– “Машъал”да кимлар билан бир гуруҳда ўқигансиз?
– Икки ёшдаги гуруҳ бирга шуғулланганмиз. Номма-ном айтадиган бўлсам, Санжар Қувватов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Фаррух Сайфиев, Маъмур Абдуллаев, Сирожиддин Ҳамроев, Шерзод Аъамов.

– Академияда дарвозабонлар билан ишлайдиган алоҳида мураббий бўлганми?
– Йўқ, аммо асосий таркибнинг дарвозабонлар мураббийи мен ва Санжарни ўзи билан олиб кетиб, Бутенко ва Цой иштирокидаги машғулотларда иштирокимизни таъминлар эди. Фарм клубимиз ҳам чакки эмас эди. У ерда Ботир Носиров дарвозада турарди. Буни фойдасини бугун сезяпмиз. Фомичев иккинчи лигадаги жамоани устози бўлганлиги учун бизни дарвозага қўярди. Мени рақобатчим Элдор Исабоев бўларди.

– Эътиборсизлик туфайли футболчилик фаолиятини ташлаб юборганлар ҳам бўлдими?
– Жуда кўп! Ёки аксинча, эътиборни кўплигидан маъсулиятни хис қилмай қолганлар ҳам бўлган. Масалан Хутов деган футболчимиз бўлар эди. Биз бу ёшда захира ўриндиғини орзу қиладиган пайтимиз, у асосий таркибда майдонга туша бошлади. 1991 йилда туғилган авлоднинг энг истеъдодли футболчиси айнан у эди. (Дмитрий Хутов 1991 йил 23 июлда таваллуд топган. Олий лигада 17 ёшида, “Бунёдкор” – “Машъал” (2:0) учрашувининг 77-дақиқасида Самандар Шодмоновнинг ўрнига майдонга тушиб дебют қилган. Н.Ю). Эътиборнинг кўплигидан талтайиб кетди.

Хоразимлик Ботир деган футболчимиў бўлар эди. Жуда кучли футболчи эди. 2008 йили қўлига қоғозини бериб жамоадан кетказиб юборишган эди.

– Бу вазиятдан Сиз қандай чиқиб кетдингиз, боиси асосий таркибда Бутенко, Наумов каби дарвозабонлардан ташқари Қувватов бор эди.
– Биринчи лигадаги жамоамизда Санжар асосий посбон эди. Мен ҳам баъзан ўйинларга тушиб турар эдим. Ўйинларимизни кўргани кўплаб мутахассислар келар эди. Кунлардан бир куни Рўзиқул ака телефон қилиб, мени “Насаф”да кўришни истаётганликларини айтдилар. Бу таклифни мен жон деб қабул қилдим. Қолаверса, “Машъал” билан шартномам якунига етиб бораётган эди. “Насаф”га ўтганимдан кейин 18талик таркибга кира бошладим. Ҳаттоки ОФК Кубогининг бир ўйинида “Насаф” дарвозасини қўриқлаганман. “Машъал”ни футболга кириб келишимда хизмати катта бўлди, ўйнаб кетишимда эса “Насаф”ни. Шунинг учун мураббийимизга катта раҳмат айтмоқчиман.

– “Насаф”га келган йилингиз, жамоада жуда катта ўзгаришлар амалга ошаётган пайт эди. Жамоани ўз шахслари бор эди. Бу борада кўникиш қийин бўлмаганми?
– Йўқ, боиси мен жамоага келганимда Демьяненко жамоани деярли бошидан тузаётган эди. Кўплаб янги футболчиларларнинг бири бўлганлигим учун қийинчиликка учрамаганман.


  • Бу лойиҳада футболимизда нафақат ўйинлари ёки ишлари билан, балки инсонийлиги билан ҳам бир калла устун бўлган меҳмонлар иштирок этадилар. Агар биз Сизни интервьюга таклиф этсак билингки, шунчаки саҳифа тўлдириш учун эмас, сизга бўлган чексиз ҳурматимиз учун...


– “Насаф”даги ҳаёт қандай бошланди? Зухуров, Наумов ва Козаченкодан кейинги тўртинчи посбон бўлиш осон бўлмаган бўлса керак?
– Клубга биринчи келганимда дарвозабонлар билан украиналик мутахассис ишлар эди. Мен доимий равишда ўринбосарлар дарвозасини қўриқладим. Ахён Наумов мени ўрнимдан жой оларди. Бу дарвозабонлар билан машғулот ўтказишни ўзи мен учун бир мактаб бўлди. Эслайман, Мурод ака Зухуровга, мен ҳам футбол ўйнармиканман дердим. Шунда Зухуров, “ҳали катта футболда тўйиб кетасан ҳам”, деб овутарди. Буни қаранг, кўп ўтмай жамоани бирин кетин дарвозабонлар тарк эта бошлашди ва менинг навбатим келди.

– Денис Иванковнинг меҳнати қандай бўлди?
– У менга “Машъал”даёқ ўз ишончини билдирган. “Машъал” сафида биринчи лигада мени иккиланмасдан асосий таркибга қўйди, “Насаф”га ишга келгач, бу ерда ҳам менга ишонч билдириш кераклигини айтди. Бу одамни қўл остида мен доим асосий таркибда ўйнаганман. Рўзиқул ака менга қандай ишонч берган бўлса, Иванков ҳам шунча ишонди. Дарвозабон бўлишимда уни руҳан қўллаб-қувватлаши менга қўл келди.

– Реакция бу истеъдодми ёки машғулот меваси?
– Мураббийларимиз буни туғма дейдилар. Меҳнат эса уни тезлатиши мумкин-у, аммо бари-бир қонингизда бўлиши керак. Бу борада кўпинча Санжар Қувватовни мисол қилиб келганман. У икки йил ўйнамаса ҳам, ўз реакциясини сақлаб кела олади.

– Бизни посбонларимиз бошқаларга нисбатан ориқроқдек. Узоққа бормайлик, Ўзбекистон -Иордания ўйинида рақибимиз постини қўриқлаган Амир Шафининг гавдасига қараб, бундай чаққон ҳаракат қилишини кутмайди киши. Рақиб ҳужумини сейфларидан ташқари гавдаси билан ҳам бартараф этади. Ҳудди-ки, боулингда “страйк” амалга оширган спортчи каби...
– Агар жисмоний тарафдан кучли бўлсангиз бу сизнинг фойдангизга. “Насаф”да Козаченко ҳам шундай баққуват эди. Лекин нима учун ўзбекистонлик дарвозабонлар уларга нисбатан вазни пастлигини билмасам нима учун. ОФК Кубогида Шафининг жамоасига қарши майдонга тушган эдик, ҳақиқатдан ҳам кучли дарвозабон. Унинг ўйинлари менга ёқади.

– Балки бу ҳам витаминларга боғлиқдир?
– Албатта. Кейин уларнинг таомлари бизникиларга нисбатан ёғзиз. Асосан витамин билан тўйинадилар. Шунга яраша гавда ҳам чиқади. Биздаги ёғли таом билан витамин қабул қилсангиз, бу ҳам зарар.

– Қонда витамини йўқлиги, ўйин давомида сезиладими, масалан кучиз бирдек 90 дақиқага етмаётганини сезиш мумкинми?
– Ҳа, шундай ҳолатларни сезишингиз мумкин. Замонавий спортда витаминизациянинг ўрни катта. Масалан, Демьяненко пайтида бизда турли-туман витаминлар бўлар эди. Бу ўз навбатида жамоанинг ўйинига ҳам таъсир қилади. Бугунги кунда кўплаб футболчилар ўзларини витаминларни ҳарид қилишяпти, аммо ҳамма ҳам бундай имкониятга эга эмас.



  • Самимий интервьюдагина, самимий кулгу бўлади...


– Дейлик рақибингизнинг молиявий аҳволи пастроқ ва ундаги футболчилар витамин олмаган. Медаллар учун курашаётган жамоалар сўнгги дақиқагача ўйнашади, улар махсус витаминлардан фойдаланганлар. Бу учрашув сўнггида витамин билан таъминланган жамоага қўл келадими?
– Бўлмасамчи, витамин бу куч деган. Агар сиз керакли ва белгиланган витаминларни қабул қилмасангиз организмингиз маълум бир вақтга келиб чарчайди. Бундай пайтда ўйинни бошидаги темпни ушлаб тура олмайсиз. Шунинг учун ҳам олий лигадаги юқоридаги жамоалар кўп ҳолларда сўнгги дақиқаларда устунликни ўз томонларига оғдириб оладилар.

– “Насаф” асосий таркибидан жой олганингиздан кейин ўзингизда ўзгаришлар бўлмадими? Бунга ҳамма футболчини иродаси дош бермаётгандек...
– Мен ҳам бу нарсани тан оламан. Асосий таркибда туша бошлаган пайтим, катталарни гапи ортиқчадек бўлиб қолди. Кейин қарасам, бу ўйинимга таъсир ўтказяпти. Кўтарилиб қолганимни сездим ва мураббийларимиздан узр сўрадим. Аслида катталар бизга яхши бўлсин деб гапиришади. Меҳнатда гап катта экан.

– Тўғри айтасиз. Яқинда “Пахтакор” дарвозабонлар мураббийи Анвар Рашидовга Нестеровни тарбия қилгани учун раҳмат айтишганида, у шундай деди: -Игнатийнинг муваффақиятига мендан кўра ўзи кўпроқ сабабчи. У тинмай меҳнат қилди, ўз устида ишлади ва мана шундай савияга чиқди.
– Ростан ҳам Нестеровга ўхшаб машғулот ўтказиш осон эмас. Терма жамоада мен ҳам уни кузатаман, унга ўхшаб машғулот ўтказишни истаймиз, аммо бироз етишмаётгандек. Машғулотларда ўзини аямайди. Худо хоҳласа унга ўхшаб машғулот ўтказсак, ўзимизга яхши бўлади деб ўйлайман.

– Лойиҳамнинг “титул” саволи. Ёш футболчилар ўзларидан кетиб қолишаётгани кўряпмиз. Клубларда “фахрий” футболчи деган тушунча йўқолиб боряпти. МТЖда тўп тепаётган футболчиларнинг муомуласи қаерда-ю, кеча олий лигада 2та ўйин ўйнаган футболчининг муносабати қаерда...
– Фахрий футболчи тушунчаси йўқолиб бўлди десак ҳам бўлаверади. Одил акани олайлик (Аҳмедов). Россиянинг энг кўзга кўринган футболчиларидан бири, аммо биздан ўзини бир поғона бўлсада устун тутмайди. Бу кўпроқ тарбияга боғлиқ деб ўйлайман. Терма жамоадаги ҳамма футболчилар шундай. Сиз назарда тутаётган футболчилар МТЖгача етиб бора олмаяптилар.

– Айниқса бу биз ОАВ вакилларига кўпроқ билинади. Шацких, Жепаров ва Аҳмедов сизга шундай чиройли муомула қиладики, уларни олдида кичик ёш тоифасидаги терма жамоаларнинг футболчилари гўёки “Барселона” футболчиси...
– Мексикадаги ёшларимизнинг аксарияти ҳам шунга йўқолиб қолишди-да... Нестеровни олайлик, мен унинг рақобатчисиман, аммо у терма жамоада менга кўп вазиятларда маслаҳатлар беради. Ҳақиқатдан ҳам ўз иродасини кўрсата олган футболчи охирги манзилга етиб бора олади.

– ОФК Кубоги... Эслашга арзийдиган мусобақа тўғрими, қолаверса Демьяненко ишлади.
– Анатолий Демьяненко Блохин тўп тепган жамоанинг сардори эди. Ҳар бир жамоанинг ўз даври бўлади. Ўша йиллари “Насаф”ни ишлари анча юришган эди. ОФК Кубогидаги юришимизни ҳеч бир мухлис унутмаса керак. Ўша йиллари жамоамиз шарафини Ўзбекистонни сара футболчилари ҳимоя қилишди.

– Рўзиқул Бердиевни ишдан кетиши ва охир оқибат яна бош мураббийлик лавозимига қайтиши, клубни бир йилини йўқотишига тенглаштирсак бўладими?
– Шундай деса ҳам бўлади. Гарчанд ОЧЛда ишимиз юришмаган бўлсада, чемпионатда ёмон қатнашмаётган эдик. 9-турга қадар бирични ўринда бораётган “Бунёдкор” билан ўртамиздаги фарқ бор йўғи икки очко эди. Кейин футболчиларнинг аксарияти кетаманга тушиб қолдилар. Мавсумни эса тўртинчи ўринда тугатдик.  2013 йил олдидан Рўзиқул Бердиев олдига ёшларни тарбиялаш вазифа этиб қўйилди. Шунда мен қатори, Муҳаммадиев, Гадоев ва Сайфиев асосий таркибдан жой ола бошладик. Натижа эса чакки бўлмади, биз кутилгандан кўра яхшироқ ўринни эгалладик.  

– Жамоа олдига аниқ вазифа қўйилмаса яхшироқ ўйин бўлади. Мана бу йил “Бунёдкор”дан вазифа олиб ташланган эди, Лушан таркибни ёшартириш орқали авлодлар алмашинувини ўтказиб олди...
– Натижа ҳам бўлиши керак, аниқроғи мақсад.

– Лекин Ўзбекистон чемпионатидан келиб чиқиб учта ўрин ва кубокдан қолган ўринларни натижа деб айта олмаймизда. Кучли саккизталикка кирамиз дейшиди, бизда ўзи кучли саккизталик борми?
– “Насаф”, “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Бунёдкор”дака жамоалардан яна 4та бўлса, шунда кучли саккизлик каби гапларни айтсак бўлади.

– Бир йилда узоғи саккизта яхши ўйинда майдонга тушасиз, қолган ўйинлар қандайдир шунчакидек...
– Сиз назарда тутган жамоаларга қарши ўйинларни кутамиз. Мазза қилиб тайёргарлик кўрасиз. Қолган жамоаларга қарши сафарги ўйинлар қизиқроқ бўлади, айниқса водийда. Аммо Қаршида бўлиб ўтадиган ўйинда улар жиддий қаршилик қила олмайдилар. Буни ўзингиз ҳам биласиз, руҳиятни алдай олмайсиз. “Пахтакор” ва “Бунёдкор”га қарши ўйинларни эса кутасиз. Ҳар томонлама, бунга бутун вилоят ҳам тайёргарлик кўради.

– Ҳар турда, “Пахтакор” – “Насаф”, “Бунёдкор” – “Локомотив” савиясидаги ўйинлари бўлиши учун янгича тизимга ўтсак яхши бўлади деб ўйлайсизми?
– Корея, Қозоғистон ва Шотландияда плей офф тизими мавжуд. 26та ўйин биз учун жуда кам деб биламан. Биз-ку, кубокда яна қўшимча 5-6та ўйинда ўйнаймиз, аммо кубокни эрта тарк этадиган жамоалар учун бу кам.

– Футболчилар тайёрларми, агар ўйинлар сони ортиб ҳар тўрт кунда футбол ўйналса?
– Айни пайтда йўқ, лекин босқичма-босқич тайёрласа бўлади.

– Танлаш имконияти бор дейлик, кучсизларни ютиб юқори ўринларни олиш ёки кучлиларга қарши ўйнаб 5-6 ўринларни қайд этиш?
– Агар ҳамма жамоалар кучли бўладиган бўлса, бунда ўрин аҳамиятини йўқотади. Сиз қанчалик кучли чемпионатда тўп тепсангиз, хорижга кетиш имкониятингиз ошади. Бу эса кучли терма жамоа дегани. Менимча бу босқичга етиб келяпмиз. Аввалига инфраструктурага катта эътибор берилди. Ҳозирда барча вилоятларда яхши стадионлар барпо этилди. Энди олий лига сифатига эътибор  берилса керак.

Нодирхўжа Юлдашев

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика