Latest news

00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  5 23:56"Сельта" — "Барселона". Таркиблар маълум  2 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  8 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 21:10"Милан" — "Ювентус". Таркиблар маълум  9 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  2 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  7 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  1 19:27Илёс Зейтуллаев: "Йигитлар сўнгги учрашувларда асосий ва захира деган тушунчалар йўқлигини тушунишди"  4

Жаҳон чемпионатига бора олмаган Эдгар News

Жаҳон чемпионатига бора олмаган Эдгар

Москва шаҳрида бўлиб ўтган меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси чемпион бўлиб қайтганидан хабарингиз бор.

Ушбу мусобақада асосан пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган 23-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этишди. Жамшид Асадов мураббийлигидаги жамоа мусобақанинг ҳал қилувчи финал баҳсида Покистонни пенальтилар сериясига кўра мағлуб этиб футбол мухлисларига олам-олам қувонч бағишлади.

Терма жамоа сардори Эдгар Шамшилов афсуски жароҳати сабаб мусобақага бора олмади. Лекин шунга қарамай, унинг жамоадошлари ишончни оқлаб ғолиб бўлган ҳолда қайтишди. Гарчи мундиалга бориш насиб қилмаган бўлса-да, Эдгар жамоанинг энг асосий ўйинчиси ҳисобланади. Шу боис у билан суҳбатлашиш ва фикрларини эшитишни лозим топдик. Айтиш мумкинки, 16 ёшли ўспирин суҳбат давомида ўзининг аччиқ ҳаётига ҳам тўхталиб ўтди.


- Мен Шамшилов Эдгар, 23-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчисиман. Ёшим 16да. Уч йилдан бери ўзимизнинг уйда ташкил этилган футбол жамоасида шуғулланаман, - дея сўз бошлади Эдгар. - Жаҳон чемпионатига боргунга қадар бир нечта мусобақаларда қатнашдик. Ўртоқлик ўйинлари ўтказдик. Кейин эса Москвада ташкил қилинган меҳрибонлик уйлари ўртасидаги жаҳон чемпионатига таклиф олдик ва бундай имконият берилганидан хурсандман. 

Аммо жароҳат сабаб ўзим мусобақага бора олмадим. Бошида хафа бўлганим рост, кейин эса йигитларимизнинг ғалаба қозонганини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Мен ҳар куни ўзимни улар билан биргадек ҳис қилдим. Жамоадошларим билан бирга овқатландим, бирга машқ қилдик, ўйинларда бирга ўйнадик. Бу гўёки ҳар куни мен билан содир бўлгандек бўлди. 

Чемпион бўлганимизни эшитиб ниҳоятда қувониб кетдим. Мен ҳам жамоадошларимни кутиб олгани аэропортга чиқдим. Шерикларимни кўрганимда хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Меҳрибонлик уйига кубок билан кириб борганимизда эса ҳамма бизни қарсаклар билан кутиб олди. 

- Эдгар, жароҳат туфайли жаҳон чемпионатига бора олмадинг. Бу оғир ботган бўлса керак?
- Ҳа, бошида жуда алам қилди. Чунки шундай мусобақага ким ҳам боришни хоҳламайди дейсиз. Москвага кетишимизга оз қолган пайтда жароҳатга йўлиқдим. Ўшанда ўзимиз икки жамоага бўлиниб футбол ўйнаётгандик. Кейин бошқа футболчи билан тўқнашиб кетиб оёғимнинг бармоқ қисмида оғриқ ҳис қилдим. Шундан сўнг мураббийимиз Жамшид ака Асадов мени шифокорга олиб борди ва ташҳис қўйишди: камида бир-икки ҳафта футбол ўйнай олмас эканман. Кетишга оз қолганида жароҳат олиб Тошкентда қолишга мажбур бўлдим.

 - Кейин нима қилдинг?
Нимаям қилардим, болалар билан хайрлашдим. Жамоадошларим турнирга жўнаб кетди. Мен эса меҳрибонлик уйида қолдим. Кетиш олдидан Жамшид ака менга сиқилма, футболда шунақаси ҳам бўлиб туради, биз сен учун ҳам чемпион бўлиб қайтамиз дедилар. Бу гаплари менга далда бўлди. Албатта, жароҳат сабаб бора олмаганим менга қаттиқ таъсир қилди. Чунки жаҳон чемпионатида ўйнашни жуда-жуда хоҳлагандим. Қачонки чемпион бўлганимиздан кейингина жароҳат олганимни буткул унутиб футболчилар билан байрам қилишни бошлаб юбордим. 

- Ўзбекистон жаҳон чемпиони бўлишини кутганмидинг?
- Тўғрисини айтсам, бошида яхши қатнашсак ҳам катта гап деб ўйладим. Чунки бундай даражадаги турнирга биз биринчи марта бордик. Ишқилиб йирик ҳисобда ютқазиб қўймасак бўлгани деган хаёл бор эди. Аммо ўйинларни кўриб бизнинг жамоа бошқалардан асло қолишмаслигига амин бўлдим. Гарчи бир киши кам қолиб тўп тепган бўлсак-да, ўйиндан ўйинга ўзимизга бўлган ишонч ортаётганини ҳис қилдим. Финалдан кейин эса гўёки ўзимни йўқотиб қўйдим. Жамоадошларим йиғлаб юборди. Шунда мен ҳам ўзимни тутаб тура олмадим. 

- Ўйинларни қаерда кўрдинг?
- Интернетда, ютуб канали орқали. Меҳрибонлик уйимиздаги тарбиячилар ўйин бошланадиган пайт интернетни ёқиб бизни ҳам томоша қилишга чақиришди. Шундай қилиб ҳамма учрашувларни кўриб бордим. Айниқса финалдан кейин катта байрам бошланиб кетди. Ҳамма бир-бирини табриклар, тарбиячиларимиз ҳам ниҳоятда хурсанд эди. Ишонасизми, ҳатто ёнимиздаги маҳаллада истиқомат қиладиган одамлар келиб бизни табриклаб кетишди. 


- Ҳозир 16 ёшда экансан. Футбол сен учун нима: хоббими ёки профессионал спорт тури?
- Тўғри савол бердингиз. Футбол шу пайтгача мен учун шунчаки қизиқиш ва бўш пайтни мароқли ўтказиш учун хобби бўлган. Жамшид ака бундан уч йил олдин футбол жамоаси ташкил қиламан деганларида бошида қизиқиб қатнаб турардим. Ундан ташқари енгил атлетика билан ҳам шуғулланганман. Лекин орадан вақт ўтиб футбол мен учун кундалик ҳаёт тарзига айланди. Телевизорни ёққанимда ҳам доим футбол кўрадиган бўлдим. Ҳеч қандай кино ё бошқа кўрсатувлар қизиқ эмас. Ҳозир мен учун футбол худди касб даражасида дея оламан ва ўзимни катта футболда синаб кўришни хоҳлайман. 

-Энг ёқтирган футболчинг ким?
-“Челси”даги Эден Азар. Лекин “Манчестер Сити”га мухлислик қиламан. “Сити” доим тўп узатишлар билан ўйнайди ва уларнинг услуби менга ёқади. Ўзимизнинг футболчилардан “Локомотив” ҳужумчиси Марат Бикмаевга қизиқаман. Шу ўринда “Локомотив” футбол клубига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Чунки бу жамоа бизга кўп ёрдам берди. Тўплар, форма, бутсалар совға қилишди, ҳатто овқатланишимизга ҳам қарашишди. 

- Эдгар, агар навбатдаги саволим оғир ботса узр сўрайман ва хоҳламасанг жавоб бермаслигинг мумкин. Айт-чи, ота-онанг борми?
- Ҳа, бор лекин биз бирга яшамаймиз. Ота-онам ажралиб кетишган ва бунга анча бўлган. Уларни кўрмаганимга кўп йил бўлди. Дадамнинг ҳатто юзини эслай олмайман. Чунки дадам бизни ташлаб уйдан чиқиб кетган пайт мен жуда кичкина бўлганман. Ойимни кўрмаганимга ҳам кўп бўлди. Ойим ҳозир қаерда, нима иш қиляпти, ким билан яшаяпти, буларнинг ҳеч биридан хабарим йўқ. Ҳозирча қариндошларимдан фақат бувим билан гаплашиб тураман. 


- Фараз қиламиз, ота-онанг бу ютуқдан хабар топди...
- Агар ойим бирор жойда эшитиб хурсанд бўлган бўлса, билингки мен ҳам хурсанд бўламан. Чунки нима бўлган тақдирда ҳам она мен учун муқаддас. Балки онам ҳаётида кўп хатолар қилгандир, мени ёш ҳолимда ташлаб кетгандир, лекин бу мен уни яхши кўрмаслигимни англатмайди. Мен онамни яхши кўришда ва уни ҳурмат қилишда давом этавераман. Тўғрисини айтсам, онамни кечиришга тайёрман. Агар келажакда яхши футболчи ёки ўқиб катта одам бўлсам онамни топиб албатта ёрдам беришга ҳаракат қиламан.

- Отангни умуман эслай олмайсанми?
- Уни фақат фотосуратларда кўрганман. Балки олдимга келса ёдимда қолгани бўйича эсларман. Аммо дадам мени сўраб келса ҳам олдига чиқмайман, чунки у шунча пайт онам иккимизни ёлғиз ташлаб кетди ва биздан умуман хабар олмади. Бу борада бошқа айтадиган гапим йўқ. 

- Жаҳон чемпионатига бормаган бўлсанг ҳам сенга медал беришди, тўғрими?
- Ҳа, шундай. Чунки мен мусобақада иштирок этувчилар рўйхатига киритилгандим, фақат жароҳат туфайли бора олмадим. Шу боис ташкилотчиларга раҳмат, улар менга ҳам медал бериб юборишди. Жамоадошларим Тошкентга қайтганидан сўнг меҳрибонлик уйида байрам қилганимизда Жамшид ака менга медални тақиб қўйдилар ва бундан жуда хурсанд бўлдим. 

- Нутқинг ва муомала маданиятинг яхши экан, кўп китоб ўқийсанми?
- Нафақат кўп ўқийман, балки меҳрибонлик уйимизда ёки мактабда ташкил этиладиган барча тадбирларда фаолман. Спортдан ташқари ҳар бир концерт ва байрам дастурларида ҳам фаол қатнашаман. Мактабда баҳоларим аъло. 11-синфни тугатиб институтга киришни хоҳлайман. Тўғри, мен болалар уйи боласиман, лекин бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Мен ҳам ўзимни кўрсатишни, нимага лойиқлигимни атрофдагиларга билдиришни хоҳлайман. Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққанимиз бу – ҳаётнинг энди бошланиши, ҳали ҳаммаси олдинда деб ўйлайман. 

- Келажакда қайси йўналиш бўйича таҳсил олишни хоҳлайсан?
- Ниятларим улкан. Имкон бўлса-ю Дипломатия институти ёки бўлмаса Миллий университетга кириб ўқисам дейман. Келажакда катта одам бўлишни хоҳлайман, ёки профессионал футболчи. 

-  Эдгар, интервью учун сенга катта раҳмат. Ҳаётда ўйлаган орзуларингга эришишингни тилаб қоламиз.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Rating: +46   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика