Иван Бошкович: "Бир-икки йил катта футболда ўйнаган футболчини ёш деб бўлмайди"
20 aug 22:31
News
Иван Бошкович: "Бир-икки йил катта футболда ўйнаган футболчини ёш деб бўлмайди"
Ўйин ҳақида
- Бугунги ўйинга алоҳида ёндашув асосида тайёргарлик кўргандик. Кучли рақиб майдонида осон ўйин бўлмаслиги маълум эди. Майдон ҳолати ҳам айтарли даражада яхши эмасди. "Нефтчи" билан биринчи даврада тўқнаш келдик, кубокда учрашдик, жамоанинг қандай имкониятлари бор эканини билардик. Йигитлар характер кўрсатишди. Асосий воқеалар, ҳал қилувчи эпизодлар иккинчи бўлимда кечди. Мезбонлар ҳисобни тенглаштириш учун катта куч билан олдинга ўтишди. Ҳимояда тартибли ҳаракат қилдик. Ўз кучимизга ишонган ҳолда иккинчи голни киритдик. Сўнги дақиқаларда учинчи голни ҳам урганимиздан кейин жамоадаги меҳнатларимиз зое кетмаётганини тушундим. "Нефтчи"га кейинги ўйинларда омад тилайман.
- Бир-икки соат атрофидаги машғулот орқали жамоани янги майдонга қандай мослаштирдингиз?
- Мен учун ёқимли савол бўлди. Биласизми, шу майдон бизнинг "уйимиз". Шу майдон бизнинг "оиламиз". Шу орқали ишлаймиз, пул топамиз, оила боқамиз ва ҳоказо. Шундай экан, биз майдонга ҳар доим мослаша олишимиз керак, ахир ишимиз шунақа.
- Кубокдаги ўйин ва бугунги учрашувдаги фарқли жиҳатларни айтиб берсангиз...
- Кубок учрашувида эҳтиёткорлик жуда юқори эди. Ҳар икки жамоада ҳам вазиятлар кам бўлганди. Бугун шуларнинг акси ўйин бўлди. "Нефтчи" иккинчи қаватда устунликка интилди, айтиб ўтгагимдек тартибли ҳимояландим. Бугунги учрашувда ўтган ўйиндан фарқли равишда голли вазиятлар кўп бўлди.
- Жамоангиз таркибида ёш футболчилар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Улар сиз истагандек ўйнаб бера олишаяптими?
- Машғулотларда барча бирдек ишлайди. Ёшми, тажрибалими, футболчи олдидаги вазифа бир хил. Биз машғулотларда кўриб чиқиб, энг тайёр футболчиларни майдонга туширамиз. Бир-икки йил катта футболда ўйнаса, ўша футболчини ёш деб ҳам бўлмайди, тажрибалилар қаторига киради.
Comments