Latest news

02:05Илёс Қурбонов: "Ҳаёт-мамот ўйинида зафар қучдик. "Насаф"га қарши ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз"  0 01:45Иван Бошкович "Локомотив"га қарши ўйинда Йовович асосий таркибда тушмаганини айтди  2 01:29Григорий Колосовский: "Зарба бермасдан гол уриб бўлмайди"  0 00:24Ла Лига. "Реал" меҳмонда "Леганес"ни йирик ҳисобда мағлуб этди  40 23:59А Серия. "Наполи" — "Рома" ўйини тақдирини битта гол ҳал қилди  2 23:30АПЛ. МЮ Аморим қўл остидаги илк ўйинда "Ипсвич Таун"ни мағлуб эта олмади  21 22:55Машарипов "Пахтакор"га қарши ўйин олдидан: "Бу жамоада катта бўлганман, аммо..."  5 22:12"Лестер" Куперни истеъфога чиқарди  3 21:15АПЛ. "Саутгемптон" ва "Ливерпуль" ўртасидаги ўйинда 5та гол урилди  38 21:13 Элит Чемпионлар лигаси. "Пахтакор" бош мураббийи Максим Шацких ва ўйинчиси Ҳожиакбар Алижонов "Истиқлол"га қарши ўйин олдидан нималар деди?  5 20:09Перес Винисиусга мурожаат қилди  7 19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   2 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  8 19:18Суперлига. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  6

Элдор Суюнов: "Насаф"ни фақат хориж клубига алмаштиришим мумкин" News

Элдор Суюнов: "Насаф"ни фақат хориж клубига алмаштиришим мумкин"

“Насаф”нинг иқтидорли посбони Элдор Суюнов бу йилги мавсумда ўзининг очилмаган қирраларини яққол намоён этмоқда десак муболаға бўлмайди.
Бўй басти узун бўлган посбон “Насаф”да намойиш этаётган ишончли ўйинларидан кейин миллий терма жамоа йиғинларига ҳам таклиф этилди.

Биз “Насаф”нинг 22 ёшли посбони Суюнов билан суҳбатлашдик.

“НАСАФ”ДА ЎЙНАШ ОРЗУМ ЭДИ

- Элдорбек, сизни бу йил гарчи  “Насаф”нинг асосий посбони сифатида кўраётган бўлсакда, очиғи, сиз ҳақингизда мухлислар тўлиқ маълумотга эга эмас.
- 1991 йили Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилганман. Ёшлигимда кўплаб тенгқурларим қатори менинг ҳам миллионлар ўйинига бўлган қизиқиш юқори бўлган. Шу боис спортнинг бу тури билан шуғулланишни бошлаганман.

- Дастлабки кўникмаларни кимдан ва қердан олгансиз?
- Футбол билан 12 ёшимдан буён жиддий шуғулланишга киришганман. Ўша пайтда Қаршидаги футбол мактабларининг бирида, Станислав Иленко қўли остида машғулот ўтказардим.

- Айрим посбонлар дастлаб ҳимоя ёки ярим ҳимоя чизиқларида ўйнаб, кейинчалик дарвозабонликни танлашга қарор қилишган. Сизда бу борада вазият қандай бўлган?
- Мен ҳам футбол билан шуғулланишни бошлаган илк кезларимда, ҳамма амплуаларда ўйнаб кўрганман. Таҳминан, 5-6 ой муддат шундай бўлган. Аммо кейинчалик дарвозабонлик мен учун энг маъқули эканлигига иқрор бўлганман. Мураббийлар ҳам бўй бастим новча бўлганлиги учун дарвозада туришни тавсия қилишган. Кейинчалик бу позицияда ўйнаш ўзимга ҳам ёқиб қолган ва шундан буён дарвозабон сифатида ўйнаб келмоқдаман.

- Болалик даврингиз асосан Қаршидаги футбол мактабида ўтганми?
- Қаршида бир неча йил футбол сирларини ўргангач, ўзимни Тошкентдаги, “Чиғатой” футбол мактабида синаб кўриш варианти бўлган. Шу боис 2006 йилнинг бошида Чиғатойга борганман. У ерда мен таҳсил олган гуруҳга Марат Кабаев устозлик қилган. Ўша пайтда мен билан бирга шуғулланган ва ҳозирда олий лига клубларида ўйнаётганлардан, Алибобо Раҳматуллаев, Мирғиёс Сулаймонов, Аюбхон Нўъмонов ҳамда Александр Лупашко каби ўйинчиларни айтишим мумкин. Биласизми, ушбу масканда кўп йиллар давомида шуғулланиш насиб этмаган. Сабаби ўша йили бугунги кунда “Бунёдкор” футбол клуби раҳбари сифатида ишлаётган Бахтиёр Бобоев мени Муборакдаги “Машъал” академиясига таклиф этганди. Шунда 2006 йилнинг охирида “Машъал” академиясига кўчиб ўтганман.

- Ўша пайтларда ушбу академиянинг нуфузи мамлакатимизда жуда юқори эди.
- Албатта, Муборакдаги академияда ишлар шу даражада тўғри йўлга қўйилгандики, ҳамма ёшлар у ерда таҳсил олишга ошиқарди. Муборакдаги академияда 1990 ва 1991 йилдаги болалар иширокидаги гуруҳини умумлаштириб битта машғулот ўтказилган. Шунинг учун у ерда ўзимдан бир ёш катта бўлганлар билан таҳсил олганман. Сирож Ҳамроев, Санжар Қувватов, Маъруф Муродов, Шерзод Аъзамов... Бизни дастлаб Владимир Фомичёв шуғуллантирган. Кейинчалик бу мутахассис олий лига жамоаларига ўтганидан кейин, бугунги кунда “Машъал” устози сифатида ишлаётган Александр Хомяков мураббийлик қилган. Туркманистонлик Сеид Сеидов қўли остида эса академияни тамомлаганмиз.

- Футбол мактаб интернати ва академияни тамомлаган барча ёш футболчилар ҳам ўзларига профессионал жамоа топа олмайди. Сизда бу борада жараён қандай кечган?
- Ўша пайтда Муборакдаги академияни тамомлаган иқтидорли болларни биринчи лигада иштирок этувчи “Машъал академия” жамоасига жалб этишган. Менинг профессионал футболдаги илк жамоам  шу клуб бўлган. 2007 йилдан бошлаб ушбу жамоа сафида биринчи лигада ўйнай бошлаганман. Ўша пайтларда жамоага Баҳодир Давлатов ва кейинчалик Александр Хомяков устозлик қилган. “Машъал академия”даги фаолиятим 2010 йилнинг сўнггида ўз поёнига етганди. Шундан сўнг “Насаф”га ўтганман.

- Нима учун айнан “Насаф”га ўтгансиз, “Машъал”даги мураббийлар наҳотки иқтидорингизни пайқамаган бўлишса?
- Ўша пайтга келиб “Машъал” билан тузган шартномам ўз ниҳоясига етганди. Яширмайман, “Машъал”нинг асосий жамоасига ўтиш учун ҳам таклиф бўлган, лекин 2010 йилда Қашқадарё вилоятининг бош жамоасидан ҳам қизиқарли таклиф бўлган. Шунда ҳеч ўйланиб ўтирмасдан, “Насаф” вариантини танлаганман. Чунки “Насаф” болаликдаги орзум эди.

- Ўша пайтда “Насаф”га украиналик таниқли мутахассис Анатолий Демьяненко устозлик қилган. Таркиб кучайтирилиб, рақобат ҳам шунга монанд юқори бўлган.
- Ҳудди шундай. Лекин жамоада кучли рақобат бўлишига қарамай, “Насаф”дан тушган таклифни тез фурсат ичида қабул қилганман. Мурод Зухуров, Михаил Наумов ҳамда Дмитрий Козаченко сингари ҳамкасбларим билан машғулот ўтказардим. Албатта бу менга жуда катта мактаб бўлганди.

“РЎЗИҚУЛ БЕРДИЕВДАН МИННАТДОРМАН”
- “Насаф”даги дебют ўйинингиз қайси жамоага қарши кечган баҳсда содир бўлган?

-  Жамоадаги илк учрашувим миллий чемпионатимиз ўйинларида эмас, балки ОФК Кубоги доирасидаги баҳсда кузатилган. Ўшанда Яманнинг “Ал Тилол” клубини қабул қилгандик. Бошланғич таркибда мураббийлар Мурод Зуҳуровни туширганди. Ўша ўйиннинг иккинчи бўлимида Демьяненко менга ўзимни кўрсатиш учун учрашув тугашига чамаси 25 дақиқа қолганида имконият берган.

- Олий лигадаги дастлабки учрашувингизни ҳам ёдингиздан чиқармасангиз керак?
- Бу борада илк ўйиним ушбу мавсумда “Бухоро” билан учрашувга тўғри келди. Ўша куни асосий посбон Ғайрат Ҳасанов тўсатдан бетоб бўлиб қолди. Шунда мураббий, дарвозани қўриқлашни менинг гарданимга юклашини, бунга қанчалик тайёр эканлгимни сўради. Мен эса табиийки бундай имкониятдан унумли фойдаланиб қолиш мақсадида таклифга “лаббай” деб жавоб бердим. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб Рўзиқул ака Бердиевга бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Шу даражага етишиб чиқишимда ушбу мутахассиснинг хизмати катта деб биламан.

- Дарҳақиқат, бу йил “Насаф” барқарор ўйин кўрсатмоқда. Бунда табиийки бош мураббийнинг ҳам меҳнати ётибди. Айтингчи, Бердиевнинг ушбу муваффақиятларининг сири нимада?
- Хабарингиз бўлса керак, Рўзиқул ака бу йил шу кунгача уч марта олий лигада “энг яхши ой мураббийи” бўлди. Август ойининг ҳам энг яхши мураббийи бўлади деб умид қиламан. Бу ҳам у кишининг “Насаф”да қандай ишлаётганидан далолатдир. Бердиев ёшларга ишонч билдиришдан қўрқмайди ва бунинг оқибатида жамоада бир қатор ёшлар бўй кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари Рўзиқул ака жамоада иш бошлашидан олдин, барча футболчи билан ўзаро суҳбат қилиб, йигитларни ҳудди бир оилага айлантира олди. Ишонасизми, ҳозир ҳамма бир-бири билан жуда ҳам аҳил иноқ. Футболчининг ёши каттами ёки кичикми, буниси аҳамиятсиз, барчага бирдек муносабат қилинмоқда. Футболчилар бир мақсад йўлида ҳаракат қилмоқда.

- Бердиев футболчилик даврида майдон марказида ақлли ўйин намойиш этганини жуда яхши эслаймиз. Мураббий сифатида қандай?
- Анча оғир босиқ. Машғулотларда турли тактикаларни синаб кўради. Рақибга қараб маъқулини танлайди. Асосийси тўғри кўрсатма бериб, йигитларни кўнглига йўл топа олади. Ҳозир жамоадаги барча футболчи у кишидан миннатдор.

- Баъзида Рўзиқул Бердиев Демьяненко шакллантириб кетган тайёр таркибни ўйнатиб, “Насаф”ни кучлилар сафида олиб юрибди қабилидаги гапларни эшитиб қоламиз. Бунга қандай муносабатдасиз?
- Йўқ, бундай дейиш нотўғри бўлади. Рўзиқул ака иккинчи даврада ёки яқинда бош мураббий бўлгани йўқ. Йил бошидан буён ишлаб келмоқда. Агар таркибимизга эътибор қаратадиган бўлсангиз, Анатолий Васильевич давридаги кучли легионерлар сафимизни тарк этишган. Рўзиқул Бердиев уларнинг ўрнини маҳаллий ёшлар билан тўлдирди ва бу йил жамоамиз таркибида бир нечта ёшлар кашф этилмоқда.

- Шу ўринда “Насаф” дарвозабонлари мураббийи Денис Иванковни ҳам четлаб ўта олмаймиз. Бу мураббий билан ишлаш ёқяптими?
- Албатта, Иванковни Ўзбекистондаги дарвозабон мураббийлари ичида энг яхшиси деб биламан. Жуда зўр мураббий. Машғулотларни Европа услубидан келиб чиқиб ўтказади. Зерикиб қолмайсиз. Маҳоратимни ошишига ушбу мураббийимнинг ҳам хизмати ётибди.


“НАСАФ”НИ ФАҚАТ ХОРИЖ КЛУБЛАРИГА АЛМАШТИРИШИМ МУМКИН”
- Сиз учун қай бири муҳим, жамоангизнинг 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганими ёки 6:5 ҳисобида ғалабаси?

- Жамоам манфаатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ғалаба қозонишни истайман.

- “Насаф” мудофаа чизиғида кимлар ўйнаса ўзингизни эркинроқ хис этасиз?
- Жамоамизда охирги пайтларда деярли бир хил ҳимоя чизиғи ўйнаб келмоқда. Булар, Ботир Қораев, Мақсуд Каримов, Ҳамза Каримов, Шуҳрат Муҳаммадиев. Айнан ушбу футболчилар бўлса мен учун бироз енгиллик бўлади.

- Бу йилги чемпионатда ўтказиб юборган голларингизни ҳисоблаб боряпсизми?
- Ҳа, статистикага қизиқаман. Жорий мавсумдаги чемпионат ўйинларида иштирок этган учрашувларимда ҳозиргача, ўз дарвозамдан 11та гол ўтказиб юборганман. Буни яхши кўрсаткич дея олмайман. Лекин бу йил имкон қадар кучли учталикка киришга ҳаракат қиламан.

- Ушбу ўтказиб юборган голларнинг нечтаси ўз хатоингиз туфайли амалга ошди?
- “Динамо” билан биринчи даврада кечган ўйинда ўз айбим билан гол ўткзиб юборганимни айтишим мумкин. Ўшанда рақиб футболчиси жарима зарбасини амалга ошираётганида, ўйинни ўқишга ҳарақат қилиб, ўз постимни ташлаб бироз олдинги чиқиб олгандим. Меҳмонлар эса бундан унумли фойдланиб, ҳаводан зарба бериб дарозани ишғол этганди. Қолган голларда бутун жамоанинг айби бор деб ўйлайман.

- Ёшлигингизда қайси голкиперларнинг ўйинига хавас қилгансиз?
- Европадан Петр Чех. Ўзимиздан Игнатий Нестеров, Мурод Зуҳуров ва Павел Бугало.

- “Насаф”нинг ўтмишдаги дарвозабонларидан кимларнинг ҳаракатлари сизга манзур бўлган?
- Бу жамоада жуда кўплаб дарвозабонлар ўйнашган. Мен билганлардан, Алишер Тўйчиев, Пётр Гизимчук, Дмитрий Козаченко, Мурод Зухуров ва бугунги кунда ҳам “Насаф”да ўйнаётган Михаил Наумовни кўрсатган бўлардим. Бу посбонлар маҳаллий мухисларда ҳам жуда яхши таассурот қолдирган.

- Уларнинг қай биридан ўрнак олишга интилгансиз?
- Мурод Зуҳуровдан. Бу дарвозабонни нафақат футболчи сифатида балки, ҳаётдаги инсон сифатида ҳам ўрнак олишга арзийдиганлардан деб биламан. “Насаф”да ўйнаб юрган кезларида, вақтимни асосан Зуҳуров билан ўтказишга уринардим. Кўп нарса ўрганганман.

- Бу йил “Насаф”нинг деярли барча учрашувларида бошланғич таркибдан сиз жой эгаллаб келмоқдасиз. Бунинг баробарида миллий терма жамоага ҳам чақирилдингиз. Шундай экан клубингизда асосий таркибда майдонга тушишингизга тўлиқ ишонч хосил қиляпсизми?
- Йўқ, асосий таркибда жой ҳеч бир футболчига кафолатланмаган. Ўйиндан олдин, бугун майдонга тушармикинман, деган савол миямда юзага келади. Бошланғич таркибда ўйнаш учун машғулотларда ҳар доим бор кучим билан ишлайман.

- Болалигингизда бир кун келиб “Насаф”нинг асосий посбони бўлишингизга ишонганмидиз?
- “Насаф”да ўйнаш энг катта орзум эди. Ўзимни бу жамоадан бошқа ҳеч бир клуб сафида тасаввур қилолмаганман. Ҳозирги жамоам таркибида тўлиб турган стадионда ўйнашни ҳамиша орзу қилганман.

- Пойтахт клубларидан қизиқарли таклифлар бўлса қандай йўл тутасиз?
- Барибир “Насаф”да қолган бўлардим. Чунки бу жамоага ўтаётганда ўз олдимга кейинчалик фақат хориж клубигагина ўтаман деб мақсад қўйгандим. Буни мураббийларга ҳам айтганман.

- Нима деб ўйлайсиз, хориж клубларида ўйнаш даражасига етдингизми?
- Йўқ, бунга яна бироз вақт керак. Олдин “Насаф”да ўзимни тўлиқ кўрсатай, ахир жамоам билан кўплаб совринларни ютишни ният қилганман.

“ПЕНАЛЬТИ ҚАЙТАРИШ БОРАСИДА АЪЛОҲИДА ИШЛАМАЙМАН”
- Одатда баъзи дарвозабонлар машғулот чоғида, 11 метрлик тўпларини қайтариш устида аълоҳида шуғулланар экан. Сизчи?

- Пенальтиларни қайтариш учун машғулотларда аълоҳида ишламайман. Лекин Кубок доирасидаги ярим финал жавоб учрашувида, “Пахтакор” билан ўйин олдин бу борада машғулот ўтказгандик.

- “Насаф”нинг ғалаба қозонган ўйинидан кейин вақтингизни ким билан ўтказишга ҳаракат қиласиз?
- Вазиятга қараб. Ўз майдонимиздаги муваффақиятимиздан кейин кўпинча жамоадаги дарвозабонлар ва мураббийимиз Денис Иванков билан шаҳардаги ресторанларнинг бирор бирида бўлиб, бирга хордиқ чиқарамиз ва албатта ўйиннинг қандай кечгани борасида таҳлил қиламиз.

- Режимга амал қиласмизми?
- Албатта. Бусиз мақсадга эришиб бўлмайди.

- Ўйинга қай тарзда тайёрланасиз?
- Хонамда дам оламан. Мусиқа тинглаб, рақиб футболчиларининг ҳаракатларини тасаввуримга сиғдириб, уларнинг ҳаракатларини олдиндан билиб боришга интиламан.

- Мағлубиятни унутиш учун қанча муддат кетади?
- Мағлубият доимо аламли бўлади. Агарда кейинги ўйинга оз муддат қолса, омадсизликни тезроқ унутиб, бўлажак баҳсга ўзимни тайёрлашга ҳаракат қиламан.

“УЙЛАНИШ ҲАҚИДА ҲАЛИ ЎЙЛАМАДИМ”
- Мактабда қандай баҳога ўқигансиз?

- Олган баҳоларимни, жуда зўр ҳам, жуда паст ҳам деб бўлмайди, ўртача.

- Кўпроқ қайси фанларга қизиқишингиз юқори бўлган?
- География ва Тарих фанларига жуда қизиқардим.

- Агарда бугунги кунда футболчи бўлмаганингизда, ўзингизни қайси соҳада синаб кўрардингиз?
- Институтга ўқишга киришга ҳаракат қилардим. Ўхшамаса, менимча тадбиркорлик билан шуғулланардим.

- Яқин орада уйланиш режангизда борми?
- Йўқ, бу ҳақда ҳали ўйлаб кўрмадим. Менимча бунга ҳали яна бир йил бор.

- Севган қизингиз борми?

- (Жилмайиб) Буниси сир бўла қолсин.

- Қайси таомларни хуш кўрасиз?
- Миллий таомимиз бўлмиш, Ошни. Ундан ташқари Мантини ҳам севиб тановул қиламан.

- Қайси русумдаги машинага қизиқасиз?
-  Менга кўпроқ “Мерседез бенз” ёқади.

- Китоб ҳам ўқиб турасизми?
- Ҳа бу менга ёқади. Лекин охирги марта китоб ўқиганимга таҳминан 2-3 ой бўлди. Кўпроқ детектив романларни ўқишга қизиқаман.

- ТВда фақат футбол кўрасизми ёки...?
- Биринчи навбатда табиийки футбол кўраман. Шунингдек комедия жанридаги кўрсатувларни ҳам кўриб бораман.

- “Насаф”даги ўйинларингиздан кейин, оилангизда ҳаракатларингиз кенг қамровда муҳокама қиланадими?
- Аввало футбол билан шуғулланишимга дадам сабабчи бўлганлигини айтиб ўтишни истардим. Умуман айтганда, оиламизда спортчилар йўқ. Лекин шунга қарамай, миллионлар ўйинига қизиқиш бор. Оилада уч ўғилмиз. Энг катта фарзанд менман. Катта укам, институтда ўқийди ва у аллақачон ҳаётдаги ўз йўналишини топиб олган. Кичик укам эса футболга қизқиққани учун футбол мактабига бориб шуғулланиб юрди. Аммо соғлиги билан боғлиқ муаммо юзага келганлиги туфайли, машғулотларни тўхтатиб турибди. Балки кейинроқ яна спортга қайтар. Албатта Қаршидаги ўйинлардан кейин дадам ўйинда йўл қўйган хатоларимни айтиб танқид қилиб туради. Мақтовларга учиб, хаволаниб кетмаслигимни ҳам уқтириб туради.


Исломбек РУСТАМБЕКОВ суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика