Latest news

02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  90 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

Эден Азар: “Менга доим гол уришдан кўра алдаб ўтиш ёққан” News

Эден Азар: “Менга доим гол уришдан кўра алдаб ўтиш ёққан”

Бельгиялик ярим ҳимоячи Эден Азар “Челси” билан Англиядаги навбатдаги чемпионлик сари яқинлашиб келмоқда.

Мавсумни ишончли ўтказаётган футболчи “Франс Футбол” ҳафтаномаси мухбирларига интервью берди. Суҳбатда у футболдаги қарашлари, клуби ва турли қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.

- Мусиқачилар, шоирлар ва рассомлар ижоди каби ўйини орқали одамларда ҳиссиёт уйғотадиган футболчилар бор. Сиз улардан биримисиз?
- Билмайман, буни мухлислар билишади. Ўйин услуби тарафдан ўзимни ижодкор инсон деб биламан.

- Қайсидир маънода артистми?
- Фақат буюк ўйинчиларни шундай аташ мумкин. Артистлар - Зидан, Роналдиньо, яна ажойиб тўп оширишлари билан Рикельме. Албатта, Месси. Унинг тўп билан қиладиган иши фантастика! Бу футболчилар ёнида тураман деб ўйламайман. Лекин артист мақомига лойиқ ёки бунинг аксинча эканини мухлислар ҳал қилишади.

- Йохан Кройф-чи?
- Уни умуман кўрмаганман. 2-3 видеосини томоша қилганман – қандай қилиб баҳо бераман? Марадона борасида ҳам шундай дейман. Қандай ўйнаётганини кўриш насиб этмаган. Футболни 1998 йилдан томоша қилишни бошлаганман – жаҳон чемпионатидан. Отам ва кекса авлоднинг сўзларига кўра, Кройф фантастик ўйинчи бўлган ва мураббий сифатида ҳам мақомга лойиқ топилган. Футболни ўзгартириб юборган инсонлардан бири. Улар ҳақида айтиб беришганда буни ўзгача қабул қиласан. 15 йилдан кейин мен болаларимга Зидан тўғрисида шундай нарсаларни гапириб бераман.


- Футболда ўзининг артистлари бор экан, уни санъат деб таърифлаш мумкинми?
- Ҳа, бу санъат ва шу билан бирга ўйин ҳам. “Челси”дек буюк клубда ғалаба асосий мақсаднинг ўзи эмас. Мен учун муҳими – футболдан роҳатланиш. Агар ютсак, бу яхши. Ютқазган бўлсак, аммо ёқимли ўйин намойиш қилсак, бу фожиа эмас. Кейинги учрашувда ғалаба қозонамиз.

- Муҳими томошабоп бўлишми?
- Омма завқ олиши шарт. Одамлар стадионга айнан шу мақсадда келади – вақтини чоғ ўтказгиси, роҳатлангиси келади. Бунинг қандай амалга ошиши эса ўйинчиларга боғлиқ.

- Одамлар ўрнидан туриб кетиши куч берадими?
- Ҳа, бу ажойиб. Ишқибоз чиройли футболни ёқтиради. Учрашувдан сўнг уларнинг бирор ҳаракатни яхши амалга оширганимни таъкидлаши ёқимли. Бу тарафдан Лиллдаги хайрлашув ўйиним ёдда қолган. Бутун стадион Бельгия ва менга мухлислик қилган. Мен бор кучимни ишга солдим ва уч тўп киритдим. Беллашув мобайнида кўпроқ ҳисга бошқа эга бўлмадим.

- Сиз учун бирор ҳаракатни чиройли амалга ошириш муҳимми?
- Айнан шундай. Менга ҳамиша фойдалилик муҳим эканини гапиришган. Аммо фойда келтирмаса ҳам чиройли ҳаракат барибир чиройли ҳолда қолади. Албатта, унинг фойда келтириши янада яхшироқ. Рақибни оёқлари орасида тўпни ташлаш ёки дарвозанинг юқори бурчагига аниқ зарба бериш чиройли. Одамлар шуларни эслаб қолишади. Мендан уларнинг хотирасида нимадир қолишини хоҳлайман. Ҳамиша шундай бўлганман, ўн ёшимда ҳам. Ўзгармаганман. Футбол – спортнинг сеҳрли тури. Ўйиним билан оммада ҳиссиёт уйғотишим керак.

- Замонавий футболда бундай ижодкор ўйинчига осон эмас.
- Ҳаммаси жамоага боғлиқ. Бундай ўйинчилар бошқалардан кўпроқ қадрланади. Бироқ натижа муҳим эканини кўп марта эшитишга тўғри келади. Бироқ ижодкор футболчилар шу билан тўхтаб қолмайди. Муҳими – бирор нарсани амалга ошириш. Неймарга қаранг.


- Сиз каби ўйинчиларсиз футбол зерикарли бўлиб қоларди.
- Балки. Кимдир гўзалликни чуқур ҳимоя ёки голсиз ўйинларда кўради. Томошабоплик учун келганлар учун футболни бундай ўйинчилардан маҳрум қилиб бўлмайди.

- Келганингиздан буён “Челси”да тўрт мураббий алмашди. Конте – бешинчиси. Барча мураббий қўл остида майдонда эркин ижодкор бўлганмисиз ёки кимдир сизни маълум доирага солганми?
- Ҳимоядаги ҳаракатга келсак, кўрсатма ҳаммада турлича бўлган. Ҳужумда улар бир нарсани таъкидлашган: “Тўп сендалигида яшил чироқ. Сен – маҳоратлисан, сен кабилар натижани белгилаб беради. Нима қилиш кераклигини айтмаймиз. Нимани зарур деб ҳисобласанг. Шундай ҳаракат қил”. Ўнг, чап ёки марказ бўйлаб ҳужумга ўтишим мумкин. Бунинг эвазига ғалаба қозонсак – ҳеч ким ҳеч нарса демайди. “Лилль”да Руди Гарсия бошчилигида шундай бўлганди. У ерда Жервиньо ва Мусса Соу ҳам эркинликка эга эди. Чунки ортимизда Кабай, Бальмон, Мавуба учлиги ўйнарди. Эркинлик яхши, аммо натижага эришиш керак саналарди.

- Ижодкорлик хислати сизда туғмами?
- Ҳа, бунга машғулотларда эришиб бўлмайди. Беш ёшимдаёқ шундай услубда ўйнардим. Албатта, ҳозиргидек бўлиш учун ишлашга тўғри келган. Аммо сенда бори доим бўлади. Яратиш – қалбнинг бир ҳолати. Нимадирлар ўзгарган. Майдонда ҳамиша бирор нарса амалга оширишга уриниш тўғри эмас. Меъёрида бўлгани яхши.

- Алдаб ўтишингиз ва ўйинингиз кутилмаган йўналишда. Тўпни қабул қилганингизда кейин қандай ҳаракат қилишни биласизми?
- Йўқ. Мендан тўпни олишдан аввал бирор нарсани ўйлашим ҳақида сўрашади. Тьерри Анри билан ҳам шуни муҳокама қилдик. У алдаб ўтишдан аввал нимани режалаштирганини ўйлаб оларкан. Аммо мен бундай эмасман. Миямда бирор режа бўлмайди. Тўпни қабул қиламан ва кейинги лаҳзада қарорнинг ўзи келади. Ўз-ўзидан, инстинкт билан.


- Сизга мураббийнинг эркинлик бериши зарурми?
- Албатта. Футболда бошқа ёқимли бўлмаган ишларни ҳам бажаришга тўғри келади. Баъзида тўпни кам қабул қиладиган, асосий вақтни ҳимояда ўтказадиган учрашувлар бўлади. Бу ҳам футбол. Бир нарсани биламан: ўз футболимни ўйнаганимда фойдалироқман. Шу сабабли менга энг муҳими – тўп билан бўлиш.

- Тўпни оёғингизга қабул қилишни афзал биласизми ёки ҳаракатланаётган пайтдами?
- Оёғимга. Замонавий футболда кўпчилик бўш ҳудудга тўп оширишни сўрайди. Бу жиҳат устида кўпроқ ишлашим керак. Бу йил озроқ ўсишга эришдим. Бироқ тўпни яқинроқ, оёқларим остида олиб юришни ёқтираман. Шунда хавфлироқ бўламан. Баъзан очиласан, қандайдир уринишлар қиласан, аммо тўпни олмайсан. Шунда нега бундай қилдим деб ўйлайсан. Тўпни оёққа олиб, кейин қалбинг хоҳлаган ишни қилган яхшироқ!

- Барибир бу қандай рўй беради?
- Тўпни олишим билан кейинги лаҳзада миям буйруқ беради: бундай қил, бундай. Кейин эса оёқларим ҳаракатга келади. Сўнг тўпни бошқарадиган оёқ қисми, тана.

- Батафсил тўхталсангиз. Тўпни қабул қилдингиз.
- Бунгача атрофга боқиб, шерикларим ва рақиблар қаерда туришганини билиб оламан. Педро, Коста ёки Виллианга тўп оширишим мумкинлигини тахминан аниқлаб оламан. Кейин ҳал қилиш лозим – ошириш ёки алдашга киришиш. Месси доим энг яхши вариантни танлайди. Менга бу ҳамиша насиб этмайди. Баъзида буни ўйинни кўраётганингда тушунасан. Савиянг қанчалик юқори бўлса, шунчалик тўғри қарорлар қабул қиласан. Бу тарафдан ўзимни буюк деб айта олмайман.

- Тўпдан тезроқ қутулишни хоҳлайдиган ўйинлар бўладими?
- Ҳа, бир неча учрашувларда ўйин чиқмаётганини сезасан ва довдирашни бошлайсан. Тўғриси, ишлар ўхшамаётгани ва иккинчи бўлимнинг ярми ўтиб кетганини кўриш даҳшат! Алмаштириб юборишса яхши. Қора кун бўлганда ва ўйининг чиқмаганда сенга тўпни оширмасдан бошқа вариант топишларини ўйлайсан.


- Сизни ўйиндан чиқаришга уринадиган ёқимсиз рақиблар борми?
- Йўқ. Ҳеч қачон қўрқмаганман, оёғимга атайлаб зарба берувчилар бўлса ҳам. Оёғимни тортиб олмайман. Бирор кун жароҳат олсанг, демак тақдиринг шундай экан.

- Ўйинингиз рақибларни асабийлаштирадиган услубда қурилади.
- Бу ҳаддан ошиб кетмаслигига уринаман. Кимнингдир устидан кулиш учун алдамайман. Тўпни рақиб оёғи орасидан ўтказганингда бу унинг учун аламли. Аммо одамлар ҳам буни уларни уялтириш учун амалга оширмаганимни тушунишади.

- Қаршингизда икки ҳимоячи ва шеригингизга тўп оширишнинг иложи йўқ. Қандай йўл тутасиз?
- Алдашга киришаман. Эҳтимол, қоидани бузишар. Агар тўпни ёпсам, рақиб уни тортиб олишга уринади ва тўқнашув содир бўлади. Олдимда тез бўлмаган икки рақиб турган бўлса, тўпни олдинга тепиб қочиб кетишга интиламан. Баъзан эса уларни чалғитиш учун финтларни ишга солишга тўғри келади.

- Тўпни оёқ панжангизнинг ички тарафи билан олиб юрасизми?
- Марк Вильмотс айнан шундай кўп олиб юришимни таъкидлаганди. Буни атайин қилмайман. Ўша ҳолатда қулай бўлган йўл тутаман. Чап қанотда кўпроқ ҳаракат қиламан. Ўнг оёқда ўйнаганим учун марказга яқинлашганимда тўпга кучлироқ зарба бериш учун уни ички тарафда олиб юрган маъқулроқ.


- Рақибни алдаб ўтиш роҳат берадими?
- Ҳа, бу ажойиб. Менга ҳамиша голлар уришдан кўра алдаб ўтиш ёққан. Яхши ҳолатда бўлсам алдашга киришаман. Гол эса бошқача роҳатланиш беради. Лекин ҳар иккисини уддалаш ажойиб: финт қиламан, рақибни алдайман ва гол ураман! Чиройли тўп оширишлардан ҳам роҳат оласан. Барибир мен учун алдаб ўтиш бошқача ўрин тутади. “Лилль” академиясида Роналдиньо ва Робиньонинг ўйинларини томоша қилардим. Роьиньо кичкина, озғин, аммо майдонда қандай чиройли ишларни амалга оширарди. “Ютуб”га кириб, Зидан, Анрининг алдамчи ҳаракатларини соатлаб кўрардим.

- Ёқтирган финтингиз қайси?
- Оёқ орасидан тўпни ўтказиш. Рақибни ерга уришни истамайман, чунки бу рақиб учун оғриқли ҳолдир. Оёқни чалиштириб алдаб ўтиш катта бўшлиқ бўлганда фойдали. “Рабона” (тўпни оёқлар чалкаштирган ҳолда тепиш) кўпроқ омма учун. Йигирма мартача уриниб, бир мартагина тузукроқ зарба берганман.

- Тўп сиз учун нимани англатади – ўйинчоқ ёки севгилингизга қиёслай оласизми?
- У – менинг дўстим. Дунёга келганидан бери у билан танишман. Ҳаётимда у турли кўринишда бўлган, аммо барибир дўст (кулади). Болалигимда барча хоналарда тўпларим бўларди, жами 15тача. Кун бўйи тўпдан ажралмасдим.


Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Rating: +19   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика