Latest news

08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  0 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  0 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  0 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  101 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  30 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  8 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  10 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0

Даврон Файзиев: “Қилинган меҳнатга раҳмат айтилиши керак” News

Даврон Файзиев: “Қилинган меҳнатга раҳмат айтилиши керак”

2016 йилги футбол мавсумига тайёргарлик кўраётган олий лига жамоалари Янги йил байрами муносабати билан қисқа муддатли танаффусга чиқишди.

Бу жамоалар орасида кучлилар сафида ўз ўрнини аранг сақлаб қолган “Сўғдиёна” клуби ҳам бор. Даврон Файзиев жамоаси бу йилги футбол мавсумини 15-ўринда якунлаган эди. Олмалиқда ўтказилган учрашувда эса 1-лиганинг иккинчи жамоаси “Оқтепа”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, олий лигадаги ўринларини сақлаб қолишганди. Жиззахликлар бир ҳафта мобайнида ўз қароргоҳларида ҳисоб бўйича илк ўқув-машғулот йиғинини ўтказишди. Мазкур йиғин асосан тикланиш ва енгил машғулотларга қаратилди. Унда аралаш таркиб иштирок этди. Табиийки, таркибда ўзгаришлар бор. Шартномаси якунига етиб, жамоани тарк этган футболчилар ўрнини янги таклиф этилган ўйинчилар тўлдирган. Биз йиғиннинг сўнгги куни жамоа бош мураббий Даврон Файзиевдан интервью олдик.

- Даврон ака, клуб раҳбарияти иштирокида ўтган мавсум якунлари муҳокама қилиндими?
- Очиғини айтсам, ҳали вилоят ҳокими билан учрашувимиз бўлиб ўтмади. Лекин янги йилгача учрашишга ваъда беришган. Ўйлайманки, тез кунда учрашувимиз бўлиб ўтади. Аммо, жамоа раҳбарияти билан учрашуиб, мавсум якунларини муҳокама қилдик. Йўл қўйилган камчиликлар, йил сўнггидаги кичик бўлсада муваффақиятлар таҳлил қилинди. Олий лигадаги ўз ўрнимизни сақлаб қолганимиздан сўнг янгича иштиёқ билан машғулотларни бошладик. 15 декабрь куни Жиззахда йиғилган эдик. 27 декабргача илк ўқув-машғулот йиғинимизни ўтказдик. Таркибда ўзгаришлар бор. Клуб билан шартномаси ниҳоясига етган футболчилар ҳозир биз билан бирга эмас. Уларни ўрнини тўлдириш мақсадида янги ўйинчиларни кўрик учун таклиф этганмиз.

- Айнан кимлар “Сўғдиёна”ни тарк этдию, кимлар таркибга келиб қўшилди?
- Олти нафар футболчи жамоани тарк этди. Улар орасида асосий таркиб ўйинчиларимиз Иззат Ғаниев, Жасур Ҳакимов, Хуршид Мухторов, Дониёр Усмонов, Ислом Исоқжонов каби футболчилар бор. Номлари тилга олинган ўйинчиларнинг жамоамиз билан амалдаги шартномалари якунланган. Яна ҳам аниқроғи, Ҳакимов, Исоқжонов ва Мухторов “Сўғдиёна”да ижара асосида тўп тепишаётганди. Улар ўз клубларига қайтишди. Дониёр ва Иззатга эса клуб раҳбарияти билан келишган ҳолда жавоб бердик. Сафимизга Акмал Холмуродов келиб қўшилди. Шунингдек, “Зомин” жамоасининг дарвозабони ҳам машғулотимизда қатнашяпти. Янги йил байрамидан сўнг яна бир гуруҳ футболчиларнинг сафимизга келиб қўшилиши кутилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам трансфер бозорида қанчалик фаол бўлишимиз бу клубнинг бюджетига боғлиқ бўлади. Кўп бўлмасада, иложи борича 5-6 нафар малакали футболчилар билан шартнома имзолашимиз шарт. Энди мавсум якунларига келсак, биз учун у жуда ҳам оғир ўтди. Бунга клубдаги қийинчилик ва муаммолар сабаб бўлди, дейиш мумкин. Ҳали бу муаммолар охиригача ўз ечимини топгани йўқ. Ўйлаймизки, янги мавсумда ҳаммаси ижобий томонга ўзгариши керак. Клуб раҳбарияти жамоага янги ҳомийларни топиб беришга ваъда беришган. Агар бу режа амалга ошса, “Сўғдиёна” жамоаси янги мавсумда янги босқичга кўтарилади.

- Ўринбосарлар таркибида ўзини кўрсатган футболчиларни асосий таркибга жалб этасизми? Ўзи шундай ўйинчилар борми?
- Албатта бор. Эътибор берган бўлсангиз, айнан ўринбосарлар таркибидан етишиб чиққан футболчилардан Дилмурод Икромов, Асил Бегимқулов, Бобур Қосимов, Санжар Рашидов ва Элёр Орипов асосий таркибда ўйнашди. Нафақат тўп тепишди, балки етакчи ролида бўлишди. Бундан кейин ҳам маҳаллий футболчиларга суянишда давом этамиз. Юқорида номларини тилга олган футболчиларимизга етакчи клубларимиздан таклифлар ҳам бўляпти. Уларни жамоада олиб қолишнинг ўзи бизга муаммо туғдириши мумкин. Олдимизда турган биринчи галдаги вазифа бу ана шу футболчиларимизни жамоада сақлаб қолиш.

- Сардор Рашидовнинг укаси бўлган Санжарнинг ўйинлари кўпчиликда яхши таассурот қолдирди. Мавсум кашфиётларидан бирига айланди. Унга гранд жамоаларимиздан аниқ таклифлар бўлаётгандир?
- Биласизми, Санжар биринчи давра стартида нисбатан камроқ ўйин амалиётига эга бўлаётганди. Лекин давра ўрталарига келиб мунтазам равишда майдонга туша бошлади. Бу билан кўпчилик мухлисларнинг меҳрини қозонди. Сардор Рашидовнинг укаси бўлгани учун эмас, ўзининг меҳнати билан шу даражага эришяпти. Бобур Қосимов ва Элёр Орипов ҳақида ҳам шундай фикр билдира оламан.

- Асосан қайси чизиқларни кучайтиришни мақсад қилгансиз?
- Ҳамма чизиқларга бир-бирига рақобат қила оладиган футболчиларни олишимиз керак. Лекин кўпроқ дарвозабон ва ҳимоячи масаласи кун тартибида турибди. Ўрта ва олдинги чизиқдан 60-70 фоизга кўнглим тўқ. Аммо, ҳимоячилар ва дарвозабон масаласида бундай фикр билдира олмайман. Чунки, айнан шу икки чизиқ вакилларининг қўпол хатолари сабабли кўп гол ўтказиб юбордик ва қимматли очколардан маҳрум бўлдик. Ҳимоядаги кемтикларни ёпиш мақсадида илк қадам сифатида Акмал Холмуродовни “Динамо” жамоасидан таклиф қилдик. Ўйлайманки, у билан шартнома имзолаймиз. Лекин бу осон бўлмайди. Яна қайтараман, янги футболчилар билан шартнома имзолаш бу клубнинг молиявий ҳолатига боғлиқ иш. 


- Январь ва февраль ойидаги ўқув-машғулот йиғинлари режаси тасдиқландими?
- Режалар тасдиқланган. Янги йил байрами муносабати билан футболчиларга қисқа муддатли таътил берганмиз. 4 январь куни Жиззахда тўпланамиз ва 10 январгача ўз қароргоҳимизда машғулот ўтказамиз. 11 январдан эса Тошкентда ўқув-машғулот йиғинимиз бошланади.

- Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ПФЛ кубогида ҳам иштирок этасизларми?
- Ҳа, бу турнирда қатнашишни мақсад қилганмиз. Яниг мавсумга тайёргарлик жараёнида ҳорижга чиқмайдиган клублар учун бу яхши мусобақа. Шуни аниқ айта оламан, “Сўғдиёна” ҳорижда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмайди. Айни пайтда бунинг имконияти йўқ. Мавсум бошлангунига қадар Тошкентда тайёргарлик жараёни давом этади.

- Олий лиганинг янги мавсумига қуръа ташлаш маросими чоғида қарздор клублар ҳақида ҳам сўз борди ва уларга нисбатан жиддий жазо қўлланиши айтилди. “Сўғдиёна” клубида бундай муаммо борми? Футболчилар неча ойдан бери маош олишмаяпти?
- Тўғри, бизда ҳам маошлар ва мукофот пулларидан қарздорлик бор. Энди қайси жамоада бу муаммо йўқ? Деярли барча клублар бу муаммо билан тўқнаш келган. Бизда юз фоиз ҳаммаси жойида, қарздорлик йўқ, деган бош мураббийни кўрмадим. Озми-кўпми ҳаммада молиявий қийинчиликлар бор. Лекин бизга яқин кунларда қарздорликни ёпишга ваъда беришган. Ҳисоб-китоб ишлари шу йилнинг ўзида амалга оширилиши ва янги 2016 йилни қарзсиз бошлашга умид қилиб турибмиз. Матбуотда “Сўғдиёна”дан ПФЛ ва ЎФФга шикоят тушди, деб кўп ёзишди. Энди нима қиламиз, молиявий муаммо ва қийинчиликлар клубда сақланиб қоляпти. Қилинган меҳнатга раҳмат айтилиши керак. Футболчилар ҳаракат қилишди ва жамоа олдига қўйилган вазифани уддалашди. “Сўғдиёна” янги мавсумда ҳам кучлилар сафида иштирок этади. Жамоа янги стадионга эга бўлди. Бизнинг бу стадионимизда Ўзбекистон Кубогининг ҳал қилувчи финал учрашуви ўтказилди. Энди шундай чиройли стадионга эга бўлган клубнинг олий лигада жон сақлаб қолиш учун курашиши ачинарли ҳол. Қолаверса, Жиззах замини истеъдодларга бой. Лекин уларни кашф этяпмизу, ўзимиз етарлича фойдалана олмаяпмиз.

Фурсатдан фойдаланиб, остонада турган Янги йил байрами билан ҳамюртларимизни, барча футбол мухлисларини чин қалбимдан табриклайман. Янги йил ўзбек футболига янги ғалабаларни олиб келсин. Мана январь ойида олимпия терма жамоамиз Қатарда ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этади. Ушуб қитъа чемпионатида Рио-2016 Олимпиадасига йўлланмалар ўйналади. Бунинг учун кучли учликдан жой олиш керак. Ҳозирги таркиб бу вазифани уддалашга қодир, деб ўйлайман. Кейин март ойида миллий терма жамоамиз саралаш босқичининг сўнгги иккита муҳим учрашувида майдонга тушиши керак. Филиппин ва Баҳрайн терма жамоаларига қарши Тошкентда ўтказиладиган ўйинларда ҳам Самвел Бабаян шогирдларининг ғолибона юришларини давом эттиришларига ишонаман. Кетма-кет қозонилган бешта ғалаба бу тасодиф эмас. Барча рақибларни ишончли тарзда мағлуб этилди. Ана шу ғалабалар давомли бўлиб, ЖЧ-2018 финал босқичига чиқишимизни чин дилдан истайман. Қолаверса, ОЧЛда иштирок этадиган тўрттала клубимизга ҳам зафар ёр бўлсин.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating: -2   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика