Битта хатони учинчи маротаба такрорлаётган ЎФА!
18 nov 12:16
News
Битта хатони учинчи маротаба такрорлаётган ЎФА!
Битта хатони уч маротаба қилиш мумкинми? Мумкин, агар Сиз Ўзбекистонда қарор чиқарсангиз.
2018 йил Сервер Жепаров фаолиятини якунлади ва унга 2006 йиллар терма жамоасини беришди.
2021 йил Анвар Ғофуров фаолиятини якунлади унга 2010 йиллар терма жамоасини беришди.
Иккиси ҳам узоққа бормади, чунки иккиси ҳам энди футбол ўйнашни тугатган ва бўлиб ҳам бу ёшдаги футболчиларни умуман билишмасди. Жепаров ўзи учун тўғри қарорга келди. Мана 2 йилдирки, ўқиш ва изланиш билан банд. Албатта бу яхши. Аслида ЎФА бу иш билан шуғулланиши керак. Бугун ассоциация қошидаги таълим тизими жуда оқсаяпти. Истеъдодларни йиққан ҳолда улар учун чет элда амалиётларни ташкил қилиш керак. Жепаров, Ғофуров ва Бикмаев кабилар зўр мураббий бўлишни истасалар, мана шундайлар учун сараланган лойиҳаларни йўлга қўйиш керак ва уларни қуйи поғонадан кўтариб бориш лозим. Агар ким ўзини клубда кўраётган бўлса, марҳамат, шу ишни ўша клуб раҳбарлари бўйнига олсин, чунки мутахассис аввало улар учун керак. 2006 йилларнинг бахтига Жамолиддин Раҳматуллаев қийин вазиятда терма жамоани олган ҳолда мундиалга олиб чиқа олди. Бунга асосий сабаб у 2005 йилларни ўйнатиш чоғида кўп маротаба 2006 ларга қарши ўйнаган ва ўзининг U18 таркибида "Бунёдкор"нинг 2006 йилда туғилган етакчи футболчиларини ўйнатган. Демоқчи бўлганим, у бу терма жамоага аъзо футболчиларни яхши биларди.
2010 йилларга келсак Ғофуров терма жамоадан кетишни ўзи ихтиёр қилдими ёки "Бунёдкор"дан таклиф ўша пайт тушдими, буни аниқ билмадим, хуллас у кетди. Аммо 2 йиллик вақт ҳам у билан бирга кетди. Кейин бу терма жамоага 2010 йиллар билан умуман ишламаган мураббий, Айдер Курбаев бош мураббий этиб тайинланди. Бу мураббий 2010 йилларни билмасада, аммо у "детский" футболдан чиққанлиги, унинг плюси. У шу кунгача 2008 йилда таваллуд топган ТФА жамоаси билан ишлаб келган. Аммо унинг ҳам битта хатоси бор, у ҳам ўз олдига 2010 йилларни яхши биладиган мураббийлардан ҳеч кимни олмади. Ўзининг савиясига келсам, яхши мураббий, аммо унга ҳам шу ёшни яхши биладиган мураббийлардан бирини қўйиш керак. Сабаби, келаси йили Тошкент қабул қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларида айнан шу терма жамоамиз Ватан шарафини ҳимоя қиладилар.
Энди мақсадга ўтаман, Ўтган мавсум футболни тугатган Марат Бикмаевни кеча терма жамоага бош мураббий бўлиши ҳақида эшитдим. ЎФА Кубогида ҳам уни кўрдим. Марат бу постга қўйиладиган мураббий эмас. У футболчилик фаолиятини тугатганидан кейин Садриддин Абдуллаевга ёрдамчилик қилди. Унда ҳам мавсум ўрталарига келиб. Хабарингиз бор, мавсум бошини Бикмаев "Локомотив" менеджери вазифасида бошлаганди. 21 ёшли футболчиларни машқ қилдириш билан, 13 ёшли футболчиларни тайёрлаш ўртасида ой билан қуёш ўртасичалик масофа мавжуд. Ундан кейин болалар футболи бу нозик масала, унда ҳамма деталлар инобатга олинмаяпти. Шунинг учун ҳам катталар терма жамоасига на битта тузук ҳужумчи чиқмаяпти, на битта тузук плеймейкер.
Бу қарорни ким қабул қилди, Усмон Тошевми ёки янги техник директор билмайман. Аммо очиқчасига хато қарор. Бикмаев мени ёмон кўрса кўраверсин, кимдир эркин фикрини баён қилиши керак. Яқинда "Локомотив" раҳбари Тўлабек Акрамов билан кўришганимда, шундай гап сўзлар борлиги, Бикмаевнинг келажаги йўлида бу ишдан қайтариши кераклигини айтдим. Чунки бу ишни ундан аввалгилари ҳам қила олмади, бундан кейингилари ҳам қила олмайди. Ҳали фаолиятини тугатиб бирон маротаба ҳеч қайси жамоани бош мураббийи бўлмаган кишига, Ўзбекистон терма жамоасини топшириб қўйиш, жуда катта хато бўлади.
Янги велосипед ихтиро қилиш керак эмас. Ана тажрибали мураббийларга имкон берилсин ёки Япония амалиёти қўлланилсин. Японларда 15 ёшгача муқим терма жамоа бўлмайди. Мамлакатдаги 1000 га яқин 13-14 ёшли футболчилар саралаб олинади ва улардан 100 нафари яна ажратилади. Кейин улар 4 га бўлинади ва ҳар бири кичик терма жамоа сифатида навбати билан йиғин ўтказади. Якунда улар ичида 30 нафари ажраб қолади ва 2 йил давомида аниқ битта мураббий ва селекционерлар билан ишланган жамоа 15 ёшида тайинланадиган бош мураббийга топширилади. Аксар ҳолатларда мураббий, аввалги мураббийлар ичидан бири бўлади.
Бизнинг хато эса 13-14 ёшдан терма жамоа негизини ташкил қилиб олишимизда. Шунинг учун "Сурхон"даги Ҳайдаров ва Жумаев каби футболчиларни ёшлигидан пайқамаймиз, Худди улар осмондан тушган болалар.
Тошев Афғонистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида эълон қилинди. Энди ким терма жамоалар билан ишлайди ва бўлиб ўтган хатоларни тўғирлайди билмадим, аммо янги директор олдида жуда катта машаққатли иш турибди. Аслини олганда бу бўлимни иккига бўлиш керак. Ўсмирлар ва катталар футболи. Ўсмирни тушунгани каттани, каттани тушунгани ўсмирларни тушунмайдиган мутахассислар билан ҳеч қаерга бормаймиз. Бизнинг вазифамиз кичик ЖЧлар эмас, якунда катталар учун футболчиларни тарбиялаш бўлиши керак. Қатар билан бўлиб ўтган ўйин мана шундай хатоларни йиллар давомида такрорлаяпмиз. Ҳужумчимиз жароҳат олса, мураббий, раҳбарият, мухлислар "паникага" тушамиз. Суперлигамизда битта ўзбекистонлик йўқ-ки 10тадан кўп гол урган. Аслида муаммонинг илдизи тубда!
Агар қайсидир футболчи фаолиятини тугатаётган бўлса ва унга иш топиб бериш керак бўлса, тизимни аввало яхшилаб ўргатиб олинглар. Уни аввал мураббий сифатида тайёрланглар ва кейин муҳим вазифани топширинг. Бу фикрни 4 йил ўтиб, ҳамма иш орқага кетиб бўлгандан кейин ёзгандан кўра, ўша ишни олдини олиб ёзишни маъқул кўрдим.
2011 йиллар терма жамоасига муносиб номзодлар етарлича аслида.
Comments