Latest news

11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  1 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  11 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  13 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  8 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  117 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31

Азиз Ибрагимов: "Андижон"дан 40 минг доллар... бу миш-миш" News

Азиз Ибрагимов: "Андижон"дан 40 минг доллар... бу миш-миш"

Мухлис минбари саҳифамизнинг бу галги меҳмони, миллий терма жамоамизнинг собиқ футболчиси, ҳозирда Самарқанднинг "Динамо" жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Азиз Ибрагимов.
Хабарингиз бор, Азиз бир неча йиллар Чехия ва Словакия клубларида тўп сурган, миллий терма жамоамизда ўзининг ажойиб дриблинглари билан мухлислар меҳрини қозонган эди.  Унинг фаолиятига оид кўплаб саволлар келиб тушди. Биз футболчимиз боғланиб, саволларга жавоб олдик.

"News Arena" маълумотномаси
Азиз Ибрагимов 1986 йил 21 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. Биринчи мураббийлари  Анвар Ўрунов ва Бахтиёр Нуралиев. Фаолияти давомида "Трактор", "Машъал",  "Шўртан", "Слован" (Братислава), Богемианс (Прага), "Баник" (Мост), "Циндао Чжуннэн" (Хитой), "Андижон" клубларида тўп сурган.

Ҳозирда Самарқанднинг Динамо жамоси сафида ҳаракат қилмоқда. Миллий терма жамоа сафида 16 учрашувда майдонга тушиб, уч бор гол муаллифи бўлган. "Слован" (Братислава) таркибида Словакия чемпионатининг бронза медали соҳиби ва Интертото кубоги иштирокчиси.



Аҳрорбек Аҳмадалиев  ҳайдовчи
- Европадаги миссиянгиз ўз ниҳоясига етдими? Юртимиз жамоалари таклифини қабул қилишингиз сабаби нимада, четдан таклифлар ҳам бўлгандир?

- Биласизми, фаолиятимнинг аксарият қисмини четда ўтказдим. Очиғини айтганда, юртимизни соғиндим. Ота-онам, яқинларимни олдида кўпроқ бўлишни хоҳладим. Биласиз бу футбол, футболчига қаерда манфаатли таклиф бўлса, ўша ерни маъқул кўради. Таклифлар бўлди. Лекин юқорида айтиб ўтганимдек, юрт соғинчи, ота-онам ва яқинларим билан кўпроқ бирга бўлишни хоҳладим. Миссиям ўз якунига етди, деб ўйламайман. Яхши таклиф бўлса, балки қайтарман.


Акмал Ғойипов  тадбиркор.
- Ўзингиз ҳақингиздаги баъзи маълумотлар биз учун қизиқ. Мисол учун, қачон ва қаерда таваллуд топгансиз, қайси академия тарбияланувчисиз ва биринчи мураббийларингиз борасида айтиб ўтсангиз?

- 1986 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топганман. Чилонзор футбол мактабида Азиз Ҳайдаров, Александр Лобанов каби футболчилар билан бир қаторда Анвар ака Ўруновдан футболнинг дастлабки сир-асрорларини ўрганганмиз. Тўғри, дастлабки мураббийим Бахтиёр ака Нуралиев бўлади. Лекин Бахтиёр аканинг қўл остида жуда қисқа вақт мобайнида шуғулланганман.


Шерали Маматов  тадбиркор.
- Фаолиятингизни кўп қисмини Европада ўтказгансиз. Кўҳна қитъада тотализатор ўйинлари жуда авж олган. Сизнинг бу борада қизиқишларингиз қандай?

- Тўғрисини айтсам, бундай ўйинлардан йироқман. Ҳаётда художўй инсонман. Ибодатни канда қилмайман. Шунинг учун бундай ўйинларни ёқтирмайман. Қолаверса, Европада футболчининг шартномасида бундай ўйинларда иштирок этишни тақиқловчи бандлар бор. Лекин у ёқда бундай ўйинлар жуда оммалашган.



News Arena саволи
- Ўтган мавсум Андижон сафида тўп сурдингиз. Эшитишимизча, тўрт ой учун 40 минг доллар олган экансиз, бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

- (Кулади) Очиғи, Андижондан бунчалик кўп пул олганим йўқ. Аслида ойлик маошларимни ҳам ҳали тўлиқ беришгани йўқ. Бу миш-мишдан бошқа нарса эмас!


Оқилбек Ҳакимов  - тиббиёт ходими.
- Миллий терма жамоа сафидаги сизнинг чизиғингизда тўп сураётган футболчиларимизнинг ҳаракатларини қандай баҳолайсиз? Ҳозирги ҳолатингиздан келиб чиқсак, терма жамоадан чақириқ олиш имкониятингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Бу борада бир нарса дейишим қийин. Ҳаммасини мураббий ҳал қилади. Қишки йиғинда терма жамоага жалб этилгандим. Лекин ҳаракатларим маъқул тушмади, шекилли, таркибдан ўрин ололмадим. Буни тўғри қабул қиламан. Чунки таркибга киритилмабманми, демак мендан кучли футболчилар бор. Ҳозирда менинг чизиғимда Санжар Турсунов ва Сардор Рашидовлар тўп сураяпти. Ҳар иккисининг ҳам ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Уларга омад тилайман!


Камолиддин Абдуллаев  журналист.
- Фамилиянгиз борасида ойдинлик киритиб ўтсангиз. Иброҳимов деб ёзилса ҳам тўғри бўладими?

- Ҳар қалай ёшлигимдан бери Ибрагимов бўлиб келганман. Паспортимда ҳам шундай ёзилган. Аслида бобомнинг исми Иброҳим бўлган. Собиқ иттифоқ пайтида бундай ўзгартириб ёзишлар одатий ҳол бўлган-ку.



Диёрбек Сиддиқов  талаба.
- Терма жамоа сафида тўп сургансиз. Қулоққа кўп чалиниб қолади. Максим Шацких тўп сурган вақтда ҳам, асосан ҳал қилувчи гапни Сервер Жепаров ва Тимур Кападзе айтишар экан. Бу борада нима, дея оласиз?

- Бу борада аниқ айта оламанки, мен тўп сурган вақтда жамоада доимо ёши катталар муҳим ўрин тутган. Максим Шацких, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Игнатий Нестеровнинг гап-сўзларига қулоқ тутардик. Фақатгина Сервер билан Тимур Кападзе алоҳида ўрин тутарди, дейиш нотўғри.
 

Ҳайитбек Тиллаев - дурадгор
- Фаолиятингизда муҳим ўрин тутувчи жамоа ва мураббий...

- "Богемианс" жамоаси ва мураббийим Павел Хофтих асосий ўрин эгаллайди. Павел Хофтих ҳозирда Чехия ёшлар терма жамоасини бошқармоқда. У билан доимо алоқада бўлиб тураман. Бир сўз билан айтганда, муносабатларимиз ижобий сақланиб қолган.



Қодирали Ҳамроқулов - журналист
- Пойтахтимизнинг Қушбеги даҳасида жойлашган футбол майдончаси олдида сизга бир неча бор кўзим тушганди. Бу майдон билан сизни нима боғлаб туради?

- Бу борада қизиқ воқеа юз берган. Дастлаб Пахтакор академиясига Бахтиёр Нуралиев қўл остига келганман. Лекин академиянинг ойлик тўлови бор эди. Шароит тўғри келмаган, қолаверса, уйдагилардан тўлов учун пул беринг, дея олмаганман. Шунинг учун, академиядан ҳайдалганман. У ердан кетиб, Қушбеги даҳасидаги эски Тўқимачи стадионидаги футбол тўгарагига борганман. У ерда Борис Андреевич раҳбар эди. Кейинчалик Анвар ака Ўрунов келган. Дадам билан суҳбатлашиб, агар ўғлингизнинг ҳаракатлари ёқса, олиб қоламиз деган. Мураббийларда яхши таассурот қолдирганман, шекилли, тўгаракка аъзо бўлганман. Кейинчалик барчамиз Чилонзор футбол мактабига кўчганмиз. Шунинг учун, ушбу футбол майдони мен учун қадрли. Қолаверса, ўша ерда яқин дўстимнинг чойхонаси бор. Унинг олдига кўп бориб тураман. Шунда кўрган бўлсалар керак.


Одилбек Сиддиқов  тиббиёт ходими.
- Динамога ўтдингиз. Интернет тармоқларида бу жамоа мутассаддилари ҳақида турли-хил танқидий мақолалар чоп этилди. Балки бу борада ҳам ўз фикрингиз бордир. Клуб бошлиқлари ва мураббийлари ҳақида нима дея оласиз?

- Билмадим. Мен яқинда келдим. Ҳозирча бир нарса дейишим қийин. Буни вақт кўрсатади. Лекин жамоадаги муҳит аъло. Муносабатлари ҳам яхши кўриниш олган.


Беҳзодбек Сиддиқов  талаба.
- Аксарият легионерларимизни ўз клубида Ўзбек деб аташар экан. Балки сизни ҳам Чехия ва Словакияда шундай аташгандир? Ёки бошқача исмингиз, тўғрироғи, лақабингиз бормиди?

- Шу пайтгача юртимиздан ташқарида тўп сурган бўлсам, хеч қаерда ўзбек деб аташмаган. Словакияда Ази деб чақиришарди. Чехияда Ибра, Хитойда эса, Ибу деб аташарди.



Жасурбек Сотинбоев  муҳандис.
- Бирга тўп сурган футболчиларимиз орасидан рамзий терма жамоангиздан кимлар ўрин олган бўларди?

- Дарвозага Павел Бугалони қўйган бўлардим. Ўнг қанотга Шавкат Муллажонов, марказга Анзур Исмоилов ва Ислом Тўхтахўжаевни, чапга Виталий Денисовни, ярим ҳимояга Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов ва Николай Ширшовни, олдинги чизиқда эса, Сервер Жепаров ва Максим Шацких. Рамзий терма жамоам шундай кўриниш олган бўларди.


Авазбек Тўраев  ички ишлар ходими.
- Андижон жамоаси сафида ҳам ҳаракат қилдингиз. Айтинг-чи, мавсум якунида водий жамоаси нечанчи ўринни забт эта олади. Динамо андижонликлардан юқори поғонада туради, деб айта оласизми?

- Айни вақтда, Динамо аввалги мавсумдаги Андижон жамоасидан кучлироқ кўриниш олган. Ўйлайманки, мавсум якунида биз Андижондан юқори поғонада бўламиз. Водий жамоаси қайси ўрин учун кураш олиб боради, буни айта олмайман-у, лекин юқори ўринларни эгаллашини тилаб қоламан.


Бобурмирзо Тиллаев - футболчи.
- Терма жамоа машғулотларида тезлик борасида ҳам машғулотлар олиб борилса керак. Айтинг-чи, сиз тўп сурган вақтда терма жамоада 100 м масофани ким энг тез босиб ўтар эди? Сиз ҳам анчагина тезкор саналар эдингиз. Нима деб ўйлайсиз, тезлик бобида Жасур Ҳасанов билан баҳслаша олармидингиз?

- Қисқа масофага, дарҳақиқат, Жасур Ҳасанов жуда тез югурарди. Лекин бу борада у билан бемалол баҳслаша олардим, деб ўйлайман.


Азамат Раҳмонов  банк ходими.
- Кўп йиллар Чехияда фаолият олиб бордингиз. Чех тилидаги саводингиз қандай?

- Чех тилида бемалол суҳбатлаша оламан.


Аҳмад Эшматов тайёрлади
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика