Latest news

02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  81 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  2 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  26 23:11Битта гол урилган Тошкентдаги "Олимпик" — "Бунёдкор" ўйинидан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 23:00Франция чемпионати. "Ланс" Ҳусановсиз ўз уйида "Марсель"дан учта тўп ўтказиб, мағлуб бўлди  7 22:49Моуринью "Реал" собиқ ўйинчисини нишонга олди  2 22:11АПЛ. "Арсенал"дан йирик ғалаба, лондонликларнинг сўнгги голини ўтган йили Ўзбекистонга қарши баҳсда ҳаракат қилган 17 ёшли ўйинчи урди  9 22:06Бундеслига. "Байер" 0:2ни 5:2 қилди, "Боруссия Дортмунд"дан жавобсиз 4та тўп, "Хоффенхайм" — "Лейпциг" ўйинида 7та гол  0 22:00Суперлига. Экстра-тайм: жорий мавсум узоқ давом этган ўйинлар  0 20:57А Серия. "Интер" "Верона"га қарши ўйин тақдирини биринчи бўлимнинг ўзида ҳал қилди  0 20:40Вадим Абрамов: "Барча голларни қарши ҳужумлар туфайли ўтказиб юбордик, ўйин учун режамиз умуман бошқача эди"  3 20:27Александр Хомяков: "Раҳбарият янги мутахассис излаётган экан, демак улар мендан мамнун эмас"  8 19:44"Арсенал" - "Ноттингем Форест". Таркиблар билан танишинг  0 19:35"Челси" ғалаба қозонди ва жадвалда 3-ўринга чиқиб олди  2

Азамат Абдураимов: «Ўйлайманки, Олимпия терма жамоамиз ЎФФнинг истиқболли лойиҳаларидан бири бўлади» News

Азамат Абдураимов: «Ўйлайманки, Олимпия терма жамоамиз ЎФФнинг истиқболли лойиҳаларидан бири бўлади»

Собиқ ҳужумчи, 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби Азамат Абдураимов Championat.asia офисига ташриф буюрди.

Гарчи Абдураимов футболчилик даврида ўзидан ёрқин из қолдирган бўлса-да, мураббийликни бошлаганидан бери футзалдаги чемпионликни ҳисобга олмаганда катта футболда ҳозирча натижа кўрсата олгани йўқ.

Абдураимовлар сулоласи вакили интервью берар экан, ҳозирги ЎФФ олиб бораётган сиёсат, миллий терма жамоамизга ЖЧ-2018 саралаш босқичида нима етишмагани, шунингдек ўзининг мураббийлик фаолиятига тўхталиб ўтди.

- Азамат Эркинович, кўпинча ўйиндан кейин футболчилар ўзаро футболка алмашишади. Сизда 1994 йилги Осиё ўйинларидан бирорта футболка сақланиб қолганми? Масалан, Жанубий Корея ёки Хитой билан кечган ўйинлардан сўнг. 

- Биласизми, биз ўша мусобақага фақат бир комплект либосларда боргандик. Умуман олганда, Осиё ўйинларига боришимиз аввалдан режада бўлмаган, ҳаммаси бирданига ҳал бўлган. Биз мусобақага борганда футболчилар олдига қатъий талаб қўйилганди, яъни финал ўйинига қадар ҳеч ким билан футболка алмашмаслик. Фақат финал баҳси якунига етгачгина мен рақиб ўйинчиси билан футболка алмашганман. Мана энди орадан йиллар ўтиб эсиз футболкамни ўзимда сақлаб қолмаган эканман, дея афсусланиб юраман. Чунки биз ўша пайтда қандай натижани қўлга киритганимизни билмасдик. Бу ўзбек футболи учун жуда катта воқеа бўлишини орадан йиллар ўтиб тушуниб етганмиз. Ўз терма жамоам футболкаси нақадар қадрли ва қимматбаҳо эканини ўша пайт билганимда алмаштирмаган бўлардим.


- Келинг, энди ҳозирги кун ҳақида гаплашамиз. Маълумки, 7 сентябрь куни Тошкентда ташкил этилган “Спорт ташкилотларини бошқариш ва жаҳон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференцияда сиз ҳам иштирок этдингиз. Унда Ўзбекистон футбол федерациясини қандай бошқариш кераклиги ҳақида ўз фикрингизни билдирдингиз. Айтинг-чи, кейинчалик фикрларни ЎФФ раҳбариятига етказиш имкони бўлдими? 

- Аввало шуни айтишим керак, бизда биринчи марта бундай халқаро конференция юқорининг буйруғи билан эмас, балки Anhor.uz сайти ташаббуси остида амалга оширилди. Россиядан Алишер Аминов, Владимир Леонченко сингари мутахассислар таклиф этилди. Улар спорт ташкилотларини бошқариш ҳақида жаҳон тажрибаси билан ўртоқлашишди ва буни Ўзбекистонда қандай қўллаш кераклиги бўйича ўз дастурларини тақдим этишди. Биз ушбу тадбирга футбол фахрийлари сифатида таклиф қилингандик ва фурсатдан фойдаланиб кўпчилик ўз фикрини билдирди. 

Конференцияда бир масалага алоҳида эътибор қаратилди, яъни, ўзбек футболи ислоҳотларга муҳтож. Бу ҳақда кейинчалик ЎФФнинг янги раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам айтиб ўтди. Биз футболни кўтаришимиз керак, лекин буни давлат ёрдамисиз амалга ошириб бўлмайди. Бу ҳақда конференцияда ҳам гапирилди. Ҳозир бизда ҳукумат кўмагисиз футболни кўтариш имкони йўқ. Мен футболни юксалтириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларимни Алишер Аминовга етказиб, унинг дастурини қўллаб-қувватладим. 

Тан олиш керак, охирги йилларда Осиё қитъасида мавқеимизни анча бой бериб қўйдик. Ёшлар, ўсмирлар ва олимпиячиларимиз жаҳон чемпионати, Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга кирита олишмади. Миллий терма жамоа эса ЖЧ-2018 саралаш босқичини муваффақиятсиз якунлади. Шунингдек, болалар футболида ҳам муаммолар кўп, ички чемпионат савияси анча тушиб кетган, федерация иши деярли кўринмаяпти. Лекин бу муаммоларни давлат кўмагисиз ечиш қийин. Бизга узоқ муддатли ривожланиш дастури зарур.


- Сиз ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов ҳақида гапириб ўтдингиз. У федерация фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таклиф қиляпти. Бундан ташқари, унинг айтишича, ЎФФда 90 фоиз ходим ўзгаради. Бунга муносабатингиз қандай? 

- Менимча, бунинг аллақачон вақти етиб келган. Яқинда ЎФФ президенти билан дастлабки матбуот анжумани ўтказилиб, унда янги вице-президент, шунингдек ЎФФ ижроқўм аъзолари ҳам иштирок этишди. Матбуот анжуманида Умид Аҳмаджонов асосан бешта йўналишдан иборат тўрт йиллик дастур ҳақида ахборот берди. Дастурда келтирилган пунктларга тўлиқ қўшиламан ва муаммолар бартараф этилса кўпчилик қатори мен ҳам хурсанд бўламан. 

Тўғрисини айтиш керак, бунгача ЎФФ олиб бораётган сиёсат шаффоф эмасди: кадрлар масаласи қандай ҳал қилинади, федерациянинг бюджети қанча, харажатлар сметаси қандай ҳал этилади, биз булар ҳақида билмасдик. Молиявий очиқлик давр талаби ҳисобланади, ҳозирги кунда Европада барча федерациялар шу асосда иш олиб бормоқда. Бизнинг федерация ҳам буёғига шу йўлни танлаши керак деб ўйлайман. Ҳозир кўпчилик ривожланишнинг немисча модули ҳақида гапиряпти. Шу ўринда мен ҳам буни маъқуллайман, биз футболи ривожланган мамлакатларнинг энг яхши усулларини ўзлаштиришимиз керак. Бунинг учун шаффофлик энг аҳамиятга молик жиҳатлардан бири ҳисобланади. 

Мен федерацияда тизимни ўзгартириш кераклиги ҳақида кўп гапирганман. Бу билан бир одам ўрнига бошқасини олиб келиш ҳақида гапирмаяпман, балки бутун тизим ҳақида фикр билдиряпман. Масалан, бизда мураббийлар кенгаши қайта тикланиши керак, жуда кўп футбол федерацияларида бўлгани каби спорт директори лавозимини йўлга қўйиш даркор, шунингдек маркетинг ва менежмент бўлимларига ҳам катта эътибор қаратиш зарур. 

Футбол - бу бизнес. Эндиликда биз ҳам ўзимиз пул топиш тўғрисида ўйлашимиз лозим. Масалан, ПФЛнинг ҳалигача титул ҳомийси йўқ, РФПЛ (Россия)да эса бор. Бу - “Росгосстрах” суғурта компанияси. Ҳар доим ҳам давлатнинг чўнтагига қараб қолиш керакмас. Менимча, буни ЎФФнинг янги раҳбари, Ижроқўм аъзолари жуда яхши тушуниб туришибди. Мухлисларни хурсанд қилаётган жиҳат эса ҳозирги ЎФФ тизимида Бобур Шодиев каби бизнесни жуда яхши тушунадиган кишининг борлиги ва ўйлайманки, унинг бизнесдаги тажрибаси футболни ривожлантириш борасида қўл келади.


- Мадомики, ЎФФда кадрлар масаласи кўриб чиқилаётган экан, сиз ҳам федерацияда ишлаш бўйича таклиф олдингизми? Ўзингизни қайси ролда синаб кўрган бўлардингиз? 

- Мени яқинда суҳбат учун федерацияга таклиф этишди. У ерда ЎФФ вице-президенти Шоакрам Исмоилов билан ҳозирги футболимиз ҳақида суҳбат қурдик. Суҳбат давомида биз федерациянинг бунгача қандай ишлаб келгани, қаерда хатоларга йўл қўйилгани ва бундан кейин қандай ишлаши кераклиги борасида ўзаро фикр алмашдик. Бундан ташқари, мен бир неча йил давомида Вадим Шодиматов билан тайёрлаган дастуримиз ҳақида гапириб бердим. Бу дастур 2018-2020 йилларда олимпия терма жамоамизни Олимпиада ўйинларига пухта тайёрлашни ўз ичига олади. Бунгача яқин дўстим, ҳозирги кунда “Бунёдкор” ПФК Бош директори бўлиб ишлаётган Мурод Алиевга ҳам дастур ҳақида гапириб бергандим. Айтишим мумкинки, дастур унга маъқул келди.

- Дастур ҳақида қисқача маълумот берсангиз. 

- Дастурда 2020 йил Японияда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига терма жамоамизни қандай тайёрлаш кераклиги атрофлича кўрсатилган. Биз ушбу дастурда мақсадга эришиш учун ўйинни қандай йўлга қўйиш, мураббийлар штабини мужассамлаштириш, тактика ва мақсадларни батафсил келтириб ўтганмиз. Қолаверса, олдинги саралашлардаги муваффақиятсиз иштирокларни чуқур таҳлил қилган ҳолда кейингисида нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида фикр юритганмиз. 

Яхши натижага эришиш учун ҳимоядан ҳужумга тез ўтишни йўлга қўйиш замонавий футбол талаби бўлиб қолди. 1994 йилги Осиё ўйинларида ғолиб бўлганимизнинг асосий сири ҳам шунда эди: биз тез, ақлли ва ҳужумкор футбол намойиш этардик. Ўйлайманки, ЎФФ Вадим Шодиматов иккаламизга Ижроқўм ёки мураббийлар кенгаши олдида сўзга чиқиб ушбу дастурни тўлиқ тушунтириб бериш имконини беради. Олимпиячилар - бу футболимиз келажаги! Агар биз уларнинг Олимпиада ўйинларига боришини таъминлай олсак, бу футболимиз ривожи учун жуда катта туртки беради, қолаверса кейинчалик шу футболчилар миллий терма жамоанинг асоси бўладилар.


- Демак, сиз урғуни ёшлар ва бўлажак олимпиячиларга беряпсиз. Миллий терма жамоа ҳақида нима дея оласиз? Сизнингча, жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима етишмади? 

- Мен ўз иш услубимга кўра миллий терма жамоа ўйинларини таҳлил қилиб чиқдим. Биринчи навбатда кўзга ташланган нарса шуки, бизда жисмоний куч етарли эмас. Айнан жисмоний ҳолат бўйича қитъанинг етакчи жамоаларига ютқазяпмиз. Тан олиш керак, Япония, Корея, Эрон ва Австралия бизга нисбатан физик жиҳатдан кучли. Бундан келиб чиқадики, биз ҳам зудлик билан жисмоний ҳолатни шакллантириш устида иш олиб боришимиз керак. Етакчилар билан ўйинларда кўпроқ атлетизм ва яккакурашларда ютқазяпмиз ва четдан қараганда бу хунук картина бўлиб кўринмоқда. 

Иккинчи муаммо - голли вазиятлардан фойдалана олмаслик. Саралашнинг охирги раундида биз ўнта ўйинда атиги олтита гол урдик. Ва ҳеч бир гол ҳужумчи томонидан киритилмади. Менимча, бу ерда бош мураббий муаммоси кўзга ташланади, сабаби бошқа номзодлар бўлишига қарамай фақат битта ҳужумчини майдонга тушираверди. Кейинги масала - ҳимоядан ҳужумга жуда секин ўтамиз. Қолаверса, рақиб ҳимоясини енгиб ўтиш, қанотларда фаол ўйнамаслик ҳам биз учун муаммолигича қолмоқда. Тўғри, тўпни назорат қиляпмиз, лекин якун йўқ барибир. 

Ўйинларни таҳлил қилар экансан, жамоамизда ўйинга мослашиш жараёни йўқлигини кўрасан. Бизда фақат битта тактика 4-2-3-1 бўлиб ҳамма ўйинларда фақат шундан фойдаландик. Футбол тили билан айтганда, “Б режаси” умуман кўзга ташланмади ёки биз бор эди-ю, аммо ундан фойдалана олмадик. Ўйинчи алмаштиришлар ҳам ҳеч қандай наф бермади. Эрон терма жамоаси бизга Тошкентда қандай сабоқ бериб кетганини бир ёдга олинг. Кейруш Бабаянни тактик тарафлама ютиб кетди. Ўйин бошида эронликлар кучли прессинг уюштирган ҳолда бизга умуман имкон беришмади. Кейинчалик улар гол уриб олгач чуқур ҳимояга ўтиб олишди. Биз ҳудудий жиҳатдан устунликка эга бўлсак-да, қарши ҳужумларда улар фаол кўринди. Бу ўйинга қўйилган режа қанчалик аниқ бўлганидан ҳамда жамоанинг бир тактик схемадан иккинчисига уддабуронлик билан ўта олганидан дарак беради.


- Сизнингча, миллий терма жамоамизнинг янги бош мураббийи ким бўлиши керак? 

- ЎФФ раҳбарияти тўрт йиллик ривожланиш дастури ҳақида маълумот берар экан, биринчи ўринга миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш вазифасини қўйган. Ва катта эҳтимол билан янги мураббий хорижлик бўлади. Ҳозирги ҳолатда бу жуда тўғри қарор. Агар бизга четдан кучли, шу билан бирга ўз ишини биладиган мураббий келса бу албатта фойдамизга ишлайди. 2019 йил навбатдаги Осиё Кубоги бўлиб ўтади ва унгача мураббийда ўйинчиларни аниқлаб олиш учун бемалол вақт бўлади. Хорижлик мураббийнинг яхши томони - у ҳеч қайси клуб манфаатини кўзламайди, барча жамоаларга бирдек қарайди. Ўйлайманки, аввалги хатолардан келиб чиқиб ҳозирги раҳбарият ҳам миллий, ҳам олимпия терма жамоасига бир кишини мураббий қилиб қўймайди. Чунки бунинг фойда бермаслигига бир эмас, икки бор гувоҳи бўлганмиз.

- Сиз ўз вақтида ёшлар терма жамоасини бошқаргансиз. Шундан келиб чиқиб ҳозирги ёшларга нималарни маслаҳат бера оласиз? 

- Ҳамма эшитган оддий нарсани яна қайтармоқчиман. Фақат иқтидорнинг ўзи камлик қилади, ўсиш учун жуда кўп меҳнат қилиш керак. Албатта, футболни севиш бирламчи. Отам айтганидек, футбол ҳеч кимнинг олдида қарздор бўлиб қолмайди. Фақат спортнинг бу турини севиб бор куч билан садоқатини кўрсатиши керак. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, иккала оёқда бир хил зарба бериш учун ҳар куни соатлаб машқ қилардим. Машғулот тугагач, дарвозабон билан қолиб унга ҳам ўнг, ҳам чап оёқда тинмай зарба йўллардим. 

Мухлислар 1994 йил Жанубий Кореяга урган голимни менинг энг чиройли голим деб билишади. Нима учун? Чунки ўша голни узоқдан, бунинг устига чап оёқда урганман. Аслида эса ўнақайман. Энди финтларга келадиган бўлсак, бунинг учун фишкалар ёрдамида ишлаш катта ёрдам беради. Негадир ҳозирги ёшлар мустақил машғулотларга кам эътибор берадиган бўлиб қолишди. Бизнинг пайтда соатлаб майдонда қолиб кетардик. Кўпинча Роналду ва Мессини ўзаро таққослаймиз, улар олаётган пулларни муҳокама қиламиз. Лекин унутмайликки, юлдузлик даражасига чиқиш осон эмас ва бунинг учун кўп меҳнат талаб қилинади.


- Сиз шунингдек, футзалда ишлаб “Ардус” билан Ўзбекистон чемпиони бўлгансиз. 

- Ҳа, бу ёқимли хотиралардан бири. Бу менинг мураббийлик фаолятимдаги илк муваффақиятим бўлган. “Ардус” 2004 йил тузилган бўлса, биз ўша йилиёқ дастлабки уринишда чемпион бўлгандик. Бу мен учун катта тажриба мактаби бўлган ва уни ҳеч қачон унутмайман.  “Ардус”ни қабул қилиб олганимда жамоа иккинчи ўринда бораётганди. Биз чемпионат охиригача иккинчи ўринда бориб, сўнгги турда пешқадам устидан ғалаба қозонган ҳолда чемпион бўлганмиз.

- Лекин футболда мураббийнинг иши доим ҳам бир текис кечмайди. Сиз муваффақиятсизликларга қандай қарайсиз? 

- Саволингизни тушундим. Мухлислар Азамат Абдураимов “Андижон”да ишлаб ўзини кўрсата олмаган дейишади. Мен бунга хотиржам қарайман. Мағлубият ҳаммани кучли қилади, шу жумладан мураббийларни ҳам. Ҳар доим ғалаба қозонадиган мураббий жаҳон футболида ҳам йўқ. Мен ўзимизнинг футболда чемпион бўлиб, кейин бошқа жамоага бориб ишлаган, аммо ҳеч қандай натижа кўрсата олмаган кўплаб мураббийларни айтишим мумкин. Кўп нарса қўлингдаги маҳсулотга боғлиқ. Масалан, “Андижон” ҳозир ҳам биринчи лигада ўйнамоқда. Мен у ердан кетгандан сўнг орадан уч йил ўтди ва бу вақт оралиғида жамоада олти марта мураббий алмашди, натижа эса ҳамон йўқ. Демак, гап “Абдураимов ёмон мураббий”лигида бўлмаса керак, балки айбни клуб тизимидан ва раҳбариятдан қидирган маъқулдир. 

Менда мағлубиятлар ҳам, ғалабалар ҳам бўлган. 2008 йилни олайлик, ўшанда “Бунёдкор” спорт директори эдим ва жамоа ўз тарихида биринчи бор мамлакат чемпионлиги ва Кубокни қўлга киритган. Бундан ташқари, “Динамо”да ҳам ёмон ишламаганман. У ерда яхши жамоа тузгандим, биз доим ҳужумкор ва мухлисларга ёқадиган футбол намойиш этардик. Самарқандлик мухлислар ҳануз ўша дамларни қувонч билан эслаб туришади. Бунга аминман. Шуни айтишим мумкин, мен ўзимга ишонаман ва ишонч мураббий учун жуда муҳим. Эътибор беринг, 1994 йилги чемпион таркибдан қанчадан қанча яхши мураббийлар етишиб чиқди. Чунки уларда ғолиблик руҳи бор ва унча-бунча мағлубият уларни синдира олмайди. Яна шунга ишонаманки, бизнинг футбол ҳали мавжуд ва бир кун келиб биз ҳам албатта катта ғалабаларга эришамиз.


- Вақт ажратиб сайтимиз офисига ташриф буюрганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз. Футболдаги кейинги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилаймиз. 

- Шу фурсатдан фойдаланиб мен ҳам Championat.asia сайтига омад ва қизиқарли лойиҳалар кўпайишини тилаб қоламан. Мухлисларимизга эса футболни яхши кўришларини, ўзбек футболига ишонишларини ва қўллаб-қувватлашларини тилайман. Ҳозирги пайтда амалга оширилаётганлар ўзгаришлар вақти келиб албатта ўзининг ижобий мевасини беради деб умид қиламан.

Нигора Абидова суҳбатлашди. 


TAS-IX Эмас


Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика