Latest news

19:45Кетма-кет иккинчи йил чемпион бўлган Бобир Абдихолиқов билан интервью   0 19:37Суперлига. "Сўғдиёна" – "Локомотив" 2:0. Highlights  0 19:36Суперлигани қайси клуб тарк этади? Кумуш медал кимга насиб қилади? 26-тур интригалари  1 19:18Суперлига-2025. Қайси жамоалар қолади, қайсилари кетади?  3 19:00АПЛ. "Ливерпуль" чемпионат аутсайдерининг уйида меҳмон бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  6 18:25Суперлига. «Сўғдиёна» «Локомотив»ни қийинчиликсиз мағлуб этди ва учинчи ўринга кўтарилиб олди  10 18:16Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" "Қосимпошо" билан дуранг ўйнади, Турғунбоев бир бўлим ҳаракат қилди  2 18:04Февзи Давлетов: "Бу "Металлург" ютиши шарт бўлган ўйин эди"  4 17:28Холанд "Манчестер Сити" бўйича қарор қабул қилди  1 16:53Суперлига. «Металлург» мавсумдаги иккинчи ғалабасини қўлга киритиб, элитада қолиш имкониятини сақлаб қолди  11 16:08Холанд 850 минг сўм сабаб қамоққа тушиши мумкин  7 15:26МЮ ва "Ман Сити" Гёкереш учун курашга киришмоқда, клублар 65 млн фунт тўлашга тайёр  4 13:38"Барселона" ва "Ливерпуль" бир ўйинчи учун курашади  5 13:04Анчелоттининг ўрнини Солари эгаллаши мумкинмиди?  10 12:38"Манчестер Юнайтед" бош мураббийи Аморим: "Мен ўзини босслардек кўрсатишни хоҳлайдиганлардан эмасман"  3

Аюбхон Ғаппаров: «Мақсадим «Навбаҳор» тўпурари бўлиш» News

Аюбхон Ғаппаров: «Мақсадим «Навбаҳор» тўпурари бўлиш»

Фаолиятининг асосий қисмини Қозоннинг "Рубин" клубида ўтказган ҳужумчи Аюбхон Ғаппаров айни пайтда "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилмоқда.
Наманган футболи тарбияланувчиси ҳисобланган Ғаппаров ўзини маҳоратли футболчи эканлигини айнан "лочинлар" сафида намоён этишни мақсад қилган. Бунга у билан уюштирилган суҳбатни ўқиб чиққанингиздан кейин ўзингиз амин бўласиз.

- Ўтган мавсумда тўққизта ўйинда тўртта гол ургандингиз. Янги мавсумда режангиз қандай?

- "Рубин"да жароҳат олиб ўйин амалиётисиз қолганим туфайли "Навбаҳор"га келгандим. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида озми кўпми "лочинлар" сафида ҳаракат қилдим. Худога шукур, оз бўлсада жисмоний ҳолатимни тиклашга эришдим. Доим ўз олдимга энг юқори чўққиларни забт этишни мақсад қилиб қўяман. Сабаби, агарда ўз маррангизни ҳеч бўлмаганда ярмига етсангиз, бу ютуғингиз бўлади ва ўзингизни бахтиёр ҳис қила оласиз. Худо хоҳласа навбатдаги мавсумда "Навбаҳор" тўпурари бўлмоқчиман.

- Қайси амплуани "ўзимники" деб айта оласиз?
- Аслини олганда ҳужумчиман. Ёшлигимдан бери олдинги чизиқда тўп тепиб келганман. "Рубин"га борганимда хизматларимдан ярим ҳимоянинг чап ва ўнг қанот футболчиси сифатида фойдаланишди.

- "Навбаҳор"дан "Нефтчи"га ўтиб кетган Рўзим Аҳмедовдан нималарни ўргандингиз?
- Рўзим Аҳмедовнинг жамоадошлар билан яхши муносабатда бўлиши ва ҳар қандай холатдан ҳам ўзини боса олиши менга ёқди. Аммо, у ҳам ҳали ёш эканлиги учун ундан бирон нимани ўрганиш мумкин деб ўйламайман. Футболда камдан-кам ҳолатларда ўйинчи тақдирини бир жамоа билан боғлайди. Ўйлайманки, Аҳмедовнинг ўрнини боса оладиган ўйинчи таркибда топилади. Алмаштириб бўлмас ўйинчининг ўзи йўқ.

- "Рубин"га қандай бориб қолгандингиз?
- 2008 йили Тошкентда 16 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилганди. Гуруҳимиздан Эрон, Сингапур ва Баҳрайн терма жамоалари жой олганди. Кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритдик, аммо шу ерда иштирокимиз поёнига етди. Жанубий Кореяга имкониятни бой бергач шунча меҳнат қилиб, мақсадимизга етолмаганимиздан ичимиз ачишганидан йиғлаб юборгандик. Мусобақа билан хайрлашгач тушкун ҳолатда уйга қайтдим. "Пахтакор" ўринбосарлари сафига ўйинчилар саралаш жараёнида ҳам таркибга қўшишмагани учун ўзимга жамоа аҳтармоқчи бўлиб юрганимда терма жамоамизни бошқарган Роберт Сергеевич Гай телефон қилиб, Қозоннинг "Рубин" жамоаси томонидан қизиқиш борлигини айтди. Хурсанд бўлганимдан ҳеч иккиланмай ушбу таклифга розилик бердим. "Рубин" селекöионерларига ўйиним манзур бўлган экан келиб "Пахтакор"дан сотиб олишди. У ерда жамоа йиғинларида қатнашдим, ўринбосарлар сафида ўйнадим. Бир йил ҳаракатланганимда ҳам у ернинг ҳавосига кўникиш қийин бўлди, бир-икки маротаба операöия қилиндим. Оқибатда бир ярим йил футбол ўйнамадим. 2013 йилда Нижнекамскнинг "Нефтехимик" жамоасида тўп тепдим. Жароҳатдан фориғ бўлиб мавсумнинг ярмига борганимда ўзимнинг позиöиямга қўйишмади. Ҳимояда ўйнашимга тўғри келди, хуллас ишим юришмади. Сўнгра "Навбаҳор"дан таклиф тушди. Олдимда бошқа жамоалардан чорловлар бўлишига қарамай ёшликдан тўп суришни орзу қилган жамоамга ўтишни афзал билдим. Ёшлигимда дадам "Навбаҳор" ўйинларига олиб борганларида футболчиларга ҳавас қилардим. Отам "лочинлар"нинг ашаддий мухлислариданлар.

- Демак, отангиз жамоанинг ҳар бир ўйинида ўйингоҳга ташриф буюрадилар?
- Ҳа. Ўтган мавсумда 24-турда Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоасини ўз майдонимизда 3:1 ҳисобида мағлуб этдик. Шу куни "дублü" муаллифига айландим. Одатда отам мухлислар орасида доимий ўринларида ўйинни кузатардилар. Лекин, шу куни танишлари билан трибунага чиққан эканлар. Биринчи голимни урганимдан сўнг уларни мухлислар орасидан қидириб тополмадим, иккинчи голни ургач яна изладим, йўқлар. Билсам, трибунадан роса чақирган эканлар, эшитмабман.

- Ўзбекистон жамоаларининг деярли барчасида молиявий масалада муаммолар кузатилиб туради. Россияда бу борада аҳвол қандай эди? У ерда ҳам маош тўланмаган ҳолатлар кузатиладими?
- Маош тўланилишида у ерда ҳам муаммолар учраб туради, аммо узоқ муддатга чўзилмайди. Ойлик тўлови кечиктирилиши узоғи билан бир ёки бир ярим ойга сурилиши мумкин холос.

- Фаолиятингизни яна чет элда давом эттириш ниятингиз борми?
- Албатта келгуси фаолиятимда бундай ниятим бор, лекин ҳозир бор эътиборим "Навбаҳор"га қаратилган. Фурсатдан фойдаланиб, жамоамиз машғулотларига ишларини ташлаб, бизни қўллаб-қувватлаш учун вақт ажратиб келаётган жамоамиз мухлисларига раҳмат айтмоқчиман. "Андижон"га қарши назорат учрашувимизга ҳам беллашув сафарда бўлишига қарамай жонкуяр мухлисларимиз олға бошлаб туришди.

- Жамоадаги муҳит қай ҳолда?
- Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, клубдаги муҳит жуда яхши.

- Бахтиёр Ашурматов билан келажагингиз борасида гаплашмадингизми?
- Йўқ. Келажагим борасида Бахтиёр Ашурматов билан бафуржа гаплашмадим. Нафақат мени, балки жамоадаги бошқа ўйинчиларнинг ҳолати ҳам бир хил. Ҳозир бир ўйин ўтказдик, холос. Тошкентдаги йиғинда бир-биримизга янада яқинроқ бўлиб, мураббий барчанинг имкониятларини ўрганганидан сўнг бу мавзуда гаплашса бўлади. Мураббий билан бир-икки вазиятда мулоқотда бўлдим, аммо атрофлича суҳбатлашганимиз йўқ.

- Жамоага янги келган ўйинчиларни таркибга мослашишлари қандай кечмоқда. Улар билан тил топишиш осон бўлмоқдами?
- Янги келганларнинг барчаси билан ўзаро муносабатимиз яхши. Кимга қандай билмадимку, аммо мен учун барча футболчилар билан чиқишиб кетиш қийинчилик туғдирмаган. Ўзимдан катталарни ака сифатида ҳурмат қилиб, кичикларни эса ўз укамдек қабул қиламан. Футболчининг қисмати шундайки, бугун бир жамоада ўйнасанг, эртага бошқа клубда тўп тепишингга тўғри келади. Ҳар қандай ўйинчи билан бир жамоада тўқнашиб қолишинг мумкин бўлади. Мисол учун аввал ҳам "Навбаҳор" шарафини ҳимоя қилган Рахматилло Бердимуродов ва Отабек Валижоновларни аввалдан танирдим. Бердимуродов билан "Пахтакор"да ёшлигимда ҳаракат қилган кезларда йўлимиз туташган, Валижоновни аввалдан биламан. Қолган ўйинчилар билан ҳам худи анчадан бери бирга ўйнагандек яқин муносабатдамиз.

- Ўтган мавсумнинг сўнгги турида "Пахтакор"га қарши беллашувда жамоа чиройли ўйин кўрсатганди. Айниқса Сиз Азим Аҳмедов билан чиройли ҳаракат қилиб ўзига хос дриблинглар билан ўйинга безак бергандинглар. Майдонда Аҳмедов билан билан бир-бирингизни яхши тушунасиз чоғи?
- Азим Аҳмедов билан ёшлигимизда "Пахтакор"да бирга ўсганмиз. Ошна-оғайни бўлиб қолганимиз учун майдонда ҳам беъмалол бир-биримизни тушуниб ҳаракат қиламиз. Очилганимни кўриб, тўпни менга оширади. Умуман олганда Аҳмедов билан майдонда бўлсак ўйнашим осонроқ бўлади. Ўйиндан олдин маслаҳатлашиб, қайси вазиятда қандай тўп узатиш кераклигини келишиб оламиз. Азим Аҳмедов тўғрисида айтган гапларим Акрам Баҳриддиновга ҳам тегишли. "Пахтакор"га қарши беллашувда Баҳриддинов майдонга тушмади. Агарда таркибда у ҳам бўлганида нур устига аъло нур бўларди. Балки ғалабани ҳам қўлга киритармидик...

- Сиз, Акрам Баҳриддинов ҳамда Азим Аҳмедовлар Ўзбекистон U-22 терма жамоасининг кенгайтирилган таркибига киритилгандинглар. Аммо, йиғинларга жалб этилмадинглар.
- Балки уларда "Навбаҳор"нинг ўйинларини кўриш имконияти бўлмагандир. Йиғин қисқа муддат ичида уюштирилгани учун тезда сафарга отланишди. Улар қандай жисмоний ҳолатда эканлигимизни билмаганликлари учун якуний рўйхатдан четда қолдик деб ўйлайман. Нима учун таркибдан четда қолганимни тушунмай қолдим. Бир қўнғироқ қилиб терма жамоа билан Уммонга боришимни айтишди. Кейин эса бормайсан дейишди. Аввалига 22 ёшли футболчилардан ташкил топган терма жамоа йиғинига жалб этилганимни эшитиб бошим кўкка етганди. Назаримда, якуний таркибга киритилмаганимга "Навбаҳор" сафига иккинчи даврада қўшилганим сабаб бўлди. Боиси ўйин амалиётим кам эди. Мураббийлар шу сабабли нималарга қодир эканлигимни билишмаган бўлса керак. Устига-устак ушбу йиғин мавсум якунига етганидан сўнг бошланди. Ўйлашимча мураббийлар шу сабабли ўзлари билган ўйинчилардан фойдаланишни афзал билишган кўринади.

- Хафсалангиз пир бўлмадими? Терма жамоага мос ўйинчи эканлигингизни исботлайсизми?

- Хафа бўлиш ноўрин деб ўйлайман. Албатта, миллий терма жамоа либосини анчадан бери киймагандик. Формани кийиб, энди хурсанд бўлиб турган пайтингда "йўқ, бормайсан" дейишса табиийки оз бўлсада одам руҳан тушкунликка тушади. Худо хоҳласа, юртимиз шарафини ҳимоя қилиш насиб қилар. Мухлисларимиз меҳрини қозониб яна ўзимни терма жамоада ўйнашга лойиқ эканлигимни кўрсатишга умид қиламан. Ватанимнинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшишни истайман.

- Саралаб олинганлар Сиздан кучлироқмиди?
- Табиатан хулқ-атворим шундайки, ўзимни ҳеч қачон бошқалардан устун кўрмаганман. Гарчи бошқа инсондан устунроқ бўлсамда, "зўрман" деб айтмайман. Ўзини энг яхши деб билган одам ўша даражасида тўхтаб қолади. Футболчи ўзини янада ўсиши керак деб ўйласагина, юқори чўққиларга кўтарилади. Баъзилар "мен энг кучлиман, лекин мураббий таркибга киртмаяпти" деб гапиради. Йўқ, бунинг ўрнига ҳаракат қилиб, тилда эмас амалда шу гапларни исботлаш лозим. Шунинг учун йиғиндаги тенгдошларимдан зўр эдим деб айтолмайман. Ҳатто Роналду ҳам ўзини энг кучли деб ҳисобламаса керак.

- Тенгдошларингиз ўйинини кузатдингизми?
- Кўрдим. Уларга омад етишмади. Қолаверса чемпионат бизда мавсум якунига етганидан сўнг бошланди. Ўйиндан кейинги ва олдинги машғулотлар ўртасида катта фарқ бўлади. Ўйлашимча мусобақани айнан қишки танаффус даврига тўғри келгани ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Жавлон Маҳмудов суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика