Latest news

11:28"Арсенал" "Милан" етакчиларидан бирини нишонга олди  1 11:01«Бавария» Флориан Виртц учун қанча пул сарфлашга тайёрлиги маълум  0 10:34Кечаги мағлубиятдан сўнг «Манчестер Сити» қандай антирекордларни ўрнатди?  10 10:05Аморимнинг «қора» рўйхатига тушган футболчилар маълум. МЮ 7 нафар футболчи билан хайрлашишга тайёр  12 09:37Sofascore. Кечаги учрашувда Ҳусниддин Алиқуловнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?   1 09:05Гвардиола кечаги мағлубиятдан сўнг нималар деди?  7 08:36Sofascore. Кечаги учрашувда Аббосбек Файзуллаевнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  1 08:06Саудия Арабистон чемпионати. «Ал Ҳилол» мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилди  1 07:38Суперлига. Бугун 25-тур якунланади  1 04:12"Андижон" ўз уйида "Динамо"ни йирик ҳисобда мағлуб этган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  0 04:07Чемпион "Насаф" Фарғонада "Нефтчи"га мағлуб бўлган ўйиндан ФОТОГАЛЕРЕЯ  1 02:57Ла Лига. "Барселона" "Сельта"га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда иккита гол ўтказиб, ғалабани қўлдан чиқарди  117 02:06"Челси" 100 миллионлик форвардни харид қилмоқчи?!  3 00:29А Серия. "Милан" ва "Ювентус" ўртасидаги ўйин нурсиз дуранг билан якунланди  9 00:26АПЛ. "Манчестер Сити" ўз уйида "Тоттенхэм"га йирик ҳисобда таслим бўлди  31

Аваз Бердиқулов - футбол журналистикасидан ОФК мутахассислигигача News

Аваз Бердиқулов - футбол журналистикасидан ОФК мутахассислигигача

Бир неча йилдан бери қитъамиз футболининг бош ташкилоти - Осиё Футбол конфедерацияси (ОФК)да фаолият юритиб келаётган ягона ҳамюртимиз Аваз Бердиқулов ҳақида эшитгансиз.

Балки орангизда у билан ҳамсуҳбат бўлганлар ҳам бордир. Бугун биз сиз азиз ўқувчиларимизни айнан шу мутахассисимиз билан яқиндан таништиришни мақсад қилганмиз. Олдинга ўтиб шуни айтишимиз керак, бугунги кунда Аваз Бердиқулов ОФК “Мусобақаларни ўтказиш бўлими”нинг терма жамоалар билан ишлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда. Аслида ушбу суҳбатимиз ўтган йилнинг декабрь ойида, аниқроғи Австралиядаги Осиё Кубоги олдидан ўтказилиши режалаштирилганди. Лекин маълум сабабларга кўра амалга ошмай келаётганди. Ниҳоят, Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида яшаб, шу ерда жойлашган ОФКнинг бош штаб-квартирасида ишлаётган ҳамюртимиз билан боғланиб, саволларга жавоб олишга муваффақ бўлдик. Қуйида эътиборингизга ана шу эксклюзив интервьюни ҳавола этамиз.

- Аваз ака, маълумки, сиз футбол журналистикасида ҳам маълум муддат фаолият юритгансиз. Суҳбатимиз аввалида шу ҳақида гапириб берсангиз. Бу ўқувчиларимиз учун ҳам қизиқ.

- Ҳақиқатан ҳам менинг мутахассислигим журналист. 1999 йили “Умид” жамғармасининг йўлланмаси билан Англиянинг Борнмут шаҳри университетида журналистика бўйича магистратурани тамомлаганман. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Борнмут шаҳрининг шу номдаги футбол жамоаси мана бу йил премьер-лига йўлланмасини қўлга киритди. Футбол журналистикасига бўлган қизиқишим ҳам асосан Англия билан боғлиқ - Футбол ватанида журналистика йўналишида ўқиганим мени футболга ва Футбол журналистикасига алоқадор қилиб қўйди. Ўқишни якунлаб Тошкентга қайтганимдан кейин “Умид” жамғармасининг йўлланмаси билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Жаҳон Ахборот агентлигига ишга жойлашдим. Иш билан параллел равишда футболга оид мақолалар билан футбол газеталарида иштирок этдим. Бундан ташқари, ҳамкасб дўстларимиз билан бирга мамлакатимизда илк бор футбол журналини чоп этишга ҳам уриниб кўрдик.


- ОФКда ишлаш таклифи қачон ва ким томонидан билдирилди?

- Ташқи ишлар вазирлигида ишлаб юрган вақтимда мени Хитойга ишга жўнатишди. 2004-2008 йиллар оралиғида Пекин шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик ташкилотида Ўзбекистоннинг вакили сифатида фаолият олиб бордим. Хабарингиз бор, 2004 йилги Осиё чемпионатига Хитой мамлакати мезбонлик қилган. Ўша қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этган. Ўзбекистон, Туркманистон, Ироқ ва Саудия Арабистони терма жамоалари бир гуруҳдан жой олишганди. Футболга бўлган қизиқиш сабаб жамоамиз ўйинларини кўриш мақсадида Ченгду шаҳрига бордим ва у ерда ОФКда фаолият юритаётган мусобақага жавобгар мутахассислар билан танишишга муваффақ бўлдим. Айниқса, касбдош журналистлар, ОФК расмий интернет саҳифаси вакиллари билан тезда дўстлашиб кетдик. Улар билан муносабатларимиз кейинчалик ҳам сақланиб қолди ва 2005-2007 йиллар оралиғида Ўзбекистон футболи билан боғлиқ муҳим маълумотларни мен билан боғланиб текшириб турадиган бўлишди. Ўзим ҳам ОФКнинг интернет саҳифаси ва бошқа расмий нашрларида футболимизга оид мақолалар, суҳбатлар билан иштирок этиб турдим. 2008 йил Хитойдаги шартномам якунланиб Ўзбекистонга қайтганимдан кейин ОФК вакиллари менга доимий иш таклиф қилишди ва 2008 йил ёзда Осиё Футбол Конфедерацияси Мусобақаларни ўтказиш бўлимида иш бошладим.


- Бу журналистика йўналишида ишлаётган ижодкор инсон учун кутилмаган таклиф эдими?

- Мени аслида ОФКнинг матбуот бўлимига ишга таклиф қилишганди - Осиё Футбол Конфедерацияси расмий интернет саҳифасида муҳаррир лавозимида иш бошлашим керак эди. Лекин то ташкилий масалаларни ҳал килиб Малайзияга кўчиб боргунимча ОФКнинг ички структурасида ўзгариш рўй берди - ташкилот барча янгилик ва маълумотларни PA Sport компаниясидан сотиб олиш учун шартнома имзолади. Табиийки, бу ҳолатда янгиликларни ёзадиган ва таҳлил қиладиган мутахассисларга ҳожат қолмайди. Мен билан шартнома имзолаб бўлингани учун ОФК раҳбарияти янги вариант - “Мусобақаларни ўтказиш бўлими”да ўзимни синаб кўриш таклифини ўртага ташлашди. Футбол журналистикасида фаолият юритаётган инсон учун бу қизиқарли таклиф эди. Журналист сифатидан футбол атрофида эмас, ташкилотчи сифатида бевосита футболнинг ичида ўзимни синаб кўриш имконияти юзага келди. Шунинг учун, ҳеч иккиланмай бу таклифни қабул қилдим ва “Мусобақаларни ўтказиш бўлими”да иш бошладим. Рус тилидан хабардорлигим сабабли дарров Қирғизистонда ўтказилган 2008 йилги ОФК Президенти Кубоги финал босқичига жўнатишди. Ўша йили Саудия Арабистонида ўтган 19 ёшликлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ҳам иштирок этдим. Шу билан ОФКдаги қизғин фаолият бошланиб кетди.

- Қарор қабул қилишда кўп ўйламадингизми?

- Юқорида “Умид” жамғармаси томонидан Англияда таҳсил олганим ҳақида айтдим. Ушбу жамғарма шартларидан бири - улар йўлланма берган давлат ташкилотида 5 йил ишлаб бериш. Мен шартномага мувофиқ Ташқи ишлар вазирлигида ишладим. Мана шу муддатнинг 4 йили Пекин шаҳрида жойлашган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг бош қароргоҳида ўтди. Шартномани якунлаб Тошкентга қайтган пайтимда “Умид” жамғармаси белгилаган муддат тугаган ва менда ОФКдан иш таклифи бор эди. Футболга бўлган қизиқиш сабаб қарор қабул қилишда ортиқча иккиланганим йўқ - мана 7 йилдан бери шу ташкилотда ишлаб келяпман.

- ОФКдаги илк кунлар қийин кечгандир?

- Ҳар қандай янги иш жойида ҳам илк кунлар қийин ўтади. Кўникиш учун вақт керак бўлади. Лекин ОФКдаги мутахассисларнинг ёрдами бу жараённинг нисбатан осонроқ кечишида катта аҳамият касб этди. Бунинг устига менинг мусобақаларни ўтказиш борасида ҳеч қанақа тажрибасиз иш бошлаганим ва бу бўлимига матбуот бўлимидан ишга келганим сабабли Мусобақаларни ўтказиш бўлими мутахассисларининг қўллаб-қувватлаши сезилиб турди. Уларнинг ёрдами билан тез орада иш жараёнини ўзлаштириб олдим. Кетма-кет мусобақаларда иштирок этдим, вақтимни асосан ОФК ҳужжатлари билан танишишга, Мусобақаларни ўтказишга оид иш жараёнини ўрганишга сарфладим. Бу бандлик дастлабки иш кунидаги қийинчиликларни сездирмади. Ўша илк кунларда бошланган ўрганиш жараёни ҳалиям тўхтагани йўқ - ҳар куни футболдаги янгиликларни, ўзгаришларни ўрганиб боряпман. Бугунги кунда ҳам ўша биринчи иш бошлаган бўлимимдаман. Ҳозир терма жамоалар ўртасида ўтказиладиган барча халқаро мусобақаларга жавобгарман. Бунга миллий терма жамоалари иштирокидаги Осиё Кубоги, 23, 19, 16 ёшли терма жамоалар ҳамда аёллар терма жамоаларининг барча мусобақалари киради - мен раҳбарлик қилаётган бўлим шу мусобақаларнинг илк режаси тузилишидан бошлаб то ўйинлар якунланиб ғолиблари аниқлангунича бўлган жараённи бошқаради. Ишимиз шу мусобақалар тақвимини тузиш, ўйин кунларини аниқлаш, қуръа ўтказиш, чемпионат мезбонини аниқлаш, умуман мусобақа билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни мувофиқлаштиришдан иборат. Бу борада ОФКнинг мусобақаларни ўтказиш қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаймиз. Ўйинлар ўтказилувчи стадионларни кўздан кечирамиз, талабга жавоб бермайдиганларига тегишли кўрсатмаларни берамиз. Учрашувларга комиссарларни тайинлаймиз, уларни имтиҳондан ўтказамиз, улар учун ўқув курсларини ташкил этамиз. Хуллас, мусобақани ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар билан банд бўламиз. 


- Ўтган давр мобайнида кўплаб мусобақаларда ОФК вакили сифатида иштирок этдингиз. Улар орасидан қайси бирини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?

- 2004 йили Хитойда ташкил этилган Осиё Кубогини мухлис сифатида кузатганим ҳақида айтдим. 2011 йили Қатар ва мана йил бошида Австралияда ўтказилган Осиё Кубогида эса бевосита ОФК вакили сифатида ишлаш насиб қилди. Шубҳасиз, Осиё Кубоги қитъанинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланади - шунинг учун бошқа мусобақаларни Осиё Кубогига солиштириб бўлмайди. Қолган ёш тоифасидаги қитъа биринчиликларига келсак, 2012 йил Эронда ўтказилган 16 ёшгача бўлган терма жамоалар чемпионатида Ўзбекистоннинг ғалаба қозонгани мен учун унутилмас воқеа бўлди.   


- Адашмасам, бундан тўрт йилча аввал ОФКнинг йил лауреатларини тақдирлаш маросимида фарзандингиз Билол ҳам саҳнага чиқди. Бу воқеа қандай рўй берганди?

- Бунинг тарихи жуда ҳам қизиқ. Ўша йили ОФК томонидан “Болалар йили” деб эълон қилинди ва ташкилотимиз томонидан ўтказиладиган барча мусобақаларда болаларнинг ҳам иштирокига имкониятлар яратиб берилди. Бунга ОФКнинг барча тадбирлари, турли йиғилишлар ва қуръа маросимларини ҳам киритиш мумкин. Йил охирида ўтказилган тақдирлаш маросимига ҳам болаларни жалб қилишди ва узоққа бориб ўтирмасдан ОФК ходимларнинг фарзандларини танлаб олишди. Улар орасида фарзандим Билолга йилнинг энг яхши футболчиси номинациясида асосий кубокни саҳнага олиб чиқиб Осиёнинг энг яхши футболчисига бериш топширилди. Биз буни хурсандчилик билан қабул қилдик. Лекин энг қувонарлиси - номзодлар орасида ҳамюртимиз Сервер Жепаровнинг борлиги ва ўша куни Билол кубокни айнан Сервер Жепаровга олиб чиқиб бергани бўлди. Ўша мавсумда ҳақиқатан ҳам ажойиб ўйин кўрсатган Жепаров фаолиятида Осиёнинг энг яхши футболчиси деб топилди ва совринни унга Билол тақдим этди. Албатта, бу мен, бизнинг оиламиз, қолаверса ўзбек футболи ишқибозлари учун ҳам эсда қоларли воқеа бўлди. Саҳна ортида бўлиб ўтган воқеа ҳалигача эсимда - Билол русча гапиришни билмайди, саҳна ортида номзод футболчилар билан дастлабки учрашувда у Сервер Жепаровнинг олдига бориб ўзини таништирди ва ўзбекча салом берди, ўзбек тилида «Кубокни сиз ютсангиз роса зўр бўларди, мен сизга кубок олиб чиқиб бераман» деди. Мен бу гапларни Сервер учун энди русчага таржима қилиб бериш керак деб оғиз жуфтлагандим, Сервер ўзбек тилида жавоб берди, «Футбол ўйнаб турасанми?» деб сўради. Билол болаларча соддалик билан «зўр ўйнайман» деб жавоб берганида Сервер уни қучоқлаб «Келажакда шу кубокни ютишга сени номзод қилиб кўрсатишса, Кубокни олиб чиқиб беришга мен келаман - биру бир бўлади» деб ҳазиллашди. Маросимдан жуда чиройли суратлар олганмиз. Бу биз учун тарихий кун сифатида сақланиб қолди.

- Ўғлингиз футболни танладими ёки...?

- Икки фарзандим бор. Тўнғич ўғлим Билол 2004 йили туғилган. Кичик фарзандим Юсуф эса 2006 йили дунёга келган. Уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳозир мактабда ўқишяпти. Мактабдаги футбол тўгарагига боришади. Ҳали бирор касбни танлашга эрта. Бунинг устига Малайзия футбол билан профессионал шуғулланиладиган давлат эмас. Фарзандларим футболга қизиқишади. Агар ростан ҳам футболга қизиқишлари ҳозиргидек сақланиб қолса, қолганини вақт кўрсатади. 


- ОФКда бир неча йилдан бери меҳнат қилаётган мутахассис сифатида Осиё футболининг бугунги тараққиёти ҳақида нима дея оласиз?

- Ушбу ташкилотда иш бошлаган даврим билан ҳозирги кунни таққослаганда жуда катта фарқ бор. Тўғри, кучли жамоаларимиз сўнгги Жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этишмади. Лекин мен Осиёнинг ўртамиёна ва кучсиз жамоаларнинг футболидаги ўсишни ажратиб кўрсатмоқчиман. Русларда бир мақол бор - флотнинг кучи энг секин юраётган кеманинг кучи билан ўлчанади, дейишади. Шу нуқтаи назардан олиб қарайдиган бўлсак, қитъанинг анъанавий кучли жамоалари Япония, Корея, Австралия эмас, аксинча Вьетнам, Фаластин, Иордания, Яман, Сингапур охирги йилларда яхшигина ўсишга эришди ва бу қитъамиз учун фахрланишга арзийдиган кўрсаткич. Бутан, Гуам сингари футболга умуман алоқаси бўлмаган кичик мамлакатларда ҳам миллион ўйинига эътибор ошди. Бугунги кунда ОФКга аъзо 47 та давлат бўлса, уларнинг умумий ўсишини терма жамоалар кучининг тенглашиб бораётганлиги билан баҳолаш мумкин. Узоққа бормайлик, Бутан терма жамоаси Осиё Кубоги ва ЖЧ-2018нинг қўшма саралаш мусобақаси биринчи босқичида икки ўйин натижасига кўра Шри-Ланкани мағлубиятга учратиб, кейинги даврага йўл олди. Бутандан ҳеч ким бундай натижани кутмаган эди. Биз буни ўсиш дея ҳисоблаймиз. Жанубий Корея, Австралия, Япония ва Эроннинг Бразилияда кўнгилдагидек иштирок этмаганини эса ОФКдагилар бир марталик омадсизлик деб баҳолашяпти. Ўйлаймизки, 2018 йили Россияда ўтадиган ЖЧда қитъамизнинг байроқдор жамоалари ўзларининг ҳақиқий кучларини намойиш этишади, яъни минимум натижа сифатида гуруҳдан чиқишни уддалашади - шунга умид қиляпмиз. Бунинг устига ОФК фақат биз билган катта футболдан ташкил топмаган. Бизда аёллар футболи билан бирга футзал ҳам бор. Масалан, Эрон футзали дунёда ўз ўрнига эга. Аёллар футболида эса амалдаги жаҳон чемпиони Осиёдан - Япония. Шуларнинг барини инобатга олган ҳолда ОФК айтишга арзигулик ютуқлар қўлга киритяпти дейиш мумкин, ютуқлар бор экан, демак ўсиш ҳам бўляпти.

- ОФКнинг мартабали ва обрўли мутахассислари Ўзбекистон футболи ҳақида қандай фикрдалар?

- Умуман олганда, ОФК мутасаддилари барча аъзо 47 давлатга бирдек муносабатда бўлишади. Шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам. Лекин бир нарсани айтишим керак, ОФКдагилар Ўзбекистоннинг потенциали, яъни имкониятлари ҳозиргисидан баланд эканлиги ва буни амалда кўрсатиш кераклигини кўп бор гапиришади. Энг муҳими, улар Ўзбекистонни ЖЧга чиқишга ҳақли деб ҳисоблашади. Хатто сўнгги мундиалга чиқа олмаганимизни муваффақиятсизлик деб қабул қилишди. Мана клубларнинг бу йилги иштироки ҳақида ҳам шундай фикр билдиришди.  Шуни мамнуният билан айтишим керакки, ОФКдагилар Ўзбекистон футболининг тараққиётидан, хусусан ЎФФ президенти Мираброр Усмоновнинг кўрсатаётган ёрдами, Осиё футболи ривожига қўшаётган улкан ҳиссасидан миннатдор. Федерациямиз бош котиби Сардор Раҳматуллаенинг ОФК ижроия қўмитасига сайлангани ҳам Ўзбекистоннинг Осиё футболидаги обрўсидан ва Федерациямиз амалга ошираётган ишларнинг самарасидан далолат беради. Ҳозирда миллий терма жамоамиз Осиёда кучли бешта жамоа қаторида эътироф этилади. Тўғри, ҳали жаҳон чемпионатига чиққанимиз йўқ ва ўша кун келгунича талабчанликни пасайтирмаслигимиз керак. Лекин бунга жуда ҳам яқин турибмиз. Клубларимиз ҳам Осиёда машҳурликка эришган, айниқса “Бунёдкор” дунёнинг машҳур юлдузлари Ривалдо ва Сколарини билан шартнома имзолагани нафақат Осиёда, балки бутун дунёда ҳам катта эътибор қозонди.


(Давоми бор...)

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика