Алишер Аҳмедов: «Мальдивга қайтишни афзал билдим»
03 sep 2016 13:30
News
Алишер Аҳмедов: «Мальдивга қайтишни афзал билдим»
Тажрибали посбон ўзи учун жонажон бўлиб қолган «Нью Радиaант» клуби билан шартнома имзолади. 28 август куни Алишер Мальдивга жўнаб кетди. Унгача Аҳмедов 1-лига вакили - Тошкентнинг «Оқ-тепа» жамоаси таркибида ўйнаб келаётганди. Биз сафар арафасида дарвозабондан интервью олдик.
- Алишер, Ўзбекистонга қайтганингиздан сўнг анча вақт клубларимизга мослаша олмадингиз. Бунинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз?
- Биласизми, аслида, мавсумни Грузия чемпиони сафида бошлашим керак эди. Ҳаттоки, «Дила Гори» клуби билан шартнома имзолашга ҳам улгургандим. Лекин кутилмаганда УЕФА бу жамоани мусобақалардан четлатди. Натижада айрим футболчилар қатори мен ҳам клуб билан шартномани бекор қилишга мажбур бўлдим. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтиб келдим. Бу орада трансфер ойнаси ёпилган экан. Шу боис, олий лига жамоалари билан шартнома имзолаш насиб қилмади. Охир-оқибат спорт формамни ушлаб туриш мақсадида 1-лига вакили - Тошкентнинг «Оқ-тепа» клуби шарафини ҳимоя қилиб турдим. Ёзги трансфер очилгунига қадар шу жамоада ўйнадим. Бу орада кичик жароҳатимни ҳам даволатиб олдим.
- Грузия клуби билан қачон алоқага чиққан эдингиз? Ким орқали гаплашилганди?
- Мавсум бошида агентларим музокара ўтказишганди. Февраль ойида чақиришди. Грузияга бордим ва у ерда шартнома имзоладик.
- Суҳбатларимизнинг бирида яна бошқа вариантлар ҳам бор эди, дегандингиз. Сизга қайси клублар таклиф билан чиқишганди?
- Ҳа, таклифлар етарлича бўлганди. Улар орасидан Грузия варианти кўпроқ маъқул келди. Жамоа еврокубокларда иштирок этарди. Шуни инобатга олиб, ҳеч иккиланишсиз таклифга рози бўлгандим.
- Ёзги трансфер бозори чоғида Ўзбекистонда қолиш варианти бўлмадими?
- Албатта, бор эди. Лекин кўпроқ хориж клубида ўйнаш, шу орқали терма жамоа мураббийлари эътиборини тортишни мақсад қилганим учун олий лига клубларидан тушган таклифга рад жавобини бердим. Шукрки, менга яна легионер сифатида майдонга тушиш бахти насиб этди.
- Қайси клубга йўл оляпсиз?
- Собиқ жамоам - «Нью Радиант»га.
- Бу вариант қандай пайдо бўлди?
- «Нью Радиант» клуби ўтган йилги чемпионликдан кейин ҳам шартномани узайтириш таклифи билан чиққанди. Аммо ўша пайт кучлироқ мамлакат чемпионатларидан таклифлар бўлаётгани учун бунга розилик бермагандим. Кейин йил бошида яна бир бор Мальдивга чорлашди. Грузиядан чорлов келгач, бу сафар ҳам мальдивликлар таклифига рози бўлмадим. Яқинда бўш қолганимни эшитиб, собиқ клубимга чақиришди. Жамоасиз юрган бир пайтда ёрдам қўлини чўзишгани учун уларга миннатдорчилик билдираман.
- Шартномани қанча муддатга имзолайсиз?
- Ҳозирча бир мавсумга.
- Мальдивда чемпионат бошланганми?
- Ҳа, иккинчи давра старт олди.
- Демак, мавсум охиригача битим туздингиз...
- Ҳозирча шундай. Лекин клуб раҳбарияти икки йиллик шартнома таклиф қиляпти.
- Айни пайт «Нью Радиант» чемпионатда қандай иштирок этяпти, нечанчи ўринни эгаллаб турибди?
- Ўзим тўп сурган жамоаларнинг чемпионатдаги иштирокларини доимий равишда кузатиб бораман. Шу жумладан, «Нью Радиант»ни ҳам. Ҳозирча бу клуб кучли учликдан жой олган. Лекин жамоа олдига чемпионлик унвонини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган экан.
- Сиз ўйнаган пайтдаги таркиб билан ҳозиргисининг ўртасида қандай фарқ бор экан? Мураббийлар штаби ўзгармаганми?
- Клуб раҳбариятида ўзгаришлар бўлган, бошқа мураббий иш бошлаган. Ўтган йилги таркиб сезиларли равишда янгиланган. Таққослаш учун, мен ўйнаган пайт миллий терманинг 10 нафар футболчиси тўп сурарди. Ҳозир эса улардан бор-йўғи 3 нафари қолган. Аксарият етакчилар турли клубларга ўтиб кетишган.
- Сизни жамоанинг янги устози чақирдими?
- Болгариялик мутахассис Йордан Стойков мавсум аввалида клуб бошқарувини ўз қўлига олган. Аввалги мавсумларда Мальдив чемпионатининг бир нечта клубларида фаолият юритган. Тажрибали мутахассис, қолаверса, ажойиб инсон. У билан аввал ҳам кўришганман. Рус тилида бемалол гаплаша олади. Бу томондан менга фойда бўлади. Интернет орқали гаплашдик. Ўйиним ёқишини ва ўз жамоаси сафида кўришдан хурсанд бўлишини айтди. Мақтанишга йўймангу, мухлисларнинг хоҳишига биноан ҳам Мальдивга қайтяпман.
- Шартнома бандлари бўйича ўз талабларингизни ҳам қўйдингизми?
- Яратиб берилаётган шароитлар жуда яхши. Менга маъқул келгани учун шартномага розилик бердим.
- Қаерда яшайсиз?
- Алоҳида уй беришди. Ўтган йили ҳам шундай бўлганди.
- Асосий таркибга кириш учун рақобатга дуч келишингиз аниқ. Чунки мавсумнинг ўртасида бор-япсиз. Бунга тайёрмисиз?
- Албатта, ҳар бир профессионал клубда рақобат бўлади. Акс ҳолда, ўсиш кузатилмайди. Бунга тайёрман. Энг муҳими, бош мураббийнинг ўзи ишонч билдириб, жамоага таклиф қилди. Ёрдамимга эҳтиёж сезаётганликларини айтди.
- Мальдивга қачон жўнаб кетасиз?
- 28 август куни (суҳбат 26 ав-густда бўлган).
- Шартномага борганингиздан кейин имзо чекасизми?
- Йўқ, битим тузиб бўлинган.
К.АЛИМОВ суҳбатлашди
Comments