UZ

Сўнгги янгиликлар

#Уйдабўл! Нодирхўжа Юлдашев: 2006 йил воқеалари. Ўйинни беришни сўраган мураббий, тўй ўрнига футбол ва салом техника асри! Янгиликлар

#Уйдабўл! Нодирхўжа Юлдашев: 2006 йил воқеалари. Ўйинни беришни сўраган мураббий, тўй ўрнига футбол ва салом техника асри!

Узун йўлга ташланган илк қадамлар айнан 2006 йилга тўғри келади. Акам ҳақида ёзиб ўтгандим. Бир куни уйга чақирдилар — ишлайсанми?

Узун йўлга ташланган илк қадамлар айнан 2006 йилга тўғри келади. Акам ҳақида ёзиб ўтгандим. Бир куни уйга чақирдилар 

- Ишлайсанми?

- Кутилмаган таклиф, қандай иш?

- Акмал “Камолот” билан катта лойиҳа бошлаяпти. Мени чақирди, менинг вақтим йўқ, магистратурам бор.


Шу йили Камолот Республика кенгаши васийлигида Ўзбекистонда миллий интернет порталини яратиш бўйича давлат лойиҳасини молиялаштирадиган бўлган. Унда, “Камолот” ва LG компанияси томонидан ўтказилган “LG” Гранд дастурининг электроника бўйича ғолиби Акмал Пайзиев раҳбарлик қиладиган бўлди. Акмал Пайзиевни бугун кўпчилик таниса керак. My Taxi, Express24 дастурлари асосчиси. 2006 йилда Акмал ака бор-йўғи 22 ёшда, аммо калла “мощный” ёшлигидан уйида компьютер бўлгани сабаб шекилли, Ўзбекистонга энди кириб келаётган соҳани бошқаларга нисбатан яхшироқ биларди. Уларнинг Озод деган дўстлари ҳам бўлиб, у дастурлашда шу ёшдаёқ устаси фаранг эди. Акам ва Акмал ака грант Суперфиналини ютиб, бирга Жанубий Корея совринига эга чиқишган. Шундан кейин дўстлашиб кетган эдилар. Қисқаси, мен акамнинг ўрнига myp.uz лойиҳасига ташриф буюрдим. 110-мактабнинг 2004 йил битирувчилар бўлмиш, 11 “Ж” информатика фанига ихтисослаштирилган эди. Ўша пайтдаёқ клавиатурага қарамай матн теришга уста эдим. Асосий савол, компьютерни қанчалик билиш ҳақида бўлган ва мен синовдан ўтганман. Энг каттамиз Акмал ака 22 ёшда, биз 18-19 ёшли болалар. Ярим йил ичида mail.ru каби ишлаши керак бўлган катта проект ишга тушди. Ўша пайт учун энг қиммат техникалар бизда эди. Порталнинг “спорт”, “ҳуқуқ”, “латифа”, “маданият” каби бўлимлари менинг зиммамда бўлиб, спортни ўша пайт интернет журналистикаси учун юксак чўққига олиб чиқа олгандим. Натижада биринчилардан бўлиб менга фотоаппарат олиб беришди. Бу эса фотожурналистикага кириб келишимга биринчи сабаб эди. Кўп ўтмай, интервьюлар қила бошладим. Диктофон олиб беришди, диктофон ҳам mp3 бўлиб, бунақасини ҳали кўпчилик билмасди. У пайтлар ЖЧ-98 логотипи билан чиққан радио урф бўлган. 256 мб флешканинг нархи 100 $ дан кам эмасди. Думалоқ диск ва тўртбурчак дискетлардан фойдаланиладиган даврлар. Бир куни метрода мусиқа эшитиб кетаётсам (у пайтлар ҳали MP3ли телефонлар йўқ, бўлса ҳам талабаларда бўлмайди), тўғримда ўтириб кетаётган икки бола кулганди: “метрода радио эшитиб кетаяпти, х...п“... Мийиғида кулиб қўйдим.


  

Қўлимда ўша MP3га эга диктафон. Райхонни мусиқаларини эшитишни яхши кўрардим. Ҳар ҳолда, ёшмиз. 


Барчаси аъло даражада бошланди. Маош 2 курсни битираётган талаба учун даҳшатли – 80 000 сўм (1 АҚШ доллари 1200 сўм бўлган). Шартнома 250 000 атрофида. Мен энди “бойман”. Дастлабки иккита курс шартнома пулимни амаким ва тоғам тўлаб берганлар. Энди оиламга оғирлигим тушмайди, шартнома пулимни тўлай оламан. Стипендия адашмасам, ўша йили 15 000 сўмга бормасди. Қисқаси, мен ўзимни тиклаб олишим учун сабаб бўлган ишни топган эдим. Ҳар ойнинг бошида маош олардик. "МТС"ни 3, 5, 10 минг сўмлик карточкалари бўларди. Маошдан 5 сўмлик карточкаларни сотиб олиб, балансимизни тўлдирардик. У пайтлар пайнет ҳам йўқ эди. Телефонда 5 секунд гаплашиш бепул бўларди. "Аъло, қаердасан"... Тез жавобни эшитиб олиб, гўшакни қўйиб қўярдик. Чиқиш ҳам, кириш ҳам пул бўларди. 


Биринчи аккредитациямни қўлга киритдим. Энди олий лига ўйинларида расм олиш билан бир қаторда ўйинлардан кейинги интервьюларни ҳам ола бошладим. У пайтлар матбуот анжуманлари фақат ОЧЛ ва МТЖ ўйинларида ташкил қилинарди. ЎФАнинг биноси Халқлар Дўстлиги метро бекати олдидаги 9-қаватли бино тагида бўлиб, бор-йўғи 4та кичкина хонаси бор эди. Олий лига ўйинлари тугаганидан кейин федерацияга борардим. Бахтиёр Ширинов доим ўша ерда бўлардилар. Навбати билан ўйинларни қабул қилиб олишарди. Учрашув тугаганидан кейин назоратчи телефон қилиб, ўйиндаги вазиятларнинг дақиқаларини айтиб турарди. Кейин факсдан қайдномани юборарди. Мен эринмасдан, ўйин натижаларини олиб, офисга бориб сайтга қўярдим. Йўл чиптасини роса қийнардим. Таксида деярли ҳеч ким юрмасди. У пайтлар сайтни нари борса 100 нафар ўқувчи ўқирди. Лекин, масъулият ҳисси бўлган. Ҳозир барчаси осонлашиб кетган. Ҳозирги ёш журналистларга бирон иш буюринг, такси қиммат деб туради.


Дебют мавсумим тадбирларга бой бўлди. Бунга аввало Мираброр Усмонов “сабабчи” бўлганини айтиб ўтиш лозим. Мираброр Зуфарович 2005 йил сўнггида ЎФФ президенти этиб тайинлангач, биринчилардан бўлиб қилган иши ЎФФга янги бино қуриш ва ташқи алоқаларни тиклаш бўлди. Қисқа давр ичида 2006 йилни ўзидаёқ Тошкентда футзал бўйича Осиё чемпионати қабул қилинадиган бўлди. Гарчи бу мусобақа ЖЧ йўлланмасини бермаса-да, Ўзбекистон учун биринчи мусобақа эди. Мазкур мусобақа фаолиятимдаги энг биринчи халқаро турнир сифатида тарихдан жой олди. Кечагидек ёдимда йил бошида Санжар Ризаевнинг таклифи билан 

Усмонов томонидан Зарафшон залида ташкил қилинган, танишув тадбирига ташриф буюрдим. У пайтлар спорт журналистлар кўп бўлмасди. Нари борса, 4талик 2та стол-стул банд қилинди.


Мен ЎФФга ташриф буюрдим, қандай ишлашган булар шу кунгача ҳайронман, биттаси хонага кирса, иккинчиси чиқиб туриши керак бўлади. Буларга шароит яратмасдан, қандай қилиб натижа талаб қиламиз. Аввал буларга янгича иш учун, янгича шароит яратайлик, маошини оширайлик, терма жамоаларга пул тикайлик, ана ундан кейин натижа талаб қилайлик.


Бу Мираброр Зуфаровичнинг гаплари эди. Кўплаб инсонларнинг ҳожатини чиқарган, раҳматли Мираброр ака барча ваъдаларини устидан чиқдилар. Федерация кўп ўтмай, бугунги биносига эга бўлди. Унга қадар “Ўзбекистон футболи” газетасининг офиси сифатида, ташландиқ ҳолатда ётган бино ярим йилга қолмай, замонавий кўринишга келди. ФИФА билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги биринчи сунъий майдон айнан шу ерга тўшалди. Барча клубларнинг қўналғасига айланган бу майдонга қачон келманг, бирон олий лига жамоаси ўртоқлик учрашуви ўтказаётган бўларди.



Мираброр Усмонов йўқдан бор қила олган инсон эди.


Шундай кунларнинг бирида қарасам, “Пахтакор”-2 сафида Уче Федерация Кубогида ўйнаяпти. Ҳайрон бўлдим, “Пахтакор”нинг асосий ҳужумчиси бу ерда нима қиляпти. Кейин билсам, БААда йиғин ўтказаётган “Пахтакор” сафидан қувилган экан. Воқеа эса шундай бўлган. Ўйинга “шитки”сиз келган Учега жамоадоши ўзининг “щиткисини“ бериб турган. Ечиниш хонасида у қайтиб сўраган, кимлиги ёдимда йўқ. Шунда Уче унга отиб юборган. Бу нарса Зайниддин Тожиевга ёқмаган. Сени одам деб берди, одам бўлиб қайтармайсанми деганда, Уче ўзбекларнинг энг ёмон кўрадиган услубида сўкиб қўйган. Сўкканини билади, учта ака-ука ботирлар, яъни Тожиевларнинг оёқ тагида қолиб кетган. Чунки Зайниддин Тожиевнинг волидаси, Фарҳод ва Камолиддинларники ҳам эди. Қисқаси уни клуб орқага қайтариб юборганди. Бу воқеани кейин билдим, ўзим ҳам ўшанда ҳайрон бўлгандим, нимага буни юзи кўкариб ётибди деб.


Ўзбекистон миллий терма жамоасига, Африкада катта ҳурматга эга бўлган Валерий Непомнящий бош мураббий этиб тайинланди. Ундан аввал “Пахтакор”га. Вазифа - терма жамоани Осиё чемпионатига тайёрлаш, “Пахтакор” билан ОЧЛ ғолиби бўлиш ва табиийки, чемпионат ҳамда кубок. Аммо у узоқ ишлай олмайди. Жуда ҳам самимий инсон, ўз ишига аралашганларни орқасида гапириб ўтирмай, шунчаки чемоданини йиғиштирди-кетди! Мен эса ундан биринчи интервью олган журналист сифатида тарихда қолдим ))... У билан матбуот анжумани ташкил қилинганидан кейин унинг “Пахтакор”га боришини билдим. Стадионга борганимда, машғулот ўтказиб бўлган экан. Шунда ўша машҳур тунелда интервью олдим. Буларнинг барчаси myp.uz сайти учун бўларди.


Футзал ўртасидаги Осиё чемпионати мен учун биринчи катта мактаб вазифасини ўтади. Айнан шу мусобақада интернет тезкорлик талаб қилишини биринчи марта яхшилаб англаб етдим. Расм оламан, пресс-конференцияга кираман, ўйинга шарҳ ёзаман. Ҳаммаси, иккичи ўйинга қадар бўлиши керак. У пайтлар ОФК кўп ҳам ўз ташкилоти билан мақтана олмасди. Лекин шунга қарамай, мен кўплаб инсонларни яқиндан танидим. Мулоқот қилиш, интервью олиш, расмга олиш қоидалар ва бошқаларни ўргандим. Бу пайт Ўзбекистон чемпионатида ҳеч қандай қоида бўлмасди, ҳеч қандай. Яъни, ОАВ бўйича. Стадионда фақат марҳум Сергей Архипов бўларди. Уни ҳакамлар танигани учун индамасди. Мен илк маротаба ҳозир қадрдоним бўлиб қолган Ҳасан Пирмуҳамедов билан айнан шу йили танишганман. Олий лига ўйинларини бир вақтда расмга олиш билан бошлаганмиз. Ҳакамлардан қочиб юрардик. Ҳужжатимиз бўлса-да, стадиондан чиқариб юбораверардилар.


2006 йил “Пахтакор” ташкил топганига 50 йил тўлди. У пайтлар сўнгги қўнғироқ байрамлари ташкил қилинарди. Тошкент шаҳар ҳокимияти ва “Пахтакор” келишган ҳолда юбилей байрамни 25 майга тўғрилади. Муаммо эса менда пайдо бўлди! Катта акамнинг никоҳ тўйи айнан 25 майда эди! Олдимда жуда ҳам қийин танлов. Бу ерда футбол, бу ерда тўй! Сиз нима қилган бўлардингиз. Катта амакимнинг катта ўғли уйланяпти. Уйимиздаги биринчи тўй эди бу. Оқ кўйлак, қора шим. Куёв навкарга тайёрман (уйдагилар учун). Бир пайт куёв навкар йўлга чиқди, мен ҳам, фақат мен келинникига эмас, “Наврўз” ресторанига. Ўша куни тушликда “Пахтакор” халққа ош берганди. Кетидан футбол тадбирлари давом этиши керак бўлган. “Тўйингаям“, дедим-у, таваккалчиликка қўл уриб, қочдим!

Тўй қандай ўтди билмадим-ку, лекин “Пахтакор”нинг юбилей тадбири жуда зўр ўтди. Ўша йиллари авжига чиқаётган 


 

Сервер Жепаров ва Александр Гейнрихни суратга тушишга таклиф қилдим. Уларнинг салобати шунчалик босарди, бир гап гапира олмасдим. Баҳонада битта мухлис ва "Пахтакор" футбол мактаби тарбияланувчиси ҳам суратга тушди. Ҳозирда бу бола "Бунёдкор" шарафини ҳимоя қилаяпти - Ғулом Ҳайдар Ғуломов. 


Александр Гейнрих “Торпедо Москва” сафида Тошкентга ташриф буюрган эди. “Пахтакор” раҳбариятининг ақлли қарори, Гейнрихни трансфер қилиш чоғида, шартномага “Пахтакор”нинг тадбирига келиш банди қўшилганди. Бутун стадион Гейнрихга ишқибозлик қиларди. Ўз навбатида “Пахтакор”нинг ҳам таркиби чакки эмас. Одилни адашмасам биринчи марта ўша ерда яқиндан кўрганман. Захира ўриндиғида. Стадионга йиғилган минглаб мухлисларга кўринмай турган болакай, бутун Ўзбекистонга бир кун келиб машҳур бўлишини мен ҳам билмасдим.

Не-не юлдузларни кўрмадим. Ўша пайтда Президент Вазири бўлган Шавкат Миромонович “Пахтакор” фахрийларига турли медалларни таққан эди. Шоу-бизнес вакиллари ўз қўшиқлари билан стадионга йиғилганларни хушнуд этди. Ўйин эса зўр бўлмади тўғриси, 1:1. Барча тадбирларни якунлаб, ҳеч нима бўлмагандек тўйхонага бордим, қарасам келин куёв ёр-ёр садоси остида ресторандан чиқиб келишяпти.


 

"Пахтакор"нинг юлдузли захира ўриндиғи... Аҳмедовни танидингизми?


Бу мавсумда ҳам “Пахтакор”га тенг келадиган бўлмади. Энди мен стадиондан бевосита ишлардим. Ўз пайтида мухлис бўлиб юрган пайтларимиз “Пахтакор” стадиони майсаси олдида юрган одамлар, биз учун етиб бўлмас юлдузлар эди. Футболчилар чиқиб келадиган туннелдан юриш бахт эди. Фотомухбир сифатида мен ҳам ўша машҳур туннелдан тушиб кела бошладим (“Пахтакор” стадионининг тўлиқ бузилишига мен қаршиман. Уни ўз аураси, ўз тарихи бор). Кечагина фан клубда бирга ўтирган дўстларим “Нодир, Нодир”... деб бақириб қўйишарди, ғурурланиб кетардим. Сабаби мен учун “Пахтакор” шунчаки ном эмас эди. Бугун билдим, футбол атрофидаги ўйинларни. У пайтлар барчаси беғубор эди. Қайси жамоа эканлигини айтмайман. Бир йили финалда “Пахтакор” 1-бўлимдан кейин ғалаба қозонаяпти. Ечиниш хонасига кетаверишда рақиб мураббийи, “Самвел, балки ўйинни берарсан, чемпионсан-ку”, деб унга мурожаат қилган. Шунда Бабаян, мухлислар ўтирган секторни кўрсатиб, “бориб, улардан сўраб келгин”, дея жавоб қайтарган.


2005-06 йил Игнатий Нестеров оғир синовни бошидан ўтказганди. Мавсум сўнггида елкасидан жиддий жароҳат олади. Фаолиятини тугатиши ҳақида гаплар чиқди. Аммо Германияда ўтказилган бир нечта жарроҳлик амалиётлари ва ўша пайтда “Пахтакор”да фаолият олиб борадиган Мирко Еличичнинг маҳорати билан Нестеров 1 йил деганда сафга қайтди. Бахтиёр Ашурматов ҳам мавсумни “Крилья Советов”даги дебют ўйинида жароҳат деб қўйиб юборган. Ашурматов ўша йиллари “Пахтакор”нинг “духи” эди. У майдонда бўлса, рақиб жамоа футболчилари ўйлаб иш қиларди. “Крилья Советов”нинг асосий таркиб ўйини бўлишидан бир кун аввал ўринбосарлар лигасида деярли тўлиқ, бўлиб ҳам сунъий майдонда ўйнаган бўлган. Бу нарса ўйиннинг эртасига, асосий таркиб ўртасида ўз таъсирини ўтказмай қолмади ва жуда оғир жароҳат олганди. Ўша йиллари мен Қосимовдан кейинги туғма сардор деб Бахтиёр Ашурматовни тилга олардим. Ҳозирги марказий ҳимояда Кримецнинг қаеридир Ашурматовга ўхшаб кетади.


 

Шу йили Нестеровдан ташқари, Анвар Солиев ҳам оғир жароҳат олганди. Бу захира ўриндиғидан, ҳозирда Одил Аҳмедов, Садириддин Абдуллаев ва Игнатий Нестеров фаолиятларини давом эттираяптилар. 23 рақамдаги футболчи - Тимур Кагиров. Италия қаҳрамони - Элдор Тожибоев , Мирзакамол Камолов ва Вячеслав Понамарёв.


Мавсум ўртасида Нестеров майдонга қайтди. Унга қадар “Пахтакор” роса қийналди. Гарчанд осонликча чемпионликни қўлга киритган бўлса ҳам, ОЧЛда муаммога учради. Бир қарасанг Элдор Тожибоев, бир қарасанг дарвозада Темур Жўраев бўларди. Элдор ўша пайтда Италиядаги қаҳрамонлиги эвазига тилга тушган эди. Агар у замонда интернет бугунгидек оммавий бўлганида, бутун дунёда тилга олинарди. 2006 йилнинг февраль ойида Италиянинг Виарежжио шаҳарчасида ҳар йили анъанавий тарзда бўлиб ўтадиган мусобақанинг 3-турида шерлар “Ливорно”га қарши майдонга чиқадилар. “Модена”, “Ливорно” ва Болгариянинг “Нефтекс” клублари ўрин олган гуруҳда бизникиларда 6 очко, “Модена”да 4 очко эди. Италияликларни фақат ғалаба қониқтирадиган учрашувда ҳакам ўйиннинг расвосини чиқарган. “Пахтакор” ўйинни 9 киши бўлиб якунига етказган. Бу ҳаммаси эмас эди. “Модена” фойдасига 3та (!!!) пенальти белгиланган. 90 дақиқа ичида амалга оширилган учта пенальтининг барчасини Элдор Тожибоев маҳорат билан қайтариб турган. Якунда, қарши ҳужумда битта гол уриб, гуруҳда 9 очко билан кейинги босқичга чиққан. 48та жамоа қатнашган мусобақанинг 1/16 финалида “Пахтакор” яна бир итальян клуби, “Сиена”га 1:0 ҳисобда имкониятни бой берган. Бу мусобақа 18-20 ёшли футболчиларники эди. Бир тур аввал қизил карточка олган Садриддин Абдуллаев майдонга тушмаган. Ўша йили Садриддин Абдуллаев “Пахтакор”да мавсум кашфиёти бўлганди. Уни “Фулад” дарвозасига олисдан ургани голи ҳамон ёдимда.


Шу йилнинг бошида Улуғбек Мирзаев, Бахтиёр Ширинов ва Мирзаҳаким Тўхтамирзаев бошчилигида, “Пахтакор On Line” журнали чиқа бошлаган эди. Мен 2 йилдан бери фан клуб аъзоси сифатида матбуот хизмати хонасида ўтирмайманми, дастёрлик вазифалари менга топширилганди. Ўша куни биринчи Мирзаҳаким акам билан суҳбатлашдим. У даврда Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ўзбек футболи ТВсининг афсонаси эди. Менга вазифа юклатилди, “Пахтакор” базасига бориб, Италиядан қайтган қаҳрамонлардан интервью олиб қайтиш. Биринчи маротаба “Пахтакор” базасига ташриф буюраман. Ҳаяжон “мощный”. Камига, “Пахтакор” автобусида кетдим. Базада Садриддин Абдуллаев, Анзур Исмоилов, Элдор Тожибоевдан интервью олдим. Улар орасида Одил кўринмасди. У жуда камтар, фақат ўз хонасида ўтирар, фақат машғулотларга тушарди. Садриддин Абдуллаев ва Анзур Исмоилов ёш, шўх эдилар. “Пахтакор” журналида интервьюм чиқди. Мирзаҳаким ака билан ЦУМгача пиёда гаплашиб кетганим ёдимда, нима савол беришни билмайман. Қисқаси, бу уч инсон Улуғбек Мирзаев, Бахтиёр Ширинов ва Мирзаҳаким Тўхтамирзаев менинг ОАВдаги фаолиятимда туб бурилиш ясаб юборган супер учлик бўладилар. Мен учун улар, Неймар – Месси - Суарес триосидан-да  қадрлироқ.


Чемпионликни аллақачон нақд қилган “Пахтакор” сўнгги турда “Динамо”га бориши керак. Мен илк марта Самарқандга ташриф буюрдим. Боришимга Илҳом Шарипов сабабчи бўлди, Бахтиёр акам мендан Илҳом Шариповнинг хайрлашув учрашувидан альбом қилиб беришни сўрадилар. Самарқандда “Пахтакор” ва “Динамо” фахрийлари ўртасида Илҳом Шариповнинг хайрлашув ўйини ташкил қилинди. “Меҳри дарё” “Пахтакор” бу ўйинда ҳам ютқазиб бериши керак эди. Ўзи сўнгги турларда ё ўринбосарларни тушириб юборарди, ё бирон тадбирга тўғри келиб қоларди. Бахтиёр ака Ширинов бу ўйинда Игнатий Нестеров турмасин, унинг “қуруқ” серияси бузилиб қолишини огоҳлантиришларига қарамай, бой бериладиган ўйинда Нестеров дарвозада турди ва ўзининг жуда узун қуруқ сериясини пучга чиқарди. Шу ўйин бўлмаганида посбонимиз қайд этиб келаётган серияга, жаҳон юлдузлари ҳавас қилиши мумкин бўларди.


"Пахтакор" матбуот хизмати томонидан мавсум бошида эълон қилинган энг яхши журналист танловининг, интернет йўналишида ғолиб чиқдим.


 

Мендан ташқари, Ҳасан Пирмуҳамедов (энг яхши фотомухбир), Норбек Ниёзов (энг яхши радио эшиттириш) ва Эркин Холбобо (энг яхши нашр) сифатида биттадан шарф ва китоб билан тақдирландик.


Йил якунига етай деб қолганида, myp.uz электрон почтасига хат келди:

“Ассалому алайкум, Сизнинг суратларингиздан “Интер Футбол” газетаси учун фойдалансак бўладими, қалам ҳақи берилади”.

Бу “Интер Футбол” газетасининг бош муҳаррири Аҳадхон акадан ёзилган хат эди.


2006 йил якунларига кўра Одил Аҳмедовдан ташқари ўзбекистонликлар Тошкент шаҳар чемпионати иккинчи лигасида “Қурувчи” деган жамоа ғалаба қозониб, пулька йўлланмасини қўлга киритганини ва бу жамоа кейинчалик ўзбек футболини ўзгартириб юборишини тасаввур ҳам қила олмасдилар.


Қолгани 2007 йилда!


 

Бу суратда навбадаги голни ўтказяпман. "Ўзбекистон Футболи" газетаси дарвозасини қўриқлаган пайтларим. Рақибимиз, "Пахтакор"нинг мураббийлар штаби бўлган эди.


Юқоридаги икки сурат ўртасидаги фарқ бор йўғи ярим йилни ўз ичига олади.


Футболдаги йўлларим — 2004 йил!

2005 йилнинг аламли хотиралари - Тошимуцу Ёшида!

Уйда бўл, 2007 йилда кўришгунча!

Муаллиф : Nadirkhuja Yuldashev
Рейтинг: +15   

Фикрлар

+4   
02 апр 17:56:34
FazliddinoFF
Gap yo'q Nodirxo'ja, Tak derjat! Yoshlikni eslatkaniz uchun raxmat. 2007 ni kutamiz.
+1   
02 апр 18:04:48
Nadirkhuja Yu
Adham Choriyev фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Nimeya yoshirasiz xayronman ? SAMVEL BABAYANDAN YUTQAZIB BERISHNI VADIM ABRAMOV SURAGANKU. yoshirmey yoziyvuring
2006 ёзилганига, Абрамовми? Яхшилаб ўқиш керак! "Бир йили финалда...." аниқ йили ёзилмаяпти.
   
06 апр 01:45:58
Sardor Barsa 1990
Manam bir paytla fanklubga a'zo bo'ganman Mirzarahim aka bilan birga iwlardiz bowqachedi uwanda.Quruvchini yomon ko'rardiz esimda
   
06 апр 01:45:45
Sardor Barsa 1990
Manam bir paytla fanklubga a'zo bo'ganman Mirzarahim aka bilan birga iwlardiz bowqachedi uwanda.Quruvchini yomon ko'rardiz esimda
   
03 апр 19:40:25
Нурмухаммад
Уша пайтдаям келишилган уйинлар булган эканда
   
02 апр 23:44:40
Habib
Birinchi rasmdagi Azim kursdoshing sport kanalidagi Siyovush semizni yomon dupposlodida..
   
02 апр 20:59:26
Oybek 96
SAF_Legenda фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Пахтакорнинг 100 йиллиги хеч качон эсимдан чикмиди. Синфдошларим Билан кинога тушиб кетидан футболга тушгандик. Уйин сунггида эса ПАХТАКОР футболчилари Футбол Тупларини мухлисларга совга килишганди. Майдондан прям мухлисларга караб тепиб беришганди. Тупни ушиман дб синфдошимми елкасига миниб сакрагандим тупни ушаганман лекин эвазига кулим Билан йикилганман . Битта копток деб 3 ой гипсда юрганман лекин афсусланмиман . Этганча уша коптокки узиям 2 йил уйда шкафимда хеч кимга берми хаттоки тепми саклагандим худдики сувенир сифатида :))
Oka 100 yillimas 50 yillidin
   
02 апр 20:38:20
Aziz Rahmon
Tarix ortga qaytdi. Maza qildim. Kelgusi faoliyatingizga Omad Nodirxo'ja. 14 15 yil chakana emas.
   
02 апр 20:25:50
FutbO'L
Nodir mazza qildim. Jur.Fakdagi futbollarimiz esimga tushib ketti
   
02 апр 19:44:37
Oshqovoq
Келинг тан олайлик Нодирхўжа мақолани боплаган! Ўқиган киши борки, маза қилади. Мақола учун раҳмат Нодирхўжа!

Омад сизу бизни асло тарк этмасин!
   
02 апр 19:16:53
Adham Choriyev
Nadirkhuja Yu фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
2006 ёзилганига, Абрамовми? Яхшилаб ўқиш керак! "Бир йили финалда...." аниқ йили ёзилмаяпти.
2006 - yil trakor finalga chiqmaganku .
   
02 апр 18:56:43
Nadirkhuja Yu
Низом фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Тўғриси СA сайтини мен хам жуда яхши кўраман, лекин сайт структурасини янада такомиллаштирилса яхши бўларди. Нодирхўжага таклифим: балки Футбол на Куличках сайтига ўхшаб ўзгартириш мақсадга мувофиқмиди. Оддий бир мисол, хар қандай бир жамоани ўтказган ўйинлари ва келажакдаги бўладиган ўйинлари тўғрисидаги маълумотларни бир вароқ (лист) да кўриш мумкин. Мусобақалар (чемпионатлар, архив) тўғрисидаги маълумотларни олиш учун хам кўп жойга қидириб кириш шарт эмас, шу асосий листдан ўтса бўлади (мутахассис эмасман лекин ўз фикримни ёздим, Нодирхўжа ! нима бўлганда хам ишларизга омад)
Ундай қила олмаймиз. Натижалар махсус дастурга бириктириган ва унга пул тўлаймиз. Кулички варианти қулайлиги тўғри. Уларда бу иш "ручной" қилинади. Биз бунчалик кўп мусобақаларни қўлда бажара олмаймиз.
   
02 апр 18:38:09
Низом
Sardor Abubakirov фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Uni buni bilmadimu .. Sayt ajoyib tuzilgan , saytni back endi ni qaysi dasturlash tilidan foydalanilgan , phyton mi ?
Тўғриси СA сайтини мен хам жуда яхши кўраман, лекин сайт структурасини янада такомиллаштирилса яхши бўларди. Нодирхўжага таклифим: балки Футбол на Куличках сайтига ўхшаб ўзгартириш мақсадга мувофиқмиди. Оддий бир мисол, хар қандай бир жамоани ўтказган ўйинлари ва келажакдаги бўладиган ўйинлари тўғрисидаги маълумотларни бир вароқ (лист) да кўриш мумкин. Мусобақалар (чемпионатлар, архив) тўғрисидаги маълумотларни олиш учун хам кўп жойга қидириб кириш шарт эмас, шу асосий листдан ўтса бўлади (мутахассис эмасман лекин ўз фикримни ёздим, Нодирхўжа ! нима бўлганда хам ишларизга омад)
   
02 апр 18:33:53
Анвар Рахимов
Респект.
   
02 апр 17:45:37
Oybek 96
Sardor Abubakirov фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Uni buni bilmadimu .. Sayt ajoyib tuzilgan , saytni back endi ni qaysi dasturlash tilidan foydalanilgan , phyton mi ?
Frontent qismi: HTML,Css,Java Skriptda yozilgan Beckend qismi: Javada tuzilgan bo'lsa kerak Python unchali tez ishlamidiyu
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг