UZ

Сўнгги янгиликлар

02:00ЕЧЛ. "Челси" ўз майдонида ютқазди, "Зальцбург" – "Генк" баҳсида 8та гол урилди ва бошқа натижалар  10 01:55ЕЧЛ. Амалдаги чемпион Неаполда мағлуб бўлди  59 01:50ЕЧЛ. "Боруссия Д" – "Барселона" баҳсида ҳисоб очилмади  51 01:10Ёшлар ўртасидаги ЖЧда 9та гол урган футболчи ЕЧЛдаги дебютидаёқ хет-трик қайд этмоқда  4 00:40ОЧЛ. Ярим финалнинг илк жуфтлиги маълум   0 23:50ЕЧЛ. "Интер" ўз майдонида "Славия"ни енга олмади, "Зенит" эса меҳмонда дуранг қайд этди   17 23:25Ансу Фати ЕЧЛ тарихидан жой олади  20 23:15ЕЧЛ. "Боруссия Д" – "Барселона", "Наполи" – "Ливерпуль", "Челси" – Валенсия” ҳамда бошқа баҳсларнинг асосий таркиблари маълум   17 23:00Азмун ЕЧЛ янги мавсумининг илк голи муаллифига айланди, кейин эса жароҳат олди  8 22:40"Боруссия Д" – "Барселона". Сайтимиз ходимлари мазкур баҳс натижасини таҳмин қилиб кўришди  90 22:25Ўртоқлик ўйин. Ўзбекистон U-19 термаси иорданиялик тенгқурларига қарши иккинчи баҳсни ўтказди  3 22:032020 йилги U-16 Осиё чемпионати финал босқичи Баҳрайнда бўлади  2 21:45"Байер" бош мураббийи: "Вазифамиз – "Локомотив"ни ютиш, лекин ЕЧЛда осон рақиблар йўқ"  1 21:20ЕЧЛ. Янги мавсумнинг дастлабки икки учрашувига асосий таркиблар эълон қилинди  9 21:00МЮнинг асосий трансфер нишонлари маълум  2

Суперлига 10 та туридан кейинги хулоса: кимдан қандай натижа кутилаётган эди? Янгиликлар

Суперлига 10 та туридан кейинги хулоса: кимдан қандай натижа кутилаётган эди?

Март ойида старт олган Суперлиганинг дастлабки 10 тури ҳам якунига етди. Яна 3 та турдан кейин биринчи давра ўйинларига якун ясалади.

Демакки, жамоаларнинг ўйини ва натижаси борасида дастлабки хулосага келиш учун етарли муддат ўтди. Суперлига стари арафасида жамоалардан қандай натижа кутилганди ва аслида клубларимиз қай даража ишончни оқлашмоқда?

1. “Пахтакор” – 26 очко
10 тур давомидаги натижаси
: яхши
Бугунги кунда ҳар томонлама Ўзбекистоннинг энг кучли клуби “Пахтакор” эканлиги барчага аён. Арвеладзе қўл остида кучли таркиб йиғилган бу жамоа мавсум аввалида ҳам БАА ва Туркиядаги йиғинлар орқали ўйинини янада шакллантира олди. ОЧЛдаги муваффақиятсизлигини айтмаганда, “Пахтакор” кутилганидек Суперлигада якка пешқадамлик қилмоқда. Тошкент жамоаси 1-даврани ғолиб сифатида якунлай оладими, дея берилган саволга жавоб бериш ҳам қийин эмас. Сабаби, Арвеладзе жамоасини сўнгги уч турда жиддий ўйин кутиб турибди, дейиш қийин...

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Бухоро” – “Пахтакор”
12-тур: “Пахтакор” – “Қизилқум”
13-тур: “Қўқон-1912” – “Пахтакор”



2. “Локомотив” – 21 очко
10 тур давомидаги натижаси:
қониқарли
Амалдаги чемпион саналмиш “Локомотив” ҳам мавсум аввалида хорижий йиғинлар орқали ўйин жиҳатдан кучайишга эришган ва “Пахтакор” билан чемпионлик учун курашишга шай ҳолатда эди. Аммо дастлабки турларда “Пахтакор”га мағлубият ва кетма-кет 3 марта дуранг қайд этилиши “Темирйўлчилар”нинг асосий рақобатчисидан 6 очко қолиб кетишига сабаб бўлди. 1-давра якунигача Андрей Фёдоровнинг “Пахтакор”га етиб олиши қийин масала. Зеро, “Локо”ни олдинда таъқибчиси “Сурхон” ва кучли бешликда бўлган “Сўғдиёна”га қарши уй ўйинлари ҳамда Самарқандда кечадиган сафардаги оғир тўқнашув кутиб турибди.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Локомотив” – “Сурхон”
12-тур: “Динамо” – “Локомотив”
13-тур: “Локомотив” – “Сўғдиёна”

3. “Сурхон” – 18 очко
10 тур давомидаги натижаси:
аъло
Суперлига дебютанти саналмиш “Сурхон” клуби йил бошида селекция жараёнини кенг тарзда олиб бориб, “Навбаҳор”нинг қатор футболчилари ва тажрибали легионерларни ўз сафига қўшиб олиши, Термиз клубининг амалда элитада ўйнашини англатганди. Аммо бош мураббий Илҳом Мўминжоновнинг ЎФА томонидан четлатилишига қарамай, селекция жараёни яхши олиб борилди ва Суперлига бошланишидан бир ҳафта олдин “Сурхон” энг яхши трансферига қўл уриб, Шавкат Саломовни ўз сафига қўшиб олди. Саломов етакчилигидаги Микляев шогирдлари ҳозирча 3-ўринни эгаллаб, кутилганидан ҳам яхшироқ натижани кўрсатишмоқда. Бироқ, жанубликлар 1-даврани учликда якунлай олишадими, дея бериладиган саволга жавоб беришга эрта. Ҳар ҳолда термизликларни чемпион уйига сафар, “Бунёдкор” ва “Насаф”га қарши қийин ўйинлар кутиб турибди. Яъни, ҳақиқий имтиҳон ҳали олдинда.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Локомотив” – “Сурхон”
12-тур: “Сурхон” – “Бунёдкор”
13-тур: “Насаф” – “Сурхон”



4. “Бунёдкор” – 17 очко
10 тур давомидаги натижаси:
яхши
Суперлига бошланишига қадар лигада иштирок этиши тугул, фаолияти ҳам сўроқ остида қолган “Бунёдкор” жамоасининг ўз тарбияланувчилари саналмиш ёшлар билан кўрсатаётган ўйини таҳсинга сазовор. Вадим Абрамов ўз ўйин фалсафасини “Қалдирғочлар”га сингдира олди. Олдинги молиявий барқарорлигига эга бўлмай туриб ҳам “Бунёдкор” ўз мавқеини сақлаб қолишга интилмоқда. Ҳар ҳолда илк марта хориж йиғинларисиз, ўз қароргоҳидаги тайёргарлик ва таркибдаги муаммоларга қарамай айни дамда 4-ўринни эгаллаб туриш яхши натижа саналади. Аммо, навбатдаги уч ўйин Абрамов жамоаси учун навбатдаги синов имтиҳонлари бўлади. Давра якунидаги “Динамо”га қарши баҳс Тошкентдан Самарқандга кўчирилган.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Бунёдкор” – “Насаф”
12-тур: “Сурхон” – “Бунёдкор”
13-тур: “Динамо” – “Бунёдкор”

5. “Сўғдиёна” – 15 очко
10 тур давомидаги натижаси:
яхши
Сергей Лушан қўл остида мавсум аввалида таркибини Кахи Махарадзе ва сербиялик легионерлар билан тўлдирган, тайёргарликни ҳам Туркияда ўтказган “Сўғдиёна” Суперлига стартини ёмон ўтказди. Натижада 4-турда Самарқанддаги кетма-кет 3-мағлубиятдан сўнг клуб раҳбарияти Сергей Лушанни истеъфога чиқарди ва унинг ўрнига Улуғбек Бақоев тайинланди. Термамиз собиқ ҳужумчиси Жиззах клубини буткул ўзгартира олди ва сўнгги 6 ўйинда фақат “Пахтакор” ва “Навбаҳор”га мағлуб бўлиб, қолган баҳсларда ғалаба қозонди. Натижада “Сўғдиёна” қуйи ўринлардан 5-поғонага кўтарилиб олди. Бунда Бақоевнинг ҳиссаси улкан бўлди.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Қизилқум” – “Сўғдиёна”
12-тур: “Сўғдиёна” – “Қўқон-1912”
13-тур: “Локомотив” – “Сўғдиёна”

6. “Насаф” – 14 очко
10 тур давомидаги натижаси:
яхши
Албатта, бир қарашда “Насаф”дек жамоа учун 6-ўринни яхши натижа дея баҳолаш нотўғри, аммо жорий йилдан буён Рўзиқул Бердиев ҳам камтаргина молиявий ҳолат ва клуб академияси тарбияланувчилари билан бу натижани қайд этаётганлигини инобатга олсак, натижа ҳозирча ёмон эмаслигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ҳар ҳолда Қарши клуби таркиб борасида қатор йўқотишларга учраган бўлса-да, айнан Рўзиқул Бердиевнинг ёшларни кашф этиши ва ўз ўйин услубига эга эканлиги “Насаф”ни қайта тиклашдек оғир вазиятдан муносиб чиқа олишига хизмат қилмоқда. “Насаф” учун навбатдаги учта баҳс ҳам ҳақиқий синов бўлади.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Бунёдкор” – “Насаф”
12-тур: “Металлург” – “Насаф”
13-тур: “Насаф” – “Сурхон”



7. “Навбаҳор” – 14 очко
10 тур давомидаги натижаси:
қониқарсиз
Суперлига аввалида қатор трансферларга қўл уриб, хорижда тайёргарлик кўрган “Навбаҳор”дан клуб раҳбарияти ва мухлислар юқори натижа кутишга ҳақли эдилар. Наманган жамоаси ҳам 5-тургача 3-ўринда эди, аммо сўнгги 5 ўйиндан 4 тасида дуранг қайд этиб, очколар йўқотилиши натижасида вазиятини қийинлаштирди. “Навбаҳор”нинг ҳозирги ҳолатида Канчельскис шогирдлари кўрсатаётган натижа қониқарсиз саналади. “Лочинлар” навбатдаги 3 ўйинда камида 6 очко олиб, 1-даврани минимум 20 очко билан якунлаши шарт. Акс ҳолда 1-даврадаги натижани қониқарсиз дейиш мумкин бўлади.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: АГМК – “Навбаҳор”
12-тур: “Навбаҳор” – “Бухоро”
13-тур: “Қизилқум” – “Навбаҳор”

8. “Динамо” – 14 очко
10 тур давомидаги натижаси:
яхши
Суперлигани энг қийин вазиятда бошлаган жамоа – “Динамо” эди. Про-Лигага бемалол тайёргарлик кўраётган Самарқанд жамоаси кутилмаганда Суперлигага олиб чиқилгач, ҳар томонлама қийин вазиятда қолганди. Сабаби жамоа таркиби ҳам, молиявий ҳолати ҳам қуйи лигага мос эди. Шу боис кўпгина мутахассислар йил бошида Суперлига аутсайдери дея айнан “Динамо”ни кўрсата бошлашди. Аммо Даврон Файзиев жамоаси Суперлигани катта иштиёқ ва шижоат билан бошлаб, барча тахминларни йўққа чиқаришди. Сўнгги 5 ўйинда 1 та ғалаба ва 4 та дуранг қайд этган кўҳна шаҳарликлар “Насаф” ва “Навбаҳор” билан бир хил очко жамғариб, 6-8 ўринларни банд этишган. Навбатдаги уч ўйин “Динамо”ни 1-даврани қандай кайфиятда якунлашини белгилаб беради.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Қўқон-1912” – “Динамо”
12-тур: “Динамо” – “Локомотив”
13-тур: “Динамо” – “Бунёдкор”

9. “Металлург” – 12 очко
10 тур давомидаги натижаси:
қониқарсиз
Йил бошида таркиб жиҳатдан кучайтирилган, тайёргарликни ҳам идеал шароит – Туркияда ўтказган “Металлург” жамоаси мавсумни яхши бошлаган бўлса-да, сўнгги 4 ўйинда бор йўғи 2 очко жамғариб, 9-ўринга тушиб кетди. Андрей Шипилов қўл остидаги клуб “уй жамоаси”га айланган десак муболаға бўлмайди. Сабаби Бекобод клуби 12 очкодан 10 тасини мухлислари қаршисида қўлга киритган. “Металлург” клубининг таркиб ва имкониятидан келиб чиқадиган бўлсак, айни дамдаги 9-ўрин жамоа учун қониқарсиз натижа саналади.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Андижон” – “Металлург”
12-тур: “Металлург” – “Насаф”
13-тур: АГМК – “Металлург”



10. “Қизилқум” – 10 очко
10 тур давомидаги натижаси
: қониқарсиз
Мавсумни муваффақиятли бошлаш учун Навоий клубига барча шароит яратилди – мураббийлар штаби асосий таркиб ўзагини сақлаб қолишди, легионер ҳужумчи таклиф этилди, Туркияда яхши тайёргарлик олиб борилди. Аммо “Қизилқум”га 10 тур давомида барқарорлик етишмади. Жамоа Навоийда ўтказган 5 та ўйиндан бор йўғи 2 тасида ғалаба қозона олди. Натижада клуб 10 ўйинда 10 очко жамғариб 10-ўринга тушиб қолди. Даврани яхшироқ натижа билан якунлаш учун Ҳамиджон Актамовни учта оғир ўйин кутиб турибди.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Қизилқум” – “Сўғдиёна”
12-тур: “Пахтакор” – “Қизилқум”
13-тур: “Қизилқум” – “Навбаҳор”

11. “Андижон” – 8 очко
10 тур давомидаги натижаси:
қониқарсиз
Про-Лига ғолиби сифатида Суперлигага чиққан “Андижон” жамоаси таркибини деярли янгилади. Таркибга тажрибали футболчилар йиғилди. Аммо водийликларнинг 5-турга қадар ўз майдонларида ўйнай олмагани натижага таъсир қилди. 8-турда Жиззахда “Сўғдиёна”га учралган мағлубиятдан кейин “Андижон” бош мураббийи Элдор Сакаев лавозимидан озод этилди. “Бургутлар” лигада энг кўп дуранг (5 та) қайд этган жамоалардан бири бўлиб туришибди. Янги мураббий Александ Хомяков ҳозирча қониқарсиз бўлиб турган натижани давра якунида қониқарлига айлантириши мумкин. Сабаби андижонликлар қолган 3 та ўйинда тенгкучли рақиблар билан куч синашишади.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Андижон” – “Металлург”
12-тур: “Андижон” – АГМК
13-тур: “Бухоро” – “Андижон”

12. АГМК – 7 очко
10 тур давомидаги натижаси
: ёмон
Айни дамда турнир жадвалида 10-ўриндан пастда жойлашган барча клубларда бош мураббий истеъфога чиқди, фақат АГМК бундан мустасно бўлиб турибди. Миржалол Қосимов қўл остида ОЧЛ учун йиғилган таркиб, хориж йиғинлари, катта имкониятларга эга Олмалиқ клуби бу мавсумда “инқироз кўчаси”дан чиқа олмаяпти. Жамоа гол ўтказиб юбориш бўйича “Қўқон-1912”дан кейинги энг ёмон ҳолатда. АГМК Суперлигада энг кўп – 7 та мағлубиятга учради. Бундай ҳолатга Қосимовдан бошқа мураббий тушганида раҳбарият аллақачон чиқиш эшикларини кўрсатган бўларди. Миржалол Қосимов раҳбариятдан истеъфо сўраган бўлса-да, клуб мураббий учун 1-давра якунигача қолган учта учрашувда имконият бериб, кутса керак.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: АГМК – “Навбаҳор”
12-тур: “Андижон” – АГМК
13-тур: АГМК – “Металлург”



13. “Бухоро” – 7 очко
10 тур давомидаги натижаси:
ёмон
Мавсум аввалида молиявий муаммоларни бошдан кечирган “Бухоро” жамоасини Улуғбек Бақоев тарк этгач, АГМКдан келган Бахтиёр Ашурматов янги таркиб тузишига тўғри келди. Жамоа ўзаги сифатида Қутибоев, Ҳасановлар таркибда сақланган бўлса, Иван Нагаев, Достон Ибрагимов, Владимир Баенколар билан кучайтирилди. Аммо “Бухоро” жамоаси мавсумни муваффақиятли бошлай олмагач, 8-турдан кейин Ашурматов истеъфога чиқди. Ёш мураббийи Мирислом Ҳасанов қўл остида ҳам жамоанинг аҳволи яхшиланмади. “Бухоро” Суперлигада энг кам – 6 та гол урган жамоа бўлиб турибди, 10 тур ичида ҳали ўз уйида ғалаба қозона олмаган ҳам. Танаффусгача бўлган 3 та ўйинда жамоада янги мураббий сифатида иш бошлаган Муҳсин Муҳаммадиевнинг вазиятни ўнглаши қийин. Сабаби тожикистонлик таниқли мутахассис жамоани оғир аҳволда қабул қилиб олди, илк ўйин эса пешқадам “Пахтакор” билан. Мураббий учун ҳам янги жамоа, янги чемпионатда мослашиш жараёни осон кечмайди. Муҳаммадиев давралар оралиғида таркибда жиддий ўзгаришлар қилса, ажабмас.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Бухоро” – “Пахтакор”
12-тур: “Навбаҳор” – “Бухоро”
13-тур: “Бухоро” – “Андижон”

14. “Қўқон-1912” – 6 очко
10 тур давомидаги натижаси
: ёмон
Нўъмон Ҳасанов мавсум олдидан Жавоҳир Сиддиқов ва Ўткир Юсуповни айтмаганда, жамоанинг ўзагини сақлаб қолган бўлса-да, чемпионатни жуда ёмон бошлади. Айниқса, АГМКдан учралган 7:1 ҳисобидаги қақшатқич мағлубиятдан кейин жамоа ўзига кела олмаяпти. Қониқарсиз натижалар боис бош мураббий Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқарилди. Жамоа стадионининг майдони янгилангани боис, клуб амалда барча учрашувларни сафарда ўтказгани натижага салбий таъсир қилди. Қўқонликлар ҳимоя қўрғони номдор футболчилардан ташкил топган бўлса-да, натижалар энг кучсиз ҳимоя айнан ушбу жамоада эканлигини кўрсатмоқда. Жамоа ўз дарвозасидан энг кўп – 22 марта тўп олиб чиққан. Қуйи поғоналарда ҳам жамоалар ўзаро зич жойлашганлигини инобатга олсак, Қўқон клуби давралар оралиғини кутиб ўтириши шарт эмас, қолган 3 ўйинда имконқадар олинган очколар жамоани танаффусгача сўнгги ўринларни тарк этишига ёрдам бериши мумкин.

1-даврадаги қолган 3 ўйини:
11-тур: “Қўқон-1912” – “Динамо”
12-тур: “Сўғдиёна” – “Қўқон-1912”
13-тур: “Қўқон-1912” – “Пахткор”.

Усмон ИБОДОВ

Рейтинг: +14   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг