Рим дербиси, "Интер" - "Ювентус" ва бошқа учрашувлар превьюси
17 мар 2023 10:35
Янгиликлар
Рим дербиси, "Интер" - "Ювентус" ва бошқа учрашувлар превьюси
"Удинезе" - "Милан"
Жерар Деулофеу ҳамон жароҳатини даволаш билан оввора ва собиқ жамоасига қарши учрашувгача сафга қайтиб улгурмайди. Шундай экан ҳужумда Бету ва Саксессни кўрамиз. Шунингдек, жароҳат сабаб Эбоссе ҳам ўйинни ўтказиб юборади, Арсланнинг жамоасига ёрдам бера олиши эса сўроқ остида.
Миланликлар сафида Жиру дисквалифицияга учраган, шундай экан жангга Ориги ташланади. Мессиас ҳам лазаретда, у терма жамоалар ўйинларидан кейин майдонга қайтади. Машғулотда жароҳат олган Калабрия эса жамоасига ёрдам бера олиши мумкин.
Биринчи даврада жамоалар ёрқин баҳс намойиш этиб беришганди. "Милан" ўшанда 4-2 ҳисобида зафар қучган. Клуб ҳозир фаворит ҳисобланади, лекин "россонери"га осон бўлмаслиги аниқ. Охирги вақтлар жамоа сафарда анча қийналмоқда. Жадвалдаги вазиятдан келиб чиқиб эса Пиоли жамоасига бу ўйинда фақатгина ғалаба керак.
"Аталанта" - "Эмполи"
Жароҳатланганлар сафига Жимсити ҳам қўшилди. Гасперини унинг ўрнига кимни майдонга тушириш борасида яхшилаб ўйлаб кўриши зарур. Айниқса Демираль ва Скальвини сафга қайтиб улгурмаса. Ҳужумда сюрпризларни кутмасак бўлаверади. Бога, Лукман ва Хойлунд асосий таркибда ўйинни бошлашади.
Меҳмонлар сафида Бандинеллининг иштироки номаълумлигича қолмоқда. Бу Паоло Занетти учун ёмон янгилик. Шунингдек, мушак жароҳатларидан тикланаётган Дестро ва Камбьягининг бу учрашувда иштирок эта олиши ҳали аниқ эмас. Ҳужум чизиғида Сотриано ва Капуто жуфтлигига имкон берилади.
Биринчи давра баҳсида "Аталанта" 2-0 ҳисобида устун келган. Класс борасида устунликка эга жамоа ўз майдонида муаммолар гирдобидаги клубни қабул қилмоқда. Табиийки мутахассислар "Аталанта"нинг имкониятларини юқорироқ баҳолашмоқда. Охирги омадсизликлардан кейин бергамоликлар ғалабали йўлга қайтишида бу айни муддао.
"Интер" - "Ювентус"
Бастонининг жароҳати уни томошабинлар қаторига ўтказиб қўйди. Бироқ тажрибали Милан Шкриньяр сафга қайтган. Шунингдек, Госенс ва Корреа ҳам жамоага ёрдам бера олмайди. Ҳужумда эса Лаутаро-Лукаку жуфтлигига ишонч билдирилса керак.
Туринликлар сафида Милик ва Бонуччи ҳали жароҳатдан тўлиқ қутилиб улгурмади. Бир-икки ўйинда майдонга тушган Поль Погба яна бир ойга сафдан чиқди. Асосий таркибга Ди Мария қайтади ва у Европа Лигасида "Фрайбург" дарвозасига гол уриб, жамоа ғалабасига ҳисса қўшган Влаховичга ёрдамлашади.
Жамоаларнинг аввалги учрашувида "Ювентус" ишончли тарзда (2-0) ғалабага эришган. "Интер" реванш истагида ёнаётгани турган гап. Аксарият мутахассислар ҳам айнан "нерадзурри"нинг имкониятларини юқорироқ баҳолашмоқда. Мантиқан бу тўғри, сабаби "Интер"да дам олиш ва учрашувга тайёрланиш учун кўпроқ вақт бор эди. Бироқ майдонда нималар бўлишини аввалдан аниқ айтиб бўлмайди.
"Лацио" - "Рома"
Чиро Иммобиле Рим дербисига тикланиб улгурмади, шундай экан ҳужумда Саррининг бор умиди Фелипе Андерсон, Педро ва Цаканья учлигидан. Чап қанотда сафга қайтган Хюсай тушади. Икки марказий ҳимоячи Дарбо ва Кумбулла ўйинда иштирок эта олмаслиги аниқ. Карсдорп ҳамда Сольбакеннинг майдонга тушиши сўроқ остида. Европа Лигасидаги баҳсдан кейин Абрахам ва Матич асосий таркибга қайтса керак.
Аввалги учрашувда "Лацио" драматик тарзда ғалбани илиб кетганди (1-0). Ҳозир эса яққол фаворитни ажратиб кўрсатиш жуда мушкул. Ҳар икки жамоа ҳафта ўртасида еврокубоклардаги ўйинларини ўтказди. Назаримизда, "Рома"нинг имкониятлари яхшироқдек, аммо мутахассислар "бургутлар"нинг ғалабсига кўпроқ ишонмоқда. Нима бўлганда ҳам бизни муросасиз ва курашларга бой беллашув кутиб тургани аниқ.
Сергей Румянцев
Нозима Тўхтамирзаева
Фикрлар