

Аргентина ва Бенин ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 7 октябрь кечаси бўлиб ўтган эди. Жанубий Америка вакиллари 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Месси миллий терма жамоадаги сўнгги ўйинида пенальтини аниқ амалга ошириб, иккита голли узатмага муаллифлик қилди.
Ўйиндан сўнг Аделакун ўз блогида пост жойлаб, Аргентина футболчилари ва стадион хавфсизлик хизмати томонидан Бенин терма жамоасига нисбатан паст назар билан муносабатда бўлинганини ёзиб қолдирди: "Хавфсизлик ходимлари ўзини гўёки биз босқинчидай тутишди. Лео эса шон-шараф айланасини тарк этиб, футболчиларимиздан қочди — бу кўпчилик сажда қиладиган инсон томонидан берилган навбатдаги зарба бўлди".
— Муҳим савол туғилади: агар Англия ёки Испания Месси билан хайрлашув ўйини учун Аргентинага келганида, уларга ҳам Бенинга бўлганидек муносабатда бўлишармиди? Агар бенинликлар улар учун шунчалик ёқимсиз бўлса, нега улар билан бир майдонда 90 дақиқа ўтказишга рози бўлишди? Ўйин бўлиб ўтишига сабабчи бўлган рақиб манзилига бирорта ҳам миннатдорчилик сўзи айтилмади.
Бу вазият куёв ва келин дўстлари билан бир дастурхон атрофида ўтириб, кеча якунлангач, ўз ташрифи билан тадбир оммавийлигини таъминлаб берган бошқа меҳмонларга ҳатто: "Салом, келганингиз учун раҳмат" демасдан ўтиб кетган тўй таклифномасини эслатиб юборади.
Мессининг тарихи жуда гўзал. Футбол учун қилган барча ишларини ҳеч нарса инкор эта олмайди. Лекин ўйиндан сўнг содир бўлган воқеалар, қўриқчиларнинг футбол афсонасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқчи бўлган ўйинчиларни аёвсиз итариб юборгани эртаси куни Буэнос-Айресни тарк этган кўпчиликнинг дилида аччиқ алам қолдирди. Сафаримизни биринчи кундан ёритиб борган маҳаллий журналистлардан бирининг гапларини унута олмайман: "Кўрганларимдан фахрланмайман. Мен аргентиналикман, лекин бундай бўлганидан афсусдаман". Одамлар ҳаммасини кўришди. Бу спорт турида тенглик ва хилма-хилликка эришиш йўлида қайси босқичда турганимизни яққол кўрсатиб берди.
Биз Буэнос-Айресда бошимиздан кечирган барча яхши нарсаларни, маҳаллий аҳолининг самимий меҳмондўстлигини ва ушбу тарихий воқеада ҳукм сурган фантастик муҳитни ёдда тутамиз. Футбол ушбу бошдан кечирганларимиздан тегишли сабоқ олади деган умиддамиз.
Ҳурмат икки томонлама бўлиши керак. Ва биз футболда буни намоён этмоқдамиз, — деб ёзади Аделакун.



