UZ

Сўнгги янгиликлар

14:23"Барселона" Пучни сотишни режалаштирмаяпти  0 13:51"Бавария" Паварни сотишга тайёр  1 13:27"Наполи" ва "Эвертон" "Зенит" ўйинчиси учун даъвогарлик қилмоқда  0 13:03"Рома" туркиялик футболчининг трансферини эълон қилди  2 12:40Пулишич ушбу ёзда "Челси"дан кетмоқчи эмас  1 12:17Манба: Эриксен "Манчестер Юнайтед" билан шартнома имзолади  6 11:53"Лидс" "Манчестер Сити" футболчиси билан шартнома имзолади  1 11:30Де Лигт "Бавария" сабаб "Ювентус"дан кетмоқчи  1 11:25Olamsport: Қозоғистондаги боксчиларимиздан 16 та медаль, яна бир ўзбек спортчиси One FC билан шартнома тузди  0 11:07"Фламенго" ушбу ҳафтада Видалнинг ўтиши ҳақида эълон қилади  0 10:44Матич "Рома"га Моуринью сабаб ўтганини тан олди  0 10:20"Милан" Зиешни "Челси"дан ижарага олиши мумкин  0 10:00ПСЖ бугун янги бош мураббийни таништиради  0 09:45“Тоттенхэм” Лангледан сўнг “Барса”нинг яна бир футболчисини қўлга киритмоқчи  3 09:30Эриксен МЮ билан неча йиллик шартнома имзолаши маълум. Трансфер шу ҳафтада амалга ошади  5

Анчелотти муваффақиятининг сири нимада ва нега ҳамма уни яхши кўради? Янгиликлар

Анчелотти муваффақиятининг сири нимада ва нега ҳамма уни яхши кўради?

Чемпионлар Лигаси ярим финалининг "Ман Сити"га қарши баҳсида қўшимча бўлимга навбат берилди.

Ўша пайт Карло Анчелотти нималарнидир Кроос ва Марсело билан гаплашарди. Ўйиндан кейин Кроос эҳтимолий алмаштиришлар ва қўшимча бўлимларда қандай ҳаракат қилишни муҳокама қилишганини айтди. Айнан шу нарса Анчелотти қандай мураббий экани ва жамоа билан қай даражада ишлашини кўрсатиб беради.

Футбол ҳар бир майда деталгача чуқур ўйлаб чиқилган даврда, Анчелотти ўзи ўрганган, эски усулида ишлайди. У Гвардиолага ўхшаб янги схемалар ўйлаб топмайди, рақибларининг ўнлаб ўйинларини томоша қилиб чиқмайди ва умуман баҳс ҳақида соатлаб бош қотириб ўтирмайди. Аксинча, Анчелотти бошқа методлардан фойдаланади. Ҳа, эскирган, аммо иш берадиган методлар! "Реал" у билан Примера ва Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлди.

Хўш, у ҳолда мураббийнинг сири нимада?


Жамоа унинг оиласи, у эса ўша оиланинг отаси

Анчелоттининг асосий принципи: ўйинчилар клубда ўзини оиласидагидек ҳис қилиши лозим. У эса ўша оилани меҳрибон ота каби бошқаради. Футболчилар билан бир даражада туради ва у учун барча бирдек эканини кўрсатади. Шунга қарамай, обрўсини ушлаб туради.

Ахир Анчелоттини бежизга Карло ота дейишмайди. Унда оталик аураси бор. Ҳаттоки, "Наполи"нинг экспрессив эгаси Аурелио Де Лаурентис ҳам Анчелотти унга отасини эслатишини айтган экан. Айтганча, Карло Де Лаурентисдан 10 ёш кичкина...

Анчелотти "Наполи"да қилган ишлар: машғулот шартларини юмшатган ва футболчилар ўз оиласи билан кўпроқ вақт ўтказиши учун ўйинолди йиғинларини бекор қилган. Шунга қарамай, бир қоидани жорий қилган: футболчилар базадалигида бирга нонушта ва тушлик қилиши шарт. Худди ўз уйидагидек.

Роналду Анчелоттининг ёнида ўзини худди оила аъзосидек ҳис қилганини айтган:

"Гўёки, машғулотдан кейин уйга бирга кетадигандекмиз".

Ибрагимович эса Анчелоттини севимли мураббийи эканини таъкидлаган:

"У борлигида кимдир майдонга тушмаса ҳам, ғазабланмайди. Чунки у бизга мураббий эмас, балки дўстдир. У ҳаммага бирдек муомала қилади. У сизга шунчалик яхши гапирганидан, фақат сизга шундай меҳрибон деб ўйлаб қоласиз. Аммо у барча билан шундай гаплашади. У учун энг муҳими — ҳурмат. У сизни ҳурмат қилади ва сиздан ҳам шундай муносабат кутади. Лекин сиз унга ҳурматсизлик қилолмайсиз — бунинг иложи ҳам йўқ. У сизга ғамхўрлик қилади ва бунинг фарқини бошқа мураббий билан ишлаганингизда сезасиз. У ПСЖдан кетганида ҳамма шундай деган эди. Карло — энг зўри, мен энг яхшиларнинг яхшиси билан ишлаганман".

Бекхэм ҳам ҳурмати ҳақида гапирган:

"Сэр Алекс Фергюсонга нисбатан ҳурматга лойиқлигини сезардингиз, унинг салобати шунга мажбур қиларди. Карло эса автоматик равишда ўша ҳурматга лойиқлигини кўрсатиб қўярди".

Карло "Парма"ни бошқарганида Игорь Симутенков ўша ерда тўп тепган ва шундай деган:

"Мен бирга ишлаганлар орасида у энг инсонпарвар мураббий. Жамоанинг кечки таомланиши вақтида Карло бемалол, масалан, дарвозабон ёнига келиб ўтирар, у билан сигарет чекиб, турли ҳазиллар қиларди. Аммо у учун иш доим биринчи ўринда бўлган. Кейин ўша кулишиб ўтирган посбон ҳам машғулот пайти астойдил шуғулланганидан, қулоғидан тутун чиқиб кетгандек бўларди".

Анчелоттининг ўзи ўзини ота дейди. Меҳрибон ота:

"Ишлаган баъзи клубларимда мендан қамчи ишлатишимни сўрашган. Ундай бўлса, бунинг учун уларга бошқа мураббий кераклигини айтганман. Мен бундай услубда ишламайман. Мураббий сифатида ҳам, ота сифатида ҳам. Сабаби ҳеч ким менга нисбатан қамчидан фойдаланмаган. На отам, на ўқитувчим, на мураббийим".


Анчелоттининг ғазабидан ҳаттоки, Ибрагимович ҳам қўрқади, аммо мураббий жаҳлидан тез тушади

Агар Анчелотти доим юмшоқлик билан муомала қилганда, ўз мавқеини ушлаб қололмасди. Фарзанд ҳам ишончни суистеъмол қилса ва ўзини ёмон тутса, ота ҳам қаттиққўл бўлишни бошлайди.

Мальдини шундай дейди:

"Бир ўртоқлик учрашувида мағлуб бўлдик. Карло эса ўзини тутиб туролмади ва қандай ҳақоратли сўзлар бўлса, барчасини айтди. Ҳатто, такрорлашга ҳам уяламан. Томи кетиб қолди деб ҳам ўйладик. У бақирар экан, мен ўзимни кулиб юборишдан зўрға ушлаб турдим — ҳеч қачон уни бундай ҳолатда кўрмагандим. Аммо бир неча кун ўтиб, биздан узр сўраган".

У жаҳлидан тез тушади, бу борада Терри шундай дейди:

"Карло бизни уришиши мумкин. Унинг ҳам барча сингари жаҳли чиқади, аммо бу тез ўтиб кетади".

Роналду эса қуйидаги сўзларни айтган:

"Мен бир неча мартагина Карлонинг ғазабланганини кўрганман. Унинг сабри тугаса, билган барча тилида бор овози билан бақиради. Орадан бир дақиқа ўтиб, тўхтайди, нафас олади ва чиқиб кетади. Кейин сигарет чекиб, қайтади ва биз умуман бошқа, хотиржам инсонни кўрамиз".

Жаҳлдор Анчелотти Ибрагимовични ҳам чўчитган:

"Биз ёмон ўйнадик. Танаффусда Карло биз билан гаплашаркан, олдида турган коробкага кўзи тушди. Ҳеч бир сабабсиз ва тўсатдан каробкани тепди, у эса тўғри мен томон учиб келиб, бошимга тегди. Ҳақиқатдан ҳам жаҳли чиқаётган экан деб ўйладим. Ҳеч қачон уни бундай аҳволда кўрмагандим. Унинг жаҳли чиқса, буни фақат эшик ортида, масалан, кийиниш хонасида кўрсатади. Лекин у жаҳлидан тезда тушади".


Анчелоттининг асосий иқтидори — супер-юлдузлар билан ишлай олиши

Анчелотти — 5та топ-чемпионатнинг барчасида титулга эга чиққан футбол тарихидаги биринчи мураббий. Шунингдек, у 4 бор Чемпионлар Лигаси, 4 маротаба турли мамлакатлар кубоги ва 6 марта суперкубокларни қўлга киритган. Титулларга сазовор бўлишининг сири шундаки, у бутун фаолияти давомида энг яхши клублар билан ишлаган.

Италиялик мутахассис бундай клублар билан ишлашига сабаб, у ўзига хос қобилиятга эга — футбол юлдузларини бошқара олади. Перес уни "Реал" бош мураббийи этиб тайинлаганида, уни юлдуз ўйинчиларни машғулотларда терга ботиб меҳнат қилишга мажбур қила оладиган ва шу билан бирга, омма олдида ортиқча гапиришга йўл қўймайдиган мураббий сифатида таърифлаган. Карлонинг фаолиятидаги илк супер клуб — "Парма" бўлган.

У ерда Зе Мария тўп тепарди:

"Парма" жуда кучли эди. Буффон, Каннаваро, Тюрам, Беннариво, Сенсини, Бажо, Кьеза, Креспо. Захирада жаҳон чемпионати ғолиб ва финалчилари ўтирарди. Анчелотти ҳаммани мамнун қилишга уринарди. Шу вазиятда, оддий ва буюк мураббийнинг фарқини билиш мумкин".

Карло ҳеч кимни супер-юлдуз сифатида кўрмаслигини айтган:

"Биринчи навбатда, мен одамлар билан ишлайман. Мен учун Роналду, Карвахаль ва Мората ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Аксинча, супер-юлдузлар билан ишлаш осонроқ, чунки улар профессионал. Мен ўйинчиларни назорат қилишни ёқтирмайман — уларнинг ўзи ишлаш кераклигини яхши билишади".


Анчелотти — тактик мослашиш борасида энг зўри. Унинг жамоаларида барчаси ўйинчиларнинг энг кучли жиҳатлари ва эркинликка асосланган бўлади

Замонавий футболда шундай ёндашувга эга иккита топ мураббий қолди: бири Анчелотти ва унинг ўқувчиси Зидан. Уларнинг методлари ўйинчилар импровизацияси ва эркинлигига асосланган. Яъни, футболчилар тўплами ва уларнинг сифатларидан келиб чиқиб, тактика шакллантирилади. Бу билан уларнинг заиф томонлари ёпиб кетилади ва жамоага зарар келтирмайди.

Роналду бу ҳақида гапирганди:

"У келгунга қадар, италиялик бўлгани учун энди тактикага катта эътибор қаратсак керак деб ўйлаганмиз. Лекин Карло билан машғулотлар бошланганида, ҳеч қандай тактика кўрмадик. У деди: "Бундай жамоага кўп тактикалар шартмас, мен шу ўйинчилар билан гол урмоқчиман".

Анчелоттининг тактик услубини намоён қиладиган бир воқеа бор. Англия Кубоги финалидан аввал у таркибни эълон қилди, бироқ схема ва тактикани танлашни ўйинчиларнинг ўзига топширди:

"Биз 60та ўйин ўтказган бўлсак, тактикани ҳар сафар мен танлардим. Жамоанинг ўзи нима қилиш кераклигини яхши билади деб ўйлардим. Нима учун бундай қарорга келгандим? Футболчилар тактикага амал қилишига ишончим комил эди, чунки уларнинг ўзи буни жорий қилишар эди".

Айтганча, ўша финалда "Челси" ғалаба қозонган!

Анчелотти ёндашувини шундай тушунтиради:

"Мен ўйин тизимини яратиш учун ўйинчилар характеристикасидан фойдаланаман. Иложи борича уларга қулай жиҳатни танлайман. Асосийси, улар — ўйинчи, мураббий ёки схема эмас. Футболчи схема қурбони бўлиши керак эмас. Аксинча, у майдонда ўзини эркин ҳис қилиши, ўз позициясида ўйнаши лозим. Ҳужумкор футбол ўйинчиларнинг ижодий сифатларига боғлиқ бўлади. Ҳимояда эса умуман бошқача, ҳар кимга яхши ҳимояланишни ўргатиш мумкин".


Анчелоттининг яна бир устун томони — сезгирлик

Замонавий футболга яна бир қаршилик — Анчелоттининг сезгирлиги. Эҳтимол, айнан шу қобилият туфайли жамоалари билан қандайдир мўжизалар юз берар?! Чемпионлар Лигаси 2006/07 йилги финалидан олдин Жилардино спорт формасини анча яхшилади ва деярли ҳар ўйинда гол урди. Индзаги эса формада эмас ва кам ўйнарди. Лекин Анчелотти финал баҳсида Индзагини майдонга туширди, ўйинчи дубль қайд этди ва "Милан"га кубок келтирди. Анчелотти шундай дейди:

"Мен ички ҳиссиётларимга ишондим, баъзида мантиқий бўлмаган қарорлар қабул қилиш керак. Баъзан сезги муҳимроқдир".

Анчелотти "Парма"даги биринчи йилида муаммоларга дуч келди: жамоа ёмон ўйнади, футболчилар тушкунликда эди, ишончни ҳам йўқотишди. Анчелотти клубни қандай қилиб инқироздан олиб чиқишни билмасди. Бироқ кейин бир қарорга келди: 

"Кийиниш хонасида жамоани тўпладим, тезкор мажлис қилдим. Барчасини очиқчасига айтдим. Эшитинглар! Агар орамизда тушунмовчилик ва менга эътирозларингиз бўлса, айтинг. Агар ўртамизда муаммо бўлса, президент мени ҳайдашини кутиш бефойда. Шундай бўлса, мен ўзим унга янги мураббий изланг деб айтиб қўяқоламан. Шу сабабли, очиқ-ойдин гаплашиб олайлик".

Психологик ҳиссиёт яна Анчелоттига ёрдам берганди — ўйинчилар ичидагини тўкиб-сочишди. Анчелотти уларни тинглади ҳамда ўйин ва жойлашувни бироз ўзгартирди. Натижада, "Парма" А Серия иккинчи поғонасини эгаллади.

Роналду айтганди:

"Анчелоттида керакли ўзгартириш қилиши ёки муҳим паллада ўйинчилар билан гаплашиб олишига ёрдам берадиган "олтинчи ҳиссиёти" бор. Анчелоттининг фикрича, бу мураббий методикасида муҳим жиҳат ҳисобланади: "Асосийси — ҳис қила билиш, буйруқ бериш эмас. Мураббийнинг асосий қуроли — буйруқ овози ёки жарима санкциялари эмас, балки сезги ва ишонтира олиш қобилиятидир. Сиз тактик билимларни ўрганишингиз мумкин, лекин интуиция — табиат инъомидир".


Анчелотти билан барча хотиржам

Анчелотти ҳақида гапира туриб, футболчилар энг кўп ишлатадиган сўз — "хотиржамлик"дир.

Мальдини: "Мен жуда кўп мураббийлар билан ишладим, Анчелотти қўл остида кийиниш хонаси ҳам энг тинчи эди".

Бекхэм: "Кийиниш хонасида унинг ёндашуви — хотиржамлик тимсолидир. У ўйинчилар ўзига-ўзи мотивация бера олишига ишонади. Ўзи эса хотиржам юради. Айнан шу нарса барча совуққон бўлишида ёрдам беради. Уни фақатгина ишга масъулиятсиз қараш ғазаблантириши мумкин".

Карлонинг ўзи бу борада шундай дейди:

"Хотиржамлик — менинг характерим. Бундай характер мураббийга тўғри келадими ёки йўқ, билмайман. Аммо бу жиҳатимни яшира олмайман. Футболчилар олдида ҳам, клуб олдида ҳам холис бўлишни истайман. Хотиржам бўла олишни ота-онамдан ўрганганман. Бу менга жуда кўп бор қўл келган. Айнан у билан мен вазиятни назорат қила оламан ва футболчилар, мухлислар, клуб ва матбуот танқидларидан "синиб қолмайман". Бизнинг соҳада ўзини бошқара олиш жуда муҳим".


Анчелотти ошкор қилган сирлар

• "Футболда ақл муҳим роль ўйнайди. Ҳаётда ҳам шундай, биринчи ўринда. Кейин эса иқтидор ва физика. Секин ҳаракат қиладиган футболчилар ҳам ўйнашда давом этади, чунки ҳамма футбол ўйнаши мумкин. Секин, тез, баланд, паст. Бу спорт тури ҳамма учун. Менинг футбол ғоямда жисмоний ҳолат ақл ва тактик тайёргарлик каби муҳим даражада эмас. Аммо иқтидорнинг ўзи ҳам етарли эмас. Балки авваллари юқори даражада қолиш учун иқтидорнинг ўзи етарли бўлгандир, аммо ҳозир ақл-идроксиз ҳеч нимага эришиб бўлмайди. Ақл-идрок — профессионалликнинг асосидир".

• "Яна шахсият ҳам муҳим. Фақатгина кучли шахсларгина юқори даражада ўйнай олади. Худди Модрич каби — жисмоний томондан у балки 20 ёшли йигитдек кучли эмасдир. Кучли бўлиш — бу муҳим паллаларда қўрқмасликдир. Етакчиликни ўргатиб бўлмайди — у инсоннинг ичидаги нарсадир".

• "Баъзан мен ҳаддан ташқари сабрли бўлишим мумкин. Бир қарорни қабул қилиш учун кўп вақт сарфлашим мумкин. Мен бош қотиришни яхши кўраман. Лекин баъзан камроқ ўйлаб, ички ҳиссиётларга ҳам қулоқ солиб туриш лозим. Ҳақиқат — тўғри мувозанатни топишдадир".

• "Стресс ҳам керак, лекин уни назорат қила билиш даркор. Мураббий ҳам чалғиши лозим ва 24 соат ўйинларга бориши шартмас. Мен шундай қила оламан. 8-10 соат базада бўламан ва бу менга ёқади. Аммо уйда янги тактика борасида бош қотирмайман. Агар телевизорда яхши баҳс намойиш этилаётган бўлса, кўраман. Кино ҳам томоша қилишим мумкин. Футбол босими туфайли туни билан ухламайдиган кўп одамларни биламан. Лекин мен бемалол ва хотиржам дам оламан".

• "Мураббий футбол ғоясини етказа билиши керак. Мени илҳомлантирадиган иш билан шуғулланаман, бу борада омадим чопган. Муваффақият калити — иштиёқ билан иш қилиш. Мен шуғуллантираман, чунки ўйнашни хоҳлайман. Аслида ўйнашни жуда истардим, шуғуллантиришни эмас. Аммо ёшим 61да (Карло Анчелотти ҳозир 63 ёшда). Иштиёқ эса бор, шу сабабли, шуғуллантираман".

• "Жамоа билан қандай муносабат ўрнатсанг, ўзинг ҳам шундайсан. Гарчи баъзи ўйинлардан кейин мажбур бўлсам ҳам, футболчиларга бақиришдан кўра, улар билан гаплашиб олишни афзал кўраман. Ўзимни жуда юқори тутмайман, аммо ҳеч кимсанинг ёнида бошимни эгмайман ҳам, ўзимни жамоанинг бир бўлагидек ҳис қиламан. Агар кимдадир муаммолар юзага келса, доим мен билан маслаҳатлашиши мумкин. Агар кимдир норози бўлса, тушунтириб беришимни талаб қилиши мумкин. Мен уларнинг отаси эмас, балки дўсти ва доим ёрдамга тайёр психологиман".

• "Ишим оддий, ҳеч бир қийин жойи йўқ. У менга завқ бағишлайди".


Нозима Зарипова таржимаси 

Рейтинг: +13   

Фикрлар

+2   
18 июн 14:16:02
RAUL MADRID ☆ 7
2021-yil 2-sentyabr kuni intervyu bergandi o'shanda Karlo Anchelotti shunday degandi biz shu tarkib bilan ham La liga va Chempionlar ligasida zafar qucha olamiz bizda ajoyib tarkib va tajribali futbolchilar bor degandi Men esa qo'ysanchi Karlo degandim bugun esa u shu Zamonni eng zo'rlari deb ataluvchi Psj ....Chelsi.... Man-city....Liverpul.....
Pochetino + Tuhel + Gvardiola + Klop.
Hammasini Yengdi aql bovar qilmas Kambeklar hullas men no haq bo'lib chiqdim
   
19 июн 08:07:10
Aliakbar RM
Modrich ot ga loyiq mas deganlar shu yoshda xam lider eng ko'p xarakat qilgan va eng aqlli o'ynayotgan yarim xmoyachi
   
19 июн 00:36:58
Sobirjon Yunusov
Real M ChL ni yutiwida murabbiyniyam,futbolchilaniyam aloqasi yoqga oxwidi...Ronaldu ronaldu didik uyam ketti real chl n oldi.zidan didik uyam ketti chl ni oldi...botta bowqa narsa bor..shaxsiy fikr!!!
   
18 июн 14:11:51
Erkin Abdullaev
Bu maqolani o'qib eng zo'ri dp o'ylab qoladi inson lekin Evertonda xam shu murabbiy ishlagandi
   
18 июн 13:05:03
Alloh Buyuk.!
Milandaligidan bu murabbiy fudbolini kuzataman Chelsini ajoyib jamoaga aylantirgandi Real u uchun eng maqul joyligini shu mavsum bildim va Realga eng munosib 2 murabbiydan biri xam Anchelotti deyolaman(ozim korgan davrda) Kelasi mavsum xam Yaxshi natija korsatadi degan umiddaman.!!
   
18 июн 12:48:52
Beckham number 1
Butun mavsum davomida uni tan1id qildim sababi oddiy Realni juda yaxshi kuraman lekin mavsum so'ngida futbolni xali yaxshi tushunmasligimni angladim Anchelottiga qoil tak-tikasizxam titul yuta olish mumkinligini kursatib quydi
   
18 июн 12:39:45
Real$Nasaf 92
Xaqiqiy top murabbiy.
-1   
19 июн 00:41:27
Beckham number 1
leva8989 фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Futbolni yaxwi tushunmasligiz, taktikasiz yutdi deganizdan bilinib turibdi...
Ha siz esa bu gapiz bn maqolani yaxshi uqimaganiz bilinib turibdi
-1   
18 июн 21:40:39
leva8989
Beckham number 1 фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Butun mavsum davomida uni tan1id qildim sababi oddiy Realni juda yaxshi kuraman lekin mavsum so'ngida futbolni xali yaxshi tushunmasligimni angladim Anchelottiga qoil tak-tikasizxam titul yuta olish mumkinligini kursatib quydi
Futbolni yaxwi tushunmasligiz, taktikasiz yutdi deganizdan bilinib turibdi...
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика