RU

Последние новости

21:14"Ҳар бир олинган очко бизни Жаҳон чемпионатига яқинлаштирмоқда" – Отабек Шукуров  0 20:40ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон Тошкентдаги ажойиб оқшомда БААдан устун келди  469 20:38ЖЧ-2026 саралаши. Эрон – Қатар. Таркиблар аниқ!  8 20:15Погба: "Ҳеч қачон "ҳеч қачон" дейиш керак эмас"  2 19:48Бонуччи фаолиятидаги энг мураккаб рақибни айтди — у Месси ёки Роналду эмас  1 18:43"Манчестер Юнайтед" 6 миллионга сотган футболчисини 20 миллионга қайтариб олмоқчи  1 18:02Ўзбекистон - БАА: Терма жамоамиз "Бунёдкор" стадионига етиб келди  5 17:50ЖЧ-2026 саралаши. Иккита автогол урилган ўйинда Япония ва Австралия очколарни бўлиб олишди  19 17:32ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон - БАА: "Бундёкор" стадиони ўйинга тайёр  11 16:59Ўзбекистон - БАА. 18-учрашув арафасида. Аввалги баҳсларда қандай натижа қайд этилган?  9 16:46"Реал" "Байер" ҳимоячисини сотиб олмоқчи  1 16:14"Манчестер Сити" Коул Палмерни қайтармоқчи ва бу трансферга 150 млн евро сарфлашга тайёр  3 14:59Про лига 23-турига ҳакамлар тайинланди. Марказий учрашувда ВАР ишлайди  2 14:00"Манчестер Юнайтед" Каземирога ўринбосар топди, лекин футболчининг бундан хабари йўқ  6 13:31Мюллер фаолиятини 2025 йилнинг ёзида якунлаши мумкин  0

Ҳозирча натижа муҳим эмас Новости

Ҳозирча натижа муҳим эмас

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сенегал ва Марокашга қарши иккита ўртоқлик ўйинини ўтказди.

Икки хил ўйин ва икки хил натижа

Терма жамоамиз учун ҳар икки баҳс икки хил кўриниш олди. Рақибларимизнинг ўйинга муносабати ҳам икки хил бўлди. Сенегал ҳам, Марокаш ҳам бизга қарши деярли иккинчи таркибини ташлади. Лекин, Сенегал футбол ўйнагиси келмагандек таассурот уйғотди. Шунчаки, машғулотдек қаради. Фақат гол ўтказиб юборганидан сўнг Алиу Сиссе шогирдлари югуришни, ҳужумлар ташкил қилишни, умуман футбол ўйнашни бошлашди.

Марокаш эса ўйин бошидан прессинг қилиб, бизнинг футболчиларга босим ўтказди, ҳужумлар уюштирди. Хуллас, Эрве Ренар мухлислар кўз ўнгида шунчаки машғулот ўтказишни истамади. Сенегал шунчаки ўйнагани учун ҳам дурангга эриша олган бўлсак, жамоавий ўйинни чиройли ҳолатда кўрсатиб беришни истаган Марокаш дарвозасига ҳатто аниқ зарба ҳам йўллай олмадик.


Марокаш билан ўйин

Ўзбекистон кечаги баҳсни 4-3-3 тактик схемасида бошлади. Бунда Элдор Суюнов дарвозани қўриқлади, Ҳимоянинг ўнг қанотида Шуҳрат Муҳаммадиев, чап қанотида Олег Зотеев, марказда эса Шерзод Аъзамов ва Рустам Ашурматов. Таянч ярим ҳимоясида Фозил Мусаев тўп тепган бўлса, марказда Жавоҳир Сиддиқов ва Икром Алибоев тандем ҳосил қилди. Иккита вингер вазифаси Жалолиддин Машарипов ва Сардор Рашидовга топширилди, марказий ҳужумда эса Марат Бикмаев ҳаракат қилди.


Вакилларимиз ҳужумга ўтаётганда ёки бўлмаса тўпга эгалик қилган пайтда жамоа юқоридаги схема бўйича ҳаракатланди. Марокаш позицион ҳужумга ўтганда эса схема ҳар сафар 4-5-1га ўзгарди. Яъни, иккита қанот ярим ҳимоячилари ҳам ҳимояланиш учун ортга қайтишди ва олдинда биргина Бикмаев қолди.

Марокаш ҳам учрашувни ҳудди бизники каби схемада бошлади. Мезбонларнинг марказда тўпга эгалик қилишларини 21-рақамдаги Софян Амрабат таминлаб берди. 21 ёшли футболчи вакилларимиз уюштирмоқчи бўлган ҳужумларни энг кўп бузган ўйинчи бўлди. "Отбор"да ҳамма жойда пайдо бўлаверди Амрабатларнинг кичиги. Файсал Фажр ва Амин Харит эса марказдан ҳужумларни бошлаб беришда асосий ролни ўйнашди. Шу ўринда мен Германиянинг "Шальке" клуби аъзоси ҳисобланган Амин Харитни алоҳида таъкидлаган бўлардим. 20 ёшли Харит "Шальке"да ёзда "Бавария"га ўтадиган Леон Горецкага муносиб ворис бўлиши ўйинлари билан исботлаб бўлди. Фажр ва Харит каби ҳужумларда фаол бўлган яна бир футболчи 19-рақамдаги Ясин Баммоу бўлди. Баммоу Зотеевни кўп югуртирди. Шунингдек, "Реал" аъзоси Ашраф Ҳакими аслида ўнг қанот ҳимоячиси бўлсада, кеча чап қанотда майдонга тушди ва яхши таассурот қолдирди. Лекин, Ҳакими Марокашнинг юлдузлари қаторига кирмайди. У ерда Ашраф оддий терма жамоа аъзоси. Марокашнинг Мехди Бенатия, Ҳаким Зийеч, Муборак Буссуфа, Нордин Амрабат, Набил Дирар каби юлдузлари бор. Эътибор беринг юқоридагилардан фақат Зийеч кеча захирадан майдонга туширилди, қолган етакчилар эса бизга қарши ўйнамади. Марокашда жамоавий ўйин яхши эканлиги кўриниб турибди. Бежизга улар Кот-д'Ивуарни ортда қолдириб мундиалга чиқишмагани сезилди.



Терма жамоамиз кеча кўпроқ тўпсиз ўйнади, айниқса биринчи бўлимда. Бундай ҳолатда бизга курашларга кирадиган, майдонда мехнат қиладиган ўйинчилар зарур эди. Афсуски, Машарипов ҳам, Рашидов ҳам тўп билан ўйнашни ёқтирадиган футболчилар эди. Тўпсиз ҳаракат қилганда уларнинг фойдали иш даражаси кескин тушиб кетади. Кеча марказни рақибга бой бердик. Амрабат-Харит-Фажр учлиги бизнинг учлигимиз Мусаев-Алибоев-Сиддиқовдан анча устунлик қилди.

Марокаш ҳисобни очган вазиятда рақибларнинг индивидуал ҳаракатлари голга замин яратди дейиш мумкин. Аввалига Харит биргина ҳаракат билан зарба бериш учун ўзига ҳудудни бўшатиб олди. Элдор Суюнов тўпни қайтарганидан сўнг майдонни тарк этаётган тўпга Баммоу етиб борди ва биргина тегиниш билан Эл Каабига голли пас берди. Ҳаммаси жуда тез рўй берди, ўйинчиларимиз нима бўлаётганини тўлиқ англашга ҳам улгуришмади. Мундиалда ҳар бир тўқнашув мана шундай кечади.

Учрашувнинг 11-дақиқасида Марат Бикмаев рақиб жарима майдонига яхши кириб борди, лекин якунда 3 рақиб қуршовида тўпни олдирди. Ваҳоланки, ўша вазиятда ўнг томондан Муҳаммадиев бир ўзи очилиб келган эди. Бикмаев уч ҳимоячи орасига кирмайўнг қанот ҳимоячисига пас берганида вазият кескинроқ тус олиши мумкин эди.

37-дақиқада Марокаш позицион ҳужумга ўтганида вакилларимиз тўпни олиб қўйишди ва тезкор қарши ҳужумга ўтишга чоғланишган бир паллада Сардор Рашидов оддий вазиятда тўпни рақибга ошириб берди ва кескин тус олиши мумкин бўлган қарши ҳужум барбод бўлди.

Терма жамоамиз ўтказиб юборган иккинчи голда эса энг катта айбни Элдор Суюнов ўз бўйнига олса бўлади. Фажрнинг жаримадан берган оддий зарбасини киперимиз кутилмаганда майдон ташқарисига чиқариб юборди ва африкаликларга бурчак зарбаси ишлаб берди. Ўша ҳолатда тўп айланма йўналиш билан дарвозага боргани Суюновни чалғитиб қўйган бўлиши мумкин, аммо ўтказилган гол дарвозабонимизнинг гарданига тушади. Фажр бурчак зарбасини амалга оширганда эса Рустам Ашурматов ўзидан баландроқ бўлган Маруан Да Костага ҳаводаги курашни бой берди. Рустамнинг учрашувдаги иккинчи хатоси 71-дақиқада сўнгги ҳимоячи бўла туриб тезроқ пас бериб юбориш ўрнига тўпни ўзига бўйсундиришга уринди ва уни рақибга олдириб қўйди. Вазиятни рақибга очиқчасига бой берган Ашурматов қўполлик ишлатишга мажбур бўлди. Ана шу иккита хатони инобатга олмаганда Рустам ўйинни яхши ўтказди.



Вакилларимиз 0:2 ҳисобида ютқазаётганда 83-дақиқада Тимур Кападзе майдонга Жавоҳир Сиддиқов ўрнига Элдор Шомуродовни туширди ва тактик схема 4-2-3-1га ўзгарди. Бу эса мураббийларимиз ҳеч бўлмаса битта гол уришни мақсад қилишаётганини англатар эди. Афсуски, ЖЧ йўлидаги 6 ўйинда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олган Марокаш бу ишни биз билан ҳам осонгина уддалади.


Футболчиларга назар...

Суперлига дастлабки 3 тури ва терма жамоамизнинг кечаги ўйинини кўриб амин бўлдимки, Элдор Суюнов ўйин темпидан чиқиб қолган. Балки, бунга ўтган мавсумни клубида захирада ўтказгани сабабдир. Ҳар ҳолда, бу нарса кипернинг руҳий ҳолатига ҳам таъсир ўтказади. Суюновнинг ўйин темпига тушиб олиши учун вақт керак деб ўйлайман.

Ҳимояда энг яхши ҳаракат қилган ўйинчи Шерзод Аъзамов бўлди. Аъзамов ҳавода бирорта тўпни ютқазмади. Курашларни ҳам бой бермади. Қисқаси, марказий ҳимоячи кеча терма жамоамиз таркибида энг яхши ўйнаган футболчи бўлди. Албатта, бу менинг фикрим. Шунингдек, Рустам Ашурматов ҳам илиқ таассурот қолдирди. Рустам ҳақида бир оғиз гап айтмоқчиман: - Кўз олдимизда ажойиб марказий ҳимоячи ўсиб келмоқда.



Кеча иккита футболчи ёмон ҳаракат қилди. Булар: Олег Зотеев ва Сардор Рашидов. Айнан шу икковлон кам кўринди, анча пассив ҳаракат қилди. Олдинги Рашидовни кўрмай қўйганимизга анча бўлди. Унда иштиёқ сезилмаяпти, тўпсиз жуда дангаса ўйинчига айланиб қолади.

Хурсанд қилган ўйинчилар эса Одил Ҳамробеков ва Отабек Шукуров. Кеча ҳам улар майдонда бўлганда марказ бироз жонланди. Азиз Ҳайдаров ва Сервер Жепаровдан кейин терма жамоамизнинг маркази муносиб йигитларга қолишига тобора ишониб бормоқдаман. Мусаев, Ҳамробеков, Шукуров, Алибоев, Сиддиқов, Ғаниевлар терма жамоамиз марказда келажакда ҳам оғриқ сезмаслиги мумкинлигига кафолатдек кўринмоқда.


Хулоса

Ўзбекистон терма жамоаси бу иккита ўйин орқали кучли жамоалар билан ўзини синаб кўрди. Бир кун келиб мундиалга чиқсак, бизни кечагидан икки баробар кўпроқ босим ва прессинг қиладиган жамоалар кутиб туришини сезиш қийин эмас. Нега икки баробар деганим, Марокаш кеча асосий таркиб ва тўлиқ куч билан ўйнамади. Бизга бундай жамоалар билан ўйинлар зарур эди. Ҳозирча бизга натижа муҳим эмас.


Толибжон Қосимов

Автор : Tolibjon Qosimov
Рейтинг: +40   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика