Эксперт фикри. Диёр Мирзабоев: "Андижон" икки фронтга тайёр эмасдек кўринди, баъзи жамоалар таркиби Суперлига учун етарлича кучлимас"
22 сен 12:27
Новости


Эксперт фикри. Диёр Мирзабоев: "Андижон" икки фронтга тайёр эмасдек кўринди, баъзи жамоалар таркиби Суперлига учун етарлича кучлимас"
Шу жиҳатдан мутахассис, футбол бўйича эксперт, ўз вақтида "Андижон", "Машъал", "Янгиер" жамоаларида фаолият олиб борган Диёр Мирзабоев Суперлиганинг сўнгги туридаги асосий учрашувлар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Қизилқум" – "Насаф"
Ўйини ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, иккала жамоа ҳам томошабоп ўйин намойиш қилишмади. "Қизилқум" асосан қарши ҳужумга таянган ҳолда ҳаракат қилди. "Насаф" эса Элит ОЧЛда "Ал-Ахли"га қарши оғир ўйин ўтказганини инобатга олсак, оддий узун тўплар орқали ўйнашга уринди. "Насаф" 3 очко учун ҳаракат қилди ва амалда уддалади. Бироқ икки жамоа ўйинидан келиб чиқсак, дуранг адолатли натижа бўлар эди.
"Андижон" – "Сўғдиёна"
"Андижон" ҳам Осиё чемпионлар лигасида ўйин ўтказди. Ҳозирги пайтда жамоа икки фронтда ҳаракат қилишга тайёр эмасдек кўринди. Бош мураббий алмашинуви катта ўзгариш бермади. Александр Хомяков давридаги тажовузкор футбол кўринмаяпти — бу, албатта, шахсий фикрим. Меҳмонда ҳаракат қилган "Сўғдиёна" ҳимоявий футбол намойиш этди ва қарши ҳужумларда маҳорати юқори ижрочилар ҳисобига ҳаракат қилди. Менимча, ушбу баҳсда "Андижон"га омад кулиб боқди.
ОКМК – "Бунёдкор"
ОКМК жамоаси ўтган турда йирик ҳисобда мағлуб бўлганди. Шу жиҳатдан мураббийлар штаби жамоани тез тиклаб, кейинги ўйинга яхши тайёрлаганини алоҳида эътироф этиш керак. Футболда шундай — бугун ютасиз, эртага ютқазишингиз мумкин. Юқори ижрочилар тўпланган жамоада голларга бой ўйинлар кўп бўлиши табиий ҳол. ОКМК ҳар бир вазиятдан унумли фойдаланди ва якунда йирик ҳисобда ғалабага эришди. "Бунёдкор" ҳақида эса бир ўйин билан кескин қарор чиқариш нотўғри. Футболда бўлиб туради, бу гал тажриба ўз сўзини айтди.
"Шўртан" – "Пахтакор"
Бу баҳс ҳақида айтсам, "Шўртан" Суперлигада жон сақлаб қолиш учун ҳаракат қилмоқда. Бундай жамоаларга қарши ўйнаш ҳар доим қийин. "Пахтакор" эса аввалги турда чемпионлик учун курашаётган "Нефтчи"га қарши иродали ғалаба қозонган эди. Бир футболчиси кам бўлиб қолган "Пахтакор"нинг ҳимоя чизиғини ёриб ўтиш осон бўлмади, чунки жамоада маҳорати юқори ижрочилар бор. Агар тўлиқ таркибда ўйнашганида, натижа "Нефтчи" томонида ҳам бўлиши мумкин эди. "Шўртан"га қарши баҳсда эса "Пахтакор" хотиржамликка берилган бўлиши эҳтимол. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, "Шўртан" ушбу учрашувда ҳам яхши ҳаракат қилди.
"Бухоро" – "Навбаҳор"
"Бухоро" жамоасини тажрибали Александр Хомяков қабул қилиб олди. Кўп ҳолларда янги мураббий келганидан кейин футболчиларга бошқача таъсир кўрсата олади. Хомяковни шахсан яхши билганим учун унинг футболчиларни қай тарзда ўйинга тайёрлаши ва кўп индивидуал суҳбатлар ўтказишини яхши биламан. Бундан ташқари, янги стадионда ўйин ўтказиш, психологик тайёргарлик омиллари ҳам таъсир кўрсатди. "Навбаҳор" эса эҳтимол, хотиржамликка берилган. Хомяковнинг шахсий статистикасига эътибор берсак, у доим "Навбаҳор"га қарши омадли ўйинлар ўтказган. Менимча, "Бухоро" Суперлига ва Кубок баҳсларида ғалабали юришини давом эттиради. "Навбаҳор" эса бу сафар концентрация ва диққатни йўқотиб қўйди.
Турнир жадвали ҳақида
Чемпионлик учун интрига охирги тургача сақланиб қолиши мумкин. "Пахтакор"нинг "Шўртан" билан дуранг ўйнаши "Нефтчи"ни қувиб етиш имкониятини камайтирди. Суперлига якунига 8 тур қолган бир пайтда, назарий жиҳатдан "Насаф", "Нефтчи", "ОКМК" ва "Пахтакор" чемпионлик учун курашиши мумкин.
Жадвалнинг қуйи қисмига келсак: Про-лига ва Суперлига жамоалари ўртасидаги фарқ анча катта. Эътибор берсак, жадвалнинг қуйи қисмида ўтган йили Про-лигада ҳаракат қилган жамоаларни кўриш мумкин. Про-лигадан кейин Суперлигада тез мослашиш осон эмас, бу вақт талаб қилади. Айни дамда баъзи жамоалар таркиби Суперлига учун етарли даражада кучли эмас. Менинг фикримча, футболчи ва мураббийлар буни тўғри қабул қилади.
Похожие новости

Комментарии