Александр Хомяков: "Нимани режа қилган бўлсак, ҳаммаси ўхшади"
20 сен 22:59
Новости


Александр Хомяков: "Нимани режа қилган бўлсак, ҳаммаси ўхшади"
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор Бухоро шаҳрига катта футбол қайтгани билан барча мухлисларни табриклайман. Бугун стадионда яхши муҳит ҳукмрон сурди, футболчиларимиз маза қилиб ҳаракат қилишди. Умуман олганда нимани режа қилган бўлсак, ҳаммаси ўхшади. Бу ғалаба аввало футболчиларники. Йигитлар биринчи таймдаёқ вазифани бажариб қўйишди. Яна бир бор ҳаммани ғалаба билан табриклайман.
- "Андижон"да ишлаган пайтингиз "Навбаҳор" билан кўп бор тўқнаш келиб ғалаба қозонгансиз. Яъни бу жамоани яхши биласиз. Бугунги ғалаба сири "Навбаҳор"ни яхши билганингиздами ёки янги жамоага тез киришиб кетдингизми?
- Биз мураббийлар доим жамоаларни кузатиб борамиз. Бугунги ўйинга келсак, йигитларга қандай ҳаракат қилишни уқтиргандик ва ҳамма фикримизни тезда тушуниб етди. Биз ўйин бошидан охиригача яхши ўйин кўрсатишга ва эҳтиёткорликни йўқотмасликка ҳаракат қилдик. Яна қайтариб айтаман, бугунги ғалаба аввало футболчиларники.
- Бугунги баҳсда учта гол урган Доминик Бегич ҳақида фикрингиз? У "Бухоро"нинг "сеҳрли таёқчаси"ми?
- Бу саволга ҳозир жавоб бериш қийин. Бугун Бегич жамоага фойда келтирди. Унинг ҳаракатлари менга маъқул келди. Лекин Бегич ҳали кўп ўйинларда ёрдам бериши керак.
- Олдинда "Сўғдиёна"га қарши Кубок учрашуви кутмоқда. Бугунги ғалабадан кейин йигитлар ўзларини йўқотиб навбатдаги баҳсга тайёргарлик суст бўлиб қолмасмикин?
- Биз нимагадир эришдик деб айтишга ҳали эрта. Агар кетма-кет 3-4та баҳсда ғалаба қозонсак бу бошқа гап. Лекин ҳаммамиз тушуниб турибмиз, беш кундан сўнг яна бир жиддий ўйинни ўтказамиз. Кубок учрашуви қанчалик жиддий эканини ҳаммамиз биламиз. Менга айтинг-чи, "Бухоро" қачондир Кубок финалида ўйнаганми?
- Йўқ. Анча олдин ярим финалда ўйнаган.
- Демак, жиддий ишлашимизга ва ҳозирдан байрам қилмасликка асос бор. Аввал мақсадга эришайлик.
- Бугун Бегич - Табатадзе - Амонов триосини кўрдик ва улар жуда яхши ҳаракат қилишди. Кейинги ўйинларда ҳам ушбу триони асосий таркибда кўрамизми?
- Биз рақибнинг ўйин услубидан келиб чиқиб учала футболчини асосий таркибда туширдик. Кейинги баҳсларда ҳам рақиб ўйин услубидан келиб чиққан ҳолда тактика тузамиз.
- Клуб билан қанча муддатга шартнома туздингиз ва раҳбарият томонидан қандай вазифа қўйилди?
- Балки бу саволни ўтказиб юборармиз. Вазифа нима бўлиши мумкин, албатта биринчи навбатда жамоани Суперлигада олиб қолиш.
Похожие новости

Комментарии