Бу йил Суперлига "ёнади", декабрда ҳам ўйинлар бўлади
04 jan 12:04
News
Бу йил Суперлига "ёнади", декабрда ҳам ўйинлар бўлади
Иштирокчилар сони ўзгармайдиган бўлди: Суперлигада бу йил ҳам 16та жамоа иштирок этади. Пролигада катта эҳтимол билан 12та жамоа қатнашиши тахмин қилиняпти.
Айни пайтда ПФЛ Суперлига тақвимини такомиллаштириш ва қуръа ташлаш санасини ўрганиш билан банд. Бу ўринда миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига тайёргарлик йўли ҳам муҳим ўрин тутади. Жаҳон чемпионатидан сўнг кузда Осиё Кубогига тайёргарлик бошланади. Маълумки, навбатдаги Осиё Кубоги 2027 йилнинг 7 январь - 6 февраль кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтади.
Шундай экан, терма жамоамиз ФИФА кунларидан максимал фойдаланади. Ҳар бир ФИФА кунида камида иккитадан ўртоқлик учрашуви ўтказиш режа қилинган. ФИФАмас кунлари ҳам йиғин бўлиб қолиши мумкин. Бу эса ўз навбатида Супрлига тақвимига таъсир қилади.
ФИФА кунлари қачон?
Бу йил ҳисобидан жаҳон тақвимида тўтта ФИФА куни бор:
23-31 март
1-9 июнь
21 сентябрь - 6 октябрь
9-17 ноябрь
Энг узоқ ФИФА куни сентябрда бўлади. 21 сентябрда бошланиб 6 октябрга қадар давом этади ва 16 кунни ўз ичига олади. Агар ҳаммаси ФИФА кунларига боғлиқ бўлса бу яхши, лекин ҳозир вазият шундайки, терма жамоамизнинг мундиалга пухта ҳозирлик кўриши биринчи планга чиққан ва бу вазиятда Суперлига тақвимида яна ўзгариш рўй бериши мумкин.
Масалан, май ойида ФИФА куни йўқ. Европада миллий чемпионатлар охирги турларни ўтказаётган бўлади. Шу боис легионерларни чақириш имконсиз. Лекин Фабио Каннаваронинг режаси бўйича май ойида терма жамоа салкам бир ойлик йиғин ўтказади. Мақсад: Жаҳон чемпионатига ҳозирлик кўриш. Каннаваро ўз йиллик режасини ЎФАга, ЎФА эса ўз навбатида ПФЛга тақдим этган деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам Суперлига тақвимида 5 майдан кейин тур ўйинлари қўйилмаган.
Ҳозирги режа бўйича клублар 5 майга қадар 11та турни ўтказишади. Айниқса апрель ойи роса ўйинларга бой бўлади: 6та тур бир ой ичида бўлиб ўтади. Шу билан 5 майдан кейин то 20 июлга қадар Суперлига танаффусга чиқади. Ҳозир вазият шундайки, биринчи даврадан кейин танаффус бўлмайди ва бирданига иккинчи даврага уланиб кетилади. Чунки тиғиз йилда бундан бошқа чора қолмаяпти.
Суперлига 2026 ишчи тақвими
1-тур. 27-28 февраль, 1 март
2-тур. 4-5-6 март
3-тур. 9-10-11-12 март
4-тур. 19-20-21-22 март
5-тур. 2-3-4 апрель
6-тур. 7-8-9 апрель
7-тур. 12-13-14 апрель
8-тур. 17-18-19 апрель
9-тур. 22-23-24 апрель
10-тур. 27-28-29 апрель
11-тур. 2-3-4 май
12-тур. 20-21-22 июль
13-тур. 25-26-27 июль
14-тур. 30-31 июль, 1 август
15-тур. 4-5-6 август
16-тур. 9-10-11 август
17-тур. 14-15-16 август
18-тур. 19-20-21 август
19-тур. 24-25-26 август
20-тур. 3-4-5 сентябрь
21-тур. 9-10-11-12 сентябрь
22-тур. 18-19-20 сентябрь
23-тур. 9-10-11 октябрь
24-тур. 16-17-18 октябрь
25-тур. 23-24-25 октябрь
26-тур. 30-31 октябрь
27-тур. 6-7-8 ноябрь
28-тур. 20-21-22 ноябрь
29-тур. 27-28-29 ноябрь
30-тур. 2-3 декабрь
Плей-офф ўйинлари: 6-7-8-9-10-11-12 декабрь
Бу мавсум Суперлига 27 февралдан бошланади ва дастлабки турга уч кун ажратилган. Умумий ҳисобда март ойида 4та, апрелда 6та ва май ойида битта тур ўтказилади. Терма жамоа 5 майдан йиғилишини ҳисобга олсак, шу билан Жаҳон чемпионати тугагунига қадар ўйинлар бўлмайди. Май ойида фақат Кубок учрашувлари ўтказилиши мумкин.
12-тур 20 июлдан старт олади ва айни жазирамада ўйинлар ўтказилади. Август ойида 5та тур ўтказилса, сентябрь ва ноябрга учтадан, октябрга эса тўртта тур қўйилган. Ҳозирги тақвимга кўра, Суперлиганинг охирги тури 2-3 декабрь кунлари бўлиб ўтади. Ундан кейин 6-12 декабрь оралиғида плей-офф учрашувлари ўткзилади.
Плей-офф нима берди?
ПФЛ 16та жамоалик форматда плей-оффни ўтказиб кўрди ва бу ўйинлар ҳам ўзига яраша қизиқ кечди. "Қўқон-1912"нинг ўз майдонида "Хоразм"ни қабул қилиши, "Машъал"нинг Қаршида "Бухоро"га қарши баҳс олиб бориши ва ҳар иккала баҳсда дуранг қайд этилиб, ғолиб пенальтилар сериясида аниқлангани қизиқ бўлди.
Кейинчалик "Бухоро" "Хоразм"га қарши ўйнаб 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди ва 16 декабрь куни элитада қолиш учун "Арал"га қарши охирги плей-офф учрашувини ўтказди. Лекин бу ўйинда тажриба ўз сўзини айтиб, "Бухоро" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолди.
Шундай бўлдики, "Арал" барибир Суперлигага чиқа олмади, аммо 9 ноябрь куни Пролигада охирги турни ўтказган жамоа битта плей-оффда майдонга тушиши учун салкам 40 кун кутишига тўғри келди. Албатта, бу жуда кўп муддат. Қолаверса "Бухоро" 40 кун ичида тўртта расмий баҳс ўтказиб, ўз формасини ушлаган ҳолда "Арал" билан ўйинга етиб келди. "Арал" эса аввалига Пролигани тугатиб футболчиларга маълум муддат дам берди, кейин йиғилиб йиғин ўтказди ва битта назорат баҳсида майдонга тушиш орқали плей-оффга ҳозирлик кўрди.
Бу ўринда бошқача йўл тутса ҳам бўлади. Қачонки бизда Пролигадан камида иккита жамоа Суперлигага лойиқлигини исботлай олса, дастлабки икки ўринни эгаллаган клублар Суперлигага чиқади. Шунда Суперлигани охирги ўриндаги жамоа тўғридан тўғри тарк этади ва ундан юқоридаги тўртта жамоа ўртасида ўзаро плей-офф бўлади ва плей-офф ўйинларида энг охирги ўринни олган жамоа ҳам Суперлига билан хайрлашади. Энди буям бир вариант. Ёки иккинчи йўл: ПФЛ плей-офф ғоясидан воз кечиб, мавсумни якунида Суперлигани 2та жамоа тарк этиши ва Пролигадан 2та жамоа чиқишини қўллайди.
Хуллас бу йил Суперлига "ёнишини" тахмин қилиш қийин эмас. Фақат бу ўринда бир нарсани хоҳлаймиз, Каннаваро ўз режасини ниҳоятда пишиқ тузсинки, Суперлига тақвими чиқдими ўзгариш бўлмасин. Зеро бу ҳам клублар режасига таъсир кўрсатиб, мураббийларни боши берк кўчага олиб кириб қўйиши мумкин.
Х.Холиқов
Similar news
championat.asia
Ла Лига. "Реал Мадрид" ўз уйида "Реал Бетис"га 5 та гол урди
АПЛ. "Ман Сити" "Челси"га қарши ўйинда 90+4 дақиқада тўп ўтказиб юборди ва ғалабани бой берди, Ҳусанов 51-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди
Ла Лига. "Барселона" сўнгги дақиқалардаги иккита гол эвазига "Эспаньол"ни мағлуб этди
Breaking! Бозоров, Алибоев, Рўзиев ва Холмуродов терма жамоадан чақирув олди
Comments